Ҳудудларда фуқароларни хорижий давлатларга ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

ДХХнинг Самарқанд тумани бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар У.Р., З.М. ва А.С. фуқаро Ҳ.Ш.ни 18 минг доллар эвазига Исроил давлатига ишга юборишни ваъда қилгани аниқланди. Улар 2 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Департаментнинг Шаҳрисабз шаҳри бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро А.К. 4 нафар фуқарони Туркия давлати орқали Никарагуа давлатига ишга юборишини ваъда қилгани маълум бўлди. У жами 35 минг долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, «К-Ў.» МЧЖга қарашли ўқув маркази ходими С.А. фуқаро Ш. Б.ни Жанубий Корея давлатига боришда талаб этиладиган ишчи виза учун корейс тили имтиҳонидан танишлари орқали ўтказиб беришини айтган. Шайхонтоҳур туманида ўтказилган тезкор тадбирда у хизмати эвазига 10 минг долларни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан ЖКнинг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилди.