Фото: Фарангиз Камолова
Султонҳовуз ва Сирдарёга саёҳат
Барчага беминнат ризқ улашувчи макон манзаралари
Таниқли фотограф Ҳусниддин Ато шогирдлари билан тез-тез сафарга чиқади. Устоз 2023 йил ёзида Мадина Аъзам, Мурод Юсуф, Фарангиз Камолова, Камрон Ҳасан билан бирга Султонҳовуз кўли ва унинг яқинидан оқиб ўтувчи Сирдарёга саёҳат қилганди. Қуйида — саёҳат давомида олинган суратлардан намуналар.
Таниқли фотограф Ҳусниддин Ато шогирдлари билан тез-тез сафарга чиқади. Устоз 2023 йил ёзида Мадина Аъзам, Мурод Юсуф, Фарангиз Камолова, Камрон Ҳасан билан бирга Султонҳовуз кўли ва унинг яқинидан оқиб ўтувчи Сирдарёга саёҳат қилганди. Қуйида — саёҳат давомида олинган суратлардан намуналар.
Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида Алишер Навоий шарафига аталган аҳоли яшаш пункти бор; одам тилида, оддий қилиб, қишлоқ деса ҳам бўлади. Яқинида Султонҳовуз номли кўл бор; Сирдарё ўзани ҳам қишлоқдан унча узоқда эмас – бир замонлар қирғоқлардан ошиб-тошиб оққан дарё ҳозир тиззабўйи келади, холос.
1980 йиллардан буён кўлга туташ асосий экин майдонларида шоли етиштирилади. Ризқини Султонҳовуздаги меҳнати ортидан топаётган навоийликлар эрта баҳордан то кеч кузга қадар далада тер тўкади.
реклама
реклама
Бу ерга баҳорларда келсангиз, далага уруғ сепаётган шоликорларни, сентябрь ўрталарида эса ҳар гектаридан беш тоннагача ҳосил йиғиб олаётган деҳқонларни кўрасиз.
Қишлоқ аҳолиси, турган гапки, фақат шоликорлик билан кун кўрмайди – Сирдарё ва Султонҳовузда сувга қармоқ, тўр ташлаб ўтирган балиқчиларни ҳам (уларнинг ҳаммаси ҳам навоийлик эмас – орасида нафақат бошқа туман, балки бошқа вилоятлардан келганлари ҳам бор), қулуну тойчоқ, айғиру чирғайигача ўтлатаётган йилқичиларни ҳам учратасиз.
Бу сув ҳавзаси нафақат одамлар, балки бошқа маҳлуқотга ҳам ризқ улашувчи бир гўша. Шом арафаси қамишзордан турли-туман қушлар галасининг чуғур-чуғурлари эшитила бошлайди. Султонҳовуз кўкқўтон, қизилқўтон, қорақўтон, ҳаққуш, қоравой, денгиз қалдирғочи, каби ёввойи қушлар маконига айланган.
Булар-ку кўчманчи, миграция вақти Султонҳовуз ва Сирдарё бўйларини бир муддат ватан тутиб, сўнг йўлида давом этади. Аммо ўрдак, қирғовул сингари "маҳаллийлар"га қийин – айниқса кузда уларни овлашга иштиёқманд браконьерлар кўпаяди. Қуролланган браконьерлар нафақат қушларнинг тинчини бузади, маҳаллий аҳолини ҳам хавотирга қўяди.
Браконьерлар каби кўнгилни хира қилгувчи айрим ҳолатларни айтмаса, кўл ва дарё манзаралари кишини мафтун қилади. Ҳатто ҳашаротлари билан ҳам!
Вақилдоқ қурбақалари билан ҳам!
реклама
реклама
Минг-минглаб чиғаноқлари билан ҳам!
Айниқса, қуёш ботаётганида – чигиртканинг чириллашидан то тракторнинг тариллашигача бўлган овозлар қоришиб кетган бир вақтда бу гўзалликни янада яхшироқ ҳис қиласан киши.
Ой шуъласи ёритиб турган супачада юлдузлар тўла осмонга боқиб, табиат овозини эшитиш қандай мароқли!
Суратлар муаллифлари: Ҳусниддин Ато, Мадина Аъзам, Мурод Юсуф, Фарангиз Камолова, Камрон Ҳасан.

«Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан
ушбу ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг