Сешанба куни ижтимоий тармоқларда фуқаро ёш болакайни қийнаб, массаж қилгани акс этган видео тарқалди. Соҳа мутахассислари бундай массаждан сўнг, суяклар синиши мумкинлигини таъкидлашди. ССВ шахс диплом ҳамда малака тоифасига эга эмаслигини аниқлади. Ҳолат бўйича соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев ота-оналарга мурожаат билан чиқди.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган „уқалаш муолажаси“ билан боғлиқ видеолавҳа барчамизда эътироз ва нафрат уйғотди. Чунки ушбу хатти-ҳаракатлар нафақат тиббиёт, балки инсонийлик туйғуларига ҳам ётдир», — деди соғлиқни сақлаш вазири.

У вазирликнинг бу каби ҳолатларга нисбатан позицияси аниқ ва қатъийлигини билдирди. «Биз инсон ҳаёти ва саломатлигига хавф соладиган, қадр-қиммати ва шаънини топтовчи ҳар қандай хатти-ҳаракатга муросасиз муносабатдамиз», — деди Мусаев.

«Шунинг учун ҳам мазкур масала юзасидан ўрганиш натижалари ва хулосаларимизни, хусусан, уқалаш муолажасини бажарган шахснинг тегишли рухсатнома, сертификат, ижара шартномаси, физиотерапия йўналишида диплом ва малака тоифасига эга бўлмай фаолият юритганига доир фактларни ҳуқуқ-тартибот идораларига тақдим этамиз. Ишонамизки, тез орада ушбу ҳолат ўз ҳуқуқий баҳосини олади», — деди у.

Беҳзод Мусаев ота-оналарга мурожаат қилиб, «тегишли лицензия, рухсатнома ва малакага эга бўлмаган кимсаларга фарзандларининг тақдири ва саломатлигини ишониб топширмасликларини, агар бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларга дуч келса, дарҳол вазирликнинг 71−241−10−67 ёки 71−241−82−40 телефон рақамларига мурожаат қилишларини» сўради.

Олдинроқ Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази болалар ортопедияси бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Аҳрорбек Жўраев бундай массаж тиббий уқалаш муолажаси стандартларига мутлақо тўғри келмаслигини таъкидлаган эди.