Голландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида ўтказиладиган Tata Steel Chess турнири шахмат оламидаги «сўнгги могикан» ҳисобланади. Олдинлари буюк анъанага эга бўлган йиллик турнирлар тақвимнинг салмоқли қисмини эгаллаган, уларда энг кучли гроссмейстерлар ҳамда ёш иқтидор эгалари қатнашган ва 64 жойдан иборат бўлган тақсимотда дунёда ким қайси ўринда бўлишини айнан улар аниқлаган. Аммо дунё ўзгарди ва Линарес, Реджо-Эмилия ҳамда бошқаларнинг шон-шарафи ўтмишда қолди. Бой тарихга эга бўлган сўнгги муҳим воқеа Голландиядаги турнир бўлди. 60 йилларда унда барча кучли шахматчилар — Совет чемпионлари ҳам, Ғарбнинг энг яхши вакиллари ҳам қатнаша бошладилар. Кўп йиллар давомида Ботвинник ва Таль, Карпов ва Каспаров, Ананд ва Крамник, Накамура ва Карлсен унинг ғолиблари бўлиб келишган.

Бу мусобақани бошқаларидан ажратиб турадиган яна бир жиҳати ташкилотчиларнинг ёндашувидир. Улар барча юқори ўриндаги ўйинчиларни бир жойга йиғишни мақсад қилишмайди, бу кўпинча жуда жиддий ўйинга олиб келади, оқибатда ўйинлар унчалик қизиқарли кечмайди. Аксинча, улар умидли ўсмирларни, энг кучли аёл шахматчиларни, энг юқори даврадан бўлмасада, ёрқин услуби билан эсда қоладиган ўйинчиларни таклиф қилишни яхши кўришади. Шу туфайли турнир натижалари олдиндан айтиб бўлмайдиган кўринишга келиб қолади, мусобақанинг охиригача «интрига» ўлмайди ва кўплаб жанглар шахмат санъати хазинасини бойитади. Бу бутун дунё бўйлаб ўйин ихлосмандлари томонидан қадрланади ва кутилади. Турнир бошланишидан олдин Виши Ананд айтганидек, «Вейксиз январь — январь эмас».

Бу йил ҳам турнир одатдагидек қизиқарли ва кўп қиррали ўйинчилар тўплами билан бизни мамнун қилди. Маълум сабабларга кўра, россиялик гроссмейстерлар унда иштирок эта олишмади, аммо бу сезиларли муаммога айланмади. Жаҳон чемпиони Магнус Карлсен ва иккинчи жаҳон шахматчиси Дин Лирен бошланғич рўйхатда биринчи ўриндв туришган эди. Майдон мезбони Аниш Гири ҳам юқори баҳоланганди, у бу ерда аллақачон беш марта иккинчи ўринни олган, лекин ҳеч қачон шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилмаган. Америкалик Фабиано Каруана, Уэсли Со ва Левон Аронянлар таркибга вазн қўшишди.

Аммо турнирнинг асосий жиҳати ўсмирларнинг кўплигида эди. Ҳиндистонлик шахматчилар Гукеш, Эригайси ва Прагнанандҳа, германиялик Кеймер ва, албатта, Нодирбек Абдусатторов ҳали юқори давраларда рўйхатдан ўтмаган бўлсаларда, ўзларини баланд овозда эълон қилишга муваффақ бўлишган эди. Мутахассисларнинг фикрича, улар яқин келажакда шахмат элитасини ташкил қилади. Ушбу таркибда «қора отлар» сифатида ёш эронлик Магсудлу ва Голландиянинг яна бир вакили ван Форестни келтириш мумкин — улар муросасиз жанг услубидаги шахматчилар.

Турнир бошланди

Нодирбек биринчи даврада венгриялик (ҳозирда Руминия шарафини ҳимоя қилади) гроссмейстер Ричард Раппортга қарши дона суриши керак эди. Раппорт жуда ўзига хос ўйинчи бўлиб, у эскириб улгурган юришлардан қочиб, рақибларни ижодий мунозараларга олиб боради, баъзан эса ҳаттоки жиддий позицион имтиёзларни қурбон қилиш эвазига. У узоқ вақт давомида шахмат оламида машҳур ва ҳурматга сазовор бўлган, лекин энг юқори ютуқларга даъво қила олмади ва яқинда, 2022 йилда у муваффақиятга эришди ва номзодлар турнирига (жаҳон чемпиони билан ўйин учун) чиқди.

Нодирбек билан ўйинда оқ доналарда ўйнаган Ричард биринчи ҳаракатлардан эски ва ҳозир жуда кам учрайдиган юришларга ўтди. Нодирбек, ўз таъбири билан айтганда, бундай воқеалар ривожига тайёр эди, лекин бу вариантни кутмаган эди. Бироқ, у ўтган машғулотлардаги баъзи ғояларни эслади ва сезиларли устунликка эришди. Оқлар вазиятни соддалаштирганидан кейин ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлган бўлсада, ўйин ташаббуси ҳам, фикр юритиш учун вақт бўйича устунлик ҳам Нодирбекда қолди ва Ричард якунда ҳал қилувчи хатога йўл қўйди. Шахматчимиз Вейк-ан-Зеедаги илк турнирини қора доналарда ишончли ғалаба билан бошлади (бу оқ доналарда ғалаба қозонишдан кўра анча қийинроқ).

Бир-иккита кучли дурангдан сўнг тўртинчи турда Нодирбек Парҳам Мағсудлу билан ўйнади. Парҳам ташкилотчилар таклиф қилган номзод — поляк Ян-Кшиштоф Дуда иштирок эта олмагани учун сўнгги дақиқада турнирга таклиф этилди. Эронлик шахматчи 22 ёшда, бу замонавий шахмат стандартлари бўйича аллақачон жиддий ёш. Унинг қачондир рейтингнинг энг юқори поғоналарига чиқиши даргумон, аммо унинг ажойиб услуби ва инсоний жозибаси кўплаб мухлислар эътиборини қозонган. «Ўйин залига кирганингизда кўплаб ўйин ишқибозлари ва шахматга жуда қизиқадиган, ўйинларни доим томоша қиладиган болаларни кўрасиз. Бу мени яхшироқ ўйнашга, улар завқланиши учун кўпроқ жанговар шахмат ўйнашга ундайди», — деди гроссмейстер турнир бошланишидан олдин.

Ўйинда эронлик шахматчи қора доналар билан қирол ҳимоясининг жиддий заифлашишига йўл қўйди ва доскада фақат рух ва фарзин қолганига қарамай, унинг позицияси жуда ёқимсиз эди. Нодирбек доимий равишда таҳдидлар ярата оларди, рақиб эса кўп вариантларни санаб, аниқ ҳаракатлар билан ҳимояланишга мажбур бўлди. Бир вақтнинг ўзида у фарзинларни (асосий ҳужумчи кучни) пиёда эвазига алмашиши ва осонгина ушлаб турадиган позицияга ўтиши мумкин эди, лекин негадир у буни қилмади. Нодирбек жуда ишончли ўйнади ва рақибига иккинчи имконият қолдирмади. Бу ғалаба унга ўша куни жаҳон чемпионини мағлуб этган Аниш Гири билан бирга турнир пешқадами бўлиб қолиш имконини берди.

Асосий рақиблар

2022−23 йиллар Магнус Карлсен ва бутун шахмат жамоаси учун аҳамиятли йил бўлди. Ўтган йили у классик шахмат бўйича жаҳон чемпиони унвонини Ян Непомнящий билан ўйинда ҳимоя қилмаслигини маълум қилганди. Бунинг сабаблари кўп бўлиши мумкин: ўйинларнинг узоқ форматидан чарчаш, ўтган сафар ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмаган рақиб билан яна учрашишни истамаслик, умуман олганда тўлақонли рақиб йўқлиги сабабли зерикиш ҳисси. Йил якунига кўра, Магнус учун Олмаотадаги тезкор шахмат бўйича чемпионатда дунёнинг энг кучлиси эканлигини исботлаш муҳим эди ва у буни ажойиб тарзда амалга ошириб, олтин дубл қайд этди. Ўша мусобақада у икки бор Нодирбек билан тўқнаш келди — 2021 йилдаги мағлубият учун қасос олиш ниятида эди. Ҳар икки ўйин ҳам Карлсеннинг ишончли ғалабаси билан якунланди ва гроссмейстер Александр Шиманов бу ҳақда ҳазиллашганидек, «Карлсенни мағлуб этгандан кейин, бир неча йил давомида унинг қўлига тушмаган маъқул», — деди.

tata steel chess tournament, магнус карлсен, нодирбек абдусатторов, шахмат

Абдусатторов Карлсенни мағлуб этганида, тезкор шахмат бўйича 2021 йилги жаҳон чемпионати. Фото: Ўзбекистон шахмат федерацияси.

Магнус Вейкда рекорд миқдорда — етти марта ютган ва бу рақамни яна оширишга тайёр эди. У иккинчи раундда Венсан Кеймерни ишончли тарзда мағлуб этди, лекин кейин тўхтаб қолди ва юқорида айтиб ўтилганидек, мезбонга имкониятни бой берди. Норвегиялик шахматчининг мухлислари унчалик хафа бўлишмади — у мусобақаларни секин суръатда билан бошлашга мойил, аммо марра чизиғида шиддат олади. Бундан ташқари, бешинчи раунд олдидан дам олиш куни бор эди ва Магнус, Вейкда одат тусига кирганидек, куч тўплаб олиш учун футбол ўйнади. У оқ доналар билан ўйнади ва бу Нодирбекнинг ишончли қадамини тўхтатиб қўйиш учун энг зўр имконият бўлиб кўринганди.

Карлсен ўйинни ўзининг севимли услубида бошлади — катта устунликка даъво қилишдан бош тортди, лекин узоқ давом этган курашда рақибни аста-секинлик билан ўйин давомийлигини қисқартиришга имкон бермади. 14-ҳаракатда, ўз ўрнини кескинлаштириб олишни хоҳлаб, у фил учун рухни хавфли тарзда қурбон қилди (бу қисмлар орасидаги фарқ тахминан икки пиёда). «Қоралар» қиролининг хавфсиз жойга поззицияга ўтишнинг имкони бўлмаганлиги ва пиёдаларга таҳдид компенсация бўлди. Жонли эфирда шарҳловчилар иккига бўлиниб олишди. Нодирбек ўйиндан кейин берган интервьюсида қурбонликни шубҳали деб билганини айтди. Бироқ, Магнус ғалаба қозонган тақдирда, бу тўғри амалий қарор сифатида тан олиниши керак эди. Аммо тарих истак майли нима эканлигини билмайди ва Нодирбек таҳдидларни ишончли тарзда қайтарди ҳамда ўйинни фақат «у ғалаба қозона оладими (ёки дуранг бўладими)» деган масалага олиб келди.

Доскада фақат фарзинлар қоладиган ўйин босқичи шахматда энг қийинларидан бири ҳисобланади — жуда кўп вариантлар пайдо бўлади ва кўпинча позицияни тўғри баҳолаш учун таянадиган белгилар йўқ.

Нодирбекнинг 2021 йилда чемпион устидан қозонган муҳим ғалабаси ана шундай позицияда бўлиб ўтгани, албатта, унинг кайфиятини кўтарди ва Магнус тушкунликка тушди. Қора пиёда қироличалар томон муқаррар равишда юрарди ва норвегияликнинг бахтига қарши, унинг қироли тахтанинг ноқулай томонида эди. Ҳимояланиш пайида юришлар қилиб, эртами-кечми, қора доналарнинг жавоб юришидан сўнг, ўйин ниҳоят шахматчимизнинг ғалабаси билан якунланди.

tata steel chess tournament, магнус карлсен, нодирбек абдусатторов, шахмат

Фото: Jurriaan Hoefsmit.

Дарвоқе, бешинчи тур, бошқалардан фарқли ўлароқ, Вейк-ан-Зееда эмас, Амстердамдаги «Аякс» футбол клубининг уй стадиони «Йоҳан Кройф Арена»да бўлиб ўтди. Ўйиндан сўнг Нодирбекдан бу ҳақда қандай фикрда эканлиги сўралди. У жамоанинг Чемпионлар лигасидаги ўйинларини тез-тез кузатиб боришини айтди ва ҳатто «Реал Мадрид» устидан қозонилган ғалабани эслаб ўтди.

Олтинчи-еттинчи раундларда Нодирбек иккита асосий рақиб — ҳиндистонлик тенгдошлари Прагнанандха ва Эригайси устидан ғалаба қозониши керак эди. Прагга билан (мухлислар унинг исмини шундай қисқартириб айтишади) баҳсда Нодирбек оқ доналарда ўйнади. У ишончли тарзда, деярли ҳаракатлар ҳақида ўйламасдан, рақиб ҳисобни тенглаштириш учун аниқ ўйинни танлаши керак бўлган ҳолатга ўтди. Ҳисоб-китобларга кўра, рақиб уйдаги тайёргарликдан чўчиб, ўрнига пассив ҳимояга ўтиши керак эди, лекин бу ўзини оқламади. Рамешбабу вариантларни тўғри ҳисоблаб чиқди ва ишончли тарзда ўйинни дурангга олиб чиқди.

Эригайси оқ доналарда ўз қиролининг ҳимоясини заифлаштириш эвазига хужум яратиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қилди. «Қоралар»нинг ягона қарши ўйини сабабли доска марказида яхши позиция юзага келди, аммо бу ташаббусни қўлга олиш учун етарли бўлди. Натижада Аржун тизгинни йўқотди ва Нодирбек бир қатор кучли, аниқ ҳисобланган ҳаракатлар билан турнирдаги тўртинчи ғалабасини қўлга киритди.

Ўша куни Прагнанандха бутун турнирда омадсизликка учраган Лиренни мағлуб этди ва Нодирбекдан бир очко ортда қолган ҳолда унинг энг яқин таъқибчилари гуруҳига қўшилиб олди. Ўша пайтда биринчи ўрин учун кураш икки вундеркин ўртасидаги қарама-қаршиликка айлангандек туюлди, аммо тақдир бошқача қарор қилди.

Воқеалар ривожи

Саккизинчи турдан бошлаб Нодирбек турнир пешқадамлигини сақлаб қолиш учун оқилона тактика танлади. Яна бир ўсмир Винсент Кеймерга қарши ўйинда у қийинчиликка дуч келди, немис шахматчиси бир нуқтада жуда қийин якундаги ғалаба қозониш имкониятини ўтказиб юборди. Бошқа жангларда у дурангга қарши эмасди — айтиш мумкинки, у дарё қирғоғида ўтириб, қувиб ўтишга ҳаракат қилган рақибларини кутаётгандек эди. Праг эса ҳақиқатдан ҳам курашнинг кескинлигига чидай олмади, учта ўйинда мағлуб бўлди. Аммо мезбонларнинг энг кучли вакили Аниш Гири бутунлай муваффақиятсизликка учраган Лиженни мағлуб этди ва якунга икки раунд қолганда шахматчимизга яқинлашди.

tata steel chess tournament, магнус карлсен, нодирбек абдусатторов, шахмат

Фото: Jurriaan Hoefsmit.

Сўнгги турда Аниш ўз ватандоши Йорден ван Форест билан учрашди, у ўша пайтда сўнгги ўринлардан бирини эгаллаб турган эди. Бу ўйинда катта жанг бўлишини кутишмаган эди, аммо Йорден скептикларни уятиришга муваффақ бўлди. У ўйин бошида ажойиб тайёргарлик кўрганини намойиш этди ва тезда ғалабали позицияга чиқиб олди. У бир неча бор ғалабага яқин келди, аммо Анишнинг ўжар ҳимояси ва унинг спортчиларга хос омади унга ёрдам берди — дуранг.

Шу тариқа, сўнгги тур олдидан Нодирбек Гиридан ярим очко олдинда бўлиб, яққол биринчи ўринни эгаллаб турган эди. Нодирбек ван Форест қарши дона сурди, Гири эса Раппортга қарши ўйнади. Агар Абдусатторов таъқибчиларига (Гиридан ташқари Карлсен биринчи ўрин учун назарий имкониятларни сақлаб қолган) фақат ғалаба керак бўлса, Нодирбек ғалаба ёки дуранг учун ўйнашни ҳал қила олмади шекилли. Ғалаба қозонган тақдирда якка тартибда ғолиб бўларди, дуранг ва Аниш ғалаба қозонган тақдирда эса биринчи ёки иккинчи ўрин учун тай-брек ўйнаши керак эди. Бошқа томондан, ғалаба қозониш учун ўйнаш ҳар доим хавф билан боғлиқ ва тинч дуранг эҳтимолий тай-брейкгача энергияни тежаш имконини берди.

Лирик чекиниш. Ушбу сатрлар муаллифи 18 ёшгача бўлганлар ўртасидаги блиц-чемпионатининг сўнгги турида ўйнаб, ўз тажрибаси давомида худди шунга ўхшаш туйғуларни бошдан кечирган эди. Охирги раунддаги рақиб дурангни таклиф қилди, лекин катта эҳтимол билан бу фақат иккинчи ўрин учун етарли бўлар эди, ғалаба эса биринчиликни кафолатларди. Ҳақиқатан ҳам диққатни жамлаш ва тўғри йўналиш олиш жуда қийин эди. Дурангдан воз кечиш яхши натижага олиб келмади — ғалаба қозонишни жуда хоҳлаб, аста-секин мағлуб бўлдим. Шунга ўхшаш дилемма — осмонда турнани ушлайман деб, қўлдаги читтакни қўлдан бой бериш мумкин — бу ҳар бир шахматчининг бошига тушади ва унинг тўғри ечими ҳар доим донолик ва жасоратни талаб қилади.

Ана шу иккиланишлар туфайли Нодирбек ўйинни хотиржам, чин юракдан ўйнай олмади. Ўйиннинг дастлабки босқичида у пиёдалар тузилишининг жиддий бузилишига йўл қўйди. Бунинг компенсацияси рақибнинг от ва рухнинг ривожланмаганлиги эди, аммо уни фақат қарама-қарши қанотни ўз вақтида ёриб ўтиш орқали ишлатиш мумкин эди. Афсуски, Нодирбек буни қилмади ва услубий жиҳатдан устунликни қўлдан бой берди.

Гири Раппортга қарши ўйнаб, ўйин йўналишини танлаш борасида психологик жиҳатдан жуда нозик ёндашди. У жиддий устунликка эриша олмади, лекин позиция тинч ва хавф-хатарсиз эди — курашнинг бу табиати жанговар Ричардга умуман мос келмади. Шунга қарамай, у ўзини жуда ишончли ҳимоя қилди, бир нуқтада тенгликка эришиб, элементар тактик зарбани ўтказиб юборди. Шу тариқа Гири ғалаба қозонди ва ўз фаолиятида илк бор 2011 йилдан буён ўйнаб келаётган Вейк-ан-Зее турнирининг ғолибига айланди.

Нодирбек иккинчи ўринни эгаллади. Мағлубиятнинг аччиқлиги ва ғолиб бўлиш имкониятини қўлдан бой берганлик ҳиссига қарамай, бу ажойиб натижа. Шахматчимиз энг юқори даражадаги ўйин (Жаҳон шахмат федерацияси бош директорининг фикрича, унга бўлажак жаҳон чемпиони унвонини башорат қилиш учун етарли), яхши тайёргарлик (яна бир таниқли ўзбекистонлик шахматчи Рустам Қосимжонов билан ҳамкорлик самараси), ва ҳозирча — мустаҳкам асаблар ва ҳайратланарли даражадаги хотиржамликни намойиш этди. Охирги тур имтиҳони 18 ёшли боланинг руҳияти учун жуда қийин бўлиб чиқди, лекин шубҳасиз уни мустаҳкамлаштирди. Нодирбек тезкор шахмат бўйича Олимпия чемпиони, жаҳон чемпиони унвонларини яна кўплаб шонли кубоклар билан тўлдиришига шубҳа йўқ.

Айни пайтда, энг кучли эмас, балки кучли ва тажрибали шахматчилар ўзаро баҳслашаётган Challengers турнирида яна бир ёш гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдаров фахрли учинчи ўринни эгаллади.

Ҳар бир раунддаги жангнинг бориши билан қуйидаги ҳаволаларда батафсилроқ танишишингиз мумкин: