15−17 июль кунлари Хивада «Рақс сеҳри» халқаро рақс фестивали бўлиб ўтади, дея хабар қилди «Ўзбектуризм» компанияси матбуот хизмати.

Фестивалда хорижий рақс жамоалари ҳамда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан рақс гуруҳлари ва ансамблларининг иштирок этиши кутилмоқда. Жумладан, «Ўзбекистан» (Тошкент), «Айқулаш» (Қорақалпоғистон) ва «Хоразм рақс» (Хоразм вилояти) жамоалари ўз маҳоратини намойиш этади.

Фестиваль доирасида мастер-класслар ва ижодий учрашувлар, театрлаштирилган намойишлар, қўғирчоқ театрлари чиқишлари, миллий либослар паради, арт-бозор ва миллий таомлар фестивали ташкил этилади.

Бадиий академия «Ўзбекрақс» бирлашмаси билан биргаликда «Ўзбекистон рақс санъати тарихи» фотокўргазмасини ташкил этади.