2022 йил битирувчиларига мурожаат
Вазирлар, депутат, ЮНИСЕФ ваколатхонаси раҳбари,
IT-Парк директори, Inkuzart ҳамда фаол жамоатчилик вакиллари
2021-2022 ўқув йили битирувчиларига
ўз маслаҳатлари ва тилакларини билдиришди.
Турли хил инқирозлар ва туб ўзгаришларни бошдан кечираётган дунё келажак авлод зиммасига янги вазифаларни юклаши мумкин.

«Газета.uz» давлат арбоблари, халқаро ташкилотлар ва фаол жамоатчилик вакилларидан 2021-2022 ўқув йили битирувчилари ва ёшларга ўз маслаҳатлари ва тилаклари билан мурожаат қилишларини сўради.

Биз уларга учта савол бердик:

1. Ўзингизни битирувчи деб тасаввур қилсангиз, ўзингизга нималарни маслаҳат берардингиз?
2. Янги авлод вакиллари қандай учта муҳим ҳислатларга эга бўлишлари керак?
3. 2021-2022 ўқув йили битирувчиларига маслаҳат ва тилакларингиз.

Эътиборингизга уларнинг жавобларини ҳавола қиламиз.
Бахтиёр Саидов
Халқ таълими вазири

Бугун мактабни тамомлаётган ҳар бир ўқувчи учун ҳаётидаги яна бир муҳим эшиклардан бири очилмоқда. Бу эса катта ҳаётга йўл демакдир!


Айни шу фурсатда битирувчиларга мактаб йилларини, мактабдаги дўстлари ва албатта, уларни катта ҳаётга тайёрлаган, энг қимматли ва зарур нарсаларни сармоя қилган ўқитувчиларини доимо яхши хотиралар билан ёдга олишларини тилайман.


Бугун мактаб билан хайрлашаётган битирувчиларимиз — тўғри танлов қилиб, ўзингиз учун севимли ва керакли касбни эгаллашга, барча муваффақиятсизлик, тўсиқларни четлаб ўтишга ва ҳозир интилаётганларингизга кўмаклашувчи йўлдан боришга ҳаракат қилинг!


Интилинг, жасоратли бўлинг, фақат олдинга қадам босинг, ҳеч қачон ортга чекинманг. Бир нечта тилларни ўрганинг ва албатта китоб ўқинг. Фақат орзулар билан эмас, аниқ мақсадлар билан яшанг. 10 йилдан кейин ўзингизни ҳаётда ким сифатида кўришингизни бугундан тасаввур қила олинг.


Ўз устингизда ишлашдан ҳеч қачон тўхтаманг. Инсон «Мен барчасига эришдим», деган куни яшашдан тўхтайди. Шу боис доим олдингизга юксак мақсадлар қўйинг ва улар сари олға интилинг.


Ҳасад туйғуси инсонни еб битирадиган энг ёмон иллат, шу боис фақат атрофингиздаги инсонларга ҳавас кўзи билан қаранг.


Азиз битирувчилар! Сизларга катта ҳаёт йўлида фақат омад ва зафарлар ёр бўлишини тилайман!


Мактабда олган билимларингиз билан устозларингиз юзларини ёруғ қилиб, улкан муваффақиятларга эришишингизни, ватанимиз равнақини юксакларга кўтарадиган фарзанд бўлишингизни тилайман!

Расул Кушербаев
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
[Мактаб ёки университетни битираётган ўзимга шундай дердим]: «Имкон борича давлат ишида ишламаган ҳолда, ҳалол ва ўзингга бемалол етадиган маблағ топиш мумкин бўлган касбни ўрганишга ҳаракат қил. Вақтингни шунга сарфла. Имконсиз қолсанггина, давлат хизматчиси сифатида ишлаш мумкин бўлган касбни танла ва ўқи».

Битирувчилар учун учта муҳим ҳислатлар:

  • Ўзини бошқалар ғайриихтиёрий бошқаришига йўл қўйиш даражасида бефарқ бўлмаслик;
  • Одам онгли мавжудот — инсон эканлигини ҳеч қачон унутмаслик;
  • Ёлғондан йироқ бўлишга интилиш.

Азиз битирувчилар! Ҳаёт йўлингиз танлаган касбингиз юзингизни ёруғ қиладиган, оилангизни ҳалол боқадиган ва кўнгил хотиржамлигини олиб келадиган йўл бўлсин. Соғлиқнинг қадрига етинг, вақтингизни қадрланг. Ҳаммасини қўлга киритиш мумкин бўлса-да, бу иккисини топиб ҳам сотиб ҳам оломайсиз.
Абдуқодир Тошқулов
Олий ва ўрта-махсус таълим вазири
«Битирувчи» сўзи бир қарашда оддийгина туюлиши мумкин, бироқ унинг мақомида шунчалар муҳим моҳият борки, бу етилган ва битган тарбия, такомилига етган маърифат деганидир.

Сиз жамиятнинг бир парчаси бўлган оилангизнинг вакилисиз. Сиз шу оилаларнинг ният ва режалари, орзуларини рўёбга чиқариш, бу йўлда шахсий, жамоавий вазифаларни адо этиш учун қаршимизда турибсизлар.

Битирувчи мақомига эга бўлар экансиз, ўзингизни катта ҳаётга қалбан ва руҳан тайёрлаб боришингиз зарур. Чунки ҳаммаси бирдан ёришиб кетади, олдингизга тўшалган бепоён йўллар сарҳади ва оқ рангдан иборат кенг очиқлик саросимага солиб қўйиши мумкин. Кўз илғамас мавҳумлик юксак мақсадлар сари одимлашда дилга шубҳалар солади. Боиси, бу давр сиз учун энг синовли палладир.

Битирувчиларимиз ўзи ишлаб кета оладиган, қизиқишларига мос тушадиган соҳани танлаб иш бошлаши ва янги ҳаёт остонасини босишлари керак бўлади. Мен бу ўтиш даври изтиробларини қалбан ҳис этаман. Биз ҳам бу зиналарни босганмиз, бир маслаҳатгўйга, тўғри йўл кўрсатгувчига эҳтиёжимиз бўлган.

Инсон учун аталган энг катта неъматлардан бири – ҳаёт. Сиз ундан завқланиб, ўзингиз учун яратилган шароитлардан максимал даражада фойдаланиб яшашингиз керак. Умар Хайёмда бир гўзал байт бор: «Ташқаридаги ёмғирни кўриб бир инсон барг устидаги бир томчининг қанчалик мўжиза эканлигини, унда қанча дунё борлигини англаса, иккинчиси эса, лойга қараб фикр қилади».

Янги авлод учун энг керакли бўладиган нарса – хатарлардан эҳтиёт бўлиш. Ҳаёт хатарлари кучайиб бормоқда: ахборот ҳуружи, дангасалик, лоқайдлик, ватанпарварлик ҳиссининг йўқлиги, беқарорлик, вақтичоғлик, тушкунлик. Шу хатарларни танишингиз керак.

Яхшилар орасига, нияти, мақсади бир бўлган жамоага қўшилинг. Шундагина сиз тақдирингизни тўғри ҳал қилишни, бошлаганингизни битиришни ўрганасиз.

Абу Наср Ал-Фаробий «Инсон ўз мақсадига фақатгина ўзини ўзи такомиллаштириш орқали етади» деб айтган.
Inkuzart
Стрит-арт рассом

Поезд «Янги ҳаёт» деб аталмиш шаҳарга келиб тўхтади. Бу ҳаётингнинг демо версиясидаги охирги бекат. Буёғига яшаш учун пул тўлайсан ва пиёда юрасан!


Хов ана, кўряпман узоқдаги нуқтани. Биламан, у сенинг орзуйинг, ундан кўзингни узма ва йўлингда учрайдиган маслаҳатчилар, ақллилар, қўрқитувчилар, ишонмайдиганларга қарамай юр, югур, қоқил, майли йиқил. Оёғингга уришса эмакла, лекин тўхтама!


Кўзингни каттароқ оч, ҳеч нарсадан қўрқма. Бу сенинг ҳаёт йўлинг. Ҳеч кимнинг сенга қандай яшашни ўргатишга хаққи йўқ. Ўз юрагинга қулоқ сол!


Сен албатта ўша нуқтага етасан ва бахтли бўласан.

реклама
реклама
Мунир Мамедзаде
ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари
Ортга назар ташлаб, мактаб ёшидаги ўзимга ва ўз тенгдошларимга биз учун қадрли бўлган ишлар билан эрта ёшдан шуғулланишни бошлашни тавсия қилган бўлардим. Ўзимга фаол фуқаролик позициясига эга бўлишни ва замонам муаммолари ҳақида бор овозда гапиришни маслаҳат берган бўлардим.

Бугун мен Малала ва Грета каби ёшларни кўриб, уларнинг ўзини ва тенгдошларини ўзлари учун муҳим бўлган таълим ва иқлим ўзгариши каби муаммоларга ечим топишга сафарбар қилганликларидан ҳайратланаман. Мен ўзимга эртага эмас, бугуннинг ўзидаёқ етакчи эканлигимни айтардим.

Ҳар бир ёшда ушбу уч ҳислат бўлиши муҳим деб ҳисоблайман:

Қизиқувчанлик — саволларга жавоблар, муаммоларга ечимлар ва ҳаёт мазмунини излашда тиним билмаслик.

Жасурлик — сиз яқинда дуч келадиган «катта ҳаёт» синовларига қарши туриш учун кучингизни кўрсатиш, ва, энг муҳими, жамиятдаги мавқеингиз, келиб чиқишингиз, жинсингиз ва қобилиятларингиздан қатъи назар ўз орзуларингиз ва истакларингиз ортидан қўрқмасдан эргашиш. Ҳар биримиз ўзига хос ва бетакрор шахсмиз. Шунинг учун, сизни олдинда кутиб турган тафовутлар ва имкониятларни қабул қилинг.

Ғамхўрлик — ўзингиз ҳақингизда ғамхўрлик қилиш ва бошқаларнинг дардини тинглаш — айниқса ўз тенгдошларингиз, жамият ва атрофингиздаги дунёникини, шунингдек ҳеч кимни ортда қолдириб кетмаслик. Агар атрофингиздаги одамларнинг ҳаётини яхши томонга ўзгартиришга мотивациянгиз бўлса, сиз ҳар жабҳада муваффақият қозонишингиз мумкин.

Ҳаётнинг янги босқичига ўтиш сиз учун осон кечишига, йўлингиз қийинчиликларга тўла бўлмаслигига умид қиламан.

Мактабни битираётганларга олий таълим муассасасига ўқишга кириб, сизга ас қотадиган ва сизни меҳнат бозорига тайёрлайдиган кўникмаларни эгаллашингизни тилайман.

Университетни тамомлаётган ёшларга эса меҳнат бозорига киришингиз осон кечишига тилакдошман. Ўқишни битириши биланоқ ишга жойлашиб кетадиган битирувчилар сони камлигича қолаётганини биламиз. Лекин маълум вақт кутишингизга тўғри келса ҳам, сиз уни профессионал фаолиятингизда керак бўладиган кўникмаларни эгаллашга сарфлайсиз, деб умид қиламиз.
Ирина Матвиенко
Nemolchi.Uz лойиҳаси асосчиси
Мактаб пайтидаёқ журналистикага, матн билан ишлашга қизиқардим, мақолалар ёзардим. Лекин мактабни аъло баҳоларга битирганимга қарамасдан, журналистика факультетига кириш имтиҳонларидан ўта олишимга кўзим етмади, ўшанда ҳаммаси «таниш-билиш» орқали бўлади деб ўйлаганман.

Кейин эса тўсатдан ТАТУ га ҳужжат топшириб, бюджетга ўқишга кирганман, аслида у ерга кириш анча қийинроқ эди. Ўшанда демак журналистикага ҳам ўзим кира олган бўлардим, деб жуда аламзада бўлганман.

Ўша пайтлардаги ўзимга юрагинг амри билан иш тут, деб маслаҳат берган бўлардим. Биринчи йилдаёқ ўқишга кирмасангиз ҳам, сиз яна бир йил ўз устингизда ишлаб, ривожланишингиз мумкин, бу учун ҳозир курслар, тренинглар етарли. Бу ўзини албатта оқлайди.

ОТМга кирадиган бўлсак ёки карьера бошлаётган бўлсак, келажакда талаб қилинадиган кўникмаларни ўзимизда ривожлантирсак яхши бўларди:

Таҳлилий, танқидий фикрлаш — иш берувчилар томонидан талаб қилинадиган энг муҳим кўникмалардан бири. Таҳлилий фикрлашни ривожлантириб, турли хил соҳаларда талабгир мутахассис бўлишингиз мумкин.

Эмпатия — бу карьерани ривожлантириш ва умуман кишининг ҳаётида керакли бўлган коммуникация учун муҳим кўникма. Ўйлашимча, бизнинг ёшларимизда бу кўникма етарли даражада ривожланган.

Руҳият эркинлиги — янги ғояларга тайёр бўлиш, янгиликларга очиқ бўлиш, ҳар қандай шаклда, мослашувчан бўла олишингни ҳис қилиш.

Таваккал қилишдан қўрқманг, ўз орзуларингизнинг ортидан қувишни тўхтатманг, ўз фикрингизни ҳимоя қилишдан қўрқманг. Бутун дунё сизга қарши тургандек туюлса ҳам, агар сиз ўз позициянгизни билдирсангиз, сиз ҳақ йўлда эканлигингизга ишончингиз комил бўлса, ҳамфикрларингиз албатта топилади.
Русланбек Давлетов
Адлия вазири

Ёшларга тилагимиз қандай синовлар бўлмасин, қандай натижа бўлмасин олға интилишга ўрганишсин. Баъзан инсон хато қилади, баъзан эса ютуққа эришади. Хатолардан тўғри хулоса чиқаришга ўрганасиз. Ютуқлар эса яна янги ташаббусларга чорлайди.


Дақиқалар, сониялардан тўғри фойдаланишни ўрганинг. Вақтни тўғри тақсимлашга одатланинг. Бир кунлик иш режаларингиз орасида китоб ўқиш албатта ўрин олсин. Билимларни мустаҳкамлашда китобдан ҳам кучли восита йўқлиги бу исбот талаб қилмайдиган аксиома. Чунки китоб ўқиш орқалигина ғояларингизни шакллантирасиз. Ўйлайманки, ҳозирги ёшларда ўз имконларини намоён этишлари учун шароитлар етарли.


Давлат ва жамият томонидан мотивация кучли. Улардан талаб қилинадигани — шижоат ва ташаббускорлик.


Ҳаммамизнинг бошимиздан ўтган. Ёшликда оддий нарсаларга ҳам сиқилаверардик. Ҳозир ўша воқеаларни таҳлил қилсак, булар арзимас ҳолатлар эканлигини кўриб, юзимизга табассум югуради. Ёшлик шунчалик тез ўтиб кетадган фурсатки, уни сиқилиш, кимнингдир гапидан таъсирланиб хафа бўлишга арзимайди. Унда ҳаммамиз чиройли из қолдириб яшашимиз керак. Айтмоқчиманки, ҳаётдан лаззатланиб яшанглар!


Мустақил ҳаёт остонасида турган бугунги битирувчи ёшларга келажакка ишонч билан қадам ташлашларини, ўз билими ва салоҳияти билан давлатимиз тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшишларини тилаймиз!

Фарҳод Ибрагимов
IT-Парк директори

Ҳамма нарса фақат ўзингга боғлиқ. Барча муваффақиятлар ва муваффақиятсизликлар ўз қўлингда — сен ўз йўлингни мустақил босиб ўтишинг ва олдингга қўйган мақсадларга эришишинг керак.


Фақат муносиб одамлар, ҳамфикрлар қуршовида бўлгин, бошқаларнинг ёрдамига ишониб қолма. Фақат шу орқали сен шахс сифатида ўсишинг ва муваффақиятга эришишинг мумкин.


Янги авлод вакилларига керак бўладиган учта муҳим ҳислат:

  • ўзгаришларга мослашувчанлик;
  • ўз ўзини ривожлантириш қобилияти;
  • ноодатий фикрлашдан қўрқмаслик.

Ўзингиз учун қайси соҳани танлашингиз, қандай мутахассис бўлишингиздан қатъи назар, биринчи навбатда яхши инсон бўлишга ва тўғри амалларни бажаришга ҳаракат қилинг.

Умид Гафуров
Troll.uz лойиҳаси асосчиси

Мен бу кунни роппа-роса 15 йил йил олдин нишонлаганман. Шунчаки шу 15 йил ичидаги фикрларимни сиз билан бўлишмоқчиман.


Эртадан сиз учун «катта» ҳаёт бошланади. Олийгоҳга ҳаракат қилиш керак. Катта эҳтимол билан «обрўли» олийгоҳ танлаб, «обрўли» ишга жойлашиб, кўп пул топишни орзу қиляпсиз. Кейинчи? Қора Malibu олиб, дабдабали тўй ва «участка қуриш»ми? Бахтли бўлиш учун буларнинг барчасини қилиш керак деб ўйлашингиз мумкин, шуларни орзу қилиб юрган бўлишингиз ҳам мумкин.


Лекин, биласизми, бу сизнинг орзуларингиз эмас. Бу сиз яшаб турган жамиятнинг орзулари. Мен учун бу — Ўзбекистондаги «бахт стандартлари». Ҳозир сиз 16−18 ёшдасиз ва катта эҳтимол билан сизга қайси мутахассисликни танлаш ёки қайси олийгоҳда ўқиш бўйича маслаҳатлар ёмғир бўлиб ёғилмоқда. Эҳтимол, сиз учун аллақачон иш ҳам топиб қўйишгандир.


Сиздан илтимос: ҳар доим ўзингиз ёқтирган нарсани қилинг. Aгар рассом бўлишни истасангиз, «Нархоз»га ҳужжат топширманг. Режиссёр бўлиш орзуингиз бўлса, «Юридический»га ҳаракат қилманг.


Ҳозир мамлакатда юз минглаб иқтисодчилар, ҳуқуқшунослар, молиячилар ва бошқа «обрўли» касб эгалари бор. Ярми киракаш, қолган ярми Россияда юрибди. Фақат ўз йўналишини севган ва билганлар иш топган бўлиши мумкин.


Бугун жамиятимиз учун истеъдодли рассом яримжон иқтисодчидан кўра кўпроқ зарур! Юрагингизга яқин касб томон ҳаракат қилинг.


Мабодо ўқишга киролмасангиз, хафа бўлманг. Бу ҳеч қандай муаммо эмас. Дипломнинг ҳаётимиздаги аҳамияти ҳаддан ташқари ошириб юборилган. Олий маълумот олмасангиз ҳам, дунёдан ортда қолмайсиз, ишонаверинг. Бизнинг аксарият олийгоҳларда 4 йил вақт сарфлаб, 100 грамм «картон»дан бошқа бирор нарса олмайсиз. Бу ачинарли, аммо ҳақиқат.


Aммо! Нима бўлганда ҳам, сиз ўзингизни ривожлантириш билан шуғулланишингиз шарт! Севган соҳангизда профи бўлинг. Кунига бир неча соатни ўзингиз севган машғулотга сарфланг. Тил ўрганинг. Инглиз тили аллақачон чет тили эмас. Бу ҳамма билиши керак бўлган стандарт тил.


Саёҳат қилинг. Ҳеч бўлмаса қўшни шаҳар ёки қишлоққа. Саёҳат учун пул аяманг. Турли мамлакатлардаги турли одамлар билан суҳбатлашинг. Бирорта олийгоҳ беролмайдиган билимни саёҳат беради.


Aгар пулингиз бўлмаса, бепул саёҳат қилиш усулларини изланг. Дунё кезинг. Бизнинг жамиятимиздан дам олинг. Ҳеч бўлмаса бир ой, яхшиси бир йил. Бу сизга сиз ўйлагандан кўпроқ нарса беради.


Машина / уй / тўй учун пул ишлашни мақсад қилиб қўйманг. Ҳаётингиз ўтиб кетади. Ўзингизни темир-терсакдан устун қўйинг. Бой бўлишга интилманг. Пул сизни ҳаётингизни бошқариши керак эмас. Ҳеч қандай мансаб завқланиб ишлаб топган пулингизга етмайди. Сизга завқ бағишлаган касб сизни бой қилганини ўзингиз билмай қоласиз.


Омад сизга, битирувчи!

реклама
реклама
Отабек Бакиров
Иқтисодчи, Bakiroo Telegram-канали муаллифи

Ўзимни битирувчи деб тасаввур қилганимда илм-фан йўлидан, кўпроқ имконият ва қобилиятим бўлган математикани ўрганишда давом этишим зарурлигини айтган бўлардим.


Учта энг муҳим ҳислатлар:

  • Мустақил қарор қилишдан қўрқмаслик,
  • Хато қилишдан қўрқмаслик,
  • Кўпчиликка қарши боришдан қўрқмаслик.

Битирувчилар ўзларида қайси қобилиятни кўраётган бўлса, қайси соҳада ўзини рақобатли бўла оламан, деб ҳисоблашса, ўша йўналишни танлаши керак. Ўзимни ҳали топмадим, деб ҳисоблаганлар эса тил ўрганиши зарур.

Даврон Файзиев

Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот котиби, футбол шарҳловчиси

Бўш ва бўш бўлмаган, ухлаш ва овқатланишдан ташқари ҳамма вақтингни ўқишга бағишла, тил ўрган. Танлаган касбингни чуқурлаштирилган даражада ўрган. Ҳозир суткалаб билимни ва интеллектни оширишга куч ва энергиянг етади. Айнан мана шу ўсмирлик вақтидаги ўқиш тикланиб бўлмайдиган билим манбаи. Шу даврда одам бошқа нарсаларга чалғиса (бу вақтда бунга факторлар жуда ҳам кўп), кейин яна ўша мақсад сари йўлга қайтиш жуда ҳам қийин бўлади. Жуда узоқлардан айланиб келишга тўғри келади.


Ҳаттоки иш ҳам чалғитувчи фактор бўлиши мумкин. Кимдир мажбурликдан ишлайди. Агар оч қолмаётган бўлса, ишни йиғиштириш керак. Бу ўқийдиган пайт. Кимдирда эса зўр-зўр имкониятлар пайдо бўлади. Бироқ, ҳаттоки дунёнинг энг зўр мега корпорацияларидан иш таклиф қилишса ҳам, ундан воз кечган ҳолда, билимни ва даражани оширишга вақт, куч, керак бўлса маблағ ишлатиш керак.


Янги авлод вакиллари учун учта муҳим ҳислатлар:


  • Ҳалоллик, тозалик. Бу жуда ҳам муҳим. Ҳалол одам ҳеч қачон ўзига бўлган ишончни йўқотмайди. Ҳар кимнинг кўзига тик қарай олади. Боши эгилмайди.
  • Одоб-ахлоқ. Ёшликда одам шунақанги хатоларга йўл қўядики, кейинчалик умри давомида афсусланиб юради. Бу хатолар кўпинча одоб-ахлоқ йўқлиги натижасида юзага келади.
  • Сабр. Бу айнан ўқиш ва билим олишдаги сабр. Бунда ўз мақсадидаги якуний нуқтани ўзига мотивация қилиб олиб, шунга сабр билан интилиш керак бўлади.

Қайси соҳани танлашдан қатъи назар профессионаликка интилинг. Энг зўри бўлишга, ҳаётда керакли мутахассис бўлишга интилинг.


Ва яна битта муҳим нарса, доимо ўзингиз ҳурмат қилган тажрибали инсонларнинг маслаҳатларига қулоқ тутинг. Ҳеч қачон ундан ўзингизни олиб қочманг. Ўрганишдан тўхтаманг.


Спортда шундай: Оддий спорт залидаги машғулотни олайлик. Одам битта машқни бажараётганда кучи қолмаган, чарчаган ҳолатда мураббий яна бир ёки икки марта шу машқни бажаришни буюрса, ўша машқни бажара олган инсонда ривожланиш бўлади, лекин ўша чарчаган пайт тўхтаса, бўлди, «планка» ўша ерда қолади, тўхтайди.


Шу маънода ҳар доим «Бўлди!» деган пайтингизда ҳам, «Йўқ, яна озгина бўлса ҳам олдинга интилишим керак» деб одам ўзига босим қилиши керак.

Материални Муштарий Оқбоева тайёрлади
Иллюстратор: Элдос Фозилбеков

Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли.

«Газета.uz» ва бошқа учинчи шахсларга тегишли www.gazeta.uz веб-сайтида жойлаштирилган

фотографик, график ва бошқа материаллардан ҳар қандай ҳолда фойдаланиш тақиқланади.


Бирор қизиқарли воқеа ёки ҳодисани биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз?

Ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг