Ригина Маджитова / «Газета.uz»
Одамларимиз ҳаётини обинонсиз тасаввур қила олмайди
Новвойлар – тандирчилар қандай яшашади ва ишлашади?
Ҳар ишнинг боши нон бўлса, Ўзбекистонда обинон — бошдаги тождир. Ўзбекларнинг тушлик дастурхонию байрам-базмларини нонсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Меҳмонга бораётганлар обинонлардан кўтариб олишса, Самарқанд нони ёки Чиғатой патирларини эсдалик совғаси сифатида ҳам харид қилишади. «Газета.uz» пойтахтдаги новвойлардан ушбу касб ва мазали нон сирларини ўрганди.
Ҳар ишнинг боши нон бўлса, Ўзбекистонда обинон — бошдаги тождир. Ўзбекларнинг тушлик дастурхонию байрам-базмларини нонсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Меҳмонга бораётганлар оби нонлардан кўтариб олишса, Самарқанд нони ёки Чиғатой патирларини эсдалик совғаси сифатида ҳам харид қилишади. «Газета.uz» пойтахтдаги новвойлардан ушбу касб ва мазали нон сирларини ўрганди.
Тошкентнинг қадимий бозорларидан бири – Чорсуда эрта тонгдан ҳаёт қайнайди. Иккинчи қаватдаги хилма хил ўзбек нонлари ёпиладиган катта новвойхонада иш тунги соат бирдан бошланади. Бу вақтда новвойлар хамир қораётган бўлади. Эрталабки соат 4-5 ларгача илк нонларни тандирга узатиш бошланади.
Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидан бўлган Ҳасан Эргашев 18 йилдан буён — қарийб мактабни тамомлаган кунидан бери новвойлик билан шуғулланади. 2018 йилда оиласи билан Тошкентга келди. Эргашев ноннинг хилма хил турларини тайёрлай олишини, бироқ талаб юқори бўлгани учун мамлакатнинг барча ҳудудларида учратиш мумкин бўлган стандарт “ёпган нон” тайёрлашга ихтисослашганини айтади. Кунига ўртача 600-800 та обинон ёпиб, 300 минг сўмга яқин даромад олади. Унинг ўзларига кўра, ойлик даромади беш-олти миллион сўмни ташкил этиши мумкин.
«Нонни жиянларим сотади. Мактабда ўқийдиганлари ёзда кун бўйи ишлайди. Ўқимайдиганлари, каттароқлари эса ўқув йили бошида уларнинг ўринларини эгаллашади. Бу ҳунарни эгаллаган одам кўчада қолмайди. Бу ҳалол меҳнат», — дейди новвой.

Ҳасан Эргашевнинг айтишича, мавсумийлик савдо ҳажмига катта таъсир кўрсатмайди, бироқ унинг кузатишларига кўра, одамлар қишда нон сотиб олишга мойилроқ бўлади.
Новвой ёрдамчиларидан бири Санжар Оролов кўринишидан 15 ёшдан ошмаганга ўхшайди. Йигит Тошкентга Қашқадарёдан нон ёпиш ҳунарини ўрганиш учун келган. Аввал нон ташиб турди, кейин ошхонага кирди. Ҳозир эса хамир қоришни ўрганмоқда. Ёзда ўртача 1,5-2 миллион сўм ишлаб топади.

«Нон ёпиш мен учун — кутилмаган ҳолатлар учун захира вариант», — дея тушунтириш беради темирйўлчи ёки футбол шарҳловчиси бўлишни режалаштираётган Санжар.
Иброҳим ака 34 ёшда. У Тошкент тўй патирларини ёпишга ихтисослашган новвой. Иброҳим ака ўзининг Тошкент тўй патирини ўзбек нонининг энг қийин турларидан бири деб ҳисоблайди, чунки ҳамма нарса қўлда қилинади. Самарқанд нонини тайёрлаш ҳам қийин. Унинг бу фикрига «Газета.uz»нинг бошқа суҳбатдошлари ҳам қўшилади.
Нонвойлар Бухоро амири Бухорода ҳам Самарқанд нонлари ёпилишини орзу қилгани ҳақидаги ривоятни кўп эслашади. Унга кўра, ҳукмдор Самарқанднинг энг яхши новвойини шаҳарга таклиф қилиб, унинг ишлаши учун барча шароитларни яратиб беради. Бироқ, ҳар қанча уринишса ҳам, нонлар Самарқандда ёпилгандек чиқмайди. Шунда новвой ҳамма гап ҳавода эканини, бу шаҳарнинг ҳавоси бошқачалигини айтади.
Иброҳим ака бу ҳунарни отасидан ўрганган. У акаси билан 12-13 ёшидан буён мустақил равишда нон ёпиб келади. Онаси уларга ёрдам беради. Тўй мавсумида оилавий 150 дона нон ёпишади. Қишда талаб камроқ бўлади, эрта кузда ва баҳор келиши билан буюртмалар кўпаяди.
Нон ёпиш ҳунари, новвойларнинг таъкидлашича, оғир жисмоний меҳнат ҳисобланади. Бу ишни ҳамма ҳам эплай олмайди. Иброҳим аканинг сўзларига кўра, новвойлар тўйиб ухламайди. Уларнинг асосий шериги — тандир — иш куни давомида қизиб туради. Ундаги ҳарорат юз даражага етади. Нонвой салгина чалғиса ёки бепарволик қилса, осонгина юз-қўлини куйдириб олиши мумкин. Эҳтимол, шунинг учун ҳам бу касбда аёллар камроқ.

Чорсу бозоридаги новвойхонада эса икки нафар аёл-новвой ишлайди. Улардан бири — Манзура Ҳамроева. У Бухоро вилояти Шофиркон туманидан. Манзура опанинг айтишича, тажриба орттириш мақсадида бир йил аввал турмуш ўртоғи билан пойтахтга келган. Аёл, мана 12 йилдирки, бухоро патири — «қатлама патир» ёпиш билан шуғулланади. Битта патирнинг оғирлиги 700 грамм.
«Нон ёпишни турмуш қурганимдан кейин бошлаганман. Лекин ўз ишимни яхши кўраман, шунинг учун қийинчиликларни унчалик ҳам ҳис қилавермайман. Нон ёпишда ўзига яраша қийинчиликлар бор: кам уйқу, куйиш бор, ёзда иссиқ, хамири ёмон бўлиб қолиши мумкин», — дейди Манзура.

Турмуш ўртоғига эрининг синглиси ёрдам беради — ўзлари улгуришмайди. Оилавий тадбиркорликда Манзуранинг ўғли ҳам иштирок этади. У дам олиш кунлари ва мактабдан кейин нон сотади. Бола мактабда бўлганида Ҳамроевлар оиласи сотувчи ёллайди.

Оила ҳар куни 200 дан ортиқ нон ёпади. Кунига ўртача 400 минг сўм даромад олади. Ойига эса 12 миллион сўм ишлаб топади.

Деярли барча новвойлар захирага бир оз пул орттириш мумкинлигини айтишди, лекин ҳар доим ҳам эмас.

«Ҳар хил оилалар бор. Кимнингдир пули ўзини боқишга етади, кимдир новвойликнинг ортидан машина ҳам оляпти», — дейди Иброҳим ака.

Кўпчилик якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, бозорда ижарага жой олган ҳолда ўзи учун ишлаб турибди. Солиқлардан фақат ЯТТ учун кўзда тутилганлари тўланади. 2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январгача республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) ижтимоий солиқ ставкаси БҲМнинг 50 фоизи миқдорида белгиланди. Бундан ташқари, ишлатилган газ учун ҳам тўловлар мавжуд.
Тошкентда ноннинг ҳар хил турлари, турфа шакл ва таъмлиларини учратиш мумкин. Барча новвойлар бундай хилма-хилликка ижобий муносабатда бўлишади. Кўпчилик бунда касб ривожини кўради. Нонвойлар ўз ҳунарларининг йўқолиб кетиши ёки қандайдир тарзда автоматлаштирилишидан қўрқишмайди.

«Ҳар бир ўзбекнинг дастурхонида нон бўлган. Халқимиз ҳаётни усиз тасаввур эта олмайди», — дейди Манзура Ҳамроева.

Чорсудан ташқари пойтахтда маҳаллий патир ёпиладиган машҳур Чиғатой кўчаси ҳам бор.

21 ёшли новвой Азизбек Тоҳиров бу ҳунар билан олти йилдан бери шуғулланиб келади. У Тошкент патирининг ҳар қандай турини ёпа олади, лекин кўпроқ чиғатой патирини тайёрлайди: оддий ҳамда ёнғоқ ва майиз қўшилганини. Биринчиси 18 минг, иккинчиси 20 минг сўм туради.
Битта нон тахминан бир килограмм оғирликда ва бир неча кун давомида сақланиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, Тошкентда бундай патир бошқа йўқ.

«Нонлар "жой танлайди". Деярли ҳеч қаерда бошқа ҳудуднинг нонини ёпиб бўлмайди. Чағатой патири ноннинг энг қийин тури ҳисобланади, чунки уни тайёрлаш ва тандирда бир соат пишириш осон эмас. Бундай нон бир ҳафта давомида туриши мумкин ва бузилмайди. Шу нарса яхши нонни сифатсизидан ажратиб туради», — дейди Азизбек Тоҳиров.
Азизбекнинг айтишича, пойтахтда катта ҳажмда нон ёпадиган аёллар деярли йўқ. У нон пишириш — эркакларнинг иши, деб ҳисоблайди.

«Россияда 25-30 ёшли қизларнинг қандай ишлаётганини кўрдим: печда 40 даража иссиқда, куйиш хавфи остида. Онам ёки синглимнинг бундай касбни танлашини хоҳламасдим», — дея тан олади новвой.
Азизбек ойига ўртача 7-8 млн сўм ишлаб топади. Айрим вақтларда эса буюртмалар ошиб кетади. Мисол учун Тохировдан давлат тадбири учун 200 та нон харид қилишган. Россиялик ММА жангчиси, UFC собиқ чемпиони Хабиб Нурмагомедовнинг Тошкентга ташрифларидан бирида унга патирлардан бир нечтасини совға қилган.
Йигитнинг топиш-тутиши ўзига яраша. У ҳатто уй қуриб, машина сотиб олишга ҳам муваффақ бўлди.

«Агар мижозлар топсангиз, ўз маҳсулотларингизни дўконларга тарқатсангиз, бу жуда фойдали бизнес. Ҳатто карантинда ҳамма жой ёпиқ эди, мен эса нон ёпдим», — дейди новвой ва новвойлик касби йўқолмаслиги — одамларнинг ўзи бунга йўл қўймаслигини қўшимча қилди.
Материал ҳамкори Korzinka

Матн ва фотосуратлар муаллифи Ригина Маджитова / «Газета.uz».

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.


Сиз бирор қизиқарли воқеани биласиз ва уни бутун дунё билан баҳам кўрмоқчимиз? Ундай бўлса, ҳикояларингизни photo@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг