Сентобга саёҳат
Жаҳондаги энг яхши туризм қишлоқларидан
бирида нималар ҳайратга солади?
Ўзбекистонда ҳозирда бешта туризм қишлоғи бор: Конигил, Боғи Баланд, Овжазсой, Эртошсой ва Сентоб. 2023 йил октябрида Сентоб жаҳондаги энг яхши туризм қишлоқларидан бири деб эълон қилинди. «Газета.uz» журналистлари Нуротада бўлиб, бу қишлоқ нималари билан ҳайратга солишини ўрганиб қайтди.
Ўзбекистонда ҳозирда бешта туризм қишлоғи бор: Конигил ва Боғи Баланд, Овжазсой ва Эртошсой, Сентоб. 2023 йил октябрида Сентоб жаҳондаги энг яхши туризм қишлоқларидан бири деб эълон қилинди. «Газета.uz» журналистлари Нуротада бўлиб, бу қишлоқ нималари билан ҳайратга солишини ўрганиб қайтди.
Сентобга фақат автотранспортда етиб бориш мумкин — шаҳар яқинида йўловчиларга хизмат кўрсатувчи темирйўл станцияси йўқ, мунтазам рейслар амалга ошириладиган энг яқин аэропорт эса ундан 180 км узоқликдаги Навоий шаҳрида жойлашган.

Тошкентдан эрта тонгда, масалан, соат 7:00 да йўлга чиқиб, пешиндан ўтгач, соат 13:00—14:00 ларда Сентобга етиб бориш мумкин. Хусусан, автобусда ҳам.
Саҳарлаб йўлга чиққан йўловчи шаффофлашиб бораётган Ой ўз ўрнини Қуёшга бўшатаётганини ва бу, худди профессионал монтаждагидек, шудринг тушган далаларнинг бепоён манзарасига уланаётганини автобус деразасидан томоша қилиб кетади.

Йўл элитади, аммо автобусни-да чайқатиб ташлайдиган йўлдаги ғадир-будурликлар узоқроқ мизғишга қўймайди. Шундай уйғонишлар вақти кўп қизиқ манзараларга, кутилмаган жойларга ўрнатилган: «Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади» сингари шиорларга кўзинг тушади.
Йўлдан зерикиб, «буларнинг ҳаммаси қачон тугаркин-а!» деб тоқатинг тоқ бўла бошлаганида, ўзига хослигини бошқаларга кўз-кўз қилишни истамай, тоғлар орасига яшириниб олган қишлоқ ва унинг ўз оламида бахтли аҳли қаршилайди. «Сентоб туризм қишлоғи» деб ёзилган аркадан ўтишингиз билан толиқиш ўрнини қизиқиш эгаллайди.
Тим қора сочига оқ бантиклар таққан ўқувчи қизлар автобус тўла меҳмонларни ҳайрат ва табассум қоришиқ нигоҳлари билан кутиб олади.
Булоқлар қишлоғи

Қишлоқдаги 38 сон мактабнинг она тили ва адабиёт ўқитувчиси Икром Ортиқовнинг тушунтиришича, «синт» санскрит тилидан катта, азиз ва муқаддас деб, «об» эса сув ёки сой деб таржима қилинади. Шундай қилиб, Сентоб — катта сой ёки муқаддас сой демак.

«Бежизга бундай номланмаган — авваллари бу ерларда, тоғлар орасида, бир қирғоғидан бошқасига қайиқда сузиб ўтиладиган катта сой бўлган», — дейди Икром ака.

Ҳозир ҳам қишлоқдан Ако чашмасидан бошланувчи сой суви оқиб ўтади. Чашмада чиқадиган сув жуда муздек, ундан дамланган чой ва тайёрланган таомларнинг таъми оғизда қолади.

«Қишлоқда яна бир — Чашмаи Лабизар ҳам бор. Аммо иккисининг ҳарорати фарқли — Ако чашмасиники совуқроқ», — дейди Икром ака. Унинг қўшимча қилишича, ҳар иккала булоқ ёзда сувга тўлиб-тошади.
Ҳар йил баҳорда тошқинлар кузатилади. Улардан ҳимояланиш мақсадида сойнинг йўлга яқин юқори қисми ўраб қўйилган. Муҳофаза иншооти бетондан қурилса иш осонроқ кўчиши, иншоотнинг ўзи ҳам узоқроқ хизмат қилиши мумкинлиги аниқ, аммо тарихийлик ва ўзига хосликни сақлаш мақсадида тошдан фойдаланилган.
Умуман, тош — тарихан Сентобдаги асосий қурилиш материали (чунки чор-атрофда тош сероб). Аксарият уйлар, деворлар, турли иморатлар тошдан кўтарилган.
Ҳатто ҳозир фақат қолдиғи қолган тарихий қалъа ҳам тошдан бунёд бўлган.
Ўзбекистон Мачу-Пикчуси
Сентобга борган сайёҳ зерикмайди. Хўжа Муҳаммад Порсо мақбараси, Хўжа Муҳаммад Саврато мақбараси, Ширин Ато мақбараси, халқ тилида «Ойна кўл» деб аталувчи Фозилмон кўли, Сентобтепа маданий мерос объекти, қадимий қоятош суратлари (петроглифлар)ни томоша қилиш мумкин, ундан 30 км нарида эса улкан Айдаркўл. Айни вақтда, Перудаги Мачу-Пикчу харобаларини ёдга соладиган кўҳна қалъа қолдиқлари — Сентобнинг ташриф қоғозчаларидан бири.
Қўрғон томон қишлоқ бўйлаб юқори кўтариларканмиз, баргларнинг шитирлаши, тошларга урилиб оқаётган сой шовқини, қушларнинг чуғурлаши бизга жўр бўлади.
Йўл-йўлакай бу ерда эшак — асосий ва беминнат транспорт воситаси эканини пайқайсан, деворига қириб «Дўкон» деб ёзилган қишлоқ «супермаркети», хазонларни супураётган қизлар эътиборни тортади.
«Қайси каналдансиз?», — деб гап бошлаб, биз билан бирга юқорига чиқишга қарор қилган Нургул ва унинг 3 синфда ўқийдиган укаси Амриддинни суҳбатга тортиб, Сентобдаги ҳаёт болалар нигоҳида қандайлигини озми-кўпми ўрганишга уриндик.
Нургул (чапда) ва унинг дугонаси
Уларнинг сўзларига кўра, кун хўроз қичқириши билан бошланади. Оналар нонуштага нон ёпади ва сигир соғади. Дастурхонга тандирдан янги узилган иссиқ нон, соғилган сутдан тайёрланган қаймоқ, сариёғ тортилади. Маззаси ажойиб ҳолва ва қурутларни ҳам ўзлари тайёрлашади.
Амриддиннинг айтишича, у саҳар 4:00 да туриб, қўйларни тепаликка қўйиб юборади. «Шунчалик эрта турасизми?», деган саволимизга эса опаси: «Аскар бўлиш учун озиши керак-да, ахир», — дея дўмбоқ укасига қитмирона табассум билан қарайди. Қизиғи, Нургулнинг ўзи соат 8:00 да тураркан.
Муаллимнинг қўшимча қилишича, 1930 йилгача Сентобда 15 минг, қўрғоннинг ўзида эса 2,5 минг киши яшаган. Ўша пайтлар бу ер сиёсий марказ эди — бекнинг идораси, қозихона фаолият олиб борган.

Ҳозир эса бу салкам 3 минг киши — асосан тожиклар яшайди. Ўзбекларнинг бори ҳам Сентобга келин бўлиб тушганлардан. Қишлоқдаги икки мактаб тожик ва ўзбек тилида дарс беради, болаларнинг ўзи эса, сайёҳлар кўп келаётгани учун, инглиз тилини ўрганишга интилади.
Тасодифан қаршимиздан чиққан чет эллик қизларга Амриддин: «Hello! What is your name?» («Салом, исмингиз нима?»), — дея гап отади. Сайёҳ қизлар саломлашиб, ўзини таништиргач, улардан бири «Are you?» («Сеники-чи?»), — деб сўрайди. Савол беришга бериб, сўнг жим бўлиб қолган Амриддиннинг ёнидаги дўстлари «Исмингни сўраяпти», — деб қиқирлаб шипшийди.
Тоғ тепасида жойлашган қалъага охири йўқдек кўринадиган зинапоялар орқали чиқилади. Йўл ярмида «шу тепаликка чиқишим шартмиди?» деган фикр келиши ҳам мумкин, аммо якунда юқорида намоён бўладиган кўриниш — бетакрор табиат манзараси чарчоқни тарқатиб юборади.

Қалъа ҳарбий истеҳком вазифасини бажарган ва Икром аканинг таъкидлашича, сўғдийлар даврида ҳисор деб аталган.
«Ҳисор остида нуқра — кумуш билан қопланган, туннелга ўхшаш ер бўлган, у кейинроқ ёпиб ташланган. Ҳисорнинг нариги тарафида ҳунармандлар маркази, унинг ортида эса уйлар бўлган», — дейди Икром Ортиқов. Араб истилосидан сўнг ҳисор арабчасига «қалъа» деб атала бошлаган.
Тоғ тепасидаги селфи-зонадан эсдалик учун суратга тушиб, ортга қайтар эканмиз, Нургулнинг дугоналаридан бири Сентобда шу куни бўладиган байрам ҳақида гап очди. «Нимани нишонлаяпсизлар?», деган саволимизга, у болаларча беғуборлик билан: «Йўллар асфальт қилинганини», — деб жавоб берди.
Навоий вилоят туризм бошқармаси бўлим бошлиғи Комил Нормаматовнинг сўзларига кўра, туризм қишлоғи деб эълон қилинишидан аввал Сентобда деярли йўл бўлмаган. Сайёҳларни жалб қилиш учун эса элементар бўлса-да шароитлар зарур. Шу боис қишлоқ остонасидан бошлаб 5 км йўл тўлиқ асфальтланиб, ёритиш чироқлари ва йўл белгилари ўрнатилди.

Шароит фақат йўл билан бўлиб қолмайди, албатта. Сентоб ёзда салқин, қишда эса жуда совуқ жой. Икром аканинг айтишича, қаҳратонда одамлар жонига газ баллони ва эскича сандаллар оро киради. «Қолаверса, уйлар ўтин ёрдамида ҳам иситилади. Электр ҳам ўчмайди. Мабодо ўчса, одамларимиз ҳуқуқини яхши билади — шикоят қилинади», — дейди Икром ака.
Келдингми, кетгинг келмайди
Самарқандда ўқиб-ишлаб, сўнг қишлоғига қайтиб келган Икром аканинг Сентобни ҳеч тарк этгиси йўқ. Ва у шундай ниятли ёлғиз сентоблик эмас. Амриддиндан фарқли ўлароқ, 4-синфда ўқийдиган Нургул ҳам — негалигини ўзи аниқ билмаса-да, тузукроқ баҳонани сабаб айтиб беролмаса-да, бу ердан кетишни хоҳламайди.

У бироз ўйлаб туриб, «ҳавоси тозалиги»ни сабаб қилиб айтади. «Бошқа жойларники ҳам тозадир», десанг: «Ҳамма жой — Гагарин, Зафарободга борганман, ундай эмас», дея эътироз билдиради, қошларини чимириб (дарвоқе, у ҳали Тошкентни кўрмаган экан). Кейин эса аниқ жавобини топгандек юзи ёришиб кетади: «Уйим бу чунки».

Икром аканинг айтишича, Сентобда ҳамма ўзига керакли нарсани ўзи етиштиради, тайёрлайди. Фақат ун ва ёғ, баъзида эса ярим тайёр маҳсулотлар сотиб олиниши мумкин, ҳолос. Ҳар бир уйнинг чорваси, 20−25 сотихдан кам бўлмаган томорқаси бор.
Қишлоқ аҳли асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан банд бўлса-да, ҳозирги вақтга келиб туризм ҳам яхшигина даромад манбаига айланган. Бир вақтлар, 1930 йилларгача 15 мингдан ортиқ одам яшаган, ҳозир эса 3 минг киши яшайдиган шугина қишлоқда 20 та оилавий меҳмон уйи, 3 та хостел бор.
6-синфда ўқийдиган Худойназарларнинг уйида ҳам меҳмон уйи ташкил этилган. Болакай бу ерларда қайси алоқа оператори яхшироқ ишлашидан тортиб, катта бўлса меҳмонхона очмоқчи эканигача гапириб беради.

«Мактабдан қайтганимда турист келган бўлса, уларни қишлоқда айлантираман. Чашма, қалъа ва петроглифларга, яна Олим бобонинг уйини кўрсатгани олиб бораман», — дейди у.
Худойназар тилга олган уй музей ХIХ асрга оид. У ўз даврининг бадавлат кишиларидан бири — Абдуолим савдогар томонидан қурилган бўлиб, ёғоч устунлар, қадимий эшиклар, синчларга қараб, унда бундан икки аср аввалги муҳит ҳақида бироз бўлса-да тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Айни вақтда, у реконструкция (таъмир) эмас, айнан реставрацияга муҳтождан кўринади.
Икром аканинг таъбири билан айтганда, тили бухороликларга, маданияти эса самарқандликларникига ўхшаш cентобликлар ҳар меҳмондан: «Қалай, қишлоғимиз ёқдими?», деб сўрайди. Шаҳар шовқинларидан чарчаб, тоғлар бағрида, истараси ва самимияти билан ром қиладиган одамлар орасида дам олишни истовчилар учун бу маскан ёқмаслиги мумкин эмас, назаримизда.
Материални Гулираъно Мусаева тайёрлади.
Фотосуратлар муаллифи Мадина Аъзам.

Материал Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси ташкиллаштирган пресс-тур доирасида тайёрланди.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги
ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг