1 мартдан бошлаб Ўзбекистонда бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари кучга киради. Қоидалар Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилнинг 24 декабрь куни қабул қилинган қарори билан тасдиқланган.

Янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларига 15 та қўшимча киритилди, бир қанча ўзгаришлар амалга оширилди, айрим атамалар ва тушунчаларга аниқликлар киритилди.

Хавфсизликни таъминлаш мақсадида жорий этилган янгиликлардан бири — автомобилда нур қайтарувчи махсус нимчаларнинг мавжуд бўлиши.

Куннинг қоронғи вақтида, айниқса, ёритилмаган жойларда транспорт воситаси бирор-бир сабаб билан, масалан, носозлик туфайли тўхтаб қолиши мумкин. Шундай вақтда ҳайдовчи машинасини таъмирлаш учун ташқарига чиқади. Йўлдан ўтаётган транспорт воситалари ҳайдовчилари таъмирлаш ишлари билан банд бўлган ҳайдовчини кўрмай қолиши мумкин. Бу ҳолат қоронғу ва ёғингарчиликлар бўлаётган вақтда жуда ҳам хавфли.

Шуларни эътиборга олган ҳолда янги қоидаларда тунги вақтда ҳайдовчиларга нур қайтарувчи махсус жилетларни кийиб олиш мажбурияти юклатилди. Эндиликда ҳар бир транспорт воситасида тиббиёт қутичаси, ўт ўчиргич, мажбурий тўхтаганни билдирувчи белги билан биргаликда нур қайтарувчи махсус нимчалар ҳам бўлиши шарт (қоидаларда нимчалар рангига ҳеч қандай талаблар ўрнатилмаган — таҳририят).

Тиббиёт қутичаларини сотиб олишда ҳушёр бўлиш лозим. Бундай қутичаларни иложи борича дорихоналардан харид қилиш керак. Дорихоналарда сотилаётган қутиларда дориларнинг таркибидан тортиб мувофиқлик сертификатларигача мавжуд.

Ушбу қутичаларни, шунингдек, нур қайтарувчи жилет, мажбурий тўхтаганни билдирувчи белги ва ўт ўчиргич жамланган махсус сумкаларни автомобиллар савдоси билан шуғулланувчи барча салонларда ҳам сотиб олиш мумкин.