17 апрель куни Ўзбекистон ва Эроннинг тегишли вазирлик ҳамда ташкилотларининг мутасадди вакиллари ўртасида видеоконференция ташкил этилди, дея хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.

Учрашувда Ўзбекистон транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров, тоғ-кон саноати вазирининг биринчи ўринбосари Азам Кадирходжаев, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи Азизбек Салоҳиддинов, Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Анвар Давлетов, шунингдек, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ташкилотлар вакиллари қатнашди.

Мулоқот давомида икки мамлакат компаниялари иштирокида умумий қиймати 160 млн долларга тенг бўлган 29 та қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Суҳбат чоғида Хоразм вилоятида Эрон компаниялари учун алоҳида саноат зонасини ташкил этиш ва 23 та инвестициявий лойиҳага ҳамкорлар топиш истиқболлари хусусида фикр алмашилди.

Музокаралар якунида Эрон элчиси Муҳаммад Али Искандарийнинг Хоразм вилоятига ташрифини уюштириш ва вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти ҳамда таклиф этилаётган инвестициявий лойиҳалар тақдимотини ўтказиш бўйича келишувга эришилди.