Сешанба куни ижтимоий тармоқларда Чилонзор туманидаги 38-оилавий поликлиникада кичик ёшли болани жисмоний оғритиб, тиббиёт талабларига мутлақо мос бўлмаган уқалаш муолажаси амалга оширилаётгани акс этган видео тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳолат бўйича мутахассисларнинг фикрларини эълон қилди.

Воқеа поликлиникада эмас, балки ушбу муассаса биносининг хусусий корхонага тегишли бўлган қисмидаги хоналардан бирида содир бўлгани айтилмоқда.

«Массаж муолажасини бажарган шахс Б.З. билан суҳбатда у мазкур фаолият билан шуғулланиш учун тегишли рухсатнома ва сертификатга, қолаверса, физиотерапия йўналишида диплом ва малака тоифасига эга эмаслигини маълум қилди. Шу боис Соғлиқни сақлаш вазирлиги юқоридаги ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилди», — дейилади вазирлик хабарида.

ССВ фуқаронинг хатти-ҳаракатларига тиббий баҳо бериш мақсадида Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассисларидан хулосалар олди.

Марказнинг болалар ортопедияси бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Аҳрорбек Жўраевнинг айтишича, болалар ортопедияси амалиётида уқалаш муолажалари кенг қўлланилади ва бунинг қатъий қоида ҳамда талаблари мавжуд. У муолажа жараёнида касаллик тури, боланинг ёши ва ҳолати ҳисобга олиниб, ҳар бир беморга индивидуал ёндашилиши зарурлигини таъкидлади.

«Энг муҳим талаблардан бири уқалаш муолажаси чоғида кичик ёшли беморда қўрқув бўлмаслиги шарт. Аммо видеода бола стресс ҳолатида эканини кўрдик. Ҳатто ёнида яқини ўтирганига қарамай, тинимсиз йиғлаб, безовта бўлмоқда. Бу унинг нафақат жисмоний саломатлиги, балки руҳиятига ҳам жуда ёмон таъсир кўрсатади. Қисқа қилиб айтганда, тиббиётда бундай уқалаш муолажасига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди», — деди у.

Марказнинг болалар травматологияси бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Искандер Ходжановнинг фикрича, массаж муолажалари оҳиста бошланиб, юқори даражага кўтарилгач, яна оҳисталик билан тугаши керак. «Лекин биз видеода бунинг бутунлай аксини кўрдик. Бундай ҳолатларда уқалаш муолажасидан сўнг пайлар жароҳатланиши ва ҳатто суяклар синиши кузатилиши мумкин», — деди у.

«Массаж жараёнида оғриқ синдроми пайдо бўлса, бу кучли қўрқувни келтириб чиқаради. Ушбу ҳолат эса кейинчалик зарарланган бўғимларнинг умрбод ишламай қолиши, яъни контрактура пайдо бўлишига олиб келади. Шундан келиб чиқиб, видеодаги муолажа усулини бугунги кун тиббиётига бутунлай ёт, деб ҳисоблайман», — деди Ходжанов.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Муратжан Салиев эса уқалаш муолажаси билим, маҳорат ва тажриба талаб этишини, шу сабабли ота-оналар бундай даволаш сеанслари учун айнан шу соҳага ихтисослашган профессионал тиббиёт ходимларига мурожаат қилишлари лозимлигини айтди.

«Видеодаги хатти-ҳаракатларга келсак, бу тиббий уқалаш муолажаси стандартларига мутлақо тўғри келмайди. Гап инсон, айниқса, жондан азиз фарзандларимиз саломатлиги ҳақида кетар экан, бу каби ҳолатларга асло кўз юмиб бўлмайди, деган фикрдаман», — деди у.

ССВ ҳолат юзасидан текширув ишлари давом этаётганини қўшимча қилди.