Душанба куни Тошкентда Samsung музлаткичларини кенг миқёсда ишлаб чиқариш йўлга қўйилганига бағишланган маросим бўлиб ўтди, дея хабар берди Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Қиймати 4 млн доллардан зиёдроқ бўлган лойиҳа 2013 йилдан буён Artel музлаткичларини ишлаб чиқараётган Polaris Technologies («Ўзэлтехсаноат» компанияси таркибига киради) корхонаси томонидан амалга оширилди. Лойиҳа бўйича келишувга эса Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 2015 йил майда Корея Республикасига давлат ташрифи чоғида эришилган эди.

Тошкентдаги корхонада Samsung музлаткичларининг ҳажми 290 ва 320 л бўлган тўртта моделини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Жорий йил сўнгига қадар 6000 донагача маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлиб, 2017−2018 йилларда маҳсулотлар тайёрлаш ҳажмини йилига 50 минг донага қадар ошириш белгиланган. Маҳсулотларни Samsung Electronics дистрибьюторлик тармоғи орқали минтақавий бозорга экспорт қилиш кўзда тутилмоқда.

Лойиҳа доирасида Жанубий Корея, Япония, Италия ва Хитойдан технологик ускуналар ўрнатилди. Ўрнатиш ва ишга тушириш ишлари маҳаллий мутахассислар томонидан Samsung мутахассислари иштирокида амалга оширилди. 40 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди.

Музлаткичларда экологик хавфсиз R-600 хладагенти ҳамда энергиясамарадор А+ синфга мансуб инверторли компрессордан фойдаланилмоқда.

Ишлаб чиқаришнинг биринчи босқичида маҳаллийлаштириш даражаси 40 фоизга яқинроқни ташкил этмоқда, яқин икки йилда эса бу кўрсаткич 50 фоизга етказилади.

Samsung компанияси сифат устидан қаттиқ назорат ўрнатган бўлиб, майда нуқсонларга ҳам йўл қўйилмайди. Синов лабораториялари, юқори малакали мутахассислар ҳамда замонавий ускуналар (иқлим-камералар, тест-тизимлари, синов стендлари) маҳсулотларнинг юқори сифатини таъминлайди.