Иллюстрация: Элдос Фозилбеков
Рекламали танаффус
Тошкент ташқи реклама босқинига қарши қандай курашмоқчи?
Рақамли ривожланиш департаменти Тошкентдаги ташқи рекламани назоратга олмоқчи. Минглаб реклама конструкцияларининг эгалари тўлов қилмаяпти. Муаммо нимада, реклама дизайн-коди қандай бўлиши ва Тошкентни қай тариқа кўзни қувонтирувчи шаҳарга айлантириш мумкин — «Газета.uz» шу саволларга жавоб излади.
Рақамли ривожланиш департаменти Тошкентдаги ташқи рекламани назоратга олмоқчи. Минглаб реклама конструкцияларининг эгалари тўлов қилмаяпти. Муаммо нимада, реклама дизайн-коди қандай бўлиши ва Тошкентни қай тариқа кўзни қувонтирувчи шаҳарга айлантириш мумкин — «Газета.uz» шу саволларга жавоб излади.
Тошкент визуал чиқиндига тўлиб кетган: чорраҳалардаги LED-экранлар ҳайдовчиларнинг кўзини олади, автобус бекатлари телевизорга ўхшайди, кўп қаватли уйлар деворлари юзаси билборд матоси билан қопланган, мозаикалар устига пешлавҳалар илиб ташланган, брендлар том ва фасадлар, тротуар ва йўл четларидан туриб ўзлари ҳақида жар солмоқда. Шаҳар «Хусусий сектор» эълонлар газетасига ўхшаб қолган.
Бунга бир қатор тизимли муаммолар сабаб бўлиб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти олдида айнан шу муаммоларни ҳал этиш вазифаси турибди. Департамент директори Алексей Хен, «Ташқи реклама» лойиҳа офисининг раҳбари Алихон Аҳмаджонов ва унинг ўринбосари Лазизбек Тошқулов «Газета.uz» билан суҳбатда Тошкентни шаҳарликлар кўзини қувонтирувчи маконга айлантириш режалари ҳақида сўзлаб берди.
Ташқи рекламанинг ҳаддан ташқари кўплиги (салкам босқинчи даражасидаги зўравонлиги) нима учун ёмон?
Алексей Хен: Ташқи реклама — шаҳар ривожланганлигининг кўрсаткичи. Шаҳарда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш қанчалик кўп бўлса, шунчалик кўп корхона ўзи ҳақидаги маълумотларни жойлаштиришни истайди. Тошкентда ташқи рекламанинг кўплиги, бир томондан, пойтахт фаол ривожланаётганидан далолат. Бошқа томондан, бу шаҳар қиёфасига путур етказади ва кўп ҳолларда аҳолига халал беради. Бундан ташқари, ташқи рекламанинг самарадорлиги пасаяди, чунки унинг миқдори ҳеч қанақасига чекланмас экан, киши маълумотни қабул қилишни тўхтатади.
Ташқи реклама ривожланишининг энг қуйи босқичи — бу одамларнинг симёғочлар, дарахтлар, тўсиқлар ва кўп қаватли уйлар кириш жойларидаги хусусий эълонлари. Бугунги кунда Тошкентда [ташқи рекламаларнинг] энг юқори даражадагиси — LED-экранлар ва медиафасадлардир. Эндиликда барча янги қурилган йирик бинолар медиафасадлар билан безатилмоқда. Дарвоқе, улар шаҳарнинг тунги ёритилишининг бир қисми ҳисобланади. Аммо бозор тартибга солиниши зарур.

Биз бошқа мамлакатларда соҳа қандай тартибга солинишини ўрганиб чиқдик — амалдаги вазиятдан тортиб, қонунчилик базасигача. Олмаота, Москва, Новосибирск, Қозон, Санкт-Петербург, Париж тажрибасини ўргандик. Энг ажойиб тажриба — Қозонда. Улар ташқи реклама[ни тартибга солиш]га 2006 йилда киришган. Ўша пайтда ташқи рекламалар сабабли биноларнинг фасади ҳам, осмон ҳам кўринмай кетган эди.
Қозон расмийлари шаҳар қиёфасини сақлаб қолишга устувор аҳамият берди. У ерда реклама билан шуғулланувчи бўлим ташкил этилган, меъёрий-ҳуқуқий база ишлаб чиқилган ва лотлар аукционга қўйилган. 2006 йилдан бери билбордлар сони уч баравардан кўпроқ қисқартирилган.
Бугунги кунда Қозонда рекламалар деярли йўқ, шунга қарамай, ундан келиб тушадиган бюджет даромадлари ўсиб бормоқда. Москвада бизга шундай тушунтиришдики, агар 500 мингта конструкцияга талаб бўлиб, шаҳар бор-йўғи 10 мингта жой таклиф қилса, бозор ҳажми ўзгармайди ва барча жойлар сотилиб кетади. Шаҳар 100 та жой таклиф қилган тақдирда ҳам талаб барибир ўзгармайди. Шунчаки жой нархи қимматлашади.
Таниқли россиялик блогер Александр Шумский 2000 йилларнинг ўрталаридаги Москвани мисол келтиргани ҳолда, [ўша пайтда] бундай визуал чиқиндилар, машиналарнинг тартибсиз тўхташ жойлари, тор тротуарлар ҳамма учун одатий ҳол бўлганини эслатади. Аммо худди шу жойларнинг 2005 ва 2023 йиллардаги фототаққосини кўрган москваликлар энди даҳшатга тушяпти.
Москва марказидаги Нажоткор Масиҳ черкови фонида ноқонуний равишда ўрнатилган «Мерседес» белгиси. 2000 йиллар.
Фото: «Московский комсомолец»
Тошкентда реклама бозорини назорат остига олишга уринишлар аввал ҳам бўлган. 2020 йилда бутун мамлакат бўйлаб шаҳарларни рекламалардан тозалашга ҳаракат қилиб кўрилди. Кенг кўламли бузилишлар бўлди. Бироқ изчиллик бўлмади. Ҳар қандай тадбирни охиригача етказиш учун жараёнларни тартибга солувчи меъёрий ҳужжат зарур.
Наҳотки шундай ҳужжат мавжуд бўлмаса?
Алексей Хен: Ўша пайтда эски таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги қонун ва бошқа бир нечта қонуности ҳужжатлари бўлган. Бироқ эски тизимда бир қатор камчиликлар мавжуд эди.

2018 йилда ташқи рекламаларни жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни такомиллаштириш тўғрисида қарори эълон қилинди. Унга мувофиқ, икки ой муддатда ташқи реклама конструкцияларини жойлаштириш тартиби, техник регламентини ишлаб чиқиш назарда тутилган эди. Бироқ жараён жуда узоққа чўзилди. 2020 йилга келибгина Вазирлар Маҳкамасининг ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисидаги навбатдаги қарори қабул қилинди, унда кўплаб меъёрлар белгиланди: конструкциялар формати, уларнинг ўлчамлари, улар орасидаги масофа ва бошқалар.
Ҳар иккала ҳужжатда тадбиркорлар ўз [реклама] конструкциялари учун паспортларни Давлат хизматлари марказлари орқали шахсан ёки онлайн тарзда олишлари лозимлиги назарда тутилган. Бироқ ушбу хизматни кўрсатишнинг маъмурий регламенти ишлаб чиқилмаган. Бу ташқи реклама бозори «ёввойилашиб» кетганининг сабабларидан бири. Тадбиркорлар Тошкентда ўзларининг ташқи реклама конструкциялари учун паспортни қандай қилиб олгани номаълум. Кимдир олган, кимдир йўқ, кимдир вақтинчалик паспорт олган. Соҳа ўзини тартибга солишга ҳаракат қилди, бироқ «қоидалар бўйича ўйнаш» имкони бўлмади.
2018 йилгача, ушбу қарорлар билан белгиланган қоидалар мавжуд бўлмаган вақтда, ташқи рекламани тартибга солувчи «Тошкент реклама сервис» (ТРС) давлат корхонаси берилган паспортлар ва реклама конструкцияларининг реестрини юритиб келган. Компания ушбу ҳужжат айланмасини 1994 йилдан бери амалга оширган. Шартномаларни имзолайдиган, тўловни назорат қиладиган жамоа бўлган, уларнинг назоратчилари конструкцияларнинг техник ҳолатини текшириб турган.
2018 йил декабрида, гарчи унинг даврида шаҳарда ҳисобга олинмаган бирорта ҳам конструкция мавжуд бўлмаган бўлса-да, ТРС ёпилди. Регуляторнинг ваколатлари Тошкент шаҳар Бош қурилиш бошқармаси ҳузуридаги Архитектура-режалаштириш бюросига (БАРБ) ўтказилди — ТРС даврида юритиб келинган ҳужжат айланмаси тизими ишдан чиқди. Айрим ходимлар ва реклама берувчиларга нисбатан жиноий иш очилди.

2020 йилда ташқи реклама бозорини тартибга солиш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинганида регуляторнинг ваколатлари БАРБ ва туманлар ҳокимликлари ўртасида тақсимланди, бироқ паспорт бериш барибир тартибга солинмай қолди.
реклама
реклама
Лазизбек Тошқулов: Бозор бутунлай «ёввойилашиб кетгани» учун 2020 йил охири — 2021 йил бошида шаҳар ҳокимининг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари зиммасига бозорни тартибга солиш, самарали ҳужжатлар ишлаб чиқиш ва бошқа вазифалар юклатилди. Бу қисман амалга оширилди, бироқ кейинчалик назорат бўлмаганлиги сабаб ҳамма нарса асл ҳолатига қайтди.

Алексей Хен: 2022 йилнинг баҳорида мен ҳокимнинг ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ўринбосари этиб тайинландим. Шаҳар ҳокими қарори билан Рақамли ривожланиш департаменти ташқи реклама объектларини инвентаризациядан ўтказиши, паспорт ва тўловларни текшириши лозим эди. Биз ишлай бошладик.

Сентябрь ойида эса Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари, янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, бозорни тартибга солувчи ягона органга айланди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти — бу соҳани рақамлаштириш, тўлов, бухгалтерия ҳисоби ва бошқа барча ишларни тартибга соладиган бўғиндир.
Инвентаризация натижалари ҳақида гапириб берсангиз.
Алексей Хен: Даставвал, барча очиқ манбалардаги маълумотларни олдик: ТРС, БАРБ маълумот базалари, туман ҳокимликлари, реклама агентликларининг веб-сайтлари. Ҳар бир объектнинг жойлашуви электрон харитада акс эттирилди.
БАРБ маълумотларига кўра шаҳардаги реклама конструкциялари сони
Ташкилотларнинг маълумотлари бир-бирига мос келмади, биз ҳали ҳам номувофиқликларни топяпмиз. Маълум бўлишича, бу бирламчи маълумотлар реал воқеликни 40 фоизга акс эттиради, холос. Бироқ улар бизга реклама конструкциялари қайси кўчаларда жойлаштирилаётгани ҳақида тасаввурга эга бўлиш имконини берди. Камера ўрнатилган машина бу кўчаларнинг барчасида юриб, ҳақиқий вазиятни тасвирга олди, биз уни харитага жойладик.
Вазият ачинарли. 2022 йил август ҳолатига кўра, шаҳарда 11 мингдан ортиқ реклама конструкциялари мавжуд эди. Улардан атиги 5 мингтаси тегишли ҳужжатга эга.

Лазизбек Тошқулов:
11 мингта реклама конструкцияси 150 дан ортиқ компания томонидан жойлаштирилган. Бошқа мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб айтганда — бу жуда кўп. Масалан, Москвада атиги 8 та, Новосибирскда 3 та ва Парижда 2 та ўйинчи давлат ерларида реклама жойлаштиради. Хусусий биноларга бошқа ўйинчилар, жумладан, бино эгалари ҳам реклама жойлаштиришлари мумкин, бироқ бу ерда ҳам уни жойлаштириш қоидалари дизайн-код воситасида тартибга солинади, акс ҳолда, назорат мавжуд бўлмаса, Қозон 2006 йилда қарши кураш бошлаган вазиятга тушиб қолинади.

Алексей Хен: Ўйинчилар сонининг чекланганлигини реклама берувчиларга қамров кераклиги билан изоҳлаш мумкин. Агар барча ташқи реклама конструкциялари 10 та компания ўртасида тақсимланган бўлса, у ҳолда ҳар бир ўйинчи жуда кўп конструкцияга эга бўлади. Бордию бозорда 150 та корхона мавжуд бўлса, реклама берувчилар шаҳарни иложи борича кенгроқ қамраб олиш учун жуда кўп ўйинчилар билан боғланишларига тўғри келади. Бу шунчаки ноқулай.
2023 йил ҳолатига маълумотлар
Лазиз Тошқулов: Реклама конструкцияларига эга бўлган 150 та корхонанинг барчаси ушбу 11 минг объектни жойлаштириш ҳуқуқи учун бюджетга белгиланган миқдорда тўлов тўлаши зарур. Бироқ 2023 йилда ҳеч ким бу тўловни амалга оширмади, чунки бугунги кунда бирорта ҳам реклама конструкциялари эгаси ҳокимлик билан шартномага эга эмас. Бунга ҳужжатларни расмийлаштириш схемаси ва регламенти мавжуд эмаслиги, ташқи реклама объектлари реестрининг ҳали тўлиқ ишлаб чиқилмаганлиги сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, ташқи реклама объекти жойлаштириладиган жойга эгалик қилишнинг қонунийлигини белгилайдиган талаблар мавжуд эмас.
Нега фақат қонуний конструкциялар эгалари билан шартнома тузиб қўя қолинмайди?
Лазизбек Тошқулов: Бунинг учун ҳамма конструкциялар ҳам қонун талабларига жавоб бермаслигини исботлаш керак. Бу ишнинг бир қисмига ҳам йиллаб вақт кетиши мумкин, чунки муайян маъмурий тартиб-қоидаларга риоя қилиш зарур.

Энг аввало, биз тадбиркорни унинг конструкцияси қонунга мувофиқ эмаслиги ҳақида огоҳлантиришимиз керак бўлади. Агар паспорт бир корхона учун расмийлаштирилган, лекин бошқаси томонидан [реклама] жойлаштирилган бўлса, биз ушбу конструкцияга маълумот жойлаштирган реклама берувчидан ким орқали реклама жойлаштирганини сўраймиз, одамгарчилик нуқтаи назаридан унинг алоқа маълумотларини бизга беришини илтимос қиламиз. Қидирувга камида бир ҳафта кетади (шунинг учун чекланган миқдордаги ўйинчилар регулятор учун ҳам қулай).

Тадбиркор бизнинг огоҳлантиришимизни бир ҳафта ичида кўриб чиқади. Кейин биз Монополияга қарши курашиш қўмитасига (МҚКҚ) ариза юборамиз. Уларнинг ўз регламенти бор. МҚКҚда бутун бошли Тошкент учун ташқи реклама билан шуғулланувчи фақат битта штат бирлиги мавжуд.
Алексей Хен: «Реклама тўғрисида»ги янги қонун бўйича аллақачон битта қонуний демонтаж ҳолати кузатилди. Конструкция хавфсизлик оролчасида жойлашган эди. Биз эгасига хабар бердик, бироқ у конструкцияни олиб ташламади. Демонтажни қонунан расмийлаштириш учун ҳужжатларни тайёрлашга икки ойдан кўпроқ вақтимиз кетди. Беш кун давомида конструкцияни ўзимиз эҳтиёткорлик билан демонтаж қилиб, тадбиркорга бердик, бироқ бир ҳафта ўтгач, у қайта ўрнатди, биз яна олиб ташладик.

Умуман олганда, бозор иштирокчилари қандайдир ўзгаришлар, ўйиннинг аниқ қоидаларини кутишмоқда, чунки ҳамма тартибсизликдан чарчаган. Улар қандайдир тарзда фаолият олиб боришга ҳаракат қилишди, бироқ улар ўртасида ўзаро келишмовчиликлар ҳам мавжуд. Шу боис Рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Бош прокуратура ва Реклама саноати миллий ассоциацияси билан биргаликда барча ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдирадиган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини тайёрладик.

Хавфсизлик оролчасидаги мониторни демонтаж қилиш
Масалан, янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги қонунга мувофиқ ташқи реклама объектларини жойлаштириш схемаси тушунчаси тасдиқланди. Содда тилда айтганда, схема — бу реклама конструкцияларини ўрнатиш мумкин бўлган жойларни кўрсатадиган ва бу жойларга жойлаштирилиши мумкин бўлган объектларнинг турлари санаб ўтилган харита.

Схема лойиҳаси шаҳарда ташқи реклама учун масъул ташкилот томонидан тайёрланиши зарур. Тошкент шаҳрида бу Рақамли ривожланиш департаменти. Қонун амал қилган бутун бошли давр ичида Тошкентда ҳеч қандай схема мавжуд бўлмаган. Биз уни ишлаб чиқяпмиз. Схема — ташқи реклама бозорини тартибга солиш учун қилиниши зарур бўлган ишларнинг энг асосийси.

Буларнинг барчасини тартибга солиш мақсадида биз «Tashqi reklama» дастурий таъминотини ишлаб чиқмоқдамиз. Унда схема, барча турдаги конструкциялар, барча қоидалар ҳисобга олинган бўлади. У орқали электрон шаклда шартномалар тузилади, паспортлар ЯИДХП орқали электрон шаклда берилади — интеграция йўлга қўйилган, барчаси электрон ҳукумат биллинг хизмати орқали тўланади.
Ушбу қарор қабул қилиниб, схема тасдиқлангач, ноқонуний конструкцияларни қандай демонтаж қиласиз?
Лазиз Тошқулов: Бу барибир узоқ вақт олади. Май ойидан бери биз МҚКҚга ҳужжатсиз конструкциялар тўғрисидаги билдиришномаларнинг бир нечта партиясини юбордик. Бугунги кунга қадар уларга LED-мониторлар бўйича 125 та ишни кўриб чиқиш илтимоси билан мурожаат қилдик — бу фақат бошланиши. Ўтган ҳафта шулардан 9 тасини демонтаж қилиш бўйича қарор қабул қилишди.

Аслида ҳозир бундай демонтаж қилишнинг тартиби мавжуд эмас, бироқ у «Реклама тўғрисида»ги қонун, Вазирлар Маҳкамасининг бир нечта қарорлари ва бошқа ҳужжатларга сосланган ҳолда амалга оширилмоқда. Муддат ва тартиб МҚКҚ комиссияси аъзоларининг қарорига кўра белгиланади.

Қарор бўйича лойиҳамизда шундай тартиб мавжуд. Ишчи гуруҳ томонидан ноқонуний ташқи реклама объектларини демонтаж қилиш тартиби тўғрисида тўлиқ низом ишлаб чиқилди. Унда объектлар қандай мезонларга кўра демонтаж қилиниши, объект эгаси тайинланган ёки тайинланмаган ҳолатлар, демонтаж қилиш муддатлари, унинг тартиби ва конструкцияларни сақлаш жойлари кўрсатилган.
реклама
реклама
Эгаси топилмаган тақдирда, аввало ҳокимлик сайтида конструкция эгасини қидираётганимиз тўғрисида эълон жойлаштиришимиз керак бўлади. Умуман олганда, барча маъмурий тартиб-қоидалар, энг қулай шарт-шароитларда, уч ойдан кўп бўлмаган вақт олади.
Ташқи реклама арзон бўлса, кўп бўлади, дейишади. Ҳозирда реклама агентликлари учун қандай тарифлар белгиланган?
Алексей Хен: Биринчидан, аукционда лотнинг нархи мавжуд. Унинг бошланғич баҳоси ушбу ҳудуд учун ер солиғининг 10 баробарини ташкил этади. Ким кўпроқ берса, ўша ғалаба қозонади.

Қолаверса, агентликлар реклама жойлаштирганлик учун шаҳар кенгаши томонидан тасдиқланган тарифлар бўйича тўлов тўлашлари лозим. Тарифнинг миқдори кўплаб параметрларга боғлиқ — конструкциянинг майдони, унинг тури, у ўрнатиладиган майдон: ер, бино, кўча мебеллари ва бошқалар. Бундан ташқари, камайиб борувчи ва ортиб борувчи коэффициентлар мавжуд.
Майдони 18 квадрат метр бўлган битта LED-монитор учун ўртача ойлик тўлов тахминан 1 миллион сўмни ташкил қилади. Айни пайтда, тадбиркорнинг маржаси ойига 50 миллион сўмни ташкил этишига қарамай, реклама берувчилар ставка жуда паст — бу жуда арзон, дейишади.
Тадбиркорлар, юқорида таъкидлаганимиздек, олиш имконсиз бўлган паспортни олиш учун ҳам йиғим тўлайди.
Ушбу ставкаларни оширишни режалаштиряпсизми?
Алексей Хен: Йўқ, биз [тўловлар] мантиғини ўзгартирамиз ва уч карра тўлов ўрнига битта тўлов белгилаймиз — ойлик тўловнинг нархи аукционларда ўйналади.

Бошланғич нарх учун биз квадрат метрига базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг муайян бир фоизи (Тошкент учун БҲМнинг камида 7 фоизи) билан камаювчи ва ортиб борувчи коэффициентларни оламиз. Коэффициентлар ҳам, БҲМнинг фоизи ҳам шаҳар кенгаши томонидан белгиланади. Коэффициент иқтисодий зона, конструкция технологияси (бу билборд ёки LED-монитор ёки медиафасад бўлиши мумкин), унинг тури ва бошқаларга боғлиқ бўлиши мумкин. Кенгаш қарори билан коэффициент қўлланилмаслиги ҳам мумкин.
Шундай қилиб, коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда БҲМ фоизи конструкциянинг майдонига кўпайтирилади. Мана шу аукциондаги лотнинг бошланғич нархи. Тадбиркор 10 йил давомида ҳар ой тўлашга тайёр бўлган миқдорни таклиф қилади. Ким кўпроқ берса, жойни ўша олади. Объектнинг паспорти конструкцияни жойлаштириш ҳуқуқи билан бирга берилади.
Схема ҳақида кўпроқ маълумот берсангиз. Нима учун у бозорни тартибга солишнинг асосий воситаси ҳисобланади?
Алексей Хен: Чунки бу шаҳарда қанча реклама бўлиши мумкинлигини аниқлайди. Пиёдаларга устуворлик берилган кўчаларда қандай конструкциялар жойлаштирилиши мумкин? Қайси кўчалар пиёдалар учун? Пиёдаларга манзарани тўсиб қўядиган улкан билбордлар керак эмас. Батартиб шаҳар форматлари бўлса кифоя. Автомобилларга устуворлик берилган кўчаларда шаҳар форматларини жойлаштиришда мантиқ йўқ.

Бундан ташқари, рекламадан ҳоли ҳудудлар ҳам мавжуд. Булар — маданий мерос объектлари, диний мақсадлар учун мўлжалланган бинолар, Президент администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси бинолари ва бошқалар. Шунингдек, ушбу объектлардан 50 метргача бўлган радиусда рекламалар бўлиши ҳам мумкин эмас. Бироқ, ҳозир мазкур «буфер зонаси» қоидасига риоя қилинмаяпти. Шу билан биргаликда, конструкцияларни қатнов қисмининг ажратувчи чизиғи, хавфсизлик оролчаларига ўрнатиш ҳам мумкин эмас.
Осиё ва Чингиз Айтматов кўчалари чорраҳасида жойлашган кўп қаватли уй девори юзасидаги мозаика атрофига жойлаштирилган ташқи рекламалар
Ноқонуний конструкциялар сонини камайтириш ва схемани тасдиқлаш ҳисобига шаҳардаги конструкциялар сони қисқаради.
Қизиқ, Тошкентнинг қайси кўчаларида пиёдаларга устуворлик берилган?
Лазиз Тошқулов: Биз аҳоли энг зич жойлашган жойларни кўрсатувчи «қайноқ харита»ни туздик. Бу кўп қаватли уйлар, савдо марказлари, дўконлар жойлашган кўчалар. Ушбу ҳудудларда йирик конструкциялар жойлаштириш истагида эмасмиз.
Тошкентнинг пиёдалар энг кўп тўпланадиган жойлар акс эттирилган «қайноқ харитаси»
Шаҳарда бундай жойлар кўп эмас — бу шаҳар ҳаракатланиш учун мўлжалланган, пиёда сайр қилиш учун эмас. Шунга қарамай, биз бу кўчаларда катта бўлмаган форматларни талаб қиламиз. Одатда, пиёдаларга устуворлик берилган кўчаларда бўш жой учун рақобат юқорироқ, чунки одамлар юрадиган жойда кўчмас мулк, ер ва реклама учун жой ҳамиша қимматроқ туради.
Айрим фуқаролар LED-мониторларнинг, жумладан, автобус бекатларидаги рекламаларнинг ёруғлигидан норози. Бу масала юзасидан бирор нарса қилишни режалаштиряпсизми?
Алексей Хен: Ёрқинлик билан боғлиқ муаммолар ягона регулятор мавжуд эмаслиги билан изоҳланади. Рақамли ривожланиш департаменти ягона регулятор бўлганлиги сабабли, ёрқинлик масаласи билан ҳам шуғулланамиз.
Алихон Аҳмаджонов: Бизга доимий равишда фуқаролардан экранлар ёрқинлиги юзасидан шикоятлар келиб тушмоқда. Бундай ҳолларда биз ўша жойга борамиз, ўрганамиз ва агар экран ҳақиқатан ҳам жуда ёрқин бўлса, [реклама] эгаларидан [ёрқинлик даражасини] пасайтиришни сўраймиз. Улар тўғри тушунади, ҳозирча қаршиликлар бўлмади. Ҳеч бўлмаганда тунги вақтларда ёрқинликни пасайтиришади. Бироқ бугунги кунда ёрқинлик даражасини визуал равишда аниқлаймиз, ваҳоланки тизимли ёндашув керак.
Лазизбек Тошқулов: Амалдаги Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (ШНҚ)да рухсат этилган ёрқинлик кўрсаткичлари чегараси белгилаб қўйилган. Улар конструкциялар майдони ва кўчалар тоифасига боғлиқ, бироқ рухсат этилган диапазон шунчалик каттаки, амалда қоидаларга барча риоя қилади ва уни янада ёрқинроқ қилишлари ҳам мумкин.
Биз ташқи реклама учун дизайн-кодни ишлаб чиқдик, унда бутун шаҳар бўйича ташқи реклама объектларининг ёрқинлик чегараси учун ягона талаблар ўрнатилади. Таққослаш учун, бизда бу кўрсаткич масофасига 100 кандел / кв.м дан ортиқ эмас.

Ушбу талабларга мувофиқликни текшириш учун масофадан ишлайдиган ёрқинлик ўлчагичларини сотиб оламиз. Бу қиммат ускуна. Ҳозирда ёрқинлик ўлчагич фақат битта давлат ташкилотида мавжуд. Бироқ унинг ёрдамида ёрқинликни ўлчаш учун қурилмани экранга мустаҳкамлаш керак ва у ёрқинликни айнан шу жойда ўлчайди. Аммо тасвирдаги ёруғлик бир хил даражада бўлмайди. Шунинг учун биз масофадан ишлайдиган ёрқинлик ўлчагич сотиб оламиз.
Дизайн-код ҳақида кўпроқ маълумот берсангиз. У 2018 йилда Тошкент учун «Стрелка» конструкторлик бюроси томонидан тайёрланган дизайн-коддан нимаси билан фарқ қилади?
Алихон Аҳмаджонов: «Стрелка»нинг дизайн-коди ташқи реклама объектларини ҳам, пешлавҳаларни ҳам ва кўча мебелларини ҳам ўз ичига олган эди. Бундай ҳужжатни амалга тадбиқ этиш жуда қийин, чунки амалга ошириш ишлари ҳар доим пулга бориб тақалади. Ушбу дизайн-кодни босқичма-босқич амалга ошириш механизми ўйлаб чиқилмаган эди.
«Стрелка» конструкторлик бюроси томонидан ишлаб чиқилган Тошкент дизайн-коди
Лазизбек Тошқулов: Дизайн-код бўйича бизнинг лойиҳамиз — ташқи реклама объектлари тўпламидан иборат бўлиб, унда Тошкент шаҳрида жойлаштиришга рухсат этилган 14 турдаги конструкциялар, уларнинг техник тавсифлари, ишлаб чиқариш материаллари, ранглари, кўринишлари, қўлланилган технологиялари ва бошқалар тавсифланган.
Олти ойдан сўнг ушбу тўпламга пешлавҳаларга тааллуқли бўлган иккинчи бобни қўшишни режалаштирмоқдамиз. Ушбу боб аллақачон ишлаб чиқилмоқда. Шундан кейин стационар бўлмаган савдо объектлари ва кўча мебелларига ўтиш мумкин бўлади. Ва ана шунда амалга ошириш учун куч ҳам, ресурслар ҳам етарли бўлади ва одамлар «шокка» тушишмайди.

Алихон Аҳмаджонов: Ҳар қандай ўзгаришлар амалда иш бериши учун назорат керак, акс ҳолда ташқи реклама соҳасида бўлгани каби тартибсизлик бошланади.
Назорат қилиш учун одамлар керак. Бу билан ким шуғулланади?
Алексей Хен: Биз шуғулланамиз. Одамларни ёллаймиз. Ушбу дизайн-код ҳозирда Реклама саноати миллий ассоциацияси томонидан мувофиқлаштирилмоқда. Шундан сўнг ҳоким ва халқ депутатлари кенгаши қарори билан тасдиқдан ўтказамиз. Бундай тартиб ҳозирда ҳукумат кўриб чиқаётган Вазирлар Маҳкамаси қарорида назарда тутилади.

Жойлаштириш тартиби, конструкциялар сони, жойлаштириш частотаси, бир кўчада жойлаштирилиши мумкин бўлган [конструкциялар] турлари — буларнинг барчаси схема билан тартибга солинади. 14 та тур ҳам дизайн-код билан тасдиқланган экан, уларнинг барчаси битта кўчада ёки битта чорраҳада учрайди, дегани эмас. Дизайн-код тамойилларида ҳар хил турдаги ва форматдаги конструкциялар битта кўчада жойлаштирилмаслиги кераклиги кўрсатиб ўтилган. Ҳаммаси бир хил услубда бўлиши лозим.
Сиз дизайн-коднинг иккинчи боби пешлавҳаларга тааллуқли эканлигини айтдингиз. Улар ташқи рекламадан қандай фарқ қилади?
Алексей Хен: Улар орасида нозик фарқ бор. «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, барча савдо объектлари ўз номи, жойлашган жойи ва иш вақтини кўрсатиши шарт. Тадбиркорнинг аниқ маҳсулотлар, нархлар, чегирмалар, акциялар ва маҳсулот ёки хизматни сотиб олиш учун чақириқлари кўрсатилган тақдирда, бу энди реклама ҳисобланади.

Пешлавҳалар ҳам алоҳида оғриқли мавзу. 2020 йилда шаҳарлар ташқи рекламалардан салгина тозаланганда, улар камайди, бироқ энди пешлавҳалар кўпайди — ҳар хил, ёрқин, стандартлаштирилмаган. Ҳар бир тадбиркор бошқалардан ажралиб туришни, ўз пешлавҳасини каттароқ қилишни истайди ва натижада ҳаммаси ямоқ ёпинчиққа ўхшаб кўринади, пешлавҳаларнинг ўзи эса аста-секин рекламага айланиб, ахборот шовқинини келтириб чиқаради ва шаҳар қиёфасини бузади.
Алихон Аҳмаджонов: Реклама бозорини тартибга солиш бўйича 2020 йилги қарорда пешлавҳаларга қўйиладиган талаблар ҳам белгиланган. Бироқ биз гигантизмдан азият чекмоқдамиз. Ҳамма имкон қадар катта пешлавҳа хоҳлайди. Ваҳоланки, пешлавҳа муайян бир ўлчамдан ортиб кетган тақдирда ташқи рекламага айланиб қолади.

Фаолиятнинг айрим турлари учун пешлавҳа 2 квадрат метр бўлиши мумкин, бошқалари учун — 1. Бироқ, умуман олганда, қарорга мувофиқ, 5,5 квадрат метргача бўлган ҳамма нарса — гарчи бу жуда катта ўлчам бўлса ҳам — пешлавҳа ҳисобланади.

Лазизбек Тошқулов: Реклама бозорини тартибга солиш тўғрисидаги худди шу қарорда пешлавҳалар майдони 2 квадрат метрдан ошмаслиги кераклиги айтилган. Бунда, аслини олганда, ҳаммаси жуда чалкаш. Ҳаммасини аниқлаштириш ва соддалаштириш учун ҳам биз дизайн-кодни яратяпмиз.
Дизайн-код автобус бекатларидаги, шу жумладан, LED-мониторлар билан жиҳозланган бекатлардаги рекламаларни ҳам қамраб оладими?
Лазизбек Тошқулов: Ҳозирги кунда — йўқ, бироқ бу режада бор. Автобус бекатлари аслида ташқи реклама объектлари ҳисобланмайди, улар шаҳар мебеллари. Шунинг учун, автобус бекатлари билан боғлиқ талабларни дизайн-коднинг тегишли — кўча мебелларига тааллуқли бобига киритамиз. Ушбу боб ҳозирда ишлаб чиқиш жараёнида.

Бироқ ташқи реклама учун дизайн-кодда назарда тутилган LED-мониторларнинг ёрқинлигига қўйиладиган талаблар автобус бекатларига нисбатан ҳам қўлланилади. Чунки дизайн-код кенгаш томонидан имзоланган ташқи реклама объектларини ўрнатиш тартиби тўғрисидаги ҳужжатга илова ҳисобланади. Ушбу ҳужжатда ҳам пешлавҳалар, ҳам стационар бўлмаган савдо объектларига қўйиладиган талаблар мавжуд.
Қарор қачон имзоланади ва, кутилмаларингизга кўра, Тошкент қачон фуқаролар кўзини қувонтирадиган шаҳарга айланади?
Алексей Хен: Яқинда қарор лойиҳаси бош вазир ҳузурида ҳимоя қилинди (ушбу интервью дастлаб 2023 йил август ойида рус тилида эълон қилинган — таҳр.). Умуман олганда, ҳужжатнинг асосий қисми қўллаб-қувватланди ва маъқулланди, деб айта оламан. Бош вазир меъёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлашни таклиф қилди. Унинг таклифлари аллақачон лойиҳа матнига киритилган. Ҳужжат яқин орада имзоланиши кутилмоқда.

Ушбу лойиҳанинг улкан ғоясини амалга ошириш учун кетма-кет икки йил керак бўлади, деб ўйлайман. Чунки бир йил ичида биз ҳамма нарсани тартибга солишимиз лозим: схемани тайёрлаш, паспортларни текшириш, реестрни ишлаб чиқиш ишларини якунлаш, барча талабларни ишлаб чиқиш, шартномалар тузиш. Кейин эса янги қоидаларга мос келмайдиганларини мувофиқлаштириш ишлари бошланади.

Реклама агентликлари бизни тушунади, норозилар ҳам бўлади, албатта. Энг асосийси, ҳамма аниқ қоидалар мавжуд бўлиши тарафдори, шунинг учун биз ҳамма нарсани имкон қадар шаффоф қиламиз. Қандай ва нима қилиш кераклигини кўрсатамиз, ҳаммасини тушунтирамиз, ўргатамиз, чунки тартибсизликдан ҳеч ким — на фуқаро, на бизнес, на ҳокимият манфаатдор.

Матнни Сабина Бакаева тайёрлади.
Суратлар муаллифи: Евгений Сорочин / «Газета.uz».
Иллюстрация: Элдос Фозилбеков / «Газета.uz»
«Газета.uz» интернет-нашри сайтига жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу саҳифада танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг