20 апрель куни Италиянинг Венеция шаҳрида 60-замонавий санъат биенналеси очилади. «Чет элликлар ҳар ерда» (Foreigners Everywhere) мавзусидаги биенналега Адриано Педроса кураторлик қилади.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси хабарига кўра, павильонда Тошкентдаги Замонавий санъат маркази томонидан яратилган «Имкониятингни қўлдан бой берма» (Don't Miss the Cue) кўргазмаси тақдим этилади.

Лойиҳада ўзбекистонлик рассом Азиза Қодирий иштирок этади, павильон учун кўргазма яратиш устида эса у билан бирга Qizlar Collective мўйқалам соҳибаларидан иборат Тошкент гуруҳи ишламоқда.

«Имкониятингни қўлдан бой берма» кўргазмаси марказий осиёлик аёлларнинг тажрибалари орқали ўзликни англаш, миграция жараёнида ҳаётнинг паст-баландликларида қандай йўл тутиш ва ўзларини қайта англаш каби мавзуларга қаратилган.

Кўргазма лойиҳасининг ғояси биенналенинг белгиланган мавзуси билан бевосита боғлиқ. «Павильонга киришда ташриф буюрувчилар кўргазмаларга дуч келиш баробарида ўзларининг шахсий кечинмаларини англаган ҳолда миграциянинг мураккаб йўлини босиб ўтадилар. Намойиш буюмлари ХХ аср бошларида бутун Евроосиёда жойлашган маданий марказлардан илҳомланган саҳна орқасидаги театр муҳитини яратади», — дейилади хабарда.

Театрдаги вазият анъанавий либослар андозалари асосида яратилган ҳайкаллар билан жонланади ва Qizlar Collective рассом аёллар гуруҳининг аудиовизуал материаллари билан бойитилган. Лойиҳа аёллар ҳикоялари, жамоавий амалиётлар ҳамда жисмоний вужуд ва теварак-атроф олами ўртасидаги мураккаб муносабатларга урғу беради", — дея таъкидлади жамғарма.

Кўргазма, шунингдек, технология ва анъана ўртасидаги ўзаро таъсирни ўрганади. Ўзбекистонга хос қўлда тикилган сузана каштаси технология ва сунъий интеллект ёрдамида қайта талқин қилинади.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий павильони илк бор 17-Венеция меъморчилик биенналесида 2021 йилда тақдим этилган. Шунингдек, Ўзбекистон 2022 йилдаги 59-биеннале ва 2023 йилги 18-меъморчилик биенналесида иштирок этган. 2024 йилда илк бор куратор сифатида Тошкентдаги Замонавий санъат маркази фаолият юритади.