Алишер Навоий номидаги кино саройида 19 октябрь куни Korean week 2015 маданият ҳафталигининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирни кореялик санъат усталари анъанавий самульнори томошаси билан бошлаб берди.

Жанубий Корея элчиси Ли Ук Хон «Газета.uz» мухбирига берган интервьюсида ҳафталик доирасида кинофестиваль билан бирга болалар ва ўсмирлар учун футбол ҳамда корейс халқ амалий санъати бўйича маҳорат дарслари, тасвирий санъат танлови ўтказилиши режалаштирилаётганини қайд этди.

«Одатда аксарият корейс маданияти тадбирлари Тошкентда бўлиб ўтади. Бу сафар Ўзбекистон вилоятларига ҳам эътибор қаратдик. Нукус билан Урганч танлангани сабаби яқинда Устюртда ўзбек-корейс лойиҳаси — Сурғил газ-кимё мажмуаси қурилиши якунлангани бўлди. Ушбу минтақа аҳолиси лойиҳага улкан ҳисса қўшди ва биз уларга миннатдорлик изҳори сифатида ушбу шаҳарларни танладик», — деди элчи.

Унинг билдиришича, бу йил Сеулда ҳам «Буюк ипак йўли»га бағишланган тадбир ўтказилди ва унда Тошкентдан маданият вакилларининг катта делегацияси иштирок этди, бундай тадбирлар икки мамлакат халқлари ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштиришга хизмат қилади.

19-24 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган Корея киноси кунлари «Мисс бувижон» фильми намойиши билан бошланди. Бундан ташқари, ҳафталик давомида «Архитектурага кириш», «Синчков одам», «Донмакголга хуш келибсиз!» ва «Менинг севгим, менинг қайлиғим» каби фильмлар ўзбек томошабини эътиборига ҳавола этилади.