Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига йўл ҳаракати қоидаларини бузган пиёдалар учун жарималарни кўзда тутган қўшимча киритилди. Президент в. б. 23 сентябрь куни ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунга имзо чекди. Ўзгаришлар 24 сентябрдан кучга киради.

Янгиланган 138-моддага мувофиқ, эндиликда йўлнинг ҳаракатдаги қисмида, шу жумладан, пиёдалар ўтиш йўлида телефондан фойдаланиш, китоб ёки даврий нашрларни ўқиш, видеоматериаллар томоша қилиш ёки аудиоматериалларни эшитиш ва диққатни жалб қиладиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиш энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми (1 октябрдан — 49925 сўм) миқдорида жарима белгиланишига сабаб бўлади.

Йўловчиларнинг ҳаракатланиб кетаётган транспорт воситасидан тана қисмларини (қўлдан ташқари) чиқаргани учун ҳам жарима миқдори белгиланди. Мазкур қоидабузарлик ЭКИҲнинг 1 баробари (1 октябрдан 149775 сўм) миқдоридаги жаримага сабаб бўлади.