Тошкент шаҳри жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди Исроилнинг пойтахтдаги элчихонасига ўт қўймоқчи бўлган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг 2-босқичда ўқийдиган 19 ёшли талабасига нисбатан ҳукм чиқарди. «Газета.uz» суд қарорини ўрганди.

Иш материалларига кўра, 19 апрель куни тахминан соат 04:30 ларда А.А. спорт сумкасига бир шиша керосин, гантеллар, икки қути гугурт ва мато бўлакларини жойлаб, велосипедда элчихонага борган. Унинг ҳаракатлари дипломатик ваколатхона яқинида жойлашган Яккасарой тумани ИИБ ходимлари эътиборини тортган.

Ходимлар йигитдан тўхташни сўраган, бироқ у қочишга уринган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уни хизмат машинасида кузатиб, тўхтатиб, ички ишлар бўлими биносига олиб бориб, сумкаси ичидаги нарсаларни кўрсатишни сўраган. Талаба уларнинг эътиборини чалғитиб, бир шиша керосин ва гантелни олиб, элчихона томон югурган. Элчихона биносини қўриқлаётган ИИВ ва Миллий гвардия ходимлари йигитни бино эшиги яқинида қўлга олган, бироқ у шиша ва гантелни девордан отиб, элчихона ҳовлисига ташлашга муваффақ бўлган.

Судда айбланувчи 2023 йил октябрь ойи ўрталарида Исроил ва Фаластиннинг Ғазо секторидаги қуролли можароси ҳақида видеолар томоша қила бошлаганини, бунинг натижасида «Исроилдан нафратлангани ва қасос олиш мақсадида бу давлатнинг Тошкентдаги элчихонасига ўт қўйишга қарор қилганини» айтган.

«Аввалига у бир шиша керосинни девор устидан элчихона ҳовлисига ташламоқчи бўлган. Кейин эса керосинга мато ботириб, гантелларга ўраб, олов ёқиб, элчихонага ўт қўйиш учун ҳудудга ташлашни режалаштирган… У одамларга ва элчихонага зарар етказиш нияти бўлмаганини, шунчаки Исроил давлати Фаластиндаги шифохонани бомбардимон қилгани учун норозилик билдирмоқчи бўлганини маълум қилди. У ўз ҳаракатларининг нотўғрилигини тушунганини айтди», — дейилади суд қарорида.

Айбланувчи Ўзбекистон президенти ва халқидан, шунингдек, Исроил элчихонасидан кечирим сўраган. У ўз айбини тўлиқ тан олган.

Суд талабани Жиноят кодексининг 155-моддаси 1-қисми (терроризм / 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан айбдор деб топиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.