«Дадам: „Жефф Безосни кўрдингми?“ – деб сўрарди» — Amazon компаниясининг реклама бўйича консультанти Ирина Аблязова

Amazon компаниясининг тематик рекламаларнинг автоматлаштирилган хариди бўйича консультанти Ирина Аблязова – «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони. Биз ундан Америкадан бўлмаслик иш топишга қандай ёрдам бериши, компаниянинг қатъий корпоратив маданияти, нима учун раҳбариятга чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлиш шарт эмаслиги ва АҚШга қандай қилиб бориш мумкинлиги ҳақида сўрадик.

«Папа спрашивал: „Джеффа Безоса видела?“» — консультант по рекламе Amazon Ирина Аблязова
«Газета.uz» таҳририяти «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида хорижда таҳсил олаётган ёки хорижий олий ўқув юртларини тамомлаб, чет элда ишлаётган ҳамюртларимиз билан суҳбатларни эълон қилиб боради. Биз ватандан узоқдаги ҳаёт, хорижий таълимни танлаш сабаблари ва қаҳрамонлар дуч келган синовлар ҳақида суҳбатлашамиз. Лойиҳанинг янги меҳмони — Amazon компаниясининг программатика бўйича консультанти Ирина Аблязова.
Ирина Аблязова Бухорода туғилиб, уч ёшигача ушбу шаҳарда яшаган, сўнгра оиласи билан Навоийга, кейин эса Тошкентга кўчиб ўтган. Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида ўқиш билан бир қаторда Йел университетида (АҚШ) «Бизнес бошқаруви ва менежмент» бўйича Pre-MBA ёзги курсини тамомлаган. 2016 йилда Ирина Hult International Business School (Бостон, АҚШ)нинг Халқаро бизнес, савдо, тижорат йўналиши бўйича магистратура даражасини тамомлаган. 2021 йил октябрь ойидан Ирина Аблязова Amazon`да программатика (интернетда тематик рекламани тўғридан-тўғри эмас, балки махсус платформа орқали сотиб олишнинг автоматлаштирилган усули) бўйича консультант сифатида ишлаб келмоқда.
– АҚШга кўчиб ўтиш фикри қандай пайдо бўлди?
– Бутунлай кетиш ниятим йўқ эди. Шунчаки, болалигимдан инглиз тилини репетитор билан ўрганганман ва у кўпинча тил ўрганиб, чет элга кетган, у ерда иш топган ёки ватанига ажойиб лойиҳаларни амалга ошириш учун қайтиб келганларнинг ҳикоялари билан ўртоқлашарди. Мен ҳам зўр бўлишни хоҳлардим.

Йел университетида Pre-MBA дастурини тугатиб, АҚШда Ўзбекистонга бир неча йил кечикиш билан келадиган қизиқарли нарсалар борлигини англаб етдим. Масалан, худди шу программатика. 2015 йилда Вестминстер университетини тамомлаб, магистратурада ўқиш учун Бостонга учиб келдим. Америка университетида бакалавр ёки магистратура босқичини тамомлагандан сўнг чет эл фуқароси мамлакатда бир йил ишлаш ҳуқуқини қўлга киритади. Шундай қилиб, АҚШда иш топдим ва турмушга чиқдим.
– Хорижда ўқиш қарорингизга ота-онангиз қандай муносабатда бўлишди?
— Дадам ҳар доим менга ишонган ва қўллаб-қувватлаган. У: «Сени ҳеч нарсада чегараламайман – кўзлаган мақсадларингга эриш», – дерди. У ўғли бўлишини жуда истарди, икки қиз туғилди. Онам жуда хавотирланарди ва йиғларди, чунки мен қариндошларимиз бўлмаган мамлакатга учиб кетаётгандим. У қўнғироқ қилиб: «Қизим, мен сени ичимда ушлаб турмаслик учун нарсаларингни йиғиб, шкафга олиб қўйдим. Америкада хотиржам яша ва ўқи», – деган кунни яхши эслайман.
– АҚШдаги биринчи ишингизни эслайсизми?
— Hult International Business School`нинг биринчи йилида мен стартапга ишга жойлашдим. Унинг жамоаси атиги 3 кишидан иборат эди. Ғоя Бостонда спиртли ичимликларни бир соат ичида етказиб беришдан иборат эди. Тўлов сифатида менга ойлик йўл чиптаси беришарди, унинг нархи тахминан 120 доллар эди.

Биз ичимликлар қутиларида ўтирган ҳолда режалар ва вазифаларни муҳокама қилардик, лекин лойиҳа яратувчилари жуда кўп қизиқарли ғояларга эга эдилар ва менга тўлиқ ҳаракат эркинлиги берилди! Биз қиммат уйларга борардик (у ерда квартираларни ижарага олиш нархи ойига 10 минг доллардан бошланади) ва раҳбариятга аҳоли учун бепул вино ва пиво дегустациясини ўтказишни таклиф қилардик. Одамлар одатда рози бўлишарди. Шуни таъкидлаш керакки, Бостонда пиво асосий маҳсулот, шаҳарнинг ғурури. Шаҳарда маҳаллий ичимлик турларини ишлаб чиқарадиган кўплаб пиво заводлари мавжуд. Тарвуз ёки манго таъмли пивони татиб кўриш мумкин.
реклама
реклама
Ўша пайтда 22 ёшда эдим ва ҳеч қачон спиртли ичимликларни истеъмол қилмаганман, ҳатто ҳидидан жирканардим. Шунинг учун, одамлар маҳсулотлар ҳақида саволлар беришганда, аввалига ҳеч нарса дея олмай қолардим. Шу ҳақдаги жуда кўп мақолаларни ўқишимга тўғри келди. Мен бу жойда олти ой ишладим, кейин Нью-Йоркка кўчиб ўтдим. Жамоа бир неча йил давомида яхши кўтарилди ва хизматни 15 млн долларга йирик компанияга сотишди ва юқори бошқарувдаги ўринларини сақлаб қолишди. Кейин бу компания Uber томонидан сотиб олинди. Ҳозирда стартап яратувчилари у ерда алкогол етказиб бериш йўналишига масъул.
— Amazon`га қандай келиб қолгансиз?
— Amazon`дан олдин мен 2,5 йил давомида реклама агентликларида программатика (махсус платформа орқали интернетда тематик рекламани автоматлаштирилган ҳолда харид қилиш) соҳасида ишладим, сўнгра WarnerMedia телекоммуникация конгломератида мижоз томонига ўтдим. Бир неча йил ўтгач, кейинги касбий ўсиш учун ўз соҳасидаги етакчи компаниялардан бирига кириш керак деган фикр туғилди. Америкада улардан бир нечтаси бор — Google, Amazon, Trade Desk.

Охири Amazon`га ёзиб, уларга менинг мутахассислигим бўйича ходимлар керакми ёки йўқлигини сўрадим. Компания вакансияга ҳавола билан жавоб берди, резюмени юбордим ва ишга қабул қилишнинг барча босқичларидан ўтдим. Аризани топширишдан то таклифни олишгача бўлган жараён 3,5 ой давом этди.

Биринчи босқич кадрлар бўлими ходими билан суҳбат бўлди. Шундан сўнг мен профессионал хусусиятларни баҳолаш бўйича иккита вазифани бажардим ва охирида 6 соатлик суҳбатга таклифнома олдим.

Пандемиягача давр бўлганида Amazon офисига борардим. Ҳозирги воқеликда иш изловчи 6 соат давомида компьютер олдида ўтириб, интервью олувчилар билан онлайн суҳбатлашмоқда. Танаффус қилиш ёки кетишнинг иложи йўқ. Ўша пайтда қизим бир ёшга тўлмаган эди ва чақалоқ кун бўйи: «Онам, онам, онам қаерда?» – деб мени қидирарди. Онаси эса бир шиша сув билан хонага қамалиб олганди.
Бостондаги Hult International Business School магистратураси битирув кечаси.
Ирина отаси Тимур Аблязов билан, 2016 йил.
— Якуний суҳбат чоғида номзодларнинг қандай малака ва хусусиятлари баҳоланади?
– Интервьюни ўтказадиганлар танлов бўлаётган вакансияга алоқадор эмас, булар Amazon`нинг 6 та тасодифий ходими. Улар чидамлиликни баҳоладилар, мантиқ ва реакцияларни синаб кўрдилар, storytelling (ҳикоя қилиш) қобилиятларини кўриб чиқдилар, чунки менинг позициям мижозлар билан доимий мулоқотни, кўплаб қўнғироқлар ва алоқаларни талаб қилади.

Ҳар бир интервью олувчи маълум бир ҳиссий фон яратишга интилди. Кимдир дўст бўлишга уриниб, норасмий, дўстона суҳбатлашди, кимдир совуққонлик кўрсатиб, масофа сақлади, бу эса одамни чалкаштирарди. Айтганларимдан шубҳаланиб, қўшимча тафсилот ва тасдиқларни талаб қилган яна бир аёл ҳам бор эди.

Суҳбатдан сўнг, интервью олувчилар ходимларни ёллайдиган гуруҳ билан учрашиб, ўз хулосаларини берадилар. Жараён тахминан уч ҳафта давом этади, чунки уларнинг ҳаммаси жадваллари осонгина мос тушавермайдиган банд одамлар.
– Нима деб ўйлайсиз, қандай хусусиятларингиз сизга иш бўйича таклиф олишга ёрдам берди?
– Биринчи навбатда тажриба. Мен дастлаб атайлаб агентликка бордим, у ерда унчалик яхши маош беришмайди ва сиз эрталабдан кечгача ишлашингиз керак, лекин жуда катта тажрибага эга бўласиз. Ўшанда мен шу даражада кўп ишлаганманки, Uber`да платина мақомини қўлга киритдим. Гап шундаки, Америка компанияларида, агар ходим соат 20:00 дан кейин ишдан чиқадиган бўлса, такси харажатларини қоплаш одатий ҳолдир. Мен кечаси 12 гача ишлардим, офис Манхеттенда жойлашган эди ва мен Бруклинда яшардим. Uber бир томонга 120 долларга тушарди. Ҳар ҳафтанинг охирига келиб иш берувчим мендан 700 долларга яқин қарздор бўларди.

Менимча, Amazon, Google, Netflix каби йирик компаниялар турли миллатдаги, турлича ёндашув ва қарашларга эга бўлган одамларни ишга олишади. Бу ерда менинг Америка маданиятини тўлиқ ўзлаштирмаганим ва ҳали ҳам Ўзбекистон билан мустаҳкам алоқани ҳис қилаётганим ўз таъсирини ўтказди – мен бошқа номзодлардан ажралиб турардим.
– Программатика бўйича мутахассислар айнан нима иш қилишади?
– Программатика, бу – таргетланган ва контекстли реклама аралашмаси, уни сотиб олиш тури. Биз фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотларни йиғамиз, хатти-ҳаракатлар сегментларини таҳлил қиламиз ҳамда қаерда ва қандай ўзини тутаётганига қараб аниқ бир фойдаланувчини таргетлаймиз.

Энг оддий мисол — YouTube баннер рекламалари. Сиз Nike аёллар кроссовкаларини қидиряпсиз ва Nike баннерлари сизни тақиб қилади. Биз сизга бу рекламани аёл киши бўлганингиз учун, потенциал кроссовка харидори бўлганингиз учун, маълум ёшда ва маълум бир ҳудудда бўлганингиз учун кўрсатамиз.

Бундан ташқари, маълум бир сайтда реклама сотиб олишни танлаш мумкин. Бундай ҳолда, реклама берувчи тўғридан-тўғри ресурс маъмурияти билан боғланиш ўрнига платформани (масалан, «Яндекс» ёки Google) ўрнатади, созламаларни танлайди ва энди унинг баннери сайтнинг бутун аудиториясига эмас, балки фақат, дейлик , 18 ёшдан 24 ёшгача бўлган 3 миллион сўмдан 5 миллион сўмгача маош оладиган ва яқинда кўзи ёриган аёлларга кўрсатилади.
– Умуман, Amazon компаниясида ишлаш қандай?
— Ўтган йилнинг октябрь ойидан бери Amazon компаниясида бўлишимга қарамай, мен ҳалигача офисни кўрмаганман. Биз узоқдамиз. Лекин мен у ернинг жуда зўр эканлигини эшитдим. Компания ҳудудида болалар боғчаси мавжуд бўлиб, сиз кун давомида боланинг олдига бориб туришингиз мумкин. Amazon, шунингдек, ходимларга уй ҳайвонлари билан ишга келишга рухсат берилган кунларни ҳам белгилаб беради.

Қизиғи шундаки, бизда тушлик учун аниқ вақт йўқ. Бу ерда ҳеч ким ҳамкасбининг соат 12 да режалаштирилган танаффуси борлигини ўйламайди ва шу вақтга хотиржамлик билан учрашув ёки қўнғироқ қўя олади. Менда ҳам кетма-кет 9 та қўнғироқ бўлиб туради.
— Amazon ўзининг қатъий корпоратив маданияти билан машҳур: ҳар бир ходимдан максимал даражада ишлаши талаб қилинади, ҳамкасбларини қаттиқ танқид қилиш мумкин. Шунга ўхшаш нарсани бошдан кечирдингизми?
— Корпоратив маданиятнинг қатъийлиги бошиданоқ сезилади. Янги ходимлар 3 ҳафталик тренингдан ўтадилар: қандай қилиб email ёзиш, қўнғироқларга қандай жавоб бериш, суҳбатни қандай қуриш бўйича. Бир қарашда «Нега мен хат ёзиш каби оддий нарсаларни ўрганишим керак?», деган саволларни берасиз ўзингизга. Лекин хабарнинг тўғри тузилиши кўп вақтни тежайди. Ўз нуқтаи назарингизни тушунтиришга 5 та хатни бағишлаш ўрнига, сиз битта электрон почта хабарини ёзасиз ва ҳамма нарса қабул қилувчиларга дарҳол тушунарли бўлади.

Шунингдек, ҳар бир ходим, ҳар ҳафта бир соат давомида ўз менежери билан гаплашади. Қўнғироқнинг биринчи ярмида у бир ҳафта ичида нима қилганингизни тинглайди, иккинчи ярмида эса сиздан нимани кутаётганини айтади. Иш соатларида имкон қадар самарали бўлиш талаб қилинади у ёки бу вазифани бажаришни хоҳламаслик мумкин эмас. Бироқ раҳбарият одамлар доимо 100 фоиз қувватини ушлаб туришга қодир эмаслигини тушунади. Агар етарли кучингиз бўлмаса, сиз буни раҳбариятга рўйирост тан олишингиз ва қўшимча дам олиш куни сўрашингиз мумкин.
реклама
реклама
Бир томондан, Amazon маданияти, бу – натижаларга ва қатъий чегараларга эътибор, бошқа томондан, ажойиб самарадорлик. Инсон нима қилиши кераклигини тушунади, лекин бунга жавобан маълум чегаралар қўяди. Шундай қилиб, масалан, дам олиш кунлари ёки 17:30 дан кейин ҳеч ким мени безовта қилмайди. Мен корпоратив қонун билан ҳимояланганман. Агар кимдир ходимни белгиланган вақтдан ташқари ишлашга мажбурламоқчи бўлса, унда муаммо оддийгина ҳал қилинади. Менежерингизга ёзиш кифоя ва у тезда бундай ҳаракатларни тўхтатади.
— Ўзбекистонлик қариндошларингиз ва дўстларингиз сиздан нима ҳақида кўпроқ сўраб туришади?
— Жефф Безос ҳақида. Эсимда, олдинлари дадам: «Жефф Безосни кўрдингми?» деб қизиқаверарди. Аммо Amazon компаниясида ишлаш компания асосчиси билан мулоқот қилиш дегани эмас. Безосни фақат янги ишга қабул қилиш дастури пайтида онлайн кўрганман.
Ушбу дастур ҳақида батафсил маълумот берсангиз.
— Amazon етакчиликнинг 14 та тамойили устига қурилган, улардан биринчиси «мижозларга йўналганлик». Сиз мижозни яхши кўришингиз керак ва дастурнинг биринчи ҳафтаси ушбу постулат (исботсиз қабул қилинадиган қоида – тарж.) асосида қурилган. Янги келганларга Жефф Безоснинг чиқишлари акс этган видеолар намойиш этилади, кейин эса унинг ўзи тренингларга келади ва компания қанчалик буюк эканлигини ҳамда Amazon нима учун Amazon бўлганини тушунтиради. Жефф Безос жуда харизматик шахс. У ўзини тўлиқ ишига бағишлайди, чунки тренинг пайтида сиз унинг мижозисиз, у сизни чин дилдан ҳурмат қилади ва ҳар қандай саволларга жавоб беришга тайёр бўлади.

Янги ходимлар учун Безос гуруҳ машғулотларини ташкил қилади, улар билан танишади, ҳол-аҳвол сўрайди. Одамлар ўзларига нима ёқиши, нима ёқмаслигини очиқ айтишади. Ўша дамда у ҳақиқатан ҳам суҳбатдошни тинглайди, кейин хаёлига келган фикрлари билан ўртоқлашади.

Сессия вақтида мен менежер йўқлигидан хавотиримни билдирдим. Ўша пайтда жамоа эндигина шаклланаётган эди ва менга Amazon`да устозим бўладиган одам етишмасди. Жефф Безос бу муаммо ҳақида билишини ва 3 ҳафта ичида ҳал қилинишини айтди. Ҳаммаси шундай бўлди. Компания асосчиси ўз даражасидан паст бўлган масалаларни ҳам чуқур ўрганиши ёқимли ҳолат.
– Мижозларга йўналганлик тамойилини айтиб ўтдингиз. Ходимлар ҳақиқатдан ҳам унга риоя қиладими?
– Бу фалсафа мияга шу қадар қаттиқ сингдириладики, олти ойлик ишдан кейин одам бошқача ишлолмай қолади. Сиз мижоз учун ҳамма нарсани қиласиз, чунки сиз уни севасиз ва қадрлайсиз.

Ҳар бир Amazon ходимининг ўз мижози бор. Мен учун бу реклама берувчи компаниялар. Сайт жамоаси учун эса – интернет фойдаланувчилари, ва дастурчилар ҳақиқатдан ҳам интерфейснинг иложи борича қулай бўлиши ҳақида қайғуришади. Логистика маркази учун бу – жўнатмаларни олувчилардир, шунинг учун буюртмалар жуда эҳтиёткорлик билан ва аниқ тарзда қадоқланади. Ҳеч ким буюртма қилинган нарсаларни бепарволик билан қутига ташламайди.

Агарда жўнатма йўқолиб қолса, Amazon вазиятни ҳал қилиш ўрнига такрорий етказиб беришни маъқул кўради. Баъзида буюртмачига бошқа товар етказилиб берилган, бироқ унга ўша кунга шу товар керак бўлган ҳолатлар ҳам учраб туради. Бундай ҳолда компания буюртмани FedEx ёки UPS орқали жўнатади. Албатта, қўллаб-қувватлаш хизмати узоқ вақт тортишиб, мижознинг вақтини олишдан кўра, келгусида унинг ишончини қозонганлиги эвазига кўпроқ даромад топади.

Бироқ, мижозга бўлган муҳаббат чегараларни ҳурмат қилганда ва ўзингизни қадрлаганингизда пайдо бўлади. Кишида дам олиш, яхши уйқу ва мулоқотга вақт бўлса, у куч, энергияга тўлиб, бор имкониятини ишга солишга тайёр бўлиб ишга келади.
— Фаолиятингизга ўзбек тарбияси ва менталитети нуқтаи назаридан қарасангиз, Америка компанияларининг корпоратив маданиятига мослашиш сиз учун қийин бўлмаганми?
— Одамлар билан эркин гаплашишда қийинчиликлар бўлган. Ўзбек маданиятида раҳбарларга нисбатан қандайдир андиша бор ва ходим ҳамма нарса яхши эканига ишонтириб, муаммони айтишдан қўрқади. Муаммо борлиги гўёки сизнинг яхши иш қилмаётганингизни билдираётганга ўхшайди. АҚШда эса қийинчиликлар ўсиш учун имкониятлар сифатида қабул қилинади. Бу ерда қийинчиликсиз иш бўлмаслигини ва муаммолар ҳақида сукут сақлаш уни янада кучайтиришини билишади. Шунинг учун фикр ва ҳис-туйғуларни ўз вақтида раҳбарларга етказиш муҳимдир.

Карьерамнинг бошида касбий жаргонда гапиролмаслик муаммосига дуч келдим. Суҳбатдошим нима истаётганини тушунмасдим, ўзимни йўқолгандек ҳис қилардим ва ҳамкасбларимдан сўрашга қўрқардим. Оқибатда улар мендан аниқ хоҳлаган нарсани қилолмасдим. Биздан фарқли ўлароқ, америкаликлар суҳбатдош қанчалик катта лавозимда бўлмасин, савол беришдан қўрқмайди. Бу ерда ҳеч қандай аҳмоқона саволлар бўлмайди деб ишонишади.
— Хорижда ўқишни орзу қиладиган ватандошларга нима маслаҳат берасиз?
— Реклама соҳасида ишлашни ўйлаб кўришни маслаҳат берган бўлардим. Программатик-реклама соҳаси ҳақида Ўзбекистонда кам билишади, соҳанинг тўлиқ потенциали ўрганилмаган.
– АҚШга кўчиб ўтишнинг қайси вариантини энг мақбул деб ҳисоблайсиз?
– АҚШга боришнинг бир неча йўли бор: туризм, талаба визаси, иш визаси, оилани бирлаштириш ёки ҳар йиллик Green Card лотереяси.

Туристик визани олиш осон эмас. Ариза берувчининг қайтиб келиш учун жуда арзирли сабаби бўлиши ва у буни исботлаши керак.

Талаба визаси – чет элда ўқиш ва халқаро бозорда рақобатбардош бўлишни хоҳловчи ёш йигит-қизлар учун идеал имкониятдир. Бу ерда нафақат олий маълумот олиш (бакалавр ёки магистратура), балки тил курсларида ўқиш ҳақида ҳам ўйлаш керак.

Бундан ташқари, Америка университети битирувчилари учун иш визасини олиш анча осон. Талаба визалари деярли ҳар доим берилади, аммо молиявий ёрдам ёки грантлар Европа ёхуд Канадага қараганда камроқ тарқалган. Қўшма Штатларда таълимнинг тўлиқ нархини қоплайдиган бир нечта таълим дастурлари мавжуд, аммо шунга мос равишда рақобат ҳам бор.

Иш визаси — энг қийин йўл, чунки лотерея барча номзодлар ўртасида ўтказилади. Ҳар йили 300 минг кишидан атиги 80 минг киши танлаб олинади. Иш берувчи айнан сизнинг АҚШ иқтисодига керак эканлигингиз ҳақида ариза бериши керак. Мос равишда компания бундай қимматли ходимга юқори маош таклиф қилишга мажбур.

Оилани бирлаштириш ва Green Card лотереясини Қўшма Штатларга эмиграция қилишнинг энг реал йўллари деб атаган бўлардим. Агар ака-укаларингиз, ота-онангиз ёки АҚШ резиденти бўлган фарзандларингиз бўлса, қонуний равишда эмиграция қилишингиз ва ҳатто энг бошида ижтимоий молиявий ёрдамдан умид қилишингиз ҳам мумкин.

Агар Америкада таълим олиш учун қариндошлар ёки иштиёқ/молия бўлмаса, Green Card лотереяси қолади.

Танишларимдан ўзбекистонликлар Мексика орқали АҚШга ноқонуний ўтаётганини эшитдим. Инсон чегарани ноқонуний кесиб ўтиши биланоқ, у автоматик тарзда ўзини муносиб даромаддан, тиббий хизматлардан ва мамлакатдаги эркин ҳаётдан маҳрум қилади. Мен сизга фақат қонуний ва ҳалол усуллар билан ҳаракат қилишингизни маслаҳат бераман, айниқса Қўшма Штатларда узоқ вақт қолишни истасангиз.
реклама
реклама
— Ўз тажрибангиздан келиб чиқиб, АҚШга кўчиб ўтмоқчи бўлганларга қандай маслаҳат берасиз?
– Миграция – ҳар доим номаълумлик томон қадамдир. Мен ўз тажрибамга асосланиб тавсия қиладиган бир нечта нарсаларни келтираман:

Биринчидан, шахсий алоқалар ва маҳаллий ресурслардан фойдаланинг. Дастлабки ижтимоий доира қанчалик катта ва кенгроқ бўлса, одамнинг мослашиши шунча осонроқ бўлади. Қариндошлар, дўстлар, мамлакатда ёки шаҳрингизда яшовчи танишлар – улар кўчиб ўтиш босқичидан ўтган одамлар. Албатта, улар вақт ва пулни тежайдиган фойдали маълумотларни баҳам кўришдан хурсанд бўлишади. Блогерлар ҳам қўл келади: улардан уй ижараси ёки сотиб олиш, иш қидириш, болалар учун мактаб ёки шифокорлар топиш билан боғлиқ канал ва ресурсларни билиб олиш мумкин.

Иккинчидан, АҚШда электрон фирибгарлик муаммоси бор, шунинг учун ҳар қандай узоқ муддатли шартномаларни шахсан ўзингиз тузинг. Бир қайғули воқеани баҳам кўришга ижозат беринг. Бостонда магистратурага ўқишга кирганимдан сўнг, ҳали Тошкентда туриб олдиндан ижарага квартира олишга қарор қилдим. Расмий сайтда биз мос вариантни топдик, эгалари билан боғланиб, 2000 доллар миқдорида олдиндан тўловни амалга оширдик. Виртуал шартнома имзоланди ва пул банк ўтказмаси орқали кетди, кейин уй эгалари квартира «аниқ бизники бўлиши» учун кўпроқ пул ундиришни бошладилар.

Пул ўтказмаси VISA / Mastercard орқали амалга оширилганида, транзакцияга эътироз билдирилиши мумкин эди, бироқ банк ўтказмаси билан бунинг иложи йўқ экан. Америка полицияси ҳатто ишни кўриб чиқишдан бош тортди. Уларнинг айтишича, ҳар куни талабалар ва эмигрантларни бундай йўл билан алдашнинг минглаб ҳолатлари содир бўлади.

Турмуш ўртоғим қурувчилар, харидорлар ва ижарага берувчилар масалаларини ҳал қилиш билан шуғулланадиган халқаро юридик фирманинг адвокати. Унинг амалиёти шуни кўрсатадики, ҳалигача минглаб одамлар фирибгарларнинг ўлжасига тушиб қолишади. Шунинг учун, иккинчи маслаҳатим — сизни бундай ишлардан ҳимоя қиладиган адвокатлардан пулни тежаманг.
Блиц
– Сиз учун эрта туриш қийинми?

— Жудаям, мен бойқушман. Иш куни соат 9:30 да бошланади, мен эса 8:30 да – қизим уйғонганида тураман. У туғилишидан олдин 9:15 да турардим.

— Бирор нарсадан афсусланасизми?

— Ота-онамни кам кўришимдан. Афсуски, Америкага туристик виза олиш қийин.

— Нима сизни тушкунликка туширган?

— Депрессия бўлган, деб айта олмайман, лекин Нью-Йоркка кўчиб ўтганимдан кейин тушкунликка тушдим. Ўшанда муаммолар ва иш қидириш олдида ёлғиз қолиб кетгандим. Кечагина талаба бўлган ва компаниялардан рад жавоби олаётганда умидсизликка тушмаслик қийин. Ўшанда менга 15 марта рад жавоби келган эди.

— Агар вақтни орқага қайтаришнинг имкони бўлса, қайси хатони тузатган бўлар эдингиз?

— Ўзбекистонда капкейк-чизкейкларни қидиришга камроқ вақт сарфлаб, миллий таомларни кўпроқ еган бўлардим. АҚШда улар жуда кам. Баъзан 40 дақиқа машинада Нью-Йоркдаги «Тошкент» дўконига нон ҳидини ҳидлаш, кабоб, Хоразм, Самарқанд ёки Тошкент паловини ейишга бораман.

— 5 йилдан кейин ўзингизни қаерда кўрасиз?

— Америкада қайсидир вақтда одам танлов олдида туради: менежер ёки техник мутахассис бўлиш. Ушбу йўналишлар ўртасида обрў ёки ойлик маошларида фарқлар йўқ. Америкаликлар ҳамма ҳам бошқарувчи бўлишни хоҳламаслигини тушунишади. Мен ўзимни менежер сифатида кўрмаяпман ва маҳсулот соҳасида экспертликни ривожлантиришни режалаштирмоқдаман.
Матнни Екатерина Цой тайёрлади.
Фотосуратлар Ирина Аблязованинг шахсий архивидан.
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг