Фото: Шоҳруҳ Ҳайдаров / «Газета.uz»
Саҳро ва келажак юзлашган манзил
Нима учун Дубайга саёҳат қилиш керак?
Дубай — кичик балиқчилар қишлоғидан осмонўпар бинолар марказига айланган мегаполис, турли миллат вакилларини ўзида жамлаган дунё пойтахти, БААнинг Форс кўрфази қирғоғидаги энг йирик шаҳри. Унинг замонавий архитектураси, бетакрор соҳиллари ва атрофидаги гўзал чўл табиати тасаввурларингизни ҳайратда қолдириши шубҳасиз. Ҳашамат ва комфорт шаҳри бўлмиш Дубай бугун Яқин Шарқдаги энг йирик тижорат ва сайёҳлик марказига айланиб улгурган. Энди у «келажак шаҳри» номига муносиб бўлиш йўлида тараққий этмоқда.

EASYBOOKING компанияси 9−16 сентябрь кунлари бир қатор ўзбекистонлик журналистлар ва блогерлар учун Дубайга медиа-тур уюштирди. «Газета.uz» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров мазкур саёҳат чоғида ўзи кўрган масканлар, савдо учун қулай ҳудудлар, қоидалар ва баъзи фойдали маслаҳатлар билан бўлишади.
Дубайга қандай бориш мумкин?
Centrum Аir 9 сентябрдан бошлаб Тошкент — Дубай — Тошкент йўналиши бўйича ҳафталик парвозларни йўлга қўйди. Тўғридан-тўғри авиақатновлар ҳафтанинг ҳар шанба куни амалга оширилади:

Тошкентдан учиб кетиш: 11:10 (Тошкент вақти) — Дубайга етиб келиш: 14:00 (Дубай вақти);
Дубайдан учиб кетиш: 15:30 (Дубай вақти) — Тошкентга етиб келиш: 20:00 (Тошкент вақти).

Авиачипталар нархи Тошкент — Дубай — Тошкент йўналиши бўйича 3 426 000 сўмдан бошланади. Бундан ташқари, БААга Uzbekistan Airways, Wizz Air, Flydubai компаниялари орқали учса ҳам бўлади.
реклама
реклама
Ўзбекистонликлар учун виза керакми?
БААга кириш учун Ўзбекистон фуқароларига виза керак. Визани олдиндан олиш ва паспорт назорати пайтида кўрсатиш лозим. Туристик виза учун консуллик йиғими — 30 кунгача $80 (бир марталик), 60 кунгача $160 (муддат оралиғида исталган вақт кириб чиқиш мумкин).

EASYBOOKING туристик компанияси билан бўладиган саёҳатларда визани осон ва қисқа вақтда олиш мумкин. Дубайга саёҳатнинг афзалликларидан бири - ота-онаси билан саёҳат қиладиган 18 ёшгача бўлган болаларга виза олишда 33-50 фоизлик чегирма берилади.
Қисқа тарих
1940 йилларгача Дубай кичик бир аҳоли пункти эди. Фуқаролар марварид сотиш ва уни озиқ-овқатга алмаштириш орқали кун кўрган. Кейинчалик, японлар марваридларни сунъий йўл билан етиштириш йўлини ўйлаб топгач, халқаро бозорда ҳақиқий марваридларга бўлган эҳтиёж сезиларли даражада камайган. Оқибатда амирликларда инқироз бошланган. Аммо, кўп ўтмай, БААда нефть топилиши натижасида ҳаммаси буткул ўзгариб кетган.

XIX аср бошларида Дубай аҳолиси атиги 1200 кишини ташкил қилган бўлса, ҳозирда унинг аҳолиси 3,5 млн кишидан ошган. Майдони 1620 квадрат километрни ташкил қилади ва у кенгайишда давом этмоқда.
Дубайга қачон борган маъқул?
У дунёдаги энг иссиқ шаҳарлардан бири. Йилнинг энг жазирама вақти — августда ҳавонинг ўртача ҳарорати +45 даражадан ошади. Қишда эса Ўзбекистонда куз бошида бўлгани каби - кундузи иссиқ, кечаси салқин.

Ёғингарчилик асосан февраль ва март ойларига тўғри келади. Дам олиш учун энг қулай вақт эса октябрдан ва апрель ўрталаригача. Демак, қиш саёҳат учун ажойиб вақт.

Дубай нега «дунё пойтахти»?
Ушбу мегаполис дунёнинг турли нуқталаридан келган муҳожирлар учун бошпана. Шаҳарда яшовчи хорижлик фуқароларнинг аксариятини ҳиндистонлар, покистонликлар, бангладешликлар, афғонистонликлар ва филиппинликлар ташкил қилади. Кўчаларда, жазирама қуёш остидаги қурилишларда, хизмат кўрсатиш соҳаларида, умуман, ҳамма ерда араблардан ҳам кўпроқ уларни учратасиз. Аҳолининг атиги 15 фоизини маҳаллий араблар ташкил қилади.

«Дунё пойтахти»да АҚШ, шунингдек, Буюк Британия, Франция каби Европа мамлакатлари ҳамда МДҲ давлатлари фуқаролари ҳам бор, уларнинг аксарияти нефть саноати, таълим, бизнес ва бошқа шу каби соҳаларда фаолият юритади.

Ҳар йили Дубайга 15,3 млн сайёҳ ташриф буюради. 2023 йилнинг дастлабки саккиз ойида шаҳар 8,5 млн сайёҳни қабул қилди. Январь-июль ойларида Дубайга келган чет элликларнинг салкам 71 минг нафари ўзбекистонликлар эди.
Фойдали эслатмалар
Шаҳар бўйлаб ҳаракатланишда қийналмаслик учун:
  • Бу ерга келиш учун араб тилини билиш шарт эмас, одамлар инглизчада бемалол мулоқот қилади. Рус тилида сўзлашувчиларни топиш мушкул.
  • Алкоголь маҳсулотлари фақат 21 ёшдан ошганларга паспорт билан берилади. Жамоат жойларида, пляжларда спиртли ичимликлар ичиш мумкин эмас. Бунга фақат меҳмонхонанинг айрим хоналарида, барларда ва ресторанларда рухсат берилади.
  • БАА миллий валютаси – дирҳам, АҚШ долларида савдо-сотиқ қилиш қийинроқ. Исталган жойда банкомат ва айирбошлаш шохобчалари топилади. Пулни айирбошлаш учун паспорт керак. Халқаро тўлов карталари (масалан, VISA) ҳамма ерда ўтади.
  • Мессенжерлар орқали алоқа ва видеомулоқот қилишга тақиқ ўрнатилган (мазкур муаммони VPN билан айланиб ўтиш мумкин, бироқ бу ҳам қонун билан тақиқланган). WhatsApp, Skype и Viber блокда.
  • Метро бекатларида овқатланиш, ичимликлар ичиш, сақич чайнаш, чекиш тақиқланади. Чекиш учун махсус жойлар ажратилган.
  • Кийиниш борасида аниқ бир чеклов йўқ, кўчадаҳамма ўзига қулай кийимда юради (диний муассасалар, расмий ташкилотлар ва бошқалар мустасно).
  • Фото ва видеога олишда баъзи чеклов ва тақиқлар бор: маҳаллий аҳолини, айниқса аёлларни тасвирга олиш мумкин эмас. Бироқ рухсат сўраш орқали бу муаммони ҳал қилиш мумкин.
  • Жамоат ҳожатхоналарини музейлар, савдо марказлари ва парклардан топасиз.
Диққат! Саёҳат бошланмоқда!
Дубайга ташриф буюрувчиларнинг аксарияти дунёдаги энг гавжум аэропортлардан бири ҳисобланган Дубай халқаро аэропортига (DXB) қўнади. Шу сабабдан ҳам аэропорт доим йўловчилар билан гавжум. Лекин шаҳар жанубида яна бир бошқа тайёрагоҳ — Аль-Мактум аэропорти (DWC) ҳам бўлиб, унда ҳаракатланиш эркинроқ, навбатда турмасдан назоратлардан бемалол ўтиш мумкин. Шаҳардан 30 дақиқалик масофада жойлашгани учунми, бу аэропортда рейслар нисбатан кам.

Паспорт назорати вақтида қўлингизга ичида 24 соат давомида фойдаланса бўладиган, 1 Gb интернет пакети бор бепул сим-карта тутқазилади. 1 суткадан сўнг унинг ҳисобини ўзингиз тўлдириб, бемалол фойдалансангиз бўлади.

Дубай тўққизта туманга бўлинган, уларнинг ҳар бири ўнлаб кичик ҳудудлардан иборат: тарихий ва замонавий, гўзал ва оддий, бой ва қашшоқ, хавфсиз ва хатарли. Умуман олганда, шаҳарни бир нечта шартли зоналарга бўлиш мумкин:

Downtown — бошни айлантирувчи осмонўпар бинолар, гўзал хиёбонлар ва улкан савдо марказлари жойлашган ҳудуд;

Jumeirah
— тоза денгиз ва унинг бўйидаги турар-жойлар, кенг қумли пляжлар ва ривожланган инфратузилма ҳудуди;

Jumeirah пальма ороли — беш юлдузли меҳмонхоналар, ҳашаматли ресторанлар ва комфорт пляжлар ҳудуди;

Deira — шарқ бозорларини ўзида жамлаган энг қадимий ҳудуд;

Bur Dubai — анъанавий бозорлар ва этник ресторанлари билан машҳур бўлган ҳудуд;

Marina ва Jumeirah — шунчаки пляждаги дам олишни, замонавий ресторанларни ва сув машғулотларини хўш кўрувчилар ҳудуди;

Al Barsha va Barsha ҳудудлари — бутун оила учун кўплаб қизиқарли тадбирлар топса бўладиган, жумладан, бренд дўконлар, ресторанлар, картинг ва ёпиқ чанғи курорти учун мос ҳудудлар.
        реклама
        реклама
        Жамоат

        транспорти
        Дубайда жамоат транспортининг исталган тури: метро, трамвай, қайиқ, автобус ва таксидан фойдаланиш мумкин. Тизим сизни шаҳарнинг барча қизиқарли манзилларига олиб бора олади. Дубай метроси технологик жиҳатдан анчайин ривожланган, яъни у автоматлаштирилган ва машинстсиз бошқарилади. Поездлар тонгги 05:00 дан тунги 00:00 гача ҳаракатланади.

        Метрода 3 турдаги вагонлар мавжуд: «кумуш» (барча учун), «аёллар» (фақат аёллар ва 12 ёшлгача бўлган болалар учун) ҳамда «олтин» (алоҳида ўриндиқда кетишни истаганлар учун). Метрога кириш қисмида турли тарифдаги карталарни сотиб оласиз. Стандарт билетлар 2 доллардан бошланади.

        Автобуслар 05:00 дан, трамвайлар 06:00 дан ҳаракат бошлайди. Трамвайларда ҳам метродаги каби тарифлар мавжуд. Таъкидлаш керакки, бекатларнинг аксарияти кондиционерли.

        Давлат томонидан йўлга қўйилган таксилар оқ ёки қаймоқ рангда бўлади. Uber, Careem ва Yandex иловаларидан ҳам фойдаланиш мумкин, лекин улар қимматроқ. Фақат аёллар учун мўлжалланган такси машиналари шифти пушти ранг ва унда аёл ҳайдовчилар бўлади.
        Ibn Battuta Mall савдо маркази
        Дунёга машҳур марокашлик жаҳонгашта Ибн Баттутанинг саёҳатлари асосида бунёд этилган дунёдаги энг йирик тематик савдо маркази. Марказ алоҳида декорацияланган олтита — Андалусия, Тунис, Миср, Форс, Ҳиндистон ва Хитой павильонидан иборат бўлиб, уларда 270 дан ортиқ дўконлар ўрин олган. Ҳар бир павильоннинг ўзига хос тематикаси бор. Ундаги элементлар сизни ўша ҳудуд муҳитига туширади.

        Марказда харид қилиш (шопинг), 50 дан ортиқ ресторан ва кафеларда овқатланиш, шунингдек, кинозалларда фильм томоша қилиш мумкин. Ibn Battuta Mall`га бориш жуда осон — у худди шу номдаги метро бекатидан бир неча қадам нарида жойлашган.

        «Бурж ал-Араб» меҳмонхонаси
        Етти юлдузли «Бурж ал-Араб» меҳмонхонаси Дубайнинг энг таниқли рамзларидан биридир. 1999 йилда мазкур меҳмонхонанинг очилиши билан Дубайда ҳашаматли туризм ривожланишига старт берилган.

        Баландлиги 321 метр бўлган елкан шаклидаги рамзий бино сунъий оролда қурилган ва у орқали Араб кўрфазининг панорамик манзараларини томоша қилса бўлади. Унда ресторанлар, атрофида хусусий пляжлар ва кенг терраса мавжуд. Бино дунёга машҳур юлдузлар учун севимли дам олиш маскани бўлиб хизмат қилади.
        Madinat Jumeirah бозори
        «Бурж ал-Араб»дан узоқлашмасдан унинг ёнидаги Madinat Jumeirah бозорига кириб ўтиш мумкин. Худди шу номдаги курорт ҳудудида жойлашган кичик бозорча ташриф буюрувчиларни Яқин Шарқ атмосферасига шўнғишга ундайди. Бу ерда парфюмерия, араб чироқлари, кийим-кечаклар, заргарлик буюмлари, зираворлар ва қўлда ясалган сувенирлар сотилади.

        Бугунги кунда Madinat Jumeirah`да 25 га яқин дўконлар, галереялар ва ресторанлар жойлашган бўлиб, деразалари ва террасаларидан курорт сув йўлларининг гўзал манзаралари кўриниб туради.
        Dubai Mall савдо маркази
        Dubai Mall дунёдаги энг йирик савдо маркази бўлиб, тахминан 1300 та савдо дўкони, иккита йирик универмаг, аттракционлар, боғлар, юзлаб ресторан ва кафеларни ўз ичига олади. Умумий майдони 1 млн квадрат метрдан ошади — бу 200 та футбол майдонига тенг ҳудуд, дегани.

        Марказ ҳақиқий мода ихлосмандлари учун яратилгандек. Унда деярли барча дунё брендларининг филиаллари, жумладан, Fashion Avenue бўлимида мода саноатининг етакчи компаниялари — Versace, Burberry, Gucci ва бошқалар ўрин олган. Шунга яраша бу ерда савдо қилиш учун «яхшигина» маблағ ҳам керак.

        Умуман олганда, Dubai Mall оилавий ташрифлар учун жуда яхши манзил. Чунки унда улкан аквариумни томоша қилиш, сувости ҳайвонот боғига экскурсия уюштириш, муз майдонида учиш ва бошқа кўплаб кўнгилочар машғулотлар билан вақтичоғлик қилиш мумкин. Лекин уни айланиб чиқишга бир кун камлик қилади.

        Айтганча, савдо марказига Dubai Mall метро бекати орқали кириб бориш мумкин.
        Ўзбекистонда яқинда очилиши кутилаётган Tashkent Mall`да ҳам худди шундай қулайлик — «Пахтакор» метроси орқали ўтиш имконияти яратилиши айтилмоқда.
        «Бурж Халифа» oсмонўпар биноси
        Dubai Mall`дан ташқарига чиқишингиз билан сизни рекорд даражадаги баланд минора — «Бурж Халифа» кутиб олади. Афсонавий «Бурж Халифа» нафақат дунёдаги энг баланд бино ва муҳандислик дурдонаси, балки замонавий Дубайнинг асосий рамзларидан бири.

        Баландлиги 828 метр, 163 қават (2909 зинапоя)дан иборат бўлган мазкур иншоот 2010 йилда очилган. Солиштириш учун у учта Эйфел минораси билан тенг. Минора ичида турар-жой бинолари, меҳмонхоналар, бизнес офислари, савдо майдончалари, кўнгилочар марказлар, ресторан ва кафелар, спорт заллари, кузатув майдончалари ва бассейнлар мавжуд. Бинога 57 та лифт хизмат кўрсатади, бироқ улардан фақат биттаси биринчи қаватдан осмонўпар бино тепасига кўтарилиш имкониятига эга.

        Бу ерда кечаю кундуз туристлар қадами аримайди. Ҳатто қоқ жазирама пайти ҳам одамлар билан гавжум. Бинога кириш пуллик. Кузатув майдончаси учун чипталар 43 доллардан бошланади. Осмонўпар бинонинг тагида эса мусиқали фаввора жойлашган.

        У дунёдаги энг баланд мусиқали фаввора ҳисобланади. 120 минг квадрат метр майдондаги фаввора ҳар сонияда 830 минг литрдан ортиқ сувни 140 метр баландликка отади.

        Намойишлар ҳар куни соат 18:00 дан бошланиб, ҳар 30 дақиқада такрорланади. Рангли чироқлар билан ёритилган сув оқимлари мусиқа садолари остида навбатма-навбат юқорига кўтарилади ва рақсга тушади. Намойиш давомида сиз дунёга машҳур хитларни эшитасиз. Бу гўзаллик томошаси бутунлай бепул.

        Агар унинг яқинида сайр қилишни ёки қайиқда сузишни истасангиз, нархи 13 доллардан бошланадиган чипта сотиб олишингиз керак.
        реклама
        реклама
        Дубай паноромаси ва кема бўйлаб саёҳат
        Dubai Creek бандаргоҳида жойлашган томошагоҳ Дубай ва ундаги кўлнинг панорамик манзарасини кўриш учун энг қулай манзил. Бу ерда сиз шаҳарнинг турли томонларига назар ташлашингиз, кема ва қайиқларнинг ҳаракатларини кузатишингиз ва қуёш ботганидан сўнг тунги гўзал манзарага гувоҳ бўлишингиз мумкин. Айни шу манзил эсдалик фотосуратлар учун муқобил вариант бўла олади. Бироқ профессионал камерада суратга олиш учун рухсатнома керак.

        Бандаргоҳда 700 га яқин ҳашаматли яхта ва қайиқларни учратасиз. Улардан бирини олдиндан банд қилиб, бир соат саёҳат ва кечки овқатни шу ерда тановул қилишингиз мумкин. Бу сизга ўртача 80 долларга тушади.

        Саҳро бўйлаб сафари
        Дубай чўллари ўзига хос ва адреналинга бой машғулотлари билан танилган. Мислсиз қумлар ҳашамати одамни ҳайратга солади ва илҳомлантиради.

        Автомашиналарда саҳро бўйлаб экстремал сайёҳат, туя миниш, саҳро кўчманчи халқларининг таомларидан тановул қилиш ва кечки шоуни кўриш кишига янгича таассуротлар ҳадя этади.

        Тилла тақинчоқлар ва зираворлар бозори
        Дубайга келдингми, албатта, ўзинг билан iPhone ёки тилла ола қайтишинг керак, деган қараш мавжуд. Ўша тиллани эса амирликдаги энг қадимги ва қизиқарли анъанавий бозорлардан бири бўлган машҳур Gold Souk бозоридан оласиз. Дунёнинг турли бурчакларидан келтрилган турли каратлардаги дизайнлар сизни ўзига маҳлиё этади, кўзни қамаштиради.

        Бир тарафдан эса зираворлар ҳиди бутун бозор бўйлаб таралиб туради. Айрим савдо расталарида ҳурмонинг хилма-хил турлари, эсдалик совғалари, миллий кийимлар, аёллар учун бежирим абаяларни ҳам учртасиз.

        Барча заргарлик буюмлари ҳукумат томонидан назоратга олингани, сифатига шубҳа билдирмаслик айтилади. Бироқ нархлар бироз қиммат, савдолашган маъқул, албатта.

        Барчаси 10 дирҳам
        Тилла бозорида учратган баъзи маҳсулотларни 2 баравар арзон нархда олишингизни истасангиз, Gift village савдо марказига боринг. Бу ерда озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар, ўқув қуроллари, парфюмерия, кийим-кечаклар, эсдалик совғалари, умуман, барча керакли нарсалар 1 дан 10 дирҳамгача (3 долларгача), нархига яраша сифат асосида сотилади. Бу ерда сувенирлар, эсдалик магнитлари, ширинлик ва араб ҳурмо (финики)ларини мақбул нархда сотиб олиш мумкин.
        La perle аквашоуси
        La perle — бу мукаммал хореография маҳоратини, юқори дид билан ишланган декорациялар ва энг янги технологияларни бирлаштирган минтақадаги биринчи рақамли шоу ҳисобланади. Шоу майдони Al Habtoor City`да жойлашган ва 1300 ўриндиққа эга.

        Афсонавий режиссёр Франко Драгон томонидан тайёрланган мазкур шоу БААда марварид қазиб олиш анъаналарига бағишланган. Қиз тушида марварид излаб, хаёлий дунёга тушиб қолади. Спектакль махсус қурилган, ўзига хос аква-саҳнага эга театрда 90 дақиқа давом этади: аввал унинг устига шаршаралар ва ёмғир тушади, сўнгра сув бир неча сония ичида йўқолади.

        Ҳаво акробатикаси элементлари, бош айланадиган баландликдан шўнғиш ва экстремал ҳаракатлар қиладиган мототцикллар кишида унутилмас таассурот қолдиради. Чипта нархи 70 доллардан бошланади.

        реклама
        реклама
        Қуйида айрим меҳмонхоналарни сизга тавсия қилишимиз мумкин (кўрсатилган нархларда нонушта ҳам ҳисобга олинган).

        Муҳим: Дубайда қандай меҳмонхонада тунашингиздан қатъий назар 4-8 доллар атрофида туристик солиқ тўлашингиз шарт.
        Дубайда саёҳат қилиш мумкин бўлган, диққатга сазовор жойлар талайгина ва бундай нуқталарнинг сони тобора ортмоқда. Балки юқоридаги рўйхатда уларнинг айримлари киритилмаган бўлиши мумкин.

        Шаҳар дунё кўз ўнгида кенгайиб боришда давом этаркан, албатта, Дубайни ўзингиз бориб кўринг. Саёҳат қилинг!
        Матн ва суратлар муаллифи — Шоҳруҳ Ҳайдаров / «Газета.uz».
        «Газета.uz» муаллифлигидаги график материаллар, шунингдек, матнга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz»га тегишли. «Газета.uz» интернет-нашри сайтига жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

        Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

        Изоҳ

        Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
        "Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

        Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг