Хоразм вилояти Хива туманида 2 кишининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 9 йилдан кўпроққа қамалди, дея хабар бермоқда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати.

Қайд этилишича, воқеа 2023 йилнинг 15 декабрь куни туманнинг Атажон Тўра маҳалласидан ўтган Хива-Янгиариқ йўлида содир бўлган. Маст ҳолатда бўлган Cobalt ҳайдовчиси йўл четидаги 3 нафар вояга етмаган пиёдани уриб юборган, уларнинг 2 нафари (Ҳасан ва Ҳусан) воқеа жойида ҳалок бўлган.

йтҳ, хива, қамалди, маст ҳайдовчи

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди, 117-моддаси (Хавф остида қолдириш) 3-қисми «а» банди билан айблов эълон қилинган ва қамоққа олинган.

Жиноят ишлари бўйича Хива тумани судида ҳайдовчи узил-кесил 3 йилга транспорт воситаларини ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, 9 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилинди.

«Тўйга бориб, спиртли ичимлик ичиб, рулга ўтириб, дўстим билан уйга қайтишимда йўл четидаги икки болани уриб юборганман. Кейин воқеа жойидан кетиб қолганман. Қилган ишим учун пушаймонман», — деди ҳайдовчи.