Тасвирий санъат галереясида (NBU) кетма-кет иккинчи йил «Турк дунёси рассомлари учрашуви» кўргазмаси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Бадиий академияси ташаббуси билан шу кунларда Тошкентда ҳар йили ўтказиладиган Тасвирий ва амалий санъат фестивали дастурига халқаро кўргазма киритилган.

кўргазма, турксой

20 апрелга қадар галереянинг кўргазма залларида Халқаро Туркий маданият ташкилотига (ТУРКСОЙ) аъзо давлатлари: Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон рассомларининг асарлари билан танишишингиз мумкин.

кўргазма, турксой

Ўзига хос «опализм» жанрида ижод қилаётган Озарбайжон халқ рассоми Сакит Мамедов ҳамда унинг ҳамюрти ва Истанбулда яшовчи ҳамкасби Рефик Азиз яна Тошкентдаги кўргазма учун ўз асарларини тақдим этди. Иккинчи рассом Туркияда кенг танилган: унинг «Малазгирд жанги 1071» картинаси Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғанга 2021 йилда туғилган кунига совға сифатида тақдим этилган, шу билан бирга, Озарбайжоннинг Қорабоғдаги ғалабаси шарафига Истанбул зарбхонаси рассом билан ҳамкорликда кумуш эсдалик тангаларини чиқарган.

кўргазма, турксой

Рассомлар Селин Гёксел ва Меҳрибан Мираб Туркияга вакиллик қилмоқда. Иккаласи ҳам Истанбулда яшайди ва ишлайди, турли таълим муассасаларида расм чизишдан дарс беради, маҳаллий ва халқаро кўргазмаларда қатнашади.

Кўргазманинг ўзбек қисми Акмал Нур, Азамат Хатамов, Файзулла Аҳмадалиев, Шаҳноз Абдуллаева, Сардор Эркинов, Сарвиноз Қосимова ва бошқаларнинг асарлари билан намойиш этилган.

кўргазма, турксой

«Турк дунёси рассомлари учрашуви» кўргазмаси 25 йилдан бери мавжуд. Унинг мақсади туркий дунёда рангтасвирни оммалаштириш ва ТУРКСОЙга аъзо мамлакатлар рассомлари ўртасида тажриба алмашишдан иборат.

Кўргазмани 20 апрелгача томоша қилиш мумкин.