Президент Ислом Каримовнинг 1 июлдаги фармони билан «Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил» эсдалик нишони таъсис этилди.

«Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил» эсдалик нишони билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, давлатимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш, демократик ислоҳотларни амалга ошириш, жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлараро дўстлик ва тотувликни, тинчлик ва барқарорликни асраш, миллий маданиятимиз ва санъатимизни ривожлантириш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларимизни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг барча соҳалари вакиллари, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда бошқа шахслар тақдирланади.

Ҳужжатга кўра, эсдалик нишони билан Ўзбекистон фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

«Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил» эсдалик нишони 0,25 микрон қалинликдаги олтин билан қопланган мис қотишмасидан тайёрланади ва диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлади.

Эсдалик нишонининг олд томони марказида қуёш нурлари фонида Мустақиллик майдонида жойлашган Мустақиллик ва эзгулик монументида акс эттирилган Бахтиёр она ҳайкали тасвирланган. Эсдалик нишонининг айланаси бўйлаб зарҳал ҳошия билан ўралган оқ эмалли доирада «O'ZBЕKISTON MUSTAQILLIGIGA» сўзлари, пастки қисми марказида эса иккита саккиз қиррали юлдуз оралиғида «25 YIL» ёзуви акс этган.

Эсдалик нишонининг орқа томонида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби, пастки қисмининг марказида «2016» ёзуви тасвирланган.

Эсдалик нишони илгакчалар ва ҳалқача ёрдамида тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағич билан туташтирилган. Қадағич Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи рангларидаги, эни 20 миллиметрли шойи лента билан қопланган.