Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 7 апрелдаги қарори билан «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси таркибида «Ўзагроэкспорт» янги ва қайта ишланган мева ва сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси ташкил этилишини тасдиқлади.

Ҳужжатда янги компаниянинг ташкил этилишидан мақсад мамлакат экспорт салоҳиятидан унумли фойдаланиш даражасини ошириш ҳамда маҳсулотларни экспортга йўналтиришга қаратилган замонавий логистика инфратузилмасини янада ривожлантиришдан иборат экани кўрсатиб ўтилган. «Ўзагроэкспорт» бош директори бир вақтнинг ўзида «Ўзбекозиқовқатхолдинг» бошқарув раиси ўринбосари вазифасини ҳам бажаради.

«Ўзагроэкспорт» ўз фаолияти доирасида жаҳон ҳамда минтақавий мева ва сабзавот маҳсулотлари бозорларидаги вазият бўйича маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, миллий маҳсулотларни экспортга йўналтириш ва янги бозорларни излаш билан шуғулланади.

Шунингдек, ўз таркибига кирувчи корхона ва ташкилотларни хорижий инвестицияларни жалб этиш, маҳсулотларни экспортга йўналтириш бўйича замонавий логистика тизимларини жорий қилиш ва уларда экспортолди тайёргарлик (саралаш, калибрлаш (аниқ бир ўлчамга келтириш) ва қадоқлаш) ишларини ташкил этиш ҳам компания вазифалари сифатида белгиланди.

Мева сабзавот маҳсулотлари экспорти Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги таркибига кирувчи «Ўзтадбиркорэкспорт» ташқи савдо компанияси фаолият йўналишидан чиқарилди. «Ўзулгуржисавдоинвест» ассоциацияси таркибидаги савдо-харид базалари ва совутиладиган омборхоналар ҳам «Ўзагроэкспорт» таркибига ўтказилади.

Янги компания қошида Сифат менежменти ва стандартлаштириш маркази, «Озиқ-овқат лабораторияси» ҳамда Ихтисослаштирилган транспорт-логистика корхонаси, шунингдек, Тошкент ва ҳудудларда савдо-логистика марказлари фаолият кўрсатади.

Қарорда Ўзбекистонда ҳар йили экспорт шартномалари имзоланадиган Халқаро мева ва сабзавот ярмаркаси ташкил этиш режалаштирилган.

Шунингдек, ҳужжатда 1 майдан корхона ва экспортчи-ташкилотлар, шу жумладан, микрофирмалар, кичик корхоналар, фермер ва деҳқон хўжаликларига янги мева ва сабзавот маҳсулотлари, узум ҳамда полиз маҳсулотлари экспортидан тушадиган хориж валютасининг 50 фоизини давлатга сотиш мажбурияти юклатилди.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» февралда Ўзбекистон озиқ-овқат саноати корхоналари ассоциацияси базасида ташкил этилган эди.