АҚШ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги (EPA) ўтган ҳафта автомобиль саноатида турли хил ифлослантирувчи моддалар учун янги эмиссия стандартларини тасдиқлади. Бу электр ва гибрид автомобиллар сонини кўпайтириш учун ишлаб чиқилган мамлакат тарихидаги энг муҳим иқлим қоидаларидан бири, деб ёзади The New York Times нашри (NYT).

Янги эмиссия стандартлари 2027−2032 йилларда ишлаб чиқарилган енгил ва тижорат транспорт воситаларига (юк машиналари бундан мустасно) тааллуқлидир. Амалдаги стандарт билан солиштирганда, енгил автомобиллар учун эмиссия чегаралари 2026 йилдаги моделлар учун 50% га ва ўрта юк автомобиллари учун 44% га камаяди.

Умуман олганда, EPA ҳисоб-китобларига кўра, янги нормалар 7 миллиард тоннадан ортиқ карбонат ангидрид чиқиндилари чиқишининг олдини олади ва иқтисодиётга ҳар йили қарийб 100 миллиард фойда келтиради. Шунингдек, ҳаво сифатини яхшилаш орқали соғлиқни сақлаш тизимига 13 миллиард доллар фойда ва ҳайдовчилар учун ёқилғи ва техник хизмат кўрсатиш харажатларини камайтириш орқали 62 миллиард доллар фойда олинади.

Агентлик ҳисоб-китобларига қараганда, агар 2032 йилга келиб АҚШда автомобиллар сотувининг 56 фоизи электр транспортига тўғри келса, автомобиль саноати белгиланган стандартларга жавоб бериши мумкин (2023 йилда бу кўрсаткич 7 фоизни ташкил этган). Бунда гибрид ва бошқа қисман электр транспорт воситаларининг улуши камида 13% бўлиши керак.

The New York Times нашрининг таъкидлашича, янги EPA қоидалари маълум турдаги автомобиллар сотувини тақиқлаётгани йўқ. «Тўғрироғи, автомобиль ишлаб чиқарувчилари бутун маҳсулот қатори бўйлаб қатъий… эмиссия чекловларига риоя қилишлари керак. Бунга қандай амал қилишни ишлаб чиқарувчиларнинг ўзи ҳал қилади», — деб ёзади газета. Лимитдан ошиб кетган автомобиль компаниялари катта жаримага тортилиши мумкин.

АҚШда автомобиллар карбонат ангидрид ташланмаларининг энг катта манбаи ҳисобланади. Шу билан бирга, NYT таъкидлаганидек, электр транспорт воситаларига ўтиш ишлаб чиқариш, инфратузилма, технология, меҳнат, глобал савдо ва истеъмолчилар қоидаларида «катта ўзгаришлар»ни талаб қилади.