2021 йил битирувчиларига мурожаат
Бош вазир ўринбосари, Масс-медиа фонди раҳбарияти, ЕИ элчиси, Uzbekistan Airports раҳбари, Антикоррупцион агентлик директори ва Тошкент ҳокими 2020-2021 ўқув йили битирувчиларига
ўз маслаҳатлари ва тилакларини билдиришди.
Мамлакатлар пандемия билан курашиб, энди қандай ривожланиш мумкинлиги ҳақида бош қотириб турган бир пайтда, мутлақо янги шароитларда ўзини намоён қилиши керак бўлган янги авлод вакиллари етишиб чиқмоқда.

2020-2021 ўқув йилида мактаб ўқувчилари ва олийгоҳ талабалари анъанавий таълим шаклига қайтишди, лекин ҳамма ҳам йил бўйи таълим даргоҳида таҳсил ололмади. Уларнинг кўпчилиги ўқишни яна масофавий тарзда битиришига тўғри келди.

«Газета.uz» давлат арбоблари, элчилар ва ҳокимлардан 2020-2021 ўқув йили битирувчилари ва ёшларга ўз маслаҳатлари ва тилаклари билан мурожаат қилишларини сўради.

Биз уларга учта савол бердик:

1. Ўзингизни битирувчи деб тасаввур қилсангиз, ўзингизга нималарни маслаҳат берардингиз?
2. Янги авлод вакиллари қандай учта муҳим ҳислатларга эга бўлишлари керак?
3. 2020-2021 ўқув йили битирувчиларига маслаҳат ва тилакларингиз.

Эътиборингизга уларнинг жавобларини ҳавола қиламиз.
Азиз Абдуҳакимов
Бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири
Биринчи навбатда нафақат таълим олиш, балки амалий кўникмаларни орттириш ва шахсий ривожланиш истиқболларини аниқлаш учун устоз танлаш муҳим. Бу профессионал ўсиш учун жуда катта аҳамиятга эга.

Шунингдек, ўзингизга қизиқарли бўлган йўналишларни чуқур ўрганиш учун диққатни жамлай олиш керак. Китоб ва адабиёт ўқиш фикрлашни самарали равишда ривожлантиради ва керакли кўникмаларни эгаллаш имкониятини беради. Интернет мавжудлиги эса ҳар бир кишига турли хил маълумотларни олишга кенг имкониятлар очади.

Янги авлод учун қуйидаги ҳислатлар муҳим:
  • Таҳлил қилиш қобилияти;
  • Етакчилик қобилияти;
  • Soft-skill'ларни ривожлантириш — бугунги кунда улар энг асосий кўникмалардан бири. Уларга коммуникация, танқидий фикрлаш, муаммоларга ечим топиш, креативлик, жамоада ишлаш, музокараларни олиб бориш санъати, ўз ҳаётини ташкиллаштира олиш, тайм-менежмент, можароларни ҳал қилиш, масъулиятлилик ва этикет каби кўникмалар киради.

Азиз битирувчилар!

Олдингизга қўйган мақсадларга эришишдан ҳеч қачон қўрқмаслик керак. Ҳар бир ўтилган тўсиқ — бу сиз орттирган ноёб ҳаётий тажриба.

Эсингизда тутинг, таълим олиш — бу ўзингизга киритадиган энг муҳим инвестициянгиздир. Катта ҳажмдаги очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда, бугун ҳар бир киши Вазир бўлиш имкониятига эга. Ўзингизни ривожлантиришдан тўхтаманг.

Саида Мирзиёева
Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари
Мактабдаги сўнгги кунлар... Минглаб битирувчилар ҳаётида ушбу сўнгги кунлар янги бошланиш бўлади.

Мен сизларни мактабни битирганингиз билан табриклайман ва қачонлардир катталардан олган маслаҳатимни сизлар билан ҳам бўлишмоқчиман. Олдинда сизларни узун ва умидга тўла ҳаёт кутиб турмоқда, ушбу умидларнинг рўёбга чиқиши фақат бир кишига – ойнадаги аксингизга, ўзингизга боғлиқ. Сиздан бошқа ҳеч ким сизнинг ҳаётингизни бошқармайди ва ўз ҳаётингиз учун ўзингиз жавобгарсиз.

Туғилишингиз билан сизда танлаш ҳуқуқи бор, танловларингиз аксарият ҳолларда тўғри бўлишига тилакдошман, лекин баъзида сиз хато қилишингиз ҳам мумкин. Ушбу хатоликлардан хулоса чиқариш ва уларни бошқа такрорламаслик зарур.

Шуни эсингизда тутингки, истеъдодни олқишлаш учун янграган қарсаклар ортида юз минг соатлаб тўхтовсиз ўз устида ишлаш ётибди. Ҳар бир ғалаба ортида йиллаб меҳнат, ҳар бир шоҳсупа ортида тўсиқлар тоғи бор.

Ҳақиқат бўйича яшамоқчи бўлсангиз, мазмунли ҳаёт кечиринг, оқим бўйича сузманг, мақсад сари дадил қадамлар билан интилинг. Фақатгина қаердан келганингиз ва нималарни енгиб ўтганингнизни кўриш учун ортга назар ташлашингиз мумкин.

Қалбингиз интилган ҳар қандай касбни танланг, атрофдагиларга эътибор бермасдан, шубҳаларсиз, гарчи бу касб жамиятдаги қарашларга қарши бўлса-да ва анъанавий тарзда эркаклар касби ҳисобланса-да.

Жасур бўлинг, жасурлигингиз асосини яхшилаб тушуниб, ҳар бир қадамингиз ва ҳар бир сўзингиз учун жавоб беринг.

Ҳаётимиздаги реалликлар сабабли (айниқса ёш қизлар, мактаблардаги битирувчи-қизларимизга нисбатан) сизларга биринчи навбатда омад эмас, сизларни қўллаб-қувватлашларини, атрофдагилар сизга меҳрибон ва тушунувчан бўлишларини ва ота-оналар ўз фарзандларининг танловларини қўллаб-қувватлашларини тилайман.

Истеъдодингизни намоён этиш учун сизни ҳеч нима тўхтатмасин. Сиз бу жамиятга фойда келтира оласиз, сиз мустақил бўла оласиз.

Хатолар сизни фақатгина кучлироқ, омадсизликлар эса ақллироқ қилсин, чунки ҳаётда учрайдиган ҳар бир қийинчилик – бу ривожланиш, борлиғингизнинг асосини ташкил этадиган муҳим бир бўлак.

Ҳаёт йўлингизда сизга муваффақиятлар ва ғайрат тилайман!
Акмал Бурхонов
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори
Мен ўзимга фаолроқ бўлишни, эринмасликни, ҳар қандай билим ва кўникмаларни эгаллашни маслаҳат берган бўлардим. Спорт билан кўпроқ шуғулланиш, иложи борича кўпроқ тилларни ўрганиш. Ва энг асосийси — ўз мақсадимни танлаб, унга интилиш.

Ва албатта, сабр, сабр ва яна бир маротаба сабр. Чунки ўқиш бўладими ёки иш — бу спортчи учун ҳам, аълочи учун ҳам маълум бир жисмоний ёки ақлий меҳнат.

Учта энг муҳим ҳислатлар:

Мослашувчанлик. Янги давр доимий ўзгаришларга бой. Ҳозир ҳеч ким ҳаётда нимага тўқнаш келишини ва унга кўпроқ нима керак бўлишини айта олмайди. Мослашувчан ва ўзгаришларга тайёр тура оладиган кишилар тезроқ ўз йўлини топиб, ҳаёт йўналишларида ҳаракатланишда давом этади.

Инновацияларга интилиш. Ўйлашимча, бу инсон ривожланиши учун энг муҳим ва керакли хусусиятлардан бири. Замонавий дунёда новаторларга бўлган талаб кўпроқ ва улар муваффақиятлироқ одамлардир.

Хабардор бўлиш. Орамизда кўпимиз «Ахборотга эга бўлган киши дунёни бошқаради» деган жумлани эшитганмиз. Бу ҳозир бизнинг жадал равишда ўзгараётган дунёмизда ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Янги чўққиларни забт этиш, қарорлар қабул қилиш ва муаммоларни ҳал қилиш учун доимо хабардор бўлиш, ишончли маълумотга эга бўлиш, уларга баҳо бериш ва айни вазият учун тўғри келадиган йўлни танлаш керак.

Барча битирувчиларни ўқишни тугатганликлари билан чин қалбимдан табриклайман. Сизларга муваффақиятли старт тилайман. Омад, янги ғалабалар, яқинларнинг қўллаб-қувватлаши, бахт ва муваффақият ҳаётингиз ҳамроҳи бўлсин.

Ўзгаришлардан қўрқманг ва катта орзуларингиз сари жасорат билан илдам қадам ташланг. Келажакда сизни кутиб турган нарсаларнинг барчаси биринчи навбатда фақат ўзингизга боғлиқ. Ҳаракат қилинг, олға интилинг ва ҳеч қачон таслим бўлманг!
Рано Жўраева
Uzbekistan Airports компанияси бошқаруви раиси
[Мактаб ёки университетни битираётган ўзимга шундай дердим]: «Бир умр ўқишга, ўрганишга тўғри келади!»

Учта энг муҳим ҳислатлар:
  • Дангасалик қилмаслик;
  • Инглиз тилини билиш;
  • Спорт билан шуғулланиш.

XXI аср ва 2021 йилда барча битирувчиларга замонга монанд лойиҳаларда ўзларини топишларини тилайман.
реклама
реклама
Комил Алламжонов
Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси
Мен 17 ёшдаги ўзимга фақатгина бир нарсани айтардим: «Ҳеч нарсадан қўрқма, Комил».

Ёшлигимда ҳаётни заҳарлайдиган кўп қўрқувлар бўлган, лекин мен уларнинг ҳаммасини енгдим.

Ғояларингиз мувафаққиятга эришмаслигидан, ҳеч нарсада омадингиз чопмаслигидан, барчаси бошланишида юқори даражада эмаслигингиздан ва обрўли қариндошларингиз йўқлигидан қўрқманг. Агар аниқ мақсад бўлса – олға интилинг ва унга эришинг, ва агар ниманидир бошлаган бўлсангиз – ундан воз кечма.

Ёлғон гапириш ва қуруқ вада беришдан қочиш керак. Агар қўлингиздан келмаслигини кўрсангиз, вада берманг; агар вада берсангиз, шу ишни бажаринг. Барча кучингизни сарфлаган бўлсангиз-да, ҳеч нарса ҳал бўлмаса, тўғрисини айтинг. Чунки ишонч – бу капитал, бу мақсадга эришиш формуласининг таркибий қисми.

Ниманидир яратишингиздан олдин сизга иттифоқчилар, ҳамкорлар ва жамоа керак бўлади. Улар сизга ишониши керак, шунинг учун ўз репутациянгизни мустаҳкамланг. Ва қанчалар тойилсангиз ҳам, қанчалар куйиб қолсангиз ҳам, репутациянгиз сизни оёққа турғизади ва ёрдам беради. Шуни ёдда тутинг. Айнан ҳозир, йўлнинг бошида у ҳақда қайғуришни бошлаш керак. Ростгўйлик ва тўғрисўзлик – бу имижни шакллантирадиган ҳислатлардир.

Мен барча битирувчиларга ўз олдиларига улкан мақсадлар қўйишларини тилайман, бу дунёда иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Ракета қуриб, космосга учиб кетишни хоҳлаб қолишадими – буни амалга ошириш оддий ва осон. Гарвардга ўқишга кириш, Голливуд киноюлдузи бўлиш ёки иккинчи Билл Гейтс бўлиш – буларнинг барчасига эришишнинг имкони бор. Оламга кенг назар билан қарашни ўрганиш ва ўз олдига сунъий тўсиқлар қўйишни тўхтатиш керак.

Биз ҳам буюк, бадавлат ва ҳурматга сазовор мамлакатни қурмоқдамиз, ва асосий умидимиз кенг фикрлайдиган ва ўз орзуларини рўёбга чиқара оладиган ёшлардан.
Шарлотт Адриан
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси
Агарда мен ҳозир битирувчи бўлсам, янада кўпроқ билим олишни хоҳлардим, бугун ва келажакда биз дуч келадиган муаммоларга ечим топишда қўл келадиган кўникма ва компетенцияларни орттиришга ҳаракат қилардим. Мен фақат битта мутахассислик билан чекланиб қолмасдан, ўз онгимни турли соҳа билимларига очиқ қолдирардим.

Мен барқарор, яшил, адолатли, инклюзив ва тинч дунёни барпо этишга йўналтирилган ўзгаришларда қатнашиш учун ўз салоҳиятимни ривожлантирардим.

Учта энг муҳим ҳислатлар:

  • Қизиқувчанлик, қизиқувчан бўлинг ва шундайлигингизча қолинг, ҳеч қачон билим олишдан тўхтаманг.
  • Танқидий фикрлашни ривожлантиринг, савол беринг, доимо фактларни текширинг.
  • Одамларни ва табиатни ҳурмат қилинг, улар сизга ҳали керак бўлади.

Ҳурматли битирувчилар, чин қалбимдан сизларга бахтли, мазмунли, фаол ва хавфсиз келажак тилайман!
Жаҳонгир Ортиқхўжаев
Тошкент ҳокими
Мактаб ёки университетни битираётган ўзимга шундай деган бўлардим: «Вақтингни амалиётга сарфла, ҳеч қачон тўхтаб қолма ва таслим бўлма. Янги йўлларни изла, ўзингга хосликни йўқотма. Ўзингни ўзинг сина – ҳатто ўзингга ҳам етишишнинг иложи йўқдек туюлган мақсадларни нишонга ол. Асосийси – таваккал қилишдан қўрқма».

Учта энг муҳим ҳислатлар:

  • Мақсадга интилувчанлик, олма пиш оғзимга туш демай, керакли вақтда қарор қабул қилиб, ишни бажариш қобилияти.
  • Садоқат — ўз мақсад ва идеалларига, атрофидаги инсонларга, ўз юртига содиқлик.
  • Кучли ирода — истагинг бўлмаса ҳам, зарур бўлганида ўзингни ишлашга мажбурлай олиш.

Ҳурматли битирувчилар!

Ўз ҳаётингизни ўзингиз бунёд этинг – осон йўлларни, бошқалар забт этиб бўлган чўққиларни изламанг, ўзингизнинг ишингизни қилинг, ўз оламингизни, тақдирингизни, вазиятингизни яратинг. Бировга эргашманг — эргаштиринг. Биронта ишда биринчи бўлишга ҳаракат қилинг.

Ва унутманг: ҳаммаси албатта яхши бўлади.
Омад тилайман! Сизга ишонаман!
Материални Давлат Умаров тайёрлади.
Иллюстратор: Эльдос Фазылбеков

Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар “Газета.uz” нашрига тегишли. “Газета.uz” ва бошқа учинчи шахсларга тегишли www.gazeta.uz веб-сайтида жойлаштирилган фотографик, график ва бошқа материаллардан ҳар қандай ҳолда фойдаланиш тақиқланади.


Бирор қизиқарли воқеа ёки ҳодисани биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз?

Ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг