Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги мактабларнинг бирида ўқувчилар синфда видеоклип томоша қилиб ўтиргани айтилган хабар тарқалди. Видеолавҳада Massa тахаллуси билан ижод қилувчи Шуҳрат Aллаёровнинг «Думба» номли клипи акс этган.

Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати ҳолатга муносабат билдираркан, воқеа туманнинг 5-умумтаълим мактабида содир бўлганини маълум қилди.

«Ўқувчиларни дарсдан бўш вақтида назоратсиз қолдириб, ушбу ҳолат юзага келишига йўл қўйгани учун» синф раҳбари, мактаб директори, директорнинг ўқув ишлари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

«Келгусида бу каби салбий ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш мақсадида вилоятдаги мавжуд барча умумтаълим мактабларида „Мактаб, ота-она, маҳалла“ ҳамкорлигини янада кучайтириш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди», — дейилади хабарда.