Ижтимоий тармоқларда «Айни дамда Humo Arena’да Macan концерт дастурига кўпчиликни билети сохта экан» сарлавҳаси остида видеолар тарқалди.

Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳри бошқармаси ҳолат юзасидан изоҳ берди. Қайд этилишича, Humo Arena саройида хонанда Масаn’нинг бўлиб ўтган концерт дастурига Миллий гвардия ходимлари хавфсизликни таъминлаш учун жалб қилинган.

Ушбу концертга киришдаги чипталар текшируви жараёни эса Iticket ходимлари томонидан махсус сканер қурилмасининг QR-коди орқали текширилиб киритилган. «Аммо баъзи бир фуқаролар қурилмани алдашга уринган ва аввал саройга кириб бўлган танишларининг чипталари билан такроран киришга уринишган. Ўз-ўзидан маълумки, бундай чипталарга эга бўлган фуқаролар назорат ўтиш жойидан ичкарига қўйилмаган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари томонидан ушбу фуқаролар билан тушунтириш ишлари олиб борилган ва жамоат тартиби сақланган.