15−28 апрель кунлари «Термиз» ҳарбий полигонида Ўзбекистон ва Ҳиндистон Қуролли кучларининг «Дўстлик» қўшма ҳарбий машғулотлари бешинчи босқичи бўлиб ўтади, деб хабар қилди Ҳиндистон армияси матбуот хизмати.

«Иштирокчилар ҳамкорлик ва келажакдаги ҳарбий муносабатлар учун пойдевор қўйиш мақсадида биргаликда машқ қилади», — дейилади баёнотда.

«Машғулотларда ҳарбий бўлинмалар ўртасида терроризмга қарши биргаликда курашиш ва бошқа операцияларни амалга оширишда мувофиқлаштирилган ҳаракатлар ва жипсликни оширишга асосий эътибор қаратилади», — дея хабар қилди Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Машғулотларда Ўзбекистон ва Ҳиндистондан 45 нафар ҳарбий хизматчи қатнашмоқда. Ҳиндистон томонидаги контингент Гарваль пиёда батальонининг аскарларидан иборат.

Душанба куни Ҳиндистон армияси, шунингдек, армия штаби бошлиғи Манож Панде расмий ташриф билан Ўзбекистонга кетганини маълум қилди. Ташриф ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, томонларни қизиқтирган жиҳатлар бўйича фикр алмашиш ва мудофаа соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда илк машғулотлар 2019 йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтганди. Аввалги, тўртинчи босқич 2023 йилнинг март ойида Ҳиндистонда ўтган бўлиб, у ерда қўлбола усулларда портлатиш, шартли террорчи гуруҳларни қидириш ва йўқ қилиш, тоғли ва ўрмонли ҳудудларда жанговар ҳаракатлар олиб бориш бўйича қўшма машғулотлар ўтказилган.