Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 1 июль куни Қашқадарё вилоятидаги ташрифини давом эттирди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Мамлакат раҳбари Қашқадарё вилоятига сафарининг иккинчи куни Қарши туманидаги «Шукрона» фермер хўжалиги даласига ташриф буюрди.

Шу кунларда ўрим-йиғим ишлари қизғин давом этмоқда. Фермер хўжалигининг 20 га майдонида ғалла етиштирилди.

«Фермер ва деҳқонларимиз учун масъулиятли бўлган шу кунларда сизларнинг ёнингизга келиб, дилдан суҳбатлашиш, ҳол-аҳвол сўраш, ҳорманг, дейиш менга катта мамнуният бағишлайди», — деди Президент.

Қашқадарёда мамлакат ғалла хирмонининг 12 фоизи, пахтанинг қарийб 15 фоизи етиштирилмоқда. Бу йил ғалла ҳосилдорлиги гектарига ўртача 62 центнерни ташкил этмоқда.

«Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларини ҳар томонлама обод қилиш учун катта маблағ ва ресурслар ажратилган, — дея қайд этиб ўтди Ислом Каримов. — Шаҳарлар қиёфаси, инфратузилмаси шунга мос бўлиши керак. Мақсадимиз — аҳолимиз учун барча замонавий шароитларни яратиш, халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришдир. Шу билан бирга, бугун амалга ошираётган ишларимиз келажак авлодларимизга ҳам хизмат қилсин».

Президент фермер ва ишчиларнинг меҳнат қилиши ҳамда дам олиши учун яратилган имкониятлар, оилавий шароитлари билан қизиқди.