Давлат чегараси орқали Тожикистон ва Қирғизистондан ўтказилган гиёҳвандлик воситалари тўхтатиб қолинди, дея хабар қилди ДХХ ахборот хизмати.

Жумладан, ўзбек-тожик давлат чегарасининг Самарқанд вилояти Ургут тумани Чеп қишлоғи ҳудудидан ўтган қисмида номаълум шахслар томонидан Тожикистондан олиб келиниб, қолдириб кетилган 980 грамм «героин» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Ҳозирда ушбу гиёҳвандлик воситаси эгаларининг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Андижон вилоятида кузатилган ҳолатда, Қўрғонтепа туманининг Қорасув шаҳрида яшовчи, 1996 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс таркибида «Прегабалин» кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган 30 000 дона «Nervegesic» номли дори воситасини Қирғизистондан давлат чегараси орқали ноқонуний равишда ўтказган вақтида ушланди.

Бундай қонун бузилиши Наманган вилоятида ҳам қайд этилиб, унда 3121 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Қирғизистондан контрабанда йўли билан Косонсой тумани ҳудудига ўтказган вақтларида 1992 ва 1993 йилларда туғилган 2 нафар маҳаллий фуқаро ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Шунингдек, уларнинг 1988 ва 1993 йилларда туғилган 2 нафар жиноий шериклари ҳам процессуал тартибда ушланди.

Ҳозирда учала ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, қонунбузарларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.