Ўзбекистон президенти 9 май — Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 79 йиллиги муносабати билан халққа табрик йўллади, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

«Ўша оғир йилларда фронтга сафарбар этилган 1 миллион 950 мингдан зиёд ўзбекистонлик жангчилардан 538 мингдан кўпроғи ҳалок бўлгани, 158 мингдан ортиғи бедарак йўқолгани, 870 мингдан ошиғи турли жароҳатлар олгани, 60 минг нафардан зиёди эса ногирон бўлиб қайтгани бу ғалаба биз учун нақадар қимматга тушганини яққол кўрсатиб турибди. Ана шу қирғинбарот уруш халқимиз қалбида қолдирган битмас жароҳатни, орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, ҳамон унутиб бўлмайди», — деди президент.

Қайд этилишича, уруш даврида 214 минг аскар ва офицер жанговар орден ва медаллар билан тақдирланган, уларнинг 301 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига, 70 нафари учала даражадаги «Слава» («Шуҳрат») орденига сазовор бўлган

«Метин иродали халқимиз ўша таҳликали йилларда фронт ортида сабот ва матонат билан меҳнат қилди. Саноат корхоналарининг фаолияти фронт эҳтиёжлари учун йўналтирилди. Уруш алангаси ичида қолган ҳудудлардан мамлакатимизга 170 дан ортиқ завод ва фабрика кўчириб келтирилди ва қисқа муддатда уларнинг фаолияти қайта тикланди. Эл-юртимиз фронт учун жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берди. Ўзбекистон аҳолиси 1941−1943 йилларда мудофаа фондига 475 миллион рублдан ортиқ маблағни, 22 миллион рубллик қимматбаҳо шахсий буюмларини ихтиёрий равишда топширгани ғалабани яқинлаштиришга яна бир муҳим ҳисса бўлиб қўшилди», — дея эслатди Шавкат Мирзиёев.

Унинг таъкидлашича, ўзбек халқи уруш ҳудудларидан эвакуация қилинган 1 миллион 500 мингга яқин инсонга бошпана бериб, ота-онасидан жудо бўлган 250 минг нафар етим болага меҳр-оқибат кўрсатиб, «юксак одамийлик фазилатини намоён этган».

Президент ўз табригида пойтахтдаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси қисқа вақт ичида қутлуғ қадамжога айланганига тўхталиб ўтди.

«Шу кунгача бу ерга 2 миллион 200 минг нафардан зиёд зиёратчи ташриф буюриб, уни катта қизиқиш ва эътибор билан томоша қилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Мажмуа жамоаси томонидан элликка яқин китоб-альбом ва монографиялар, ноёб ҳужжатлар тўпламлари яратилиб, ҳозирга қадар номаълум бўлган юзлаб тарихий фактлар аниқланиб, жамоатчиликка етказилди», — деди у.

Қад этилишича, «Бобомни излайман» лойиҳаси доирасида урушда иштирок этган 2 миллион нафарга яқин ватандошнинг рўйхати шакллантирилган. Келиб тушган 300 дан зиёд мурожаат бўйича урушда бедарак кетган 200 нафар жангчининг тақдирига оид муҳим маълумотлар тўпланган.

«Муҳтарам уруш фахрийлари халқимизнинг доимий эътибори ва эъзозида бўлиб келмоқдалар. Жумладан, ёлғиз яшаётган уруш ва меҳнат фахрийлари, истиқлолимиз ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг уй-жойлари таъмирланиб, обод қилинмоқда. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига патронаж хизмати ва зарур тиббий муолажалар кўрсатилмоқда. Улар ўз хоҳишларига кўра санаторийларда даволанмоқда. Ҳеч шубҳасиз, биз бугунги озод ва эркин ҳаёт учун азиз жонини аямасдан курашган бундай улуғ инсонлар олдида доимо қарздормиз, улар учун бундан буён ҳам барча шароитларни яратиб берамиз», — деди президент.

У, шунингдек, «ҳозирги ғоят мураккаб ва таҳликали замонда» ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш, тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро дўстлик ва аҳилликни асрашдек ўта муҳим вазифаларни бажаришда қаҳрамон фахрийларнинг жасорати, шонли анъаналари ҳамиша ибрат мактаби бўлишини қайд этди.

«Биз улардан руҳ ва куч олиб, Ватан ҳимоячилари, тинчлик посбонлари, янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлишдек юксак бурчимизни, албатта, шараф билан адо этамиз», — деди давлат раҳбари.