Ҳиндистонда «Дўстлик-2023» номи остида ўтказилган ўзбек-ҳинд қўшма ўқув машғулотлари якунига етди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, машғулотлар Уттаракханд штатидаги Бадлани қишлоғида жойлашган 438-мотоўқчилар полкида бўлиб ўтди. Ўзбекистондан 45 нафар ҳарбий хизматчи қатнашди.

Унда икки мамлакат ҳарбий хизматчилари қўлбола усулларда портлатиш, сигнал берувчи воситаларни турли жойларга ўрнатиш, тоғ тайёргарлиги машғулотидан скалодромда меъёрларни бажариш, қояларда ҳар хил усулларда тушиш ва чиқиш, сунъий тоғ тўсиқли йўлагидан ўтиш, қўл жанги элементларини қўллаш, ўрмонзор ва тоғли жойларда ҳамда ёпиқ иншоотларда ўқ отиш машғулотларини ўтказди.

Ҳиндистонликлар томонидан ўқ отиш ва тиббий тайёргарлик машғулотларини ўтказиш учун яратилган ўқув тренажёрлари, мудофаа саноати томонидан ишлаб чиқарилаётган ва Ҳиндистон армиясида қўлланаётган квадракоптерлар ҳамда уларга қарши воситалар, тунги ва кундузги кузатиш ва масофа ўлчаш мосламалари, қуролли босқинчини қуролсизлантиришга ўргатилган хизмат итлари, шунингдек, парвоздаги дронни уриб туширишга ўргатилган бургутларнинг хатти-ҳаракати намойиш этилди.

Ҳинд армияси вакиллари томонидан ўргатилган лочиннинг бошига ўрнатилган кичик ҳажмли видеокамера ёрдамида 300−400 метр масофагача учиши давомида видеотасвирни реал вақт мезонида мониторга узатиши намойиш этилди.

Икки давлат ҳарбийлари, бундан ташқари, тунги вақтда, кўриш даражаси ўта паст вазиятда шартли террористик кучлар жойлашган лагерга ҳужум уюштириш бўйича «Чақмоқ» операциясини ўтказди. Ушбу операция тунги кузатиш мосламаси орқали масофадан оқ-қора рангда онлайн эфирга узатилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳарбий машғулотлар 2019 йилда Тошкент ҳарбий округи ҳудудидаги умумқўшин полигонида биринчи маротаба ўтказилган эди. Иккинчи бор 2021 йилда Ҳиндистоннинг Утаранчал штати Раникхет провинцияси ҳудудида жойлашган «Чаубатия» ўқув марказида ўтказилган. Учинчи марта эса «Дўстлик-2022» биргаликдаги ўқув машғулотлари Хоразм вилоятида жойлашган Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг «Янгиариқ» умумқўшин полигонида ташкил этилган.

Фото

ҳарбий машғулотлар, ҳиндистон, ўзбек-ҳинд ҳарбийлари

ҳарбий машғулотлар, ҳиндистон, ўзбек-ҳинд ҳарбийлари

ҳарбий машғулотлар, ҳиндистон, ўзбек-ҳинд ҳарбийлари

ҳарбий машғулотлар, ҳиндистон, ўзбек-ҳинд ҳарбийлари

ҳарбий машғулотлар, ҳиндистон, ўзбек-ҳинд ҳарбийлари

ҳарбий машғулотлар, ҳиндистон, ўзбек-ҳинд ҳарбийлари

ҳарбий машғулотлар, ҳиндистон, ўзбек-ҳинд ҳарбийлари