6−7 май кунлари Тошкентда иқлим ўзгариши ва мослашув масалалари бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди, дея хабар қилди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати.

Тадбир БМТТД, Яшил иқлим жамғармаси (ЯИЖ) ва Гидрометеорология хизмати агентлигининг Ўзбекистонда мослашиш чоралари ва ҳаракатларини ўрта ва узоқ муддатли режалаштиришга қаратилган «Иқлим ўзгаришига энг заиф бўлган иқтисодиёт тармоқлари ва минтақаларга мўлжалланган миллий мослашув режаси» қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Конференциядан кўзланган мақсад иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича фаолиятнинг устувор йўналишларини белгилаш ва мослашиш механизмларини ишлаб чиқиш бўйича ёндашувлар ва имкониятларни тақдим этиш, шунингдек, Марказий Осиё минтақаси давлатларининг Миллий мослашув режаларини тайёрлашда олинган сабоқлар ҳақида хабардорлигини оширишдан иборат.

Тадбирда Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, давлат ва нодавлат ташкилотлари, илмий ҳамжамият, халқаро ривожланиш агентликлари ва иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасида фаолият юритувчи молия институтлари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланишича, Марказий Осиё мамлакатлари иқлим ўзгариши кучли таъсир кўрсатаётган ва бундай ўзгаришлар олдида заиф бўлган минтақадир. Бу ерда ҳаво ҳарорати сайёрадаги ўртача кўрсаткичдан 1,7 баравар тезроқ ўсиб бормоқда, бу эса сўнгги 50 йил ичида музликлар майдонининг ҳажми деярли 32 фоизга қисқаришига олиб келди. Бу дарёлар оқимларининг пасайишига олиб келиш баробарида минтақанинг озиқ-овқат ва энергия соҳаларидаги хавфсизлиги учун хавф туғдиради.

Минтақада ҳозирнинг ўзида тобора ортиб бораётган сув ресурслари тақчиллиги (Марказий Осиёда аҳоли жон бошига сув билан таъминланиш даражаси икки баравар камайган (3500 дан 1630 метр кубгача), иссиқлик тўлқинлари давомийлигининг ошиши, ёғингарчилик режими ва жадаллигининг ўзгариши кузатилмоқда. Буларнинг барчаси унумдор ерлар сифатининг ёмонлашувига, шунингдек, чўлланиш жараёнларининг давом этиши, авваллари бу ҳодисаларга дучор бўлмаган ҳудудларда чанг ва қум бўронларининг тез-тез содир бўлишига олиб келади.

бмттд, иқлим ўзгариши, париж келишуви

«Иқлим ўзгариши Марказий Осиё давлатларидан иқлим ўзгариши таъсирининг олдини олиш ва оқибатларини юмшатиш, иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича узоқ муддатли стратегиялар, концепциялар, дастурлар ва ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқишни талаб қилади. Ресурсларни тежаш ва мослашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар бўлмаган тақдирда, мамлакатлар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишлаб чиқаришининг беқарорлигига ва минтақа мамлакатларининг озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид соладиган бир қатор муаммоларга дуч келиши мумкин», — деди БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили вазифасини бажарувчи Анас Қарман.

Анжуманда таъкидланишича, Ўзбекистон «яшил иқтисодиёт» га ўтиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш, унинг салбий оқибатларини юмшатиш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, яшил майдонларни кенгайтиришга аҳамият қаратишга интилмоқда. Барқарор ривожланишга қаратилган «Ўзбекистон 2030» стратегиясида экология ва атроф-муҳит, ҳудудларни муҳофаза қилиш ва кўкаламзорлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, иқлим ўзгариши билан боғлиқ потенциал хавфларни камайтириш мақсадида ҳаракатларни режалаштириш ва амалга ошириш зарурлиги қайд этилди. Ушбу режалаштириш ва кутилаётган ҳаракатлар натижалари маҳаллий, минтақавий ва миллий мослашув режаларида акс эттирилиши кераклиги айтилди.

Яшил иқлим жамғармаси мамлакатларнинг Миллий мослашув режаларини ишлаб чиқиш бўйича Париж келишуви олдидаги мажбуриятларини бажаришлари учун молиявий ёрдам кўрсатаётгани қайд этиб ўтилди. Конференция давомида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳалар натижалари тақдим этилиб, иқтисодиётнинг иқлим ўзгариши жараёнлари олдида энг заиф бўлган тармоқлари учун мослашув режаларини ишлаб чиқиш бўйича ёндашувлар муҳокама қилинди.

Конференция дастурига мувофиқ, иқлим ўзгаришига мослашиш масалалари сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, қурилиш сектори ва табиий офатлар хавфини камайтиришга бағишланган тематик сессияларда муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида мослашув чора-тадбирларини молиялаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Тематик сессия давомида хусусий секторни жалб қилиш имкониятлари ва мослашув тадбирларини молиялаштиришнинг инновацион механизмлари кўриб чиқилди.

Тадбир БМТТД томонидан Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш ва экология масалалари қўмитаси, Гидрометеорология хизмати агентлиги ва Ўзбекистон экологик ҳаракати билан биргаликда Яшил иқлим жамғармаси молиявий кўмагида ташкил этилди.

бмттд, иқлим ўзгариши, париж келишуви

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2018 йилда Иқлим бўйича Париж келишувини ратификация қилган. 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари ажратилишини 2030 йилгача 2010 йил даражасидан 35 фоизга (илгари кўрсатилган 10 фоиз ўрнига) камайтириш бўйича оширилган мажбуриятларни қабул қилганди.

Париж келишувида глобал ҳароратнинг кўтарилишини чеклаш ва мослашиш механизмларини амалга ошириш зарурлиги, келишувнинг барча томонлари бу саъй-ҳаракатларда иштирок этиши зарурлиги кўрсатилган. Шу билан бирга, мослашув миллий даражада режалаштириш ва амалга ошириш предмети сифатида ҳам, халқаро миқёсда рағбатлантириш, ҳисобот бериш ва тараққиётни баҳолаш субъекти сифатида ҳам кўриб чиқилади.

Париж келишувининг 7-моддасида томонлар иқлим ўзгаришининг турли тизимларга таъсирини ва уларнинг заиф томонларини баҳолашни ҳамда миллий мослашиш режаларига эга бўлишини аниқ талаб қилади. Бундан ташқари, келишув мамлакатлар томонидан кўрилган мослашув чоралари, уларнинг амалга оширилиши ва самарадорлиги тўғрисида халқаро даражада тўлиқ ҳисобот беришни назарда тутади.