Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 1 июль куни «Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида"ги Қарорни имзолади, дея хабар қилди ЎзА.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2016 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 6 июль чоршанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарори эътиборга олиниб, 2016 йил 6 июль дам олиш куни деб белгиланди ва мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонланади.

Қарорда муборак Рамазон ҳайитининг маънавий ҳаётимизда эзгулик, шукроналик, меҳр-оқибат каби олижаноб қадриятларни қарор топтириш, миллий-диний анъаналаримизни асраб-авайлаш ва улуғлашдаги ўрни ва аҳамияти қайд этиб ўтилди.

Давлат раҳбари Республика «Нуроний», «Маҳалла» жамғармалари ва бошқа мутасадди идоралар, жамоат ташкилотларига Рамазон ҳайитини жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда ўтказиш учун тегишли тадбирларни амалга ошириш вазифасини топширди.