Фото: Тимур Карпов
Тошкент «сквер»ига марсия
Гувоҳлар кўрсатмаси
Фото: Тимур Карпов
Тошкент «сквер»ига марсия
Гувоҳлар кўрсатмаси
Роппа-роса 14 йил аввал Тошкентнинг Амир Темур хиёбонида дарахтларни кесиш бошланган эди. Пойтахтнинг асосий рамзларидан бирининг йўқотилиши йилнинг энг ёдда қоларли воқеасига айланган эди. «Газета.uz» гувоҳлар билан «сквер қирғини» ҳақида гаплашди ва расмийлар буни қандай изоҳлаганига доир ОАВдаги чиқишлар архивини ўрганди.
Роппа-роса 14 йил аввал Тошкентнинг Амир Темур хиёбонида дарахтларни кесиш бошланган эди. Пойтахтнинг асосий рамзларидан бирининг йўқотилиши йилнинг энг ёдда қоларли воқеасига айланган эди. «Газета.uz» гувоҳлар билан «сквер қирғини» ҳақида гаплашди ва расмийлар буни қандай изоҳлаганига доир ОАВдаги чиқишлар архивини ўрганди.
Ўзининг 100 йилдан зиёдроқ тарихи давомида Тошкент марказий хиёбони кўплаб марта номини ва ҳайкалларини ўзгартирган. 2009 йилга келиб фақат дарахтлар ўзгаришсиз қолаётган эди. Уларни-да нариги дунёга жўнатиш учун одамларга 10 кун кифоя қилди.

2009 йилнинг 12 ноябридан 20 ноябрига қадар Ўзбекистон пойтахти марказида кечган аёвсиз жанг оқибатида шаҳар ўзининг энг асосий рамзларидан биридан маҳрум бўлди. Ушбу воқеага 14 йил тўлиши муносабати билан «Газета.uz» мухбирлари Жаҳонгир Азимов ва Виктория Абдураҳимова пойтахт журналистлари ва фаолларидан воқеалар қандай ривожланганини сўради.
Тошкентдаги хиёбон, 1948 йил.
Манба: Кинофотофоно ҳужжатлар миллий архиви
Ҳаммаси қандай содир бўлганди?
Экожурналист Наталия Шулепина ўз сайтида «юракдаги жарроҳлик»нинг солномасини ёзиб борган. У 17 ноябрь куни дарахтларни кесиш ишлари 12 ноябрдан бошланганини ёзган.

Экофаол ва «Чимён ўрмонини қайта тиклаш» лойиҳаси асосчиси Пётр Стальбовскийнинг хотирлашича, у ўша куни тасодифан Сайилгоҳ кўчаси бўйлаб кетаётган эди. Амир Темур хиёбонидан эса бензин-арраларнинг бўкириши эшитиларди. «Тошкент оқшоми» газетаси бўлаётган ҳодисани «ободонлаштириш ишлари» деб таърифлаган.

Дарахтларнинг оммавий кесилиши ҳақида жамоатчилик олдиндан огоҳлантирилмаган. Журналистлар Евгений Скляревский, Наталия Шулепина, Тимур Карпов, Тамара Санаева, фаол Пётр Стальбовский ва «Газета.uz» мухбирлари суҳбатлашган бошқа гувоҳлар дарахтлар кесилаётгани ҳақида ё танишлари, ёки бўлмаса обуначилари орқали хабар топган. Суҳбатдошларимизнинг бирортаси бутун боғ таг-туги билан кесиб ташланаётган бўлиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилиб кўрмаган.

«Газета.uz» бош муҳаррири Азамат Атажанов бу ҳақда хиёбон ёнидан ўтиб кетаётиб хабар топган.
«Бутун хиёбонни кесиб ташлашларини тасаввур қилиш ҳам мумкин эмасди, — дея хотирлайди Азамат Атажанов. — Шундай фикрнинг ўзиёқ жоҳилликдек эди. У ердаги ишчилар ҳеч нарсани билмасликларини айтиб, ҳар доимгидек жавоб берган. Дарахтларни худди ортиқча шох-шаббадан тозалаётгандек кесиб ташлашганди, шунинг учун барча дарахтларни кесиб ташлашаётганини англаш қийин бўлган».
«Мен бир-иккита дарахтни кесишса керак, деб ўйлаганман. Ҳаммасини кесиб ташлашларни биров хаёлига ҳам келтирмаган. Даҳшатли қирғин юз берган, деб айтиш мумкин», — дея хотирлайди «Тошкент ҳақидаги хатлар» альманахи муаллифи Евгений Скляревский.

Тимур Карпов 2009 йили фотожурналист бўлиб ишларди. У дарахтлар кесилаётганидан ўзи ўша вақтда ишлаётган таҳририят сўровидан сўнг хабар топган.

«Мен бунга ишонмаганман. Албатта, дарҳол ўша ерга югуриб борганман ва ўша дарахтлар геноцидига гувоҳ бўлганман», — дейди у.
Фото: Тимур Карпов
Тимурнинг сўзларига кўра, хиёбонни чеккаларидан бошлаб кесишга киришишган. Дарахтлар билан бирга бир вақтлар Тошкент ўқитувчилар семинарияси ҳузуридаги православларнинг 1898 йилда қурилган Авлиё Александр Невский черкови фаолият борган бино ва «Пойтахт» меҳмонхонаси ҳам бузилган. Бу ҳақда тарихчи Борис Голендер ўзининг алоҳида видеоэссесида ҳикоя қилиб берган. Худди шу вақтда Тошкент давлат юридик университети олдидаги қатнов қисми кенгайтирилган. Ҳозир бу йўлнинг бир ҳаракатланиш бўлаги автотураргоҳга айлантирилган.
Наталия Шулепинанинг ёзишича, кесиладиган дарахтлар сариқ тасма билан белгилаб чиқилган. Улкан чинорларни аста-секин бўлакларга ажратиб, трактор тиркамаларига ортишган ва олиб кетишган. Тимур Карпов дарахтларни қаерга олиб кетишаётганини кузатишга уринган, аммо якуний манзилни тополмаган. Ўша кундан бери қудратли чинорлар қаерга олиб кетилгани ёки нимага ишлатилганини ҳеч ким билмайди. Наталия Шулепинанинг таъкидлашича, хиёбонда 400 га яқин дарахт кесилган.
«Бу кунларда хиёбон бўйлаб юриш бу худди қабристонда юриш билан баробар. Энди дарахтларни бўлаклаб, транспортга ортиб, илдизларини қўпориб олишаётган эди», — деб ёзган экожурналист ўз солномасида.
Фото: Тимур Карпов.
Суҳбатдошларимиз дарахтларнинг кесилишидан ҳам кўра кесилган жойи қизғиш бўлиб чиққан дарахт таналарини кўпроқ эслади.

«Бу жуда аянчли манзара эди. Атрофда танасининг қизил ўзаклари билан оқ жасадлар ётар, улардан том маънода қон оқарди. Худдики бирор жониворни, қандайдир китни ўлдиришаётгандек эди», — деб эслайди Тимур Карпов.

«Кўпчилик ростдан ҳам: „Дарахтлардан қон оқяпти", деганди», — дейди Евгений Скляревский.
реклама
реклама
«Ўша вақтда „Газета.uz" сайти очилганига энди бир йилдан сал ошганди, — дея ҳикоя қилади Азамат Атажанов. — Биз баъзи нарсаларни дарҳол, расмий жавоб кутмасданоқ ёритиш зарур эканини вақт ўтгач тушуниб етамиз (Фарғона йўли кўчасидаги йўл ўтказгич бузилиши билан ҳам шундай бўлганди. Ишчилар кўприк бузилаётганини айтган, аммо ҳокимлик буни рад этиб, расмий сўров беришни сўраган. „Газета.uz" жавобни олгунча кўприк бузиб ташланган). [Хиёбонга тўхталадиган бўлсак], телефон суҳбатида ҳокимликдагилар дарахтларни кесишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмаслигини, ахир — мен буни аниқ эслайман — хиёбондаги ва Матбуотчилар кўчасидаги, жумладан, ўша вақтда бузиб ташланган Авлиё Александр Невский черкови олдидаги кўплаб дарахтлар олдига улар давлат томонидан қўриқланиши ҳақидаги лавҳачалар қўйилган-ку, деганди. Мен соддалик қилиб шу гапга ишонганман. Ҳокимликка расмий сўров бериб, жавобни кута бошлаганман».
Азамат Атажановнинг эслашича, дарахтларнинг кесилишини ёзмаслик ҳақида кўрсатма ё илтимослар бўлмаган. Дарахтлар кесилишини ёритишнинг оқибатидан қўрқув ҳам бўлмаган. Қандай ҳаракат қилиш кераклиги тушунариз бўлган, холос.
«У вақтларда дарахтларни бутун Тошкент бўйлаб кесишаётган эди. Пушкин (ҳозирги Мустақиллик) кўчасида ҳам. Бошқа кўчаларда ҳам. Одамлар бундан ғазабланмасди ҳам. Кесишяптими, демак шундай бўлиши керакдек эди».
Кесишнинг иккинчи куни Пётр Стальбовский расмийроқ услубда кийиниб хиёбонга келган. У ўзи билан занжир ҳам олиб келган. Ортиқча шовқин-суронсиз ўзини дарахтлардан бирига боғлаган. Пётрнинг сўзларига кўра, у камида икки соат дарахтга боғлиқлик турган.

«Биринчи ярим соат ичида ИИВнинг оддий патрули келган, аммо мен улар билан мулоқотга киришмасликка уринганман. Улар ҳам ҳеч нарсани ўзгартира ёки аниқлай олмасликларини тушуниб етишган. Кейинги ярим соатларда эса офицер келган. У атайлаб келганини, ҳеч қандай таҳдиди йўқлиги, мени ақли расо деб ҳисоблашини, бор-йўғи мақсадимни ва аҳволимни билгани келганини айтган».
Пётр дарахтларни кесиш жараёни маълум бир қонуният асосида олиб борилаётганини пайқаган. Унинг фикрича, аҳолининг муносабатини пайпаслаб кўриш учун хиёбонни аста-секин, босқичма-босқич чопишган.

«Кесилган дарахт бўлаклари ерда ётарди. Адашмасам, кесиш охиригача ҳам хиёбонга бемалол кириш мумкин эди. Чет эллик бир сайёҳ аёл бор эди. Умуман, ҳаммаси одамлар кўриши ва уларнинг муносабатини кўриш учун қилинганди», — дейди у.
Фаолнинг сўзларига кўра, у дарахтга боғлиқ ҳолда турган бутун вақт давомида унинг олдига ободонлаштириш хизматининг бир ходими келган.

«У қалбан менга ҳамдардлик билдиргандек, менга: „Сени тушунаман, баракалла сенга", демоқчи бўлгандек ёнимга келиб турган», — дейди Стальбовский. — Айни вақтда у ўз ишини, мен эса ўз ишимни қилаётгандик. Бригадир худдики мени ва дарахтни ўз ҳолига қўйиш белгиси сифатида ҳеч кимни ҳайдамаган. У ерда иш тиқилиб ётганди".
Фото: Тимур Карпов
Пётр тинчгина норозилигини билдираётган бир вақтда Тимур Карпов бўлаётган ҳодисани суратга туширар ва ободонлаштириш хизмати ходимлари билан суҳбатлашарди:

«2009 йилда қўлида фотоаппарати бор одам террорчига тенг бўлганини унутмаслик керак. Суҳбатлашганим ҳар бир ходим хиёбоннинг эстетик жиҳатдан чиройли эмаслигига мени ишонтирмоқчи бўларди. „Хунук-ку, ҳаммаси чиройли бўлади", дерди уларнинг бари», — дея эслайди фотосуратчи.

Наталия Шулепина ўз материалларининг бирида шундай деб ёзганди: «Менинг: «Бу ерда энди нима бўлади?», деган саволимга милиционер: «Парк», деб жавоб берди. «Бунгача нима эди ўзи?» — «Парк». «Нима фарқи бор?» — «Янги парк арчали бўлади».

Тимур суратга олишни бошлаганидан 40 дақиқа ўтиб, унинг олдига формали одамлар келиб, камерасини олиб қўйишга уринган. Иш муштлашувга айланиб кетишига ҳам бир баҳя қолган. Охир-оқибат уни ИИБга олиб кетишган, аммо тезда қўйиб юборишган. У ердан чиқиб, Тимур яна хиёбонга қайтиб келган.

Пётрни ҳам ИИБга олиб кетишган. Фаолнинг эслашича, хиёбонда унниг олдига подполковник келган. У Пётрга хушмуомалалик қилган, ҳурмат билан гаплашган.

«У хушмуомалалик билан сўрар, гап нимадалигини ўрганарди. Аслида менинг акциям „мен сизларга ҳеч нима демайман" деган маънода одамларга камситишга қаратилмаган эди. Аксинча, мен сизга ҳаммасини тинчгина, одамий тилда гапириб бераман. Мен унга айтдим: „Ниятим, инсонийлик нуқтаи назаридан, бу ишларнинг бари тўхтатилсин". У инсонийлик нуқтаи назаридан менга пичирлаб, ҳаммасини тўғри қилаётганимни айтмаслигини тушуниб тургандим. Лекин у менга халал ҳам бермади. Афтидан, у ўзига берилган буйруқ — муаммони эҳтиёткорлик билан ҳал этиш — доирасида ҳаракат қилаётганди. Улар занжирни шовқинсиз узиш йўлини топишди. Шунда ҳам подполковник кўп ўйлади, бир неча марта келиб кетди, жуда мулойим эди».

Пётрнинг ҳикоя қилишича, занжирни узишгач, ИИБ ходимлари уни намойишчининг қўлига тутқазишган ва олижаноблик билан ундан бўлинмага боришини сўрашган.

«Қўлимни қайиришгани йўқ. Подполковник жуда ўйчан эди, у мен нимага бундай қилаётганимни тушунишни истарди. Гўёки мен авлиёдек», — дейди у.

Юнусобод туман ИИБда фаолдан айбига иқрорлиги ҳақида тилхат ёзиб беришни сўрашган, аммо у ҳужжатларга имзо чекишдан бош тортган. Бунга кўнган ИИБ ходимлари Пётрнинг бармоқ изларини олиб, сўнг қўйиб юборишган.
Наталия Шулепинанинг мақолаларига кўра, хиёбондаги дарахтларни кесиш ишлари 20 ноябрга қадар давом этган. Журналистнинг хотирлашича, 21 ноябрь куни фаоллар гуруҳи шамлар қўйиш маросимига тўпланган. Ғоя ёшлар экотармоғи фаолларидан чиққан.
«Биз ҳам ҳамкасбларимиз билан бордик. Кейин билсак, биз олдиндамиз, ортимизда одамлар тўпланяпти. Бу бутун бошли флешмоб эди, бутун бошли колонна келаётганди. У вақтларда тротуар хиёбонгача олиб борарди. Машиналар нима бўляпти деб тўхтар, биз эса уларга: „Хиёбоннинг азасига", дердик».

Шамларни қўйиш бошланганида кун қоронғилашиб қолганди. «Майорлар етиб келишди. Табиийки, кичикроқ бир жанжал кўтарилди. Шамларни босиб-янчиб ташлашди. Мен хиёбондаги мотам марши ҳақида унинг иссиқ изи совимай ёзмасликка қарор қилдим. Флешмоблар аллақачон тақиқланганди. Биз у ердан оёғимизни қўлга олиб кетдик. Ўзим билан фотоаппарат олмагандим. Олиб қўйишади деб қўрққандим. Лекин одамлар суратга туширишаётганди. Майор «Америка овози»да ишлайдиган йигитнинг фотоаппаратини тортиб олган. Қўлма-қўл узатиб юбориб, қайтиб беришмаган».
Расмийлар изоҳи?
Орадан бир неча кун ўтиб расмийлар халққа қандайдир ахборот бериш кераклигини тушуниб етган, дея эслайди Азамат Атажанов. Дарахтлар кесилиши юзасидан расмий нуқтаи назар 2009 йилнинг 16 ноябрь куни «Тошкент оқшоми» газетасида эълон қилинган.

Бу материалдан чиқариш мумкин бўлган энг асосий хулоса — дарахтлар «шаҳар янада чиройли ва обод бўлиши» учун, «эстетик жиҳатдан безатиш» мақсадида кесилган. Мақолада айтилишича, 2009 йили ташкил этилган махсус комиссия хиёбондаги дарахтлар аҳволини ўрганиб чиққан ва «яшил дастур» ишлаб чиққан. Махсус комиссия таркибида Тошкент шаҳар экология бошқармаси, шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси, соғлиқни сақлаш ва бошқа идораларнинг вакиллари бўлган.

«Комиссия хулосасига кўра, бугунги кунда шаҳар аҳолиси ва меҳмонларининг чинакам ҳордиқ масканларига айланган бошқа кўплаб парк ва хиёбонларда амалга оширилган дарахтларни янгилаш ишларини давом эттириш мақсадга мувофиқдир. Ҳеч шубҳа йўқки, бугунги кунда ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган Амир Темур хиёбони ҳам кўз очиб юмгунча худди шундай яшил маконга айланади», — дейилади мақолада.
Дарахтларни кесишга сабаб сифатида эса «ўсимликларнинг зич тўпланиб» кўрсатилган:

«Турли дарахтлар ўсадиган мазкур яшил ҳудуд унча катта бўлмаган майдонни эгаллайди ва унда бирор марта бўлган киши бу ерда ўсимликлар зич ўсиб кетганига эътибор қаратган бўлса ажаб эмас. Ободонлаштириш бош бошқармаси мутахассисларининг қайд этишича, бу ердаги кўплаб дарахтлар ўзибўларча, яъни уруғдан ўсиб кетган ва бир вақтлар тартиб билан экилган дарахтлар орасида мана шундай «тиқилинч»ни келтириб чиқарган».

«Хусусан, Амир Темур хиёбонида ўсиб турган айлант, шумтол ва бошқа алоҳида турдаги ўсимликлар ўз ҳолича ўсиб чиққан бўлиб, бизнинг иқлим шароитларимизга мос чидамлилик хусусиятига эга эмас».
Тошкентдаги хиёбон олдидан ўтган кўча, 1932 йил.
Манба: Кинофотофоно ҳужжатлар миллий архиви
Қўнғизлар мутацияси
Тошкент шаҳар табиётни муҳофаза қилиш қўмитаси 2010 йил май ойи ўрталарига келиб баёнот берди. Қуйида уни тўлиқ келтирамиз.

«Шаҳар чигирткалар босқинига учраган ўтган йилнинг кузини ҳамма яхши эсласа керак. Ўшанда Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ходимлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари билан биргаликда пойтахт аҳолиси орасида чигиртканинг инсон саломатлигига зиёни йўқлиги ва у турли хил касалликлар манбаи эмаслиги ҳақида аҳоли орасида тушунтиришлар берган эди.

Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси пойтахт ҳокимлиги ҳам билан ҳам ҳамкорлик қилади. Ҳокимликнинг фаол иштирокида Тошкентни қайта қуриш ва ривожлантириш бўйича Бош режа ишлаб чиқилган ва қабул қилинган бўлиб, ҳозирда бу режа фаол татбиқ этилмоқда.

Ҳозирги вақтда махсус ишлаб чиқилган «Яшил дастур» асосида нафақат шаҳарнинг, балки ҳар бир кўча, майдон архитектурасининг ўзига хосликларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, ҳудудларнинг анъаналари ва уларнинг жойлашуви инобатга олинмоқда, — дейди Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси ўринбосари. — Пойтахтни гуллаб-яшнаган шаҳарга айлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилган. Бу йўналишда яшил кўчатларни етиштириш ва ўтқазиш бўйича янги услублар, технологиялар қўлланила бошлади.

Дастурни ишлаб чиқишда дарахтларнинг ўзига хосликлари, хусусан, экилганига 50 йилдан ошгани ва уларнинг аҳоли ва турли иншоотларга кўрсатаётган хавфи инобатга олинган. Бундай хавфнинг прогноз қилинишига юмшоқ тана дарахтларни зарарловчи пўстлоқхўр қўнғизларнинг мутацияга учраши сабаб бўлди — энди улар чинор каби қаттиқ тана дарахтларда ҳам зараркунандалик қилмоқда.

Бу жараён бирдан юз бергани йўқ, кўп йиллардан бери кузатилмоқда. Жорий йил баҳори ушбу хавотир асосли эканини кўрсатди. Кучли шамол билан бирга кечган жала ёмғирлари оқибатида турар жой уйлари ёнидаги кўплаб дарахтларни қулатди ва бахтли тасодиф туфайлигина аҳоли жабр кўрмади.

«2009 ва 2010 йилнинг ёмғирли баҳорлари Тошкент дарахтларига сезиларли зарар етказган зараркунанда ҳашаротларнинг интенсив кўпайишига замин яратди, — дейди Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг Ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи. — Тошкентни қайта қуриш ва ободонлаштириш бўйича тегишли қарорларда бизнинг тавсияларимизга асосан эман, заранг ва каштан каби дарахт турларини экиш зарур экани алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Шу боис Тошкент шаҳрини қайта қуриш ва ривожлантириш бўйича Бош режага «янги яшил иқлим зоналарини ташкил этиш»га доир банд киритилган. Бу эски ва касал дарахтларни аниқланган жойида кесиб, ўрнига аҳоли дарахтлар сояси ва фавворалар салқинида ҳордиқ чиқариши мумкин бўлган яшил парк зоналарини ташкил этишни назарда тутади.

Жорий йилда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Ободонлаштириш бошқармаси Тошкент шаҳрини қайта қуриш ва ривожлантириш режасига асосан эски дарахтларни кесиш ва янги парк зоналарини ташкил этиш ишларини бир маромда олиб бормоқда. Айни вақтда дарахт ва ўсимликларнинг зараркунандалар, айниқса, пўстлоқхўр қўнғизларнинг тиши ўтмайдиган турлари экилмоқда.
реклама
реклама
«Сквер»нинг қисқача тарихи
Кўпчилик ҳали ҳам кесиб ташланган дарахтлар минг йиллик бўлган, деб ўйлайди. тарихчи Борис Голендер ва журналист Евгений Скляревский бу каби фаразларни рад этади. Тарихчи ўз видеоэссесида хиёбон 1865 йилдан бошлаб бунёд этилгани ҳақида ҳикоя қилади. Туркистон ўлкасининг иккинчи генерал-губернатори Михаил Черняев (1882 йилдан 1884 йилгача раҳбарлик қилган) эса майдон бетартиб эканини пайқаб, ҳарбий муҳандис Михаил Ульяновга хиёбон чизмасини тайёрлашни буюрган. Унинг чизмаси асосида йўллар тармоғи пайдо бўлган ва улар бўйлаб дарахтлар экиб чиқилган. Голендернинг таъкидлашича, бу воқеа 1882 йилда юз берган.

«Газета.uz» мухбири танишиб чиққан архив фотосуратларида парк ҳудудидаги дарахтлар бирдан эмас, балки бирин-кетин пайдо бўлгани сезилади. Евгений Скляревскийнинг фикрича, кесилган чинорлар ёши 40 дан 60 гача бўлган бўлиши мумкин.
Бу дарахтлар кўп йиллик давомида одамларни Тошкент жазирамасидан асраган, одамларни ўзига оҳанрабодан тортувчи бир марказ эди. Архив суратлари совет даврида бу ерда ресторанлар бўлгани, китоблар билан савдо қилингани ҳақида маълумот беради. Бу совет Ўзбекистони ёзувчилари ва шахматчиларининг севимли маскани бўлган.

«Кунига камида 30 тача шахмат тахтаси чиқарди, — дейди 50 йилдан бери хиёбонда шахмат ўйнаб келадиган шахматчи Ҳусан амаки. — Чинорлар йўқ қилингач, шахматчилар ҳам йўқ бўлди. Ҳаммаёқ чўлу биёбонга айланди».

«Бу ўзига хос чинорлар ўрмони одамлар учун бир туҳфа эди», — дейди Пётр Стальбовский.

«Тошкент оқшоми»даги мақолада хиёбондаги дарахтларга шундай таъриф берилганди: «Улар нафақат шаҳар қиёфасига путур етказяпти, балки санитария ва карантин талабларига ҳам жавоб бермайди. Буларнинг бари экологияга салбий таъсир кўрсатмоқда, аҳоли саломатлигида зарарли из қолдирмоқда».
Фитна назариялари
Дарахтларнинг кесилишига доир ҳақиқатга зид изоҳлар аҳоли орасида ҳамон яшаб келаётган турли назариялар тарқалишига сабаб бўлган.

«Менга бригадирмией ё қандайдир бошқарманинг бошлиғи учта кичкина касал дарахтни кўриб қолиб, шуларни кесиб ташлашни буюрганини, эрталаб келиб қарасаки, бутун хиёбон чопиб ташланганини айтиб беришганди», — дейди шахматчи Ҳусан амаки. Унинг айтишича, Қозоғистонга қочиб кетган биттасидан бошқа ҳамма айбдорларни қамашганмиш.
Энг кенг тарқалган миш-мишлардан бири — хиёбон ўша вақтда янги қурилган Халқаро форумлар саройи кўриниб туриши учун йўқ қилинган. Ҳозир ҳам унда-бунда чинорларни кесишга сабаб бўлаётган чалаилмий изоҳ ҳам бор: чинорлар аҳолида аллергия қўзғармиш.

Тимур Карповнинг сўзларига кўра, ўша йиллари бошқа бир чалаилмий фараз ҳам оммалашган эди.

«Тошкентда ерости сувлари жуда пастлаб кетгани, чинорлар тизими эса бу пастлашувни янада кучайтиришини таъкидлашганди. Хиёбонни кесиб ташлаб, улар гўёки ерости сувлари даражасини кўтармоқчи бўлган, дейишади», — дейди у.
Фото: Тимур Карпов
Тошкент шаҳар экология бошқармасининг расмий баёнотига кўра, дарахтлар касалланган эди. «Тошкент оқшоми» дарахтларни кесишга доир мақоласига чириган дарахт таналарининг тўртта суратини илова қилганди. Уларга шундай тагсўз қўйилганди: «Амир Темур хиёбонидаги аксарият дарахтларнинг аҳволи шундай эди». Аммо сурат олинган бурчак унда кўринган дарахтлар ҳақиқатан ҳам «сквер»да ўсганини сўзсиз тасдиқлай олмайди.
Яна бир машҳур назария — чинорлар мебель тайёрловчиларга бериб юборилгани ҳақида. Суҳбатдошларнинг аксарияти бу назарияни ишонарли, деб ҳисоблайди.

«Бир куб чинор қанча туришини биласизми? 400 доллар! — дейди Тимур. — Шу тахмин пайдо бўлиши билан расмийлар уни йўққа чиқариш учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилди, «Йўқ, бу бефойда дарахт, паркетдан бошқа нарсага ярамайди», деган гапларни гапиришди. Аммо мен суҳбатлашган мебелсозлар «сквер»даги дарахтлар аъло даражада бўлганини айтган. Дарахтнинг ёши қанча катта бўлса, у шунча қиммат, чунки зичлиги шунча юқори бўлади», — дейди Тимур.
Тошкент шаҳар экология бошқармаси бу назарияни қуйидагича изоҳлаган эди:

«Арзон сенсацияга ўч ОАВларнинг эски дарахтлар ноқонуний кесилгани ҳақидаги ҳар турли хабарлари ҳақиқатга тўғри келмайди. Чинорлардан мебеллар тайёрланиши ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди. Пиломатериаллар (арраланган ёғоч материаллар)ни қуритиш, қайта ишлаш шу қадар кўп маблағ талаб қиладики, уларни четдан импорт қилган арзонроқ. Ўзини журналист атаган бу кимсалар бирор нарса ёзишдан аввал суверен Ўзбекистоннинг пойтахти — Тошкент шаҳрини қайта қуриш ва ривожлантириш бош режаси билан танишишлари керак эди.

Мустақиллик йиллари Тошкентда кўплаб йўл ўтказгичлар, бино ва иншоотлар, янги кўприклар қурилди, бир қатор майдонлар ободонлаштирилди, янги яшил истироҳат ҳудудлари ташкил этилди. Бундай ишлар бутун республика бўйлаб олиб борилмоқда. Тошкент ўзининг яшил либосини кўп жиҳатдан янгилади. Ва бу факт кўплаб хорижий ОАВлар томонидан тан олинмоқда. Бас шундай экан, бир лаҳзалик арзон «сенсация»га баҳона излагунча Ўзбекистон пойтахти, Тошкент янада обод бўлаётганидан, янги жозибадор яшил қиёфа касб этаётганидан қувонган яхши эмасми?!».
Ҳақиқатни айтиш фурсати келдими?
Маъшум фожиадан 14 йил ўтиб, суҳбатдошларимиз бир овоздан ўзлари учун қадрдон бир жой йўқотилганини таъкидлайди.

«Юракнинг бир парчасини шундоқ узиб олгандек. Бу барча тошкентликларга қарши жиноят эди. Бу дарахтлар геноциди эди», — дейди Тимур Карпов. У 2009 йилдан бери хиёбонга бормасликка, уни айланиб ўтишга ҳаракат қилади.
— Нима учун кесиб ташлашганининг нима фарқи бор? Тамом, энди у боғни қайтара олмайсан барибир, — дейди Ҳусан амаки.

— Нима деб ўйлайсиз, тарихдан қандай хулосалар чиқариш мумкин?

— Бизда хулоса чиқаришни билишмайди. Биз Американи қувиб етамиз деб Африкадан ҳам ортда қолиб кетдик. Бу ерда ҳеч нарса шунчаки ўз-ўзидан ҳал қилинмайди. Шахсан мен кимдир қандайдир хулоса чиқарган, деб ўйламайман. Ҳаммаёқда дарахтларни кесишяпти. Негалигини ҳеч ким билмайди. Демак, ҳеч ким ҳеч қандай хулоса қилмаяпти.
Хиёбондаги китоб бозорида, 1955 йил.
Манба: Кинофотофоно ҳужжатлар миллий архиви
Суҳбатдошларнинг деярли барчаси хиёбоннинг чопилиши бутун мамлакат бўйлаб узоқ вақт давомида дарахтларни кесиш учун бошланғич нуқта вазифасини бажариб берганини қайд этди.

«Ҳаммаёқда чинорларни кесиш бошланди, — дейди Евгений Скляревский. — Ҳовлиларда, мактабларда чопишди. Одамлар ҳеч нарса қилолмади. Назарий жиҳатдан Экоқўмитага шикоят қилиш мумкин эди, аммо бундан бирор иш чиқмасди».

Евгений Семёнович «мана шу расвогарчиликларнинг барчаси учун» юридик баҳо, муносабат олишдан умидвор, «чунки бу ишлар экологик вандализм ҳаракатлари эди», дейди у.

«Ҳеч йўғи айбдорларнинг, буюртма берганларнинг исмларини айтишсин, буни ким уюштирганини ҳеч бўлмаса тарих билсин», — дея қўшимча қилади у.
реклама
реклама
Гувоҳларнинг жавоблари қанчалик тушкун бўлмасин ёки улар бу ишдан ҳеч ким ҳеч қандай хулоса чиқармаганини қанчалик таъкидламасин, тошкентликлар онгида ўзгариш юз берган. Улар дарахтларга ҳимоячилар кераклигини тушуниб етган. Дарахтлар ўзини ўзи ҳимоя қилолмайди. 2009 йили Тошкентнинг нақ юрагидаги хиёбон чопилаётганини кўрган одамлар шок ҳолатига тушиб қолган.

«Бундай вазиятларда мутлақ ночорлигингни ҳис қиласан. Бу одамни тушкунликка тушириб қўяди. Қандайдир мағлубият, умидсизлик ҳисси бор эди. Боз устига, Андижон воқеаларининг хотираси ҳали эсдан чиқмаган эди», — дея Тимур Карпов нега ўшанда жамоатчилик хиёбон ҳимояси учун туриб бера олмаганини изоҳлайди.

Пётр Стальбовский эса ортга назар ташлаб, агар одамлар дарахтлар ҳимояси учун чиқса, хиёбонни сақлаб қолиш мумкин эди, деб ҳисоблайди.
Тошкентдаги хиёбон, 1959 йил.
Манба: Кинофотофоно ҳужжатлар миллий архиви
Ҳозир манзара бироз бошқача. Яшил майдонларни чопиш ҳали ҳам давом этаётган бўлса-да, баъзи-баъзида бой берилган хиёбон хотираси одамларни бирлаштира олади. Тимур Карпов «Мовий гумбазлар» хиёбони учун кечган курашни шундай мисоллардан бири сифатида кўрсатади.

«Мен фақат бир нарсани тушунолмайман: нега расмийлар шунчаки бас қила қолмайди? — дея савол қўяди Карпов. — Ҳаммаси аллақачон тушунарли. Аллақачондан бери ҳамма гапиряпти. Чанг бўронларини ҳам кўриб турибмиз. Президент ҳам гапиряпти, ҳокимларга ҳам намойишкорона танбеҳ бераяпти. Дарахтларни шунчаки тинч қўйса бўладими? Бизда улар жуда ҳам кам».
Амир Темур хиёбони 2023 йил кузида. Фото: Евгений Сорочин
Материални Жаҳонгир Азимов ва Виктория Абдураҳимова тайёрлади.
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг