Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудида 19,7 кг синтетик наркотик моддаларни мусодара қилди.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда сотиш учун тайёрлаб қўйилган 4 кг 824 гр «Мефедрон», 3 кг 274 гр «Спайс» ва 2 кг 130 гр «Алфа-ПВП» синтетик гиёҳвандлик воситалари борлиги маълум бўлган. Аниқланишича, ушбу наркотик моддалар мамлакатга божхона назоратини четлаб ўтган ҳолда, Қозоғистондан олиб келинган. Келгусида уларни кичик бўлакларга бўлиб, интернет орқали сотиш режалаштирилган.

Бошқа ҳолатда 3 нафар шахс Тошкент вилояти Зангиота туманида 3 дона автомобиль эҳтиёт қисми (кардан вали) ичига яширилиб, Россиядан юк автомашинасида юборилган 3 кг 780 гр «Мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олган. Улар тезкор тадбир давомида ашёвий далиллар билан ушланган. Ушбу наркотик моддаларни интернетда сотмоқчи бўлишган.

Учинчи ҳолатда Сирдарё вилоятида туғилган фуқаронинг Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманидаги вақтинча яшаш хонадонидан 5 кг 687 гр «Прегабалин» кучли таъсир қилувчи моддаси топилган. Мазкур шахс Россиядан келтирилган ушбу кучли таъсир қилувчи моддаларни кичик бўлакларда Янгиҳаёт ва Сергели туманлари ҳудудидаги хуфия жойларга яшириб, сўнгра уларни Telegram мессенжери орқали мижозларга сотишни режа қилган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Моддалар тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.