Тошкент ҳайвонот боғида 2024 йилги васийлик дастури очилди, дея хабар бермоқда боғ маъмурияти.

Васий ким ва у нималар қилиши керак?

Васий бўлган шахс ҳайвонларнинг яшаш шароитларини яхшилашда иштирок этади ва бу орқали жонзотларнинг боғдаги турмуш даражасини яхшилашга хисса қўшади.

Хоҳловчилар зоопаркка бориб, ҳайвонни танлайди ва ойлик пулни аниқ нимага ўтказишини келишиб олади. Мисол учун улар корпусни яхшилаш, уни реконструкция қилиш, ҳайвонлар ўйинлари учун асбоблар, ёғочдан ясалган аттракционлар, даволаш, озиқ-овқат (масалан, денгиз балиқларига денгиз маҳсулотлари керак — қизил балиқ, қисқичбақалар ва бошқалар, судралиб юрувчилар учун махсус витамин комплекслари) ва ҳоказолар бўлиши мумкин.

Ҳар қандай ҳайвон қарамоққа олинганидан сўнг васийга қуйидаги имтиёзлар берилади:

  • васийлик даврида васий шахс ва унинг оиласи учун Тошкент ҳайвонот боғига бепул ташриф буюриш;
  • танланган жониворнинг қафасини брендлаш;
  • боғ веб сайти ва ижтимоий тармоқларда васий брендини эслатиб ўтиш;
  • ташкилотнинг танланган жониворига ғамхўрлик қилиш факти ҳақида таълим, кўнгилочар тадбирлар ва PR акцияларни ўтказиш.

Икки томонлама келишув натижаларидан кейин ҳайвонот боғи ва васий ўртасида шартнома тузилади. Ушбу дастур 2023 йилнинг ноябрь ойида ҳам бўлиб ўтган.

Маъмуриятнинг эслатишича, ҳайвонларни васийликка олиш дунёнинг кўплаб ҳайвонот боғларида амалга оширилади. Ҳайвонлар зоопаркда қолади, уларни ҳеч ким уйига олиб кетмайди.

Батафсил маълумот ёки хизматдан фойдаланиш учун ҳайвонот боғига қўнғироқ қилиш (97 773 84 73, 99 818 12 78) ёки электрон почта (info@tashkentzoo.uz) орқали ёзиш мумкин.