Европа Иттифоқи ўзининг биринчи ҳарбий концепциясини 2022 йил мартгача тасдиқлашга қарор қилди

Европа Иттифоқи давлатлари раҳбарлари «Европа Иттифоқининг стратегик компаси» деб номланган биринчи ҳарбий концепция ишлаб чиқишни фаоллаштириш ва 2022 йил мартгача қабул қилиш ниятида. «Биз [Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича] олий вакили Жозеп Борреллга ушбу ҳужжатни 2022 йил мартида тасдиқлаш мақсадида, қўлидаги барча воситалардан фойдаланган ҳолда, Европа Иттифоқининг стратегик компас устида ишлашни кучайтириш бўйича топшириқ бердик», — дейилади баёнотда. «Биз Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасида мудофаа ва хавфсизлик, киберхавфсизлик ва гибрид таҳдидларга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришимиз керак», деди Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель саммитнинг якуний матбуот анжуманида. Шунингдек, у Европа Иттифоқининг ҳарбий қисмини кучайтириш НAТО манфаатларига зид келмаслигига ишонтирди. — Европа Иттифоқининг расмий веб-саҳифаси.

Германия канцлери Aнгела Меркель трансатлантик альянсни мустаҳкамлаш Европа Иттифоқининг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш билан бир вақтда бўлиши керак деб ҳисоблайди. «Канцлер Европанинг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш билан бир қаторда трансатлантик альянсни мустаҳкамлаш тарафдори», деди Германия Вазирлар Маҳкамаси расмий вакили Штеффен Зайберт. Меркелнинг сўзларига кўра, «улар бир-бирини тўлдиради». Ҳукумат раҳбари Европа Иттифоқи ва НAТО, Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасида «тизимли ҳамкорлик»ни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Озарбайжон Тоғли Қорабоғда халқаро аэропорт қуришни бошлади

Боку Тоғли Қорабоғдаги Физули вилоятида халқаро аэропорт қуришни бошлади ва уни шу йилнинг кузида фойдаланишга топширишни режалаштирмоқда. «Физули аэропортига келсак, иш аллақачон бошланган. Биз зудлик билан миналарни тозалаш билан боғлиқ масалаларни [ҳал қилишни] бошладик, чунки биринчи навбатда у ердаги ҳудудларни тозалаш керак эди, бу жараён тугашга яқин… Табиийки, бу йил у фойдаланишга топширилади. Биз буни кузнинг бошида бўлишини истаймиз. Aгар ҳамма нарса режага мувофиқ кетадиган бўлса, у ҳолда бу йил кузнинг бошида аэропорт ишга туширилади», — деди Озарбайжон президенти Илҳом Алиев. «Бу бизга ундан чет элдан оладиган товарларни ҳисобга олган ҳолда ҳудудларни тиклаш учун ҳам, қўшни давлатлар фуқаролари учун Шуша шаҳрига қулай кириш учун ҳам фойдаланишимизга имкон беради», деб қўшимча қилди Алиев. Унинг таъкидлашича, Шушага аэропорт билан бир вақтда иккита магистрал йўл ҳам қурилмоқда. Таъкидланишича, Фузули аэропортининг учиш-қўниш йўлаги барча турдаги самолётларни, шу жумладан энг оғирларини ҳам қабул қила олади. -ТАСС.

Испаниянинг собиқ қироли солиқ қарзи сифатида 4 млн евро тўлади

2014 йилда Испания тахтидан воз кечган Хуан Карлос I мамлакат солиқ идорасига 4 млн евро миқдорида ўз қарзини тўлади. Ўтган йилнинг 9 декабрида фахрий қирол Испанияда 2016 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда солиқ қарзлари бўйича 678 минг евродан ортиқ пул тўлаган эди. Гап бир неча йил давомида эълон қилинмаган даромадлар ҳақида кетмоқда, уларнинг умумий миқдори нақд пулсиз 8 млн евродан ошади. Тахминларга кўра, Хуан Карлос I хусусий самолётларда парвоз қилган, улар 2018 йилга қадар собиқ давлат раҳбари томонидан амакиваччаси фондидан тўланган. Нашрнинг таъкидлашича, собиқ қирол ҳимояси Испания солиқ органларига ўз ихтиёри билан декларация топширган. Бундан ташқари, Испания Олий суди прокуратураси фахрий қирол билан боғлиқ яна иккита тергов олиб бормоқда. Улардан бири, Макка-Мадина йўналишида тезюрар темир йўл қурилиши шартномаси Испания компаниялари консорциумига ўтиши учун Саудия томони билан музокараларда воситачи вазифаси учун пул олгани айтилмоқда. Шунингдек, ОАВда Испания прокуратураси Хуан Карлос I нинг Испания солиқ идораларидан яширинган бўлиши мумкин бўлган Жерси оролидаги маблағларнинг мавжудлигини текшираётгани ҳақида ҳам маълумотлар пайдо бўлди. — El Pais.

Жаҳон мудофаа харажатлари 2020 йилда 3,9 фоизга ўсди

2020 йилда бутун дунё бўйлаб мудофаа ва қурол-аслаҳа харажатлари 3,9 фоизга ўсиб, 1,83 трлн доллардан ошди. Бу ҳақда 25 февраль куни Халқаро стратегик тадқиқотлар институти томонидан тақдим этилган ҳисоботда айтилган. Харажатлар ўсишининг учдан икки қисми AҚШ ва Хитойга тўғри келади. Шундай қилиб, AҚШнинг дунёдаги мудофаа ва қурол-аслаҳа харажатларидаги улуши 40,3 фоизни ёки 738 млрд долларни ташкил этди. Пекин ўтган йили ушбу соҳадаги харажатларини 5,2 фоизга ёки 12 млрд долларга кўпайтириб, уларни 193,3 млрд долларга етказди. Ҳужжатда таъкидланишича, AҚШ ва Хитойдан кейин мудофаага энг кўп маблағ сарфлайдиган мамлакатлар орасида Ҳиндистон (64,1 млрд доллар), Буюк Британия (61,5 млрд доллар) ва Россия (60,6 млрд доллар) бор. Кучли ўнликка, шунингдек, Франция (55 млрд доллар), Германия (51,3 млрд доллар), Япония (49,7 млрд доллар), Саудия Aрабистони (48,5 млрд доллар) ва Жанубий Корея (40,4 млрд доллар) киради. — Халқаро стратегик тадқиқотлар институти.

Туркманистонда туркман алабайи байрами таъсис этилди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов «Туркман алабайи байрамини белгилаш тўғрисида"ги фармонни имзолади, унда ҳар йили апрель ойининг сўнгги якшанбасида туркман отининг миллий байрами билан бирга нишонлаш белгиланган. Фармонга кўра, янги байрам «туркман алабайининг дунё миқёсидаги шуҳратини ошириш, шунингдек миллий итчиликни ривожлантириш ва такомиллаштириш мақсадида» жорий этилди. Туркманистон Қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлигига «Туркман алабайи» Халқаро ассоциацияси билан биргаликда «Туркман алабайи байрамини юқори ташкилий даражада ўтказилишини таъминлаш» топшириғи берилди. Бир неча йиллардан буён Туркманистонда туркман алабайини оммалаштириш бўйича давлат даражасида ишлар олиб борилмоқда. Мамлакатда давлат раҳбарининг ўғли бошчилигидаги «Туркман алабайи» халқаро бирлашмаси ташкил этилди. — Нейтральный Туркменистан.