Миллий ишлаб чиқарувчилар тайёрлаган энергияни тежайдиган лампаларни қайта ишлашга топширган аҳоли учун чегирма миқдори 5 фоиздан 10 фоизга қадар оширилди. Мазкур ўзгариш Вазирлар Маҳкамасининг 28 июндаги қарорида ўз аксини топди.

2011 йилдан амалда бўлган қарорга мувофиқ, симобли лампалардан фойдаланувчилар лампаларнинг ишлатилиб бўлинган ресурсларини утилизацияга топширишга мажбур. Лампаларни тўплаш утилизация, энергияни тежайдиган лампалар ишлаб чиқариш бўйича махсус ташкилотлар, шунингдек, сотиш пунктлари ҳамда маиший чиқиндиларни тўплаш пунктлари орқали амалга оширилади.

Агарда бунга қадар истеъмолчилар фойдаланилган лампаларни маиший чиқиндиларни тўплаш пунктларидаги махсус идишга солишлари керак бўлса, эндиликда мазкур талаб истисно қилинди. Бунинг ўрнига маиший чиқиндиларни тўплаш пунктларида лампаларнинг синишини ва уларнинг таркибидаги симоб мавжуд бўлган моддаларнинг ҳавога чиқиб кетишини, сув манбаларига, тупроққа ва озиқ-овқат маҳсулотларига тушишини истисно этувчи махсус ўрнатилган контейнерлардан фойдаланиш тартиби жорий этилди.

Симобли лампаларни аҳолига турғун савдо шохобчалари орқали, савдо комплексларида, шунингдек, фирма дўконларида ва ишлаб чиқарувчи корхоналар (импортчилар)нинг ваколатхоналарида сотадиган савдо корхоналари симобли лампаларнинг ишлатилиб бўлинган ресурсларини аҳолидан чекланмаган миқдорда қабул қилиб олишга мажбур.

Ҳукумат «Ўзэлтехсаноат» компаниясига бир ой муддатда энергияни тежойчи лампаларни ишлаб чиқарувчи корхоналар ва маҳаллий ҳокимият органлари билан келишган ҳолда аҳолидан ресурслари ишлатилиб бўлган симобли лампаларни қабул қилиб олиш ва утилизация қилиш ташкилотларига бериш учун энергияни тежайдиган лампаларни турғун савдо шохобчалари орқали сотувчи савдо объектларини жойлаштириш вазифасини топширди.

Қайд этиш жоизки, ишлаб чиқарувчиларга ишлатилиб бўлган лампаларни қайтарганлик учун бериладиган 10 фоизлик компенсация учун зарур бўлган маблағлар маҳсулот таннархи таркибига киритилиши мумкин.