Давлат тили: 33 йиллик жавобсиз савол
Фақат 21 октябрдагина эсланадиган муаммолар
Давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинганига 33 йил бўлди. Аввалига қадамлар дадил ташланди: атама қўмитаси янги сўз, ибораларни қабул қилиш бўйича матбуотда мунтазам чиқишлар қилди, луғатлар тайёрланди, тилшуносларнинг таклиф-тақдимотлари тингландию, негадир кейинчалик қонун қайта-қайта таҳриланадиган, унда белгиланган вазифалар ортга суриладиган, сал ўтиб амалга ошмайдиган ҳам бўлиб қолди.

Бунга-ку кўндик-кўниктирилдик, лекин энди саводи чиқаётган авлоднинг аро йўлда қолаётгани ёмон. «Газета.uz» октябрни «Ўзбек тили ойлиги» деб эълон қилганди. Шу муносабат билан 33 йил давомида ҳар йилнинг 21 октябридагина эсланадиган, мақом-мартабасини ҳамон мустаҳкамлолмаётган, шунча йилдан бери муаммолари камаймай, қоғозда бору амалда қадри йўқ она тилимиз эртаси, қилиниши зарур вазифалар ҳақида зиёлилар фикрини сўради.
Давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинганига 33 йил бўлди. Аввалига қадамлар дадил ташланди: атама қўмитаси янги сўз, ибораларни қабул қилиш бўйича матбуотда мунтазам чиқишлар қилди, луғатлар тайёрланди, тилшуносларнинг таклиф-тақдимотлари тингландию, негадир кейинчалик қонун қайта-қайта таҳриланадиган, унда белгиланган вазифалар ортга суриладиган, сал ўтиб амалга ошмайдиган ҳам бўлиб қолди.

Бунга-ку кўндик-кўниктирилдик, лекин энди саводи чиқаётган авлоднинг аро йўлда қолаётгани ёмон. «Газета.uz» октябрни «Ўзбек тили ойлиги» деб эълон қилганди. Шу муносабат билан 33 йил давомида ҳар йилнинг 21 октябридагина эсланадиган, мақом-мартабасини ҳамон мустаҳкамлолмаётган, шунча йилдан бери муаммолари камаймай, қоғозда бору амалда қадри йўқ она тилимиз эртаси, қилиниши зарур вазифалар ҳақида зиёлилар фикрини сўради.
Севара Алижонова
Журналист
Умидбахш ёмғир

Ҳар йили октабр ё октябрь ойида бир гапириб оладиган мавзуимизнинг яна мавриди келибди. Худди бу саҳрога ёғиладиган бир марталик умидбахш ёмғирга ўхшайди.

Туғилишимизданоқ «ўзбекча» ҳамма нарсани инкор этишга, ундан уялишга йўналтирилганмиз. Исмни — ҳеч ким қўймаган, ажнабийроқ, жарангдорроқ, ноодатийроқ бўлсин, кийимни — чет элники, дори, озиқ-овқат, таълим... Уч яшар бола русча (инглиз, турк, араб, хитой) гапирса — қойил! Кўкка кўтариб, олқишлаймиз, аммо кучугимиз ўзбекча гапирсаям бунчалик ҳайрон қолмаймиз. Ўзбекчалаштириш, ўзбек бўлиш бир-икки шеър ё мақола ёзган билан, ўзбек тилида беш-олти асарни мутолаа қилиш ёки имловий хатолар устидан кулиш билан ҳал бўлиб қолмайди.

Энг оддий ҳол — ном танлаш (фирма, компания, дўкон)дан то фан-текника, қонун тили бўлишгача бўлган талаб қатъий этиб белгилансагина, ўзбек тилини чуқурроқ ўрганиш, ўргатиш ва тарғиб этишга эҳтиёж чиндан пайдо бўлсагина, энг муҳими, тизимлилик, бирликка эришсаккина, деярли кераксиз бўлиб улгурган тилимизни ҳаётга қайтаришимиз мумкин.
реклама
реклама
Савол – ўзбек тилини билиш нима беради ва нимага керак?

Магистратурага кириш учун ҳам, бирор ишга жойлашиш учун ҳам, хорижда таҳсил олиш учун ҳам инглиз тилини билиш бўйича сертификат сўралаётган бўлса, ўзбекча кимга керак?! Қонунлар, ҳужжатлар рус тили билан муроса қилса, ўзбекча кимга керак? Қорин ғамидаги оломонга бу тил фикрини тушунтириб беришгагина кифоя қилса, ўзбекча кимга керак? Бир зиёли, тилчи, бахшига керакми?!

Ўзбек бўла туриб, инглиз тилидан имтиҳон топшириб, ўқишга, ишга жойлашиш қайси мантиққа тўғри келади? Кулгили, ҳам ачинарли эмасми? Нега ўша имтиҳон ўзбек тилидан қилинмайди? Иншо ёздириб, китобхонлик даражасини, нутқини текшириб, кундалик сўзлашувда фойдаланилмайдиган, изоҳли луғатларда ишлатилишини кутиб ётган сўзлар изоҳидан сўралмайди? Қайси эшикни тақиллатсак, ўзбек тили билан боғлиқ талабга тақ этиб пешонамиз урилиб қолавермайди? Тил китоблардан, луғатлардан, қонунлардан чиқиб, ҳаётга, кундалик ҳаётимизга кирмас экан, бу муаммоларнинг адоғи кўринмайди.

Давлат идораларида тил маслаҳатчиси деган янги лавозим жорий қилинди. Атай, тил ривожи учун. Шунчалик ҳолимиз ҳаробмиди? Ота-онаси ўзбек бўлган, Ўзбекистон деган юртда яшовчи одамнинг вужудига сут, алла билан кирган тилда бехато ёзолмаслиги, равон гапиролмаслиги... Бу ўзига ва юртига ҳурматсизлик бўлмай, нима?
Ўзбек тилини билиш талаблари, уни бузганлик учун чоралар қатъийлашмас, уни ўрганишга бўлган аниқ сабаб, эҳтиёж бўлмас экан, оҳ-воҳимиздан фойда йўқ.

Электрон қидирув тизими Google`га беихтиёр инглиз ёки рус тилида савол йўллашимиз, илмий, бадиий асарларни ўзбек тилида тополмаслигимиз, таржима масалалари ва унинг сифати кабилар эса алоҳида мавзу, алоҳида оғриқ.
Ёрқинжон Ҳайдаров
«Hilol-nashr» нашриёти бош муҳаррири
Қатъият ва ирода зарур

Тил ва алифбо масаласи мен учун ҳам оғриқли масала. Чунки ўзим асли тилшуносман, лицей, коллеж, университетда дарс берганман, ҳозир нашриётда муҳаррирман, яъни иш фаолиятим билан боғлиқ равишда тилимизга алоқадор муаммолар мени ҳам ўйлантириб келади.

Республикамизда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтиш масаласи аллақачон ҳал қилинган бўлиши керак эди. Бу ерда қатъият ва ирода зарур, ортиқча изоҳга ҳожат йўқ. Бу бевосита таълим ва кадрлар сифатига дахлдор масала. Ҳозир таълим жараёнлари ва давлат идораларида иш юритиш бошқа-бошқа алифбода олиб борилаётгани ҳеч кимни ажаблантирмай қўйди. Аслида бу йўл қўйилмаслиги керак бўлган ҳолат. Мактаб ёки университетни тамомлаб ишга келган ходим ўзи таълим жараёнида фойдаланмаган алифбода ишлашга мажбур.

Тилшунос олимлардан бири: «Деярли бир аср давомида ўзбек ёзуви ва имлосини ислоҳ қилиш ёки алмаштириш билан боғлиқ тадбирлар (1922, 1934, 1940, 1956, 1993, 1995) ёзма ўзбек тилини сурункали беқарорликка дучор этди. Бунинг оқибатида маданиятимизда матн таназзули ҳодисаси юз берди. Ислоҳотлар оралиғида яратилган лингводидактик матнлар орасида ёзув, имло, талаффуз, пунктуация ва услуб жиҳатидан илгари шаклланган ёки шаклланаётган уйғунлик узлуксиз равишда бузилиб борди...

Ҳар сафар лингводидактик намуна синдирилиб, янгисини яратиш учун вақт, меҳнат ва пул сарф қилинаверди. Ҳар сафар ўзбеклар лисоний онгига ўзгартириш киритилиб, лисоний онгнинг кодификацияланган нормани ҳис қилиш, саралаш ва назорат қилиш қобилияти қайта шакллантирилаверди. Бу ҳол стандарт ўзбек тилининг (ёзма ва оғзаки лингводидактик намунанинг) мавжудлик шаклига таъсир этмай қолмади», (Азиз Жўраев. Стандарт ўзбек тили, 2017 йил) деганди.

Бугун нашриётларда чоп этилаётган аксар адабиётлар (80-90% атрофида) кирилл алифбосида (албатта дарсликлар истисно). Буни китоб дўконларига кирган одам дарров пайқайди. Бозор талабидан келиб чиқиб нашриётлар шундай қилишга мажбур, лотинчада чоп этилган китоблар яхши сотилмайди.
Ўзбек тили нуфузини йилда бир марта тадбирлар ўтказиш, ижтимоий тармоқларда роликлар тарқатиш билан ошириб бўлмайди. Бунинг учун ўзбек тилида турли соҳаларга оид минглаб адабиётлар яратилиши керак. Ҳеч бўлмаганда турли соҳаларга оид энг муҳим китоблар дунё тилларидан ўзбекчага таржима қилиниши ва ўқувчиларга етказилиши керак. Аввал ёзилган бадиий ёки публицистик асарларга янги тўн кийдириб қайта нашр қилиш билан иш битмайди.
Таклифлар

Вазиятга реал қарасак, бугунги кунда ундай адабиётларга ижтимоий талаб ҳам катта эмас. Назаримда, муаллифлар ва китобхонлар клублари, таржимонлар жамияти, муҳаррирлар гуруҳлари тузилиши, уларнинг ишлари мувофиқлаштирилиши, тарғиб қилиниши, асосийси, моддий рағбатлантирилиши керак.

Ўзбек тили унда сўзлашувчилар миқдори нуқтаи назаридан катта нуфус (аҳоли)га эга. Лекин ўзбек тилида ёзилган ва унга таржима қилинган материаллар (мақолалар, китоблар, аудио ва видео-материаллар) жиҳатидан ҳолат қониқарли эмас афсуски. Аҳоли сонининг тез ўсиб бориши фонида жамиятнинг тилимизга алоқадор бугунги эҳтиёжларини қондириш учун қуйидаги лойиҳаларни ҳам амалга ошириш сув ва ҳаводек зарур деб ўйлайман:

— Ўзбек тилининг изоҳли луғатини интерактив ишлайдиган сайт шаклида интернетга жойлаш. Бу луғат PDF форматида интернетда бор, лекин ундан фойдаланиш жуда ноқулай, фойдаланувчилар буни яхши тушунади.

— Ўзбек тилининг миллий корпусини яратиш (бу борада ишлар бошлаган деб эшитдим). Мана бу тилшунослар ва IT соҳаси мутахассисларини жамлаган жамоа билан қилинадиган катта лойиҳа бўлиши мумкин. Ўзбекистон Фанлар академияси таркибидаги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамкорликда шундай жамоани шакллантириб Иннавацион ривожланиш вазирлиги ёрдамида мана шу лойиҳа устида иш олиб борса, аъло бўларди.

— Ўзбек тилидаги аудио материалларни матн кўринишига ўтказиб берадиган дастур яратиш (voice to text converter). Бу ҳам ҳақиқий илмий тадқиқот ва тажрибалар талаб қиладиган иш. Керак бўлса шу йўналишда ном қозонган унисерситетларга ёш тилшунослар ва инновацион технологиялар йўналишидаги талабаларни юбориб ўқитиш керак, шу ишлар билан шуғулланаётган компаниялар билан ҳамкорлик қилиш керак.
Динара Мўминова
Педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), болалар ёзувчиси
Лотин ёки кирилл?

Фарзандларимизни деярил 15 йилдан буён мусофирчиликда катта қиляпмиз. Ўзга муҳитда уларнинг биринчи тили ўзбек тили бўлиши учун кўп ҳаракат қилдик. Фарзандларимиз катта бўлганида ўзбек тилида нафақат сўзлашишлари, балки шу тилдаги китобларни ўқий олишлари ҳам биз учун муҳим. Ўзбекистондан олиб келган адабиётлар икки хил ўзбек алифбосида ёзилган. Қизимнинг: «Ўзи қайси ўзбек алибфоси тўғри? Лотин ёки кирилл?», деган саволига афсус, на она, на педагог, на болалар ёзувчиси сифатида тайинли жавобим йўқ.
Илмий тадқиқотларнинг кўрсатишича, ҳар бир инсонга айнан она тили генетик жиҳатдан керак. Уни мукаммал билган тақдирдагина биз бошқа билим ва тилларни ўзлаштиришда қийналмаймиз. Тилимизни билмай, уни ривожлантримай туриб ҳеч қачон маданиятимиз ва қадриятларимизни етарлича ҳурмат қила олмаймиз. Бунинг салбий асоратини эса ўлчаб ҳам бўлмайди.
реклама
реклама
Деярли уч авлод «вақтинчалик» ўзбек алифбоси билан катта бўлди

Инсон ўзлигини, аслиятини англамай туриб ўзини дунёда, жамиятда топа олмайди. Тил эса ўзликни англашдаги энг асосий инструмент. Тилимиз мустаҳкам бўлмаганда, эътиқодимиз ҳам шунга яраша қолаверади. Деярли уч авлод ноаниқ, «вақтинчалик» ўзбек алифбоси билан катта бўлди. Китоб дўконларида икки хил ўзбек алифбосида нашр этилган китоблар бисёр. Мен ўқий оладиган кирилл алифбосидаги китобни лотин алифбосини ўрганган фарзандим ўқий олмайди, лотин алифбодагисини эса топа олмайди. Бу нафақат авлод саводхонлигига, балки миллатнинг ўзига бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатиб келмоқда.

Халқи миллиарддан ортиқ бўлган ва бугунги кунда кескин ривожланиб бораётган Хитой ҳам ўзининг хитой тили нақадар кучли ва изчил эканидан фаҳрланади. Дунёда шундай кичик элатлар борки, уларнинг алифбоси 12 тагина ҳарфдан иборат. Лекин у ҳарфлар неча-неча авлодларнинг саводини чиқариб, йиллар давомида ишлатиб келинади. Ўзгартирилмайди! Биз-чи? Бой тарихга эга буюк миллатимиз тилини хор қилиб юбормадикми?

Фарзандларим мусофир юртларда туғилганига қарамай, «ўзбекман», дея ғурурланишини истайман. Лекин бу сўзни «Ўзбекман», «Öзбекман», «Õзбекман», «Óзбекман», «Ôзбекман» ёки «Ўзбекман» деб ёзиши кераклигини уларга аниқ айта олмаяпман.

Бугун биз ўзбек тили алифбосида бир изчиликка келмас эканмиз, саводимизни IELTS имтиҳони баллари билан ўлчайдиган халққа айланиб қолишимиз ҳеч гап эмас.
Аъзам Обидов
Бутунжаҳон шеърият ҳаракати (WPM)нинг Ўзбекистондаги координатори, шоир, таржимон
Нотиқлик ва саводли ёзиш курсларини кўпайтириш керак

Менимча, ўзбек тилини ўрганмоқчи бўлганлар учун, кўп бўлмаса-да, онлайн ва офлайн ресурслар пайдо бўлди, ўзбекча ўргатамиз деган реклама ва эълонлар кўзга ташланмоқда.

Масалан, бу борада яқинда linguee.uz сайти ишга тушди. Бунга қўшимча равишда, балки нотиқлик ва саводли ёзиш курсларини ҳам кўпайтириш керакдир, чунки институт кўрган ёшлар ва шўро даврида таълим олганларнинг аксари чиройли жумла тузиш ва тўғри гап ёзишни унутиб қўяётгандай.
Тилланисо Эшбоева
Ўзбекистон Фанлар академияси тадқиқотчиси, шоира
33 йил давомида тил бўйича сезиларли ўзгариш бўлмади

Лотин ёзувига ўтамиз дедик, ҳали ҳам ўтолмадик. Давлат тили сифатида тилимизнинг ўрнини мустаҳкамлаймиз дедик, лекин 33 йилдан бери тилимизни бойитадиган, қадрини кўтарадиган фалсафий, илмий, адабий китобларни давлат дастури асосида она тилимизга таржима қилмадик. Қўшни Қозоғистон қозоқ тилига ҳар йилда 100 китоб лойиҳаси асосида турли илмий, фалсафий, бадиий китобларни қозоқ тилига таржима қиляпти. Ўзбек тилида атама-тушунчалар билан боғлиқ катта муаммо бор. Илм-фандаги кўплаб тушунчалар ўзбек тилига таржима қилинмаган. Лицейдош дугонам Тошкент тиббиёт академиясида диплом ишини рус тилида ёқлаганди. Бунинг учун олдин рус тилини ўрганди. Нега бундай қилдинг десам, ўзбек тилида қийналардим, тиббиёт атамларининг таржимаси жуда кам деди. Демак, тилимиз илмий тилга айлана олмаяпти.

Ўзбек тилида маиший мулоқотни ифода этамиз, ҳатто бадиий, публицистик тилимиздан ҳам кўнгил тўлиши мумкин, лекин илмий тилга келганда тилимиз ёрдамга муҳтож. Тушунчалар, атамалар тилига айланиши керак тилимиз. Ўзбекча википедияда битта ҳолат кузатилади – мақола, матн ўзбек тилида бўлса ҳам, матннинг сарлавҳаси (масалан, Einstein) инглиз тилида бериляпти.
Ҳа десанг, ўзбек тилида исмлар ё атамаларни қайси асосга кўра ёзишнинг аниқ қоидаси ишлаб чиқилмаган дейишди. Бизда атамалар қўмитаси, тил депарменти бор. Бор деб айтамизу, нима қилаётганидан хабаримиз йўқ. Энг катта саволлар шуларга бўлиши керак.
Тил фақат давлатники эмас, ҳаммамизники-ку!

Яна бир муҳим нарса. Ҳозир жамиятга ҳақиқий жадид зиёли етишмаётганини ҳам тан олиш керак. ХХ аср бошида ўзбек адабий тили, илмий тилини ишлаб чиққан одамлар жадидлар эди. Асосан Фитратнинг меҳнати.

Лотин-крилл муаммоси. Буни ечишни ҳар ким ўзидан бошлаши керак. Тил ва адабиёт университетларида устозлар талабадан криллда ёзишни талаб қилади илмий ишни. Ҳозир ўқишга кириш учун талаба бирорта чет тилини мукаммал ўрганиш талаби қўйилганда, наҳотки устозлар бошқа ёзувда ўқишни ўрганолмаса?! Ўзимиздан бошлайлик.

Китоб чиқараётган одам лотинда чиқарсин. Блог юритаётган одам лотинда ёзсин. Тв, матбуот, сайтлар лотинга ўтсин. Талаб қилишни, норози бўлишни биламиз, лекин ижтимоий масъулиятни ҳам олиш керак. Тил бу жонли нарса. У фақат давлатники эмас, ҳаммамизники-ку!
реклама
реклама
Оз бўлсада, ҳаракат бор

Тил борасида хурсанд бўладиганим – ҳар ҳолда тилнинг қадрини оширадиган ишлар оз бўлса ҳам, қилинаётгани. Википедия лойиҳаси каби.

Қолаверса, ижтимоий тармоқларда тил назорати кучайтирилгани. Масалан, супермаркетларда маҳсулот номи русчалигини танқид қилиш ортидан ҳозир баъзи катта супермаркетлар ўзбек тилини қўллайдиган бўлди. Бу ҳам бир яхши қадам. Демак, ўзбек тилини , майли, ривожлантириш, бойитишни четга сурайлик, ўз мавқейига қайтаришда жамоатчиликнинг роли катта.

Йилда бир марта эсланадиган байрам, деймизу, лекин менинг кузатишим – охирги вақтларда тилимиз ўз мавқейига қайтиши учун кўпчилик йил давомида жон куйдириб келади. Бу ўтган йилгидан бу йил ортди масалан. Жон куйдирадиганлар фақат тилчилар, таржимонлар, журналистлар эмас, дастурчилар ҳам бунга қўшилди. Электрон луғатлар яратиляпти. Аммо бу ишлар ҳам ҳали йўл бошида. Айнан тил бўйича лойиҳа қилаётган дастурчилар учун давлат грантлари ажратишни таклиф қилган бўлардим.
Чарос Низомиддинова суҳбатлашди.
Иллюстрация: Эльдос Фозилбеков / «Газета.uz».
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг