Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Косиблик осонми?

18 йилдан бери Миллий театр устахонасида ишлаб келаётган этикдўзлар ҳикояси

«Газета.uz» турли касб эгаларининг кўпга номаълум, заҳматли ва масъулиятли фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи «Профессионал» лойиҳасини давом эттиради. Навбатдаги қаҳрамонлар — ота-ўғил косиблар Бахтиёр Валиев ҳамда Ғайрат Зоҳидов.
Kosiblik osonmi? 18 yildan beri
Milliy teatr ustaxonasida ishlab
kelayotgan etikdo‘zlar hikoyasi
Устахона
Ўзбек Миллий академик драма театри ҳовлисининг бир бурчагида эшигига рус тилида «Пойабзал таъмирлаш» деган ёзувли лавҳа илинган устахона бор. Ҳақиқий пойабзал таъмирлаш ва ишлаб чиқариш устахонаси: бурчакларда тайёру ярим тайёр оёқ кийим уюмлари, жавонга бир хил қолиплар тизиб қўйилган (бу ерда энг кўп кўрадиганингиз ҳам айнан шу — йиллар давомида тўпланган қолиплар), гилам устида қирқилган ва чизилган чармлар, иплару михлар.

Ҳатто деворлар ва дераза токчалари ҳам «бекор тургани йўқ»: ҳаммаси ғалтак иплар, эскиз намуналарию, турфа матолар билан тўла. Футболга бефарқ бўлмаган одамлар ишлайдиган (девордаги Ўзбекистон байроғи айнан футбол бўйича миллий терма жамоа ғалабалари шарафига илинган) бу устахона бетартибдек кўринса-да, аслида ортиқча нарсанинг ўзи йўқ. Масалан, деворлардаги қизил гиламлар қишда захдан, ёзда эса ортиқча иссиқликдан сақлайди.
Даҳлизда устахонага тортиқ қилинган пойабзаллардан иборат «музей»ни томоша қилиш мумкин. «Экспонат»лар орасида «Адолат фасли» спектаклидаги Амир Темур аскарларининг этиклари ва Бибихонимнинг туфлиси, «Жалолиддин Мангуберди» ва «Новвой» спектаклларида фойдаланилган пойабзаллар, грузинча, сурхонча рақс учун тикилган оёқ кийимлар, Қашқадарё ва Сурхондарё театрлари учун тикилган туфлилар ажралиб туради.
Устахонанинг кириш ва ўрта қисмида пойабзаллар тикилади ва таъмирланади. Елимдан кўп фойдаланилгани учун иш бошланганидан бир неча соат ўтиб устахонани елим ҳиди тутиб кетади. Косиблар бу ҳидга ўрганиб қолган, аммо кичкина бир дарчаси бор жойда бу муҳитда узоқ қолиш мумкин эмас. Шу боис усталар вақти-вақти билан ташқарига чиқиб, ҳаво алмаштириб келади, мунтазам сут маҳсулотлари истеъмол қилади.
Ташқаридан пастқам ва кўримсиздек кўринган бу гўша хизмат кўрсатгану халқ артистларининг қадами аримайдиган, бир пиёла чой устида гурунглашиб, шахмат ўйнаб, кўнгил ёзадиган макони ҳам.

Устахонада мухбирларни кўрган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Абдуллаев, косибларни мақтаркан: «Энди шу машҳурликни ҳам биздан олиб қўйиб, нон қолдиришмас экан-да», деб ҳазил қилади. Таъмирлатишга берган пойабзалларини олиб кетишга келган Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов эса шундай деди: «Бу усталарнинг қўли гул!».
Уста
Қўли гул дея таърифланган бу усталар — Бахтиёр Валиев ва унинг ўғли Ғайрат Зоҳидов учун косиблик ота касб бўлганиданми, ҳунарнинг сир-асрорларини ўрганиб, мустақил иш бошлаш жараёнлари ўхшаш. Иккиси ҳам тахминан 4-5 ёшидан елим суртиш, машинада тикишда дадасига ёрдамлашиб, дастёр бўлган. Эътиборга молик томони, Бахтиёр аканинг отаси косиблик билан кўп ҳам шуғулланмаган, аммо болакай Бахтиёрда бу касбга меҳр уйғониши учун шу қисқа фурсатнинг ўзи етарли бўлган.
«1960 йиллар охири эди. Дадам ҳам университетда ўқиб, ҳам пойабзал фабрикасида ишлар, кечқурун уйда оёқ кийим тайёрлаб, Қўйлиқда яширинча сотиб келардилар. Очиқ сотиш мумкин эмасди — қўлга тушиб қолганнинг бўйнига жарима илиб, қаматиб юборишлари ҳеч гап эмасди. Университетни тамомлаганларидан кейин ўз мутахассисликлари бўйича ишга кириб, косибликни ташладилар. Мен эса бу касбни маҳкам тутдим», — деб эслайди Бахтиёр Валиев.

У мактабни битиргунича устахоналардан буюртма олиб, уйда пойабзал тайёрлаб юрган, кейин цехларда малака оширган. Армияга бориб келгач, оғайнилари билан бирга иссиқхоначилик билан шуғулланиб кўрган, аммо бундан фойда чиқмаган. Кайфиятсиз юрган кунлари «Ишинг юришмаса, отангнинг касбини қил» деган мақол миясида айланавериб, яна косибликка қайтган. 1995 йили косиб дўстлари билан келишиб, нисбатан каттароқ цех очган. Иш юришгандан юришган — шу цех ортидан бир йилда иморатларини битириб, машина ҳам олган.

реклама
реклама
«20 дан ортиқ косиб ҳар куни 300-400 жуфт пойабзал тайёрлаб, сотишга берардик. Даромадимиз атрофдаги кўпчиликникидан юқори эди, ўша вақтлар касбимдан чинакамига фахрланардим. Таниш-билишлар ҳам ҳавас қиларди», — деб эслайди Бахтиёр ака. Аммо, маълум фурсат ўтиб, Хитойдан арзон оёқ кийимлар кўп миқдорда импорт қилина бошлагач, цех синиб, Бахтиёр ака ҳам ишсиз қолади. Уни «Олмазор» метроси бекати яқинидаги 2-пойабзал фабрикасига иш юритувчиликка таклиф қилишади — у ерда икки йилча ишлайди.

2005 йилда бир косиб дўсти Миллий театрда саҳна ролларига оёқ кийим тикувчи ва таъмирловчи уста учун бўш ўрин борлигини айтиб қолади. Миллий театр этикдўзлик устахонаси бор ягона театр бўлгани боис, Бахтиёр акага бошқа театрлар, ансамблу рақс жамоаларидан ҳам кўплаб буюртмалар туша бошлайди. Бу орада театрларга алоқаси йўқ одамлардан ҳам буюртмалар келади. Ҳаммасига улгуриш имконсиз эди — айнан шу лаҳзада Бахтиёр аканинг ёнига ўғиллари киради. Устанинг катта ўғли кейинчалик бўлак соҳани танлади, кичиги Ғайрат эса косибликда қолиб, ҳозир оилавий касб давомчиси.
«Эҳтимол, менда дадамдан узоқлашиш учун сабаб йўқлиги учун ҳам косиб бўлгандирман. Лекин, ишонтириб айтаманки, дадам бирор марта шу соҳани танла деб мажбурламаганлар. Ҳозир ўзимнинг ҳам икки фарзандим бор. Агар улар ҳам косибликка қизиққудек бўлса, билганларимнинг барини ўргатаман, келажакда касбимни давом эттиришлари учун қўлимдан келганича ёрдам бераман», — дейди у.

Ғайрат косиб буюртмалардан ортиб оила аъзолари учун ҳам оёқ кийим тайёрлаб беради - ҳозир ярим тайёр пойабзаллар орасида жиянлари учун тикаётган туфлилар ҳам бор. У шу вақтга қадар бозордан пойабзал олиб кийганини эслолмайди — ўзига доим ўзи оёқ кийим тикади.

Пойабзал
Ғайрат косибнинг айтишича, пойабзаллар ўз эгалари ҳақида «гапиради». Масалан, оёқ кийимини эҳтиётлаб кийган одамлар батартиб ва сокин бўлади. Аксинча бўлса — пойабзалнинг эгаси шошиб юрадиган, ҳаёти ҳам бир қадар тартибсизроқ одам.
Ўзи оддий йиртиқ бўлсаю, лекин пойабзалнинг битиши чўзилаверса, инжиқ кишининг оёқ кийимини таъмирлаётган бўламан. Айрим пойабзалларнинг тайёр бўлишига, масалан, таг қисмини алмаштириш зарур бўлса, 2-3 кун муддат қўяману, лекин устахонанинг бирор бурчагидан айнан шу учун атайлаб олиб қўйилгандек тайёр маҳсулот чиқиб қолади — ишни 3-4 соатда битириб ташлайман. Шунда эгаси ҳам кўнгли очиқ, бағрикенг ва сабрли бўлса керак, деган хаёлга бораман
Ғайрат косиб
Бахтиёр косибнинг сўзларига кўра, ости эзилиб, ичлари кенгайиб кетган оёқ кийимнинг эгаси вазндорроқ бўлади. Пойабзалнинг бир чети ички қисмига кириб кетган бўлса, соҳиби — яссиоёқ.
Пойабзал қай аҳволда олиб келинганига қараб эгасининг фаросатига ҳам баҳо бериш мумкин. Айримлар тозаламай, чанг-лойи билан кўтариб келади. Фаҳм-фаросатли, маданиятли кишиларнинг оёқ кийими эса топ-тоза келади
Бахтиёр косиб
Таъмирлаш учун олиб келинган пойабзаллар олиб кетилмаслиги ҳам мумкин: айримлар янги оёқ кийим олгач, эскисидан воз кечиб юборади, бошқалар эса шунчаки унутиб юборади ё келгани вақт тополмайди. Шунга қарамай, «ташландиқ пойабзаллар» ташлаб юборилмай, устахона омборида сақланади. Косибларнинг айтишича, пойабзалини тўрт йил ўтгач сўраб келганлар ҳам бўлган. Шунча вақт кийилмай ётган пойабзал барибир таъмирга муҳтож бўлади — оёқ кийим қанча узоқ вақт кийилмай қолиб кетса, таг қисми ўз-ўзидан қўпорилиб, чарми юпқалашиб бораверади.
Косибнинг бир кунлик иш ҳажми қайси турдаги оёқ кийимини тайёрлаётганига боғлиқ. «Этик бўлса — бир кунда ўртача 5 жуфт, туфли бўлса — 10 жуфт, маҳси бўлса — 15 жуфт тайёрлай олишим мумкин», — дейди Ғайрат косиб.

Бир жуфт пойабзал бир суткада тўлиқ битади — елимнинг қуриш жараёни кўпроқ вақт талаб қилади. Буюртма қачон тайёр бўлишини косибнинг ўзи айтади. Масалан, театр буюртмалари ижродан камида 10-15 кун, кўпида бир-икки ой олдин берилиши керак.

«Лекин зарур бўлса, кечқурун ухламай, ишхонада қолиб бўлса ҳам битказиб беришга ҳаракат қиламан. Буюртмани вақтида бажариш — асосий мажбуриятлардан бири», — дейди Ғайрат косиб.
Пойабзал қандай тикилади?
1
Мижознинг оёқ ўлчами олинади
2
Эскиз чизилади
Айримлар нима хоҳлаётганини олдиндан аниқлаб, тайёр намуналар билан келади. Театр ёки ансамблларнинг буюртмаларида эскизлар костюмлар бўйича рассом томонидан тақдим этилади - безаклар, ранглар ва бошқа ўзига хосликларни косиб ва рассом келишиб олиши керак.
3
Дўкондан керакли чармлар келтирилади
4
Чармлар моделга мослаб кесиб олинади
Бу жараёнда ўта синчков бўлиш керак — деталлар бир-бирига ҳамоҳанг тушмаса, пойабзал нотўғри чиқиши мумкин. Юрганда бўртиб қолмаслиги учун пойабзалнинг олд ва орқа томонидаги қаттиқ турадиган қисмлари пичоқ билан тарашлаб, юпқалаштирилади.
5
Кесилган чарм машинада тикилади
6
Пойабзалнинг ост ва уст қисмларини бирлаштирувчи астар қисми махсус қолипга ёпиштирилади
Оёқ кийимнинг тури, қолаверса, мижознинг ўлчами, жинси ва у хоҳлаган эскизга мослигига қараб қолиплар ҳам ўзгаради. Астар мижозларнинг хоҳиш ва имкониятига қараб чарм ёки картондан бўлиши мумкин. Картон ишлатилган пойабзалга сув текканда ёки оёқ терлаганда ивиб қолади. Чармда эса ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди.
7
Тайёр устки қисм қолипга елимлаб, бириктирилади
8
Елим маҳкам туриши учун қолипнинг остидан михлар ҳам уриб чиқилади
Шу ҳолатда тўлиқ бир кун тургач, оёқ кийимнинг шакли пайдо бўлади.
9
Энди михларни суғуриб ташлаб, қолипни ажратиб олиш мумкин
10
Қолипдан ажратилган устки қисмдаги чарм торайиб, остки қисмга маҳкам ёпишиши учун махсус печкада қиздириб олинади
11
Ост ва устки қисмлар елим билан ёпиштирилади ва тикиб чиқилади
12
Эҳтиёж бўлганда оёқ кийим кенгайтириб, эгасига мослаб берилади
Тайёр пойабзал эгасининг оёғига тўғри келмай қолиши ҳам мумкин. Асосан этиклар оёқдаги шишлар ҳисобига бир уринишда оёқдан ўтмай қолади. Шунда косиблар махсус қолиплари ёрдамида оёқ кийимни кенгайтириб, эгасига мослаштириб беради. Шу билан жараён тўлиқ якунланади.
Одатда тикиш ишлари Бахтиёр косибнинг чекига тушади. Қолган ишлар Ғайрат косиб ва уларнинг учинчи шериги — Ҳаким косибнинг зиммасида. Аслида уларнинг ҳар учаласи ҳам оёқ кийимни бошидан охиригача тайёрлай олади, лекин буюртма кўплиги учун самарадорликни ошириш мақсадида иш тақсимланган.

Кўчадан келадиган буюртмаларнинг аксарияти эркаклардан. Катта ёшли аёлларни айтмаса, ўрта ёшли хотин-қизлардан камдан-кам буюртма тушади. Сабаби — эркаклардан фарқли ўлароқ, аёллар пойабзални тез-тез алмаштиради ва хилма-хил қилиб кияди. Дўконларда танлов катталигига қарамай, одамлар ҳали ҳам косибларга пойабзал буюртма қилдираётганининг сабабини Ғайрат косиб шундай изоҳлайди:
реклама
реклама
Дўконларда сифатли оёқ кийим жуда қиммат. Арзонроғининг ё устки, ё таг қисми сифатсиз, бир неча ой, узоғи бир мавсум кийишга мўлжалланган бўлади. Аксар ҳолларда 2-3 ҳафтада бирор жойи очилиб кетиши, йиртилиши ёки ёрилиши мумкин. Бундан қочган одамлар бизга буюртма беради. Биз икки тарафини ҳам сифатли маҳсулотдан тайёрлаб беришга ҳаракат қиламиз. Бу оёқ кийимлар чидамлилигини бир неча йилгача сақлаб қолади
Ғайрат косиб
Ғайрат косибнинг қайд этишича, устахона биринчи қўл бўлгани учун ҳам сифатли пойабзални иккинчи ё учинчи қўл ҳисобланган дўкондан кўра арзон сотади (янги пойабзал қанча кўп «қўл»дан ўтса, нархи ҳам шунча ўсиб бораверади). Айни вақтда, улар дўконлар билан ишламайди, чунки пойабзаллар сотилмай қолса, дўкон эгалари уларни анча вақт ўтказиб, эзилган ва ёмон аҳволда қайтариб олиб келади.

Бир хил иш учун бир косиб паст, бошқаси юқори нархда хизмат кўрсатиши мумкин. Кимдир буни Хитойдан келадиган маҳсулотлар нархи ошгани билан, бошқа биров доллар курси ўсгани билан боғлайди.

«Биз имкон қадар турғун ушлаб туришга ҳаракат қиламиз. Таъмирлаш ёки тайёрлашга кетган маҳсулотларнинг умумий нархига 20 минг сўм меҳнат ҳаққимизни қўямиз. Мижозлар шу пайтгача нархларимиздан норозилик билдирмаган», — дейди Ғайрат косиб.
Усталар театр устахонасида ишлаш кўчада косиблик қилишдан яхшироқлигини айтади.

«Биз ўзимизга таниш одамлар билан ишлаймиз. Кўчма ёки муқим устахонаси билан кўчада оёқ кийим таъмирловчиларнинг мижозлари нотаниш, феъл-атвори ҳам турфа бўлади. Қолаверса, текширувлар жуда кўп — “у ердан келдик, пул тўланг”, “бу ерда келдик, тўловни амалга оширинг” деб эшик қоқиб келаверишади. Бир сўз билан айтганда, кўчадаги косибларнинг эгаси кўп. Театрда эса раҳбарият бундай текширувларни бизгача ўтказмайди», — дейди Бахтиёр Валиев.
Келажак
Авваллари ишга киришишдан аввал чармни ошлаш — қалин бўлса, юпқалаштириш, юпқа бўлса, қалинлаштириш; ёпиштиришда фойдаланиладиган елимларни тайёрлаш учун икки-уч хил суюқликни аралаштириш керак бўларди. Бу ишларнинг барини усталарнинг ўзи қиларди.

«Керакли материалларни фақат Янгиобод бозоридаги “обувной бункер”дан топардик. Шунда ҳам фақат Хитойники, чекланган миқдорда бўларди», — дейди Ғайрат косиб.
Замона зайли, технологиялар ривожи билан ҳозир косибларнинг иши ҳам бирмунча енгиллашган.

«Ҳозир тайёр материал ва елимларни ишлатамиз. Танлов ҳам кўп. Соҳа ривожланиб, дўконлар кўпайди. Ўзбекистоннинг ўзидан ҳам яхши материаллар чиқяпти, шу боис Хитой молларига бўлган талаб анча камайган», — дея қўшимча қилади уста.
Иш бир қадар енгиллашганига қарамай, бугун бу соҳага асосан ёши катталар кирмоқда, шунда ҳам мажбурликдан — вақтинча пул топиш мақсадида. Ëшлар орасида қизиқувчилар жуда кам. Шу вақтгача кўплаб шогирдлар чиқарган Бахтиёр косиб яқинда ишсиз беш йигитни иш ўргансин деб ёнига олган, йўлкира, текин тушлик ташкил қилиб берган. Аммо йигитлар бир ой ҳам сабр қилмай, кетиб қолган.
«Биз бир ҳунарни ўрганиш учун усталарга овқат олиб борардик, икки йилгача текин ишлардик», — деб аччиқланади Бахтиёр ака. Ҳамма косиб бўлиши шарт эмас, аммо ишсиз юргандан ҳунарли бўлган яхши-ку. Яхши ўрганса, хоҳласа театр устахонасида қолиши, хоҳласа яхшироқ ҳақ тўланадиган жойга кетиши ё ўз устахонасини очиши мумкин. Устанинг мақсади — янги авлоддан ҳам, саноқли бўлса-да, профессионаллар чиқсин, касб давом этсин.
Айни вақтда, улар бугунги кунда этикдўз касбига эҳтиёж нисбатан пасайганини ҳам тан олади.
Арзон пойабзаллар кўпайиб, одамлар битта сифатли оёқ кийим ўрнига 4-5 та сифати ҳаминқадарроғини олиб, йиртилса бошқасига алмаштиришни одат қилганидан бери косибга эҳтиёж камайган
Ғайрат косиб
«Авваллари биз тиккан пойабзалларни 4-5 йиллаб кийишган, тиқ этмасди. Рақобатда бизнинг пойабзаллар устунлигига шубҳам ҳам йўқ. Одамлар ўртача 300-400 минг сўмга четдан келган оёқ кийимни олади. Чиройли, сифатли қилингандек кўринади, лекин аксари тоза чармдан қилинмаган, бир йилга қолмай яроқсизга айланади. Шу пулга ўзимизда тоза чармдан сифатли қилиб тикилган муқобил пойабзални олмайди», — дейди Бахтиёр уста.
Лекин усталар нолимайди — топиш-тутиш чакки эмас. Миллий театр учун тайёрланган оёқ кийимлар учун ойлик маош тўланади, бошқа барча буюртмалар учун ишбай ҳақ олинади. Ота-ўғил косиблар бошқа ишлар билан ҳам шуғулланиши мумкин, лекин билагида кучи-қуввати бор экан, косибликни ташлашни ўйлаб ҳам кўрмайди.
«Косиблик қозонни доимий қайнатиб турадиган касб. Айрим ишлар мавсумий бўлади. Биз эса ёзда шиппак, қишда этик, куз ва баҳорда туфли тайёрлаймиз. Айримлар бу соҳага пулни деб вақтинча киради. Кўзлаган пулини тўплагач ёки, аксинча, иши юришмаса, бошқа ишга ўтиб кетади. Мен эса шу касбнинг ортидан барака топдим, фарзандларимни ўқитиб, уйли-жойли қилдим. Маълум вақт дам олишим мумкин, лекин ҳеч қачон воз кечмайман», — дейди Бахтиёр косиб.
реклама
реклама
«Меҳнатим саҳнада ижро этилаётган ролнинг бир бўлаги эканини кўрганимда, оёқ кийимини олиб кетаётган одамлар “раҳмат, қўлингиз дард кўрмасин, барака топинг”, деб дуо қилганида бекорга яшамаётганим, кимдир учун муҳим ва фойдали иш қилаётганимни ҳис қиламан. Қўлимда таъмирланадиган пойабзал турар экан, ҳеч қачон косибликни ташлаш хаёлига ҳам бормайман. Ташқаридан зерикарлидек кўриниши мумкин, лекин менинг ҳақиқий завқим шунда мужассам. Ўзим хоҳлагандай оёқ кийим тайёрласам, ўша куни мендан хурсанд одам йўқ», — дейди Ғайрат косиб.
Кун аввалида усталарнинг ямоқ кийимлари эътиборни тортган бўлса, қош қорайганида уларнинг мойдан қора бўлган қўллари косиблик машаққатидан сўзларди. Хайрлашар чоғи «Касбингиз йўқолиб кетиши мумкинми?» деб сўрадик. Бахтиёр косибнинг жавоби шундай бўлди: «Одамлар оёқ кийим кийишда давом этаркан, бу касб йўқолмайди, тўхтамайди».
Материални Зиёда Рамазонова тайёрлади.
Фотосуратлар муаллифи Мадина Аъзам, видео оператор
ва монтаж устаси Маъмуржон Обраҳматов.
Муҳаррир: Муҳрим Аъзамхўжаев.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг