Тошкент шаҳрида 28 март куни соат 09:33 да кучли шамол оқибатида 110 кВли «Л-К-Д» электр узатиш тармоғи 60 МВт қувват билан авариявий ўчди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги.

Бунинг оқибатида Тошкент вилоятининг Пискент, Қуйи Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларида яшовчи 12 минг 550 та истеъмолчи, шунингдек, кичик ишлаб чиқариш саноат корхоналари электр таъминотидан узилди. Вазирлик ҳозирда истеъмолчиларни бошқа манбалардан таъминлаш чоралари кўрилаётганини қайд этди.

Шунингдек, соат 10:20 да Тошкент шаҳри Чилонзор тумани 19-квартал Хирмонтепа маҳалласида катта дарахт шамол оқибатида илдизидан қўпорилиб тушгани боис диаметри 50 мм бўлган паст босимли газ қувури узилган. Ҳудуддаги 16 та кўп қаватли уйнинг 768 та хонадони вақтинча табиий газсиз қолган.

«Айни пайтда ноқулай об-ҳаво (қаттиқ шамол ва ёмғир) шароитига қарамасдан, махсус бригадалар томонидан ушбу носозликлар бартараф этилмоқда. Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз», — дейилади хабарда.