Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманига олиб борувчи автомобиль йўли велоспорт мусобақаси сабабли маълум вақтга ёпилади. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар қилди.

Спортнинг велоспорт-шоссе тури бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилиши муносабати билан 2024 йилнинг 1, 2, 3 май кунлари соат 8:00 дан 14:00 га қадар 4Р12 Бектемир-Чорбоғ қўрғони автомобиль йўлининг бир қисми ёпилади.

Йўлнинг 34−54 километрлари оралиғида транспорт воситалари ҳаракати чекланади. Бунда, Чирчиқ шаҳрига киришда жойлашган платина яқинида старт, Ғазалкент шаҳрига кириш қисмида финиш бўлади.

Бўстонлиқ туманига ташриф буюрувчи фуқароларга Чирчиқ шаҳри орқали ҳаракатланиш тавсия этилади.