6 май куни Шавкат Мирзиёев ҳузурида олий таълим йўналишларини оптималлаштириш, қабул ва малака тизимларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти ўтказилди, дея хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Қайд этилишича, бугунги кунда бакалавриатда 306 та йўналиш, магистратурада 625 та мутахассислик бор. Лекин уларнинг айримлари халқаро стандартлар ва замонавий меҳнат бозори талабларига мос эмас. Бу битирувчиларда тўлиқ малака шаклланиши ва уларнинг ишга жойлашишида муайян қийинчиликлар туғдирмоқда.

Ҳозирги қабул тизими, квоталарнинг тақсимланиши рақобатни тўлиқ таъминламаяпти. Айрим абитуриентлар юқори балл тўпласа-да, топширган олийгоҳининг квотаси сонига қараб, ўқишга киролмай қолиши мумкин, дейилади хабарда.

Янги тартибга кўра, муайян бир йўналишга ажратилган давлат гранти доирасида юқори балл тўплаган абитуриент, танлаган олий таълим муассасасидан қатъи назар, давлат грантига тавсия этилади. Яъни, юқори балл олган ёшлар ўқишга кирмай қолмайди.

абитуриент, давлат гранти, қабул квоталари

Йиғилишда давлат грантларини иқтидорга йўналтириш мавзуси ҳам муҳокама қилинди.

Энди давлат гранти 4 йилга битта талабага эмас, балки ҳар йили юқори баҳоларга эришган талабалар орасида қайта тақсимланади.

Давлат раҳбари бу тизимни адолатли йўлга қўйиш, ёшларга ва ота-оналарга етказиш зарурлигини, ижтимоий тармоқларда ечимларни аниқ тушунтириш кераклигини таъкидлади.

Адҳам Худойқулов. Кадр: «Ўзбекистон 24»Адҳам Худойқулов.
Кадр: «Ўзбекистон 24»

«Биз ҳозир жорий қиладиган янги тизимимизда грантлар олий таълим муассасалари кесимида эмас, бўлажак талаба, йўналиш кесимида берилиб, иқтидорга йўналтирадиган бўлиши керак. Талабага грантни иқтидори учун ажратамиз, у кейинги ўқув йилида ҳам грант учун курашиши керак. Яъни иқтидорини молиялаштирдими, уни талаба тўрт йил исботлаши керак», — деди «Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази» лойиҳа офиси директори Адҳам Худойқулов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиратбай Шариповнинг қўшимча қилишича, 2024−2025 ўқув йилида муҳандислик, тиббиёт ва аниқ фанлар соҳаларида грант ўринлари 50 фоизгача оширилади.