Тоғлар бағридаги Ғелон қишлоғи — Мадина Аъзам объективида
Ташқи дунёдан узилган, мобил алоқа ишламайдиган, бироқ, аҳолисининг юзидан доимо табассум аримайдиган қишлоқ ҳаётидан бир кун.
Суратларни катталаштириш учун устига босинг.
Қарийб 2000 йиллик тарихга эга Ғелон қишлоғи Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани марказидан 100 км (мавсумга қараб 2-3 соатлик йўл) олисда, виқорли тоғлар бағрида жойлашган. Мобил алоқа ва цивилизациядан узилган қишлоқ аҳолиси 5200 кишидан сал кўпроқни ташкил қилади.
Ғелон қишлоғи денгиз сатҳидан 1800−2000 метр баландликдаги Ҳисорак сув омборидан ҳам юқорироқда жойлашган.
Меҳмонларни Ғелон аҳли ҳайрат аралаш самимият билан кутиб олади. Қишлоққа киришингиз билан уйига челаклаб сув ташиётган қизлар, дарахт шохларидан калтак ясаб ўйнаётган болалар, кўчани деразадан кузатаётган нуронийларни кўрасиз. Ҳамма-ҳаммасининг кўзидан меҳрни англайсиз.
Ëз бўлишига қарамасдан, ҳаво салқин, айниқса, ўпкангизни тўлдириб бир-икки нафас олсангиз, енгил тортасиз.
реклама
реклама
Шамоллаб қолмаслик ҳавотири билан камзул кийиб олган кексаларнинг айтишича, тонгда ҳаво анчагина совуқ бўлади. Шунданми, уларнинг кондиционерга ҳам эҳтиёжи йўқ.
Гуваладан қурилган уйларнинг тор кўчаларида ҳамма ўз юмуши билан банд. Хотин-қизларнинг кўпчилиги кир юваётган бўлса, яна бошқалари қиш ғами билан овора. Қишлоқ ичида деярли автоулов ҳаракатланмайди. Эркаклар-у аёллар яқин маҳалла ёки далага боришда асосан эшаклардан фойдаланишади. Баъзи-баъзида эса мотоцикл ҳам кўзга ташланиб қолади.
Лойсувоқ томларда эса турли меваларнинг офтобда тобланиб, қуритилаётганини кўрасиз.
Қайси хонадонга қараманг, томорқасига таппи ва пичанлар ёйилган.
Маҳаллий аҳоли иссиқ кунларни, асосан, изғирин кунларга тайёргарлик кўриш билан ўтказади.
Дарахтда «мени уз» деб турган ширин мевалар ва Ғелоннинг такрорланмас табиати шаҳарнинг шовқинидан зериккан ҳар кимни ўзига қайта ва қайта чорлайверади.
Кўчада кучук етаклаб, хўроз қувиб юрган болаларнинг қий-чуви узоқ-узоқдаги уйларгача эшитилади.

Кечки овқат тайёр бўлгач, том устига чиқиб, кўчада ўйнаб юрган ўғлини чақираётган оналарнинг овозини эшитасиз.
Кеч тушди деганча, далада ўтлаб, уйга ўзи қайтаётган сигир ва эшаклар кўзга ташланади. Ўзига тегишли манзилга келганда эса жониворларнинг ҳар бири эгасининг дарвозаси ёнида тўхтайди.
реклама
реклама
Ғелонда қиш мавсумида ёғадиган қалин қор зарар етказмаслиги учун уйлар баланд ва мустаҳкам қилиб қурилган.
Қишлоқ аҳолиси асосан чорвачилик ва деҳқончиликдан даромад топади. Ғелонда иккита мактаб, нуронийлар чойхонаси, масжид ва бир нечта уй музейлари бор.
Шаҳарда яшовчиларнинг кўпчилиги ҳар доим қаергадир шошади. Уларга қайсидир бир ташвиш ёки муаммо ҳеч тинчлик бермайди. Қишлоқда эса бунинг аксини кўрасиз.
Қишлоқ одамларининг кўзига қарар эканман, уларда фақат бир нарса - шукроналик ва самимият туйғуларига бурканган сокинликни кўраман.
Суратлар ва матн муаллифи: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Материал Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан ўтказилган пресс-тур давомида тайёрланди.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Фотоҳикоя муаллифлари ўзларининг ишларига ҳаволаларни photo@gazeta.uz электрон манзилига юборишлари мумкин. Хатга сюжетлар тавсифи, жойи, санаси, муаллифнинг тўлиқ исми ва боғланиш учун телефон рақамларини киритишни илтимос қиламиз.


Биз ўз манбаларимизда ишларни нотижорий асосда

эълон қилиш имкониятини кўриб чиқамиз.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг