Ғелонликлар қишни қандай ўтказади?
Қишлоқдан Холида Мусулмон фотоҳикояси
Ғелонликлар қишни қандай ўтказади?
Қишлоқдан Холида Мусулмон фотоҳикояси
Қашқадарёдаги Ғелон қишлоғи — Ўзбекистоннинг ўзига хос масканлари рўйхатидаги бориш шарт бўлган жойлардан бири. Аммо қишда камдан-кам сайёҳ у ерга етиб боролади. Фотожурналист Холида Мусулмон Янги йил арафаси Ғелонда бўлиб қайтди. Унинг янги фотоҳикояси — қаҳратондаги қишлоқ ҳаёти ҳақида.
Қашқадарёдаги Ғелон қишлоғи — Ўзбекистоннинг ўзига хос масканлари рўйхатидаги бориш шарт бўлган жойлардан бири. Аммо қишда камдан-кам сайёҳ у ерга етиб боролади. Фотожурналист Холида Мусулмон Янги йил арафаси Ғелонда бўлиб қайтди. Унинг янги фотоҳикояси — қаҳратондаги қишлоқ ҳаёти ҳақида.
Ҳар фаслнинг ўз ифори, шамоли-ю бўрони, меҳнати-ю машаққати, роҳати-ю таровати бор. Баҳорни ялпиз ифорисиз, ёзни иссиқ-жазирамасиз, кузни юзимга урилган мезонсиз тасаввур қила олмаганимдек, қишни ҳам тиззабўйи қору, у берадиган кайфиятсиз ҳис қилолмайман.

Албатта, қор завқини ва гўзал қиш зийнатини излаган фотожурналист қиз учун Тошкент торлик қилади. Кўнгил кенглигу қирликларни қумсайди. Бу шундай кенгликки, сохталикдан йироқ, кўп қаватли уйлардан-да баландроқ...

Шу хоҳиш сабаб бўлди-ю, номи тилларда достон, ўз табиати ва анъаналари билан машҳур Ғелон қишлоғига қишки саёҳатга отландим. Қишлоқнинг ёздаги яшиллиги ва куздаги рангоранглиги шу вақтгача барча объективларни забт этиб улгурган, янгилик эмас. Аммо бу заминнинг қишда қандай қиёфа касб этиши, ғелонликлар қандай кун кечириши мени тинимсиз саёҳатга ундади.

Йўл юрай, йўл юрсам-да мўл юрай, муҳими мурод-мақсадимга етай, дея йўлга чиқдим.
Ғелон денгиз сатҳидан 2300 метр баландликда жойлашган қишлоқ. Қишнинг қор-қировли кунлари туман маркази — Шаҳрисабздан бу ерга 3−4 соатда етиб келиш мумкин.

Тоғ йўллари паст-баланд ва ғадир-будур бўлгани учун ҳам қишлоққа махсус, йўлтанламас автомобилларда бориш тавсия этилади. Ғилдирагига занжирлар боғланган машиналарда жарлик ёқалаб кетаркансиз, табиат чексизлиги олдида ўзингиз бир митти зарра эканлигингизни англайсиз. Табиатнинг бетакрор гўзаллиги ва бироз қўрқув сабаб кўзга уйқу ҳам келмайди.

Айниқса, қиш тонгида қуюқ туман тушган йўлларни босиб ўтишнинг завқи бўлак. Ҳисорак сув омбори узра ёйилиб кетган туман табиатнинг уста мусаввир эканлигини исботлайди-қўяди. Қуюқ туман, кўзни қамаштирувчи нур ва инсон умри каби паст-баланд чизиқли тоғлар…
Ғелон бизни пурвиқор қорли тоғлари ва тиниқ булоқ сувининг қуёш нурида ойнадек аксланиши билан қарши олди, киришимиз билан димоққа ўтин, кўмир ҳиди урилди. Қишлоқда ҳозир 1280 дан ортиқ хонадон бор, уларда 5426 киши яшайди.

«Ғелон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сафармурод Жабборовнинг сўзларига кўра, Ғелон қишлоғи 2300−2400 йиллик тарихга эга.

«„Ғелон" сўзи форс-тожик тилидан таржима қилганда „яшиллик" маъносини билдиради. Бу ҳудудга аҳоли илк бор бундан 2300−2400 йил муқаддам келиб жойлашган. Ғелонликларнинг асосий машғулоти — деҳқончилик ва чорвачилик, кўпроқ картошка етиштиришга ихтисослашган» — дейди у.
Қишлоқдаги уста-ҳунарманд ва темирчилар эса қишин-ёзин вақтини баракали ўтказиб, севимли машғулотлари билан шуғулланади, шогирдларига ҳунар асрорларини ўргатади.

Раҳмонқул Расулов ҳам шундай ҳумармандларидан. 64 ёшли уста салкам 40 йилдан буён темирчилик билан шуғулланиб, ҳамқишлоқларига ўроғу кетмон, болғаю болта ясаб, оғирини енгил, кам-кўстини бут қилган ҳолда даромад топмоқда.

«Темирчилик ота-бобомдан мерос, мен тўртинчи авлодман. Ҳунаримга қизиққанлардан билимимни қизғанмайман. Сабр ва меҳнат билан ҳаммасига эришиш мумкин», — дейди темирчи.
Ёғочдан турли рўзғор буюмлари, миллийлик акс этган эсдалик совғалари ясовчи ҳунарманд Насрулло ота Жумаев салкам 70 ни қоралаб қолган, аммо унинг гапга чечанлигию юз-кўзидан ҳунарини севиши яққол сезилади. Устахонасида ҳали шакл берилмаган турли ёғоч бўлаклари-ю дўппи ичидаги ёнғоқларни кўриб, кун келиб улар ҳам санъат асарига айланиши мумкинлигини ўйлайсиз ва ҳаяжонингиз ортади. Насрулло ота ёғочларга ишлов бераркан: «Табиатнинг ўзи уста ҳунарманд, мен ундан илҳом оламан, холос», — дейди камтарлик билан.
Қишлоқ меъморий манзараси ҳам Насрулло отанинг ҳунармандчилик буюмлари каби хилма-хил. Паст-баланд йўллар бўйлаб қад ростлаган, аксари икки қаватли хонадонлар, уларнинг дераза ромлари ва эшиклари қишлоқнинг асрий кўринишини шакллантириб берган. Аммо Ғелоннинг ташриф қоғозчаси бўлган эски уйларни бузиб, ўрнига янгича услубда хонадон солаётганлар ҳам бор. Умид шуки, бу ишлар Ғелоннинг беқиёс композициясига таъсир қилмас.
Ғелонликлар қишда асосан уй-юмушлари, ош-овқат билан банд. Қишнинг қори-ю ёмғирига қарамай оиласи дастурхонини мазали нонлар билан тўлдираётган қишлоқ аёлларининг тандирга ловуллатиб олов ёқаётгани, саватда иссиқ нонларни кўтариб, уйига шошаётганини кўриб, бир олам меҳрни ҳис қиласиз. Улар сиздан иссиқ нони каби беғубор таббасумини ҳам қизғонмайди. Сут ва сариёғ солиб пиширилган катта-катта патир нондан тотиб кўрдиму, кун келиб мен ҳам тандирда шундай нон ёпишни ўрганишни ният қилиб қўйдим.
Ғелонда ёши улуғ момо-ю боболар бисёр, қолаверса кексалик уларнинг танларида ғариблик эмас, ўзгача гўзал қиёфа яратган. Холбуви момо Неъматова ҳам, ўз таъбири билан айтганда, «бир кам 91»ни қаршилаган (ёши улуғларда ёшини шу тарзда ифодалаш одати бор — 60, 70, 80, 90,100 ёшга кирган бўлса, ёшига ё бир йил қўшиб, ё айириб айтади).

Момонинг юз-кўзларидан у ёшлигида ҳам сулув бўлгани сезилади. Холбуви момо шунча яшаб, қаридим демайди — ҳамиша ўзи учун юмушлар топади. Масалан, хонасидаги печка кулларини ўзи олиб, тўкиб келади, қайтишда эса ўтин олишни ҳам эсдан чиқармайди. «Ҳаракатда барака» дея шуни айтишар, балки?!

Момо хонадон зинапояларини ҳассаси билан бирма-бир, мустақил босиб ўтади. Умр ҳам худди шу пиллапояларга ўхшайди, инсон унинг қайси поғонасида эканлигини эса англаши мушкул.
Ғелонликлар уйларини ўтин, таппи-ю тезак, кўмир билан иситади. Ғелонда қиш апрел, баъзан май ойига қадар давом этишини ҳисобга олсак, томларга туташтириб тахланган таппиларнинг кўплиги-ю, ўтинларнинг бисёрлигидан ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. «Қишлоқ аҳолиси ёзни қиш қаҳратонига тайёргарлик кўриб ўтказади» деб бежиз ёзмаган фотограф Мадина Аъзам Ғелон ҳақидаги ўз фотоҳикоясида.
Нафақат хонадонлар, балки қишлоқ мактаблари ҳам кўмирда иситилади. Ғелонда иккита: 1- ва 56-сонли мактаб бор. 1-мактаб бинолари бироз эскирган, дераза ромларига совуқ кирмаслиги учун «плёнка»лар қоқилган. Мактаб қоровули Қосим ота Латипов иситиш тизимидан тез-тез хабар олиб туради — йўқса тизим ишламай қолиб, мактаб совиб кетиши мумкин.
1-мактабга борган куним бошланғич синф ўқувчиларининг саводхонлик (Алифбе) байрами устидан чиқдим. Ўқувчилар ва ўқитувчилар ҳаяжонда, ота-оналар эса тадбирдан завқ олмоқда эди.
Катта синф ўқувчилари эса якуний оралиқларни топшириш билан билан банд. Ўқувчиларнинг илмга чанқоқлиги кучли. Аммо бу қишлоқнинг шаҳарлардан узоқ экани, малакали мутахассислар етишмовчилиги бу қизиқишнинг баъзан камайишига, шароит қаршисида танлов қилишга, энг аламлиси, енгилишига ҳам сабаб бўлмоқда.

«Ёзда Шаҳрисабиз шаҳридаги репетиторга қатнаб, тайёрланиб келдим, ҳозир инглиз тилини мустақил ўрганяпман, бизда махсус курслар йўқ», — дейди 10-синф ўқувчиси Шукурулло.
реклама
реклама
Ғелоннинг ўз музейлари ва кутубхоналари бор. Масалан, эски масжид биноси ўрнида 2021-йил ноябридан бери ҳам кутубхона, ҳам музей сифатида ишлаётган бир муассаса бор. Асосчиси — нафақадаги ўқитувчи Раҳимқул Нуралиев. Кутубхонада 1,5 мингдан ортиқ китоб, музейда эса ғелонликлардан йиғилган 200 дан ортиқ экспонат бор.

«Кутубхона ва музейимизга кўпроқ ёшлар ва сайёҳлар келади. Ёшларнинг инглиз тилига қизиқиши баланд, лекин кутубхонамизда инглизча адабиётлар йўқ, шу жиҳатдан қўллаб-қувватлашса, мамнун бўлардик», — дейди Раҳимқул ака.
Кутубхонага қандай қилиб китоблар юбориш мумкин?
Кутубхона манзили: 181309, Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз тумани, «Ғелон» маҳалла фуқаролар йиғини, 941-уй.

Кутубхона асосчиси Раҳимқул ака Нуралиевнинг телефон рақами: (+998) 99-742-04-71.
Саёҳат давомида қишлоқдаги икки тўйда қатнашишга ва ғелонликларнинг аҳил-иноқлигига яна бир карра гувоҳ бўлишга ҳам улгурдим. Қаҳратонга қарамай, тўйларда бутун қишлоқ қатнашди, улар учун дошқозонларда ошлар дамланди. Масалан, мен қатнашган бир тўйда ошпаз Жўрақул Неъматов 70 кило ош дамлади.
Янги йил арафаси боргандим, қишлоқда ҳам байрам кайфияти ҳукмрон эди. Болалар билан бирга қорбола ясаб, қорбўрон ўйнадик. Қишлоқ йигит-қизлари қорбўрон-у қорбола ясашга жуда уста экан. Бу баҳсда беллашиш уёқда турсин, уларга тенг ҳам келолмадим.

Чана учиш учун эса қалин қорга из тушмаган тепалик сари отландик. Ҳамманинг кайфияти кўтаринки. Илдам қадамлар изидан қалин қорда баландликка чиқишга қийналганимдан жуда секин юрардим. Қишлоқ болалари тепаликдан навбат билан сирпанишар, қаҳратонни эса ўйиннинг қизиғи туфайли пайқашмасди ҳам.
Кечки қаҳратон эса ўз ҳукмини ўтказди. Болалар музлаб қолишганидан исиниш учун шу яқиндаги қариндошиникига киришга қарор қилди: остонада қолган оёқ кийимларнинг ичигача қор тўлган эди.

Ғелонликларнинг ўзига хос фазилатларидан яна бири — юзи каби дастурхонининг ҳам очиқлиги. Қайси хонадонга кирманг, дарҳол дастурхон ёзилади, иссиққина чой келтирилади.
Кеч туша бошлаши билан хонадон мўриларидан кўкка тутун ўрлайди, ҳавони эса ёқилаётган ўтин-у кўмир ҳиди эгаллайди.
Йўл юрдим, йўл юрсам-да мўл юрдим, шу тариқа Ғелонга қилган саёҳатим ҳам якунланди. Бу гўзал қишлоққа яна келиш ва уни чуқурроқ ўрганишни ният қилдим. Мурод-мақсадга етиш эса янги марраларни кўзлаш демак. Энди қор бағрида қолган излардан ортга ҳам қайтмоқ керак…
Фотоҳикоя муаллифи: Холида Мусулмон.
График материалларга бўлган барча ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли.

«Газета.uz» интернет-нашри сайтига жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг