«Келмаган бир президент қолди, холос»
Интернет юлдузига айланган ва 45 йилдан бери газли сув сотувчи Абдувосит ота ҳикояси
«Келмаган бир президент қолди, холос»
Интернет юлдузига айланган ва 45 йилдан бери газли сув сотувчи Абдувосит ота ҳикояси
Тошкентнинг 8-март, Меҳржон ва Сурхон кўчалари кесишмаси яқинида, катта бир дарахт соясида мовий бир будка бор. Баъзида унинг олдида улкан навбатлар пайдо бўлади. Бу ерда 30 йилдан бери олмослик Абдувосит Маҳмудов қиёмли газ-сув сотади. «Газета.uz» 75 ёшли отахоннинг ҳикоясини ҳавола қилади.
Тошкентнинг 8-март, Меҳржон ва Сурхон кўчалари кесишмаси яқинида, катта бир дарахт соясида мовий бир будка бор. Баъзида унинг олдида улкан навбатлар пайдо бўлади. Бу ерда 30 йилдан бери олмослик Абдувосит Маҳмудов қиёмли газ-сув сотади. «Газета.uz» 75 ёшли отахоннинг ҳикоясини ҳавола қилади.
"Kelmagan bir prezident qoldi, xolos". Internet yulduziga aylangan va 45 yildan beri gazli suv sotuvchi Abduvosit ota hikoyasi
Ишбилармон ва ёшлардек тетик отахон телефонининг овозини баландлатиб қўйган, нариги томонда кимдир ундан сўраяпти: «Ота, Чиноздан бораётгандик, манзилни тушунтириб юборинг». Отахон ҳар куни камида 10−15 марта қўнғироқ қилганларга шу гапни такрорлайди: «Шаҳар руҳий касалликлар шифохонасидан Қўйлиқ томон келаверсангиз, 3-бекатга етмай ўнг қўлда ҳаворанг будка бор».

Шундай — Тошкентдаги Меҳржон 2-берк кўчасининг бошида тўқ ҳаворанг будка бор. Тонг саҳардан то қош қорайгунча унинг ёнидан ўтиб қолсангиз, димоғингизга барбарис ҳиди урилади, қулоғингизга ювилаётган стакан овози эшитилади, ёқимли бир салқинликни ҳис этасиз. Бу ерда 75 ёшли Абдувосит ота Маҳмудов, шинавандалар тили билан айтганда, таъми «30−40 йил аввалгидек таниш» газланган сув тайёрлаб, сотади.
«Бир блогер бола келиб, видеосини интернетга чиқариб юборибди. Шундан кейин одам роса кўпайиб кетди. Аввал ҳам кам эмасди, лекин улар асосан мен билган ва мени биладиган доимий мижозлар эди-да. Ҳозир эса ўша видеони кўриб, ҳар тарафдан ёғилиб келишяпти», — дейди у.

Сув ичишга келганларнинг аксарияти: «Интернетларга чиқиб, машҳур бўлиб кетибсиз-ку, ота!», деган гапларини эслаб, Абдувосит ота: «45 йил бир жойда ишлагач мен машҳур бўлмай ким машҳур бўлсин? Фақат қўшиқчилар машҳур бўлаверадими?», — деб кулиб қўяди.
реклама
реклама
Тарих
Абдувосит ота асли Чустнинг Олмос қишлоғидан. Тахминан 20 ёшларида Тошкентга келиб, аэропорт яқинидаги лимонад цехида ишлай бошлаган.

«Хўжайинга ишим маъқул келди чоғи, яна уч ойлик синовидан ўтсам, газли сув тайёрлашни ўргатишини айтди. Ваъдасининг устидан чиқиб, сув тайёрлашни ҳам ўргатди, аппаратини ҳам бериб қўйди. Кейинроқ ўзим мустақил иш бошлаш истагини билдирганимда қаршилик қилмади, аппаратни ҳам совға қилиб юборди», — деб эслайди у. Отанинг айтишича, нафақат будка, балки «аппарат ҳам тарихий — яқинда 120 ёшга тўлади».
Заводдан мустақил бўлиб чиққач, Абдувосит ота аввалига морс, кейинчалик газли сув сотади. Отанинг таъкидлашича, у бу борада бутун бошли тармоқ яратади — Тошкентнинг ўзида 13 та, Чустда ҳам бир неча шохобча очади. Пойтахтдаги нуқталарни қиём ва бошқа керакли нарсалар билан ўзи таъминлайди, Намангандаги «филиаллар» бошқарувини тўлалигича ёрдамчиларига ишониб топширади.

Аммо қайсидир бир йили йўл ёқаларида савдо билан шуғулланиш тақиқлангач, барча шохобчаларини ёпишга мажбур бўлади. Будкаларининг икки-учтасига харидор чиқади, иккитасини Наманганга олиб кетади, биттаси эса ҳозир ҳам уйида турибди. Тошкентда фақат Меҳржондаги будка ишини сақлаб қола олади, холос.

Ота ўзи қурган «газли сув салтанати»нинг тор-мор этилиши билан тугаган бу воқеалар ҳақида нафақат гапиришни, балки эслашни ҳам хоҳламайди.
Ишхона
Баландлиги тўрт, эни уч метр келадиган будка Абдувосит отанинг камида 30 йиллик ҳамроҳи. Аввалбошда бу будка бир заводнинг диспетчерлик пункти бўлган. 1990 йилларнинг бошида завод ёпилган. Ишламаётган заводнинг будкасини эса Абдувосит ота сотиб олиб, уни Меҳржон кўчасидаги газли сув сотиш шохобчасига айлантирган.

Авваллари шохобча ҳозирги жойидан 100 метрча нарида, автобус бекати ёнида эди.

«Ҳоким келиб, „ота, будкангиз сал эскироқ экан, бу йўлдан ҳар хил раҳбарлар ўтади, шунга будкангизни янгилатиб бермоқчиман", деди. Унамадим. „Янгилаб олишга ўзимнинг кучим етмайди деб ким айтди? Одамларга фақат сувимни эмас, муҳитни ҳам беришни хоҳлайман. Янгилатсам, будканинг тарихийлиги қаерда қолади?", деб туриб олганимдан кейин йўл юзидан четроққа олишни таклиф қилишди. Мана шу дарахтнинг таги салқин экан деб, кейин ўзлари кўчириб қўйишди», — деб эслайди ота.
Будка гўё Абдувосит отанинг уйига айланиб қолгандек. Миттигина бўлишига қарамай, унинг ичига отага зарур ҳамма нарса — вентиляторча, соат, ҳаво ҳароратини кўрсатувчи термометр, музлатгич, терминал (пластик картадан тўловлар учун), электр чойнакдан тортиб иш жараёнида керак бўладиган гигиеник қўлқоплар, намлантирувчи латталар, баклажкалар, стаканлар ва ҳар хил бошқа идишлар, неча-неча литр қиёмларгача сиғиб кетган.
Будка марказидаги кресло аслида «иш бошқариш» маркази — у Абдувосит ота учун тана аъзосидек муҳим.
Иш
Абдувосит ота бу йил сув сотишни февралдан бошлади. Савдо одатда октябргача, кунлар илиқ бўлаверса, ноябргача ҳам давом этаверади. Ёзда 10−15 кунча танаффус олиб, тиббий кўрикдан ўтади, соғлиғига қарайди. Бу пайтда будкадаги савдога синглиси ва жияни қараб туради. Қолган вақт дам олиш кунисиз ишлайди, эрталаб 9:00 дан кечки 21:00 га қадар — кунига 12 соат тиним билмайди. Чиллада иш соат 8:00 да бошланиб, кеч соат 22:00—23:00 ларгача давом этиши мумкин.

Ишга вақтли келиб, уйга кеч қайтишда, асбоб-ускуналарни, цех буюртма асосида махсус тайёрлаб берадиган юзлаб баклажкаларни ташишда унга ҳайдовчиси ёрдам беради. Ҳозирги ҳайдовчиси билан ишлаётганига 5 йил бўлган. «Шу пайтгача уч-тўрт ҳайдовчи алмаштирдим. Бўлмайдиганини қайтараман, ишончимга кирганини оламан», — дейди ота.
реклама
реклама
Ишдан кечки 10 ларда кетсам, уйга бориб ювинаман, овқатланаман, бир соат телевизор кўраман, шулар билан соат 12 бўлиб қолади. Кейин бир соат телефонда ижтимоий тармоқларни кузатаман, янгиликлардан хабардор бўламан, Қарабсизки, иккини қоралаб қўяман-да. Ёшим катта бўлгани билан замондан орқада қолишни хоҳламайман. Сувга келганларга кун мавзусида, кайфиятида муомала қилгим келади
Абдувосит Маҳмудов
Тонгда иш кела солиб харидоргир газли сувни тайёрлашдан бошланмайди. Ота иш кийими — оқ халатини кийиб, аввалига будка ва унинг атрофини тозалайди, ишлатилган сувларни маҳалладаги чуқурчага ташлаб келади. «Тоза нарсани тоза жойда сотиш керак», — дейди ота. Санитария талабларига риоя қилинмаса, тоза бўлмаса, шаҳарнинг узоқ бир бурчагидаги будкада тайёрланаётган сувни ичиш учун шунча одам навбатга турмасди, деб қўшимча қилиб қўяди.
«Тайёрлаган сувимга кафолат бор. Тоза бўлмаса, яхши бўлмаса, нархидан келиб чиққанда ҳам одамлар бу сувни танламасди. Масалан, ҳар куни 200−300 баклажка сотиладиган 1,5 литрлик қиёмли сувимиз 16 минг сўм — 1,5 литрли кола ҳам бундан арзонроқ, 12 минг, 13 минг сўм туради. Оддий газли сувимиз ҳам дўкондагидан қиммат — дўконда 4 минг, бизда эса 7 минг сўм», — дея тушунтиради Абдувосит ота.

Ҳаммаёқни тартибга келтиргач, дарахтга илиб қўйгани ва ичи баклажкаларга тўла тўрвахалталарини олиб, ичкари киради ва митти вентиляторчасини ёқади-да, «Бисмиллоҳ!» дея сув тайёрлашга киришади. Ҳар ҳолда, будка эшиклари очилиб, то тайёргарлик якунига етгунича бўлган 20−30 дақиқа ичида мижозлар ҳам тўпланиб, кутиб қолган.
Сув

Катта авлодга эски даврларни эслатувчи сувнинг таркиби қуйидагича: қиём ва газланган сув. Қиём эса новвот, шакар, махсус таъм берувчи кукунлар ва сувдан тайёрланади. Қиёмни Абдувосит отанинг ҳовлисида ижарада турадиган йигитлар ҳар куни кундузи 50 литрлик қозонда тайёрлаб қўяди.

Қиёмни тайёрлаш жараёни кўп ҳам мураккаб эмас. Аввалига новвот ва шакар қайнатилади. «Новвот — иссиқлик. Танадаги совуқликларни чиқариб ташлайди, йўтал, шамоллашларни йўқотади, чанқатмайди», — дея тушунтиради ота. Сўнг, яримтайёр масаллиққа гилос, лимон, апельсин, мандарин, олча каби мевалар таъмини берувчи аралашмалар солинади. Ота бу аралашмаларни Хитойдан буюртма қилдиради.
«Қиём тайёрлашда ўта эҳтиёткор ва ҳушёр бўлиш керак. Меъёридан ўтиб кетса тахир бўлиб қолади, меъёрига паст бўлиб қолса, у ҳам бўлмайди. 45 йилдан бери устозим ўргатган рецептдан ташқарига чиқмайман. Поезд рельсдан чиқса нима бўлади? Ағаниб кетади. Агар бу сувни ҳам нотўғри қилиб қўйсангиз, одамлар келмайди. Нима, бошқа жойда сув йўқми? Дунёнинг ҳар қадамида сув сотади», — дейди Абдувосит ака.

Будкадаги музлатгич қиём тўлдирилган бир литрлик баклажкалар билан лиммо-лим. Зарурат туғилиши билан, «120 йиллик» аппаратнинг махсус идиши қиёмга тўлдирилади. Сўнг аппаратнинг ўзида, 10 даражагача совитиб тайёрланадиган газли сувга қўшилади. Масалан, бир стакан газли сувга 10 граммча қиём қўшилади. Газли сув, қиём ва яна газли сув — мана шу кетма-кетлик бажарилгач — барбарис таъмли, устида кўпиги бор ёқимли бир ичимлик тайёр!
Навбат
Одам кўп. Мижозларнинг кети узилмайди. Тасаввур қилишингиз учун — тушлик пайти ва асрга яқин навбат катта йўл ёқасигача чўзилиб кетади. Навбат катталашиб кетгач, табиийки, унда-бунда бир асаббузарлик, гал талашиш каби ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Шундай вақтларда ота мижозлардан тартибни, навбатни бузмасликни илтимос қилади.
Баъзан навбат эмас, балки сувни баклажкага солиб, йўлда ичмоқчи бўлганлар эътирозга сабаб бўлади.
Анчадан бери навбатда турган бир мижоз яна бир харидор баклажкани тўлдириб қиёмли сув олаётганини кўриб, охири чидаб туролмади.

— Шу ерда ичадиганга навбатсиз беринг-да, ота! Ўзи иссиқда чанқаб, сув ичаман деб келган одам ярим соатлаб кутиб турсаю, буёқда жойида ичмайдиганлар баклажкага солиб олиб кетаверса, бу қанақаси?! Манзилига боргунча, сувнинг таъми йўқолишини айтсангиз бўлади-ку буларга!

— Ҳа, газли сувнинг ҳақиқий мазасини ҳис қилиш учун шу ернинг ўзида ичиш керак. Лекин қуйиб беринг, йўлда ичиб кетаман деб турса, қандай қилиб уларнинг раъйини қайтараман?, — деб жавоб беради ота. Унинг таърифига кўра, бу сув худди паловдек — уни ҳам қозон бошида емасанг, асл мазасини ҳис қилмайсан.
Ота бир ўзи ишлайди. Ташқаридан қараган одамга, отага камида бир ёрдамчи керакдек кўринади. Шунда, эҳтимол, мижозлар оқимини ҳам иккига бўлса бўлар, навбат ҳам тезроқ юрар.
«45 йилдан бери ишлаётган бўлсам, бу ҳақда ўзи ўйлаб кўрмаган, деб ўйлайсизми? Ўйлаб кўрганман, синаб ҳам кўрганман. Бир-икки йигитларга ойлаб ўргатсам ҳам, қунт қилолмагач, ёрдамчи олиш фикридан тўлиқ қайтганман. Ўзи феълим жуда инжиқ. Мен билан ишлаш ҳам, яшаш ҳам осон эмас. Шунга ўзимни ҳам, бошқаларни ҳам қийнагим келмайди», — дейди Абдувосит ака.
Лекин бизга ота барибир бир ёрдамчи олиши керакдек кўринаверади. У кишининг олдига неча кун суҳбатга борган бўлсак, ота гаплашиш тугул бемалол тушлик қилишга-да вақт тополмади. У будкаси жойлашган маҳаллага ҳам қадрдон бўлиб кетган эмасми, маҳалла-кўй унга ош-овқат ҳам чиқариб тураркан.
Бир куни 12−13 ёшлар чамаси бир бола «додам бериб юбордилар» деб будкага бир коса мастава олиб келди, лекин уни бамайлихотир ичиб олиш учун Абдувосит отада ҳеч имкон бўлмади. Эртаси куни яна суҳбатлашгани борганимизда, ота кеча тушликка келган маставани кечки овқат билан қўшиб тановул қилганини айтиб берди.

«Одам кўп-да. Одам камроқлигида бир пиёла чой ичиб олсам ҳам менга фойда. Тасаввур қилинг, қизим, сув деб шунча одам навбатда турсаю мен овқат еб ўтирсам, маданиятга ҳам, масъулиятга ҳам тўғри келмайди. Раҳматли Ҳожибойнинг: „Икки қўлинг ишда бўлсаю, овқатингни бир аппарат едириб кетаверса-да", деган бир ҳазили бўларди. Бизга шунақа аппарат керак, қизим», — деб мутойиба қилади ота.
Ота кун давомида будкадан ташқарига чиқмайди; музлатгичдаги қиёмлар тўғридан-тўғри аппаратга қуйилмайди-да, йўқса юмшоқ креслосидан ҳам турмасди. Лекин нолимайди. «Одам бир нарсадан кечмаса, бир нарса дунёга келмайди. Оёғим оғрийди деб шу ишни қилмай уйда ўтирсам, кимдир менга бир сўм пул бермайди-ку. У ерим оғрийди, бу ерим оғрийди деса, нимагадир эришиб бўладими?», — дейди у.
Уни онда-сонда бир ўрнидан жиддий туришга мажбур қиладиган нарса — техника.
«Бу аппаратнинг ҳам баъзан бир вагон одам кутиб турганида ишламай қолиши бор. Уни ўзим 80 фоизга тушунаман. Кўпинча шу билимларим асосида тузатишга уринаман. Эплолмасам, устани чақираман — бирпасда етиб келиб, тўғрилаб беради», — дейди Абдувосит ака.
Одамлар нима дейди?
Абдувосит Маҳмудов мижозлари учун «дода», «ота», «амаки». Бу «неваралар», «жиянлар» тинмай «қиёмидан кўпроқ бўлсин», «сувидан кўпроқ қўшинг», «тўлдириб қуйинг», «ширинроқ бўлсин», «кўпиги кўпроқ бўлсин» дегани деган. Гапга чечан Абдувосит ота: «Қиёмини, сувини, ширинлигини, кўпигини мен белгиламайман, автомат қуйгани бўлади», — деб жавоб беради, ҳеч ким эътироз билдирмайди, раҳматлар айтиб, муздек ширин сувни симиради.

Тиним йўқ, тушликка ҳам имкон бўлмайди, дедик-ку, ота эса оз эмас, кўп эмас, нақ 75 ёшда — тушдан ўтиб чарчаб қолади. Шундай вақтларда «сал тезлаштирайлик, дода», деб луқма ташлаганларга мулойимлик билан: «Тезлаштириб бўлмайди-да, бу аппарат, чиқаргунича кутасиз: қўшади, айлантиради, фильтрлайди, кейин тайёр бўлади», деб яна ёши ўзидан ҳам улуғ аппаратига орқа қилади.
реклама
реклама
Ота ҳеч кимга қаттиқ гапирмайди, чарчаган маҳали ҳам, манзил сўровчиларнинг кетма-кет қўнғироқларидан телефонни отиб юборгиси келган вақтида ҳам ширинсухан. «Келганларнинг ҳар бирига яхши муомала қилиш — мажбуриятим. Инсонларнинг ҳаммасига муомала бериш керак. Шулар бор, биз бормиз. Улар келмаса, бу аппаратнинг ҳам нима кераги бор?», — дея тушунтиради.
Навбатда турган ёши катталарнинг кўпи эски, доимий мижозлар. Мухбирлар отадан интервью олаётганини кўриб, улар ҳам гапга аралашади, отани мақтай кетади: «Мен доданинг сувларини 5 йилдан бери ичаман, гап йўқ!», «20 йилдан бери мижозлариман, сувнинг таъми ўша-ўша!», дегандек.

Ёшларнинг аксарияти эса ижтимоий тармоқларда кўриб келган. Бири: «Ҳозир мен сизни саккиз жойдан сўраб, бир сотувчи айтгани бўйича аранг топиб келдим», деса, бошқаси бу сувнинг филиалларини кўпайтириш, Қорақалпоғистонгача ёйиш, кўпроқ одамларга ўргатиш кераклиги ҳақида гапиради.
Яна биров сувни ича туриб, бирга бизнес қилишни таклиф қилади: «Иккаламиз цех қиламиз, миллиардлаб пул ишлаймиз, ота. Мен сизга продюсер бўламан», дейди. Бошқаси будка ёнида қурут, пахлава, ширинликлар ҳам сотишни таклиф қилади, ҳаммасини ўзи ташкил қилиши мумкинлигини айтади. Ота ҳеч кимга йўқ демайди, чунки деярли ҳар куни бўладиган бундай баландпарвоз таклифлар, қуруқ гап-сўзларга ўрганиб кетган — уларнинг деярли ҳеч бири қайтиб келмайди, дейди у.
Россияга кетганлар Ўзбекистонга қайтгач, сувингизни ичмаганимга 2−3 йил бўлди, бир қуйинг, деб келади», — дейди ота. Унинг айтишича, Россиядаги ўзбекистонлик бир йигит очган кафе бор, унинг танишлари ҳар сафар Россияга кетар маҳали отадан 50 литрлаб қиём олиб кетади. «Россиянинг ярми сувингизни билади, деганди ўша бола
Абдувосит Маҳмудов
«Хитой, Корея, Америкалардан ҳам излаб келишади. Кореялик бир сайёҳ интернетга чиқариб юборган экан, Кореянинг ҳар хил жойларидан кетма-кет одамлар келди. Яқинда Қозоғистондан тўрт турист келди. Бир аёл ўзининг исроиллик эканини айтиб, „сенинг видеонгни неварам юборганди, сувингни ичгани келдим", деди», — деб эслайди Абдувосит ака.
Талаб юқорилигидан ота ҳатто коронавирус пандемияси давридаги карантинда ҳам тинмаган. Тўғри, у ҳам будкасини ҳамма қатори ёпган. Аммо вазият бироз юмшагач, будкани 100−200 та ярим литрлик қиёмли сувларга тўлдириб, эшикни ярим беркитиб, савдони қилаверган.

«Мени кўрганларнинг ўзи билиб-билиб, „ота, сувдан беринг", деб келишарди. Бир келганда 5−10 талаб идишда олиб кетишарди. Ўзи бу сувнинг харидори кўп, ҳар қанақа вазиятда ҳам сотилаверади», — дейди у. Шунинг учун бўлса керак, баъзи мижозлар пандемиядаки сотилган нарса савдосини қишда ҳам тўхтатмасликни отадан сўрайди (Абдувосит Маҳмудов қишни ота юрти Чустда, фарзандлари даврасида ўтказади).
Одамлар ҳар хил-да, ёзнинг чилласида ярим тунда ҳам телефон қилиб «сув тайёрлаб беринг», дейдиганлар ҳам бор. «Уйимга келиб, қиёмини олиб кетиб, ўзлари газли сувга қўшиб, тайёрлаб олишлари мумкинлигини айтаман», — дейди ота. Лекин бунда таъм барибир бошқачароқ бўлади, чунки, отанинг тушунтиришича, дўконлардаги оддий минерал сувнинг гази тез, очган заҳотингиз чиқиб кетади, таъми ҳам аччиқроқ — ичганда томоқни қиради.

Бўлса шу, бўлмаса «тонггача сабр қилиш керак». Лекин истисно ҳолатлар ҳам бор.
Бир куни ишдан энди қайтган вақтим, соат 23:30 лар чамаси, телефоним жиринглади. Кўтарсам, бир киши: „Ота, ишдамисиз?", дейди. „Келинимиз сиз тайёрлаган газли сувга бошқоронғи бўлган экан. Бўлмаяпти-да, ичаман деб туриб олган. Сизни бориб олиб келсак, тайёрлаб бермайсизм?", дейди. Рози бўлдим. Ярим соатларга қолмай олиб кетишди, тайёрлаб бердим
Абдувосит Маҳмудов
Бошқа бир сафар будкани ёпишга тараддудланиб турганида, бир йигит ҳовлиқиб келган. Унинг рафиқаси ҳам турмушга чиқмасидан аввал ота тайёрлаган газли сувдан ичган, ҳомиладорлигида эса шу сувга бошқоронғи бўлган. Эрига сувни қаерда ичганини тахминан айтаркану, лекин ҳеч аниғини эслай олмасакан. Йигит бечора ҳам хотини айтган мўлжал бўйича бориб, қидириб-қидириб, тополмай қайтаркан.
Аёли „қаердан бўлса ҳам топиб келасиз!", деб такрор жўнатавераркан. Йигит бир куни телефонини титкилиб ўтирганида тармоқдаги видеолар орасидан менинг будкам ҳам чиқиб қолибди. Шундан кейин манзилимни топиб, кун кеч бўлса ҳам келаверибди. Тайёрлаб бердим, албатта
Абдувосит Маҳмудов
Отанинг ҳикоя қилишича, яна бир йигит турмуш ўртоғининг кўзи ёригунича ҳар куни шу сувдан олиб кетган. Боласи туғилиб, бироз катта бўлгач, отани кўргани оилавий будкага келишган. «Боласи бирам ширин бўлиб туғилган, асти қўяверасиз. „Ота, сизнинг сувингизни ичиб шунақа бўлган", дейишди. Кулиб, кўз тегмасин, чиройли бўлибди, Аллоҳ хушсифат берибди дедим», — эслайди ота хурсанд бўлиб.
Бир неча йил аввал қайсидир бир катта ташкилот ходимлари ота тайёрлаган қиёмли газ-сувдан ичиб, ҳамкасбларига ҳам тавсия қилган. Сувнинг довруғи охири уларнинг раҳбарларигача етиб бориб, «сувни роса мақташяпти, СЭСда текширтириб кўринглар, яхши хулоса берса, доимий ичамиз», деган топшириқ тушган.
СЭСда текширтирганида сувнинг таркиби зўр чиққан. Шундан бери ҳокимбуваси ҳам келади, судьялар, прокурорлар, ички ишлар, генерал-полковниклари ҳам келади, тўлиб кетади. Келмаган бир президент қолди
Абдувосит Маҳмудов
реклама
реклама
Эҳтимол, тинмай гапга соладиган, турли мақтовлар айтадиган мижозларининг борлиги ҳам Абдувосит акага шундай тиғиз кун тартибида ҳам ишлашга куч берар. У мижозларининг жуда одамохунлиги, ҳатто қишда ҳам қандайдир ичимлик тайёрлаб сотишини кўп сўрашларини айтади.
Сўнгсўз ўрнида
«45 йил бир жойда бир иш билан машғул бўлиш осон эмас. Бировнинг дилида „шуни йўқотиш керак" деган қасд пайдо бўлишидан сақлаб турган Аллоҳга минг шукр. Минг ёмонни ҳам, минг жаллодни ҳам Ўзи жиловлаб қўя олади. Менга шаҳар керак эмас. Олтин зангламас, дейди. Яхши нарсани одамларнинг ўзи топиб келади», — дейди ота.
Абдувосит Маҳмудов билан хайрлашар эканмиз, 75 ёшда ҳам тетик бўлиб ишлаш учун нима қилиш керак деб савол бердик.

«Ўзингиз яхши бўлсангиз, Аллоҳ бераверади. Ғойибидан дейди-ку. Кўрдингиз, Тошкентнинг тўрт томонидан тортиб, вилоятлар ва ҳатто чет элдан ҳам сўраб келишади. Кўчада шунча одам чанқаб юрибди, уларнинг чанқоғини қондириш учун ҳам Аллоҳ 80 га яқинлашиб қолган одамга куч-қувват беряпти», — дея қўшимча қилди Абдувосит ота.
Материални Зиёда Рамазонова тайёрлади.
Фотосуратлар муаллифи Мадина Аъзам, видео оператор
ва монтаж устаси Маъмуржон Обраҳматов.
Муҳаррир: Муҳрим Аъзамхўжаев.


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг