Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Велосипедда оёғим битта эканини унутаман
Бир спортчи ҳикояси
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Велосипедда оёғим битта эканини унутаман
Бир спортчи ҳикояси
2010 йилда 11 ёшли Аброр Артиковни поезд уриб юборди. Боланинг оёғини сон қисмидан кесиб ташлашди. У янги реалликни қабул қилишга ҳаракат қиларди ва бир марта велосипедга миниб кўрди. Бир неча маротаба йиқилиб, кўкариб, мувозанатини маромига келтирди. Аброр учиб кетди. Кўп ўтмай у велоспорт бўйича мураббий билан танишиб, профессионал тарзда шуғуллана бошлади. Бу ҳикоя Ўзбекистон терма жамоаси параспортчиларидан бирининг енгилмас руҳияти ҳақида. Аброрнинг устози бу унга Париж-2024 Паралимпия ўйинлари шоҳсупасига кўтарилишига ёрдам беришига ишонади.
Аброр Артиков 23 ёшда. У Чирчиқда яшайди, профессионал велоспортчи, тоққа чиқади, икки уринишда 100 марта ертуртки машқини бажаради ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт университетининг 2-босқич талабаси сифатида футбол назарияси ва методикаси бўйича таҳсил олади. Дўстлари уни Аби деб аташади. Бир пайтлар оёғидан айрилганига қарамай, унинг ҳаёти имкониятларга тўла.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
«Мағлубият, бу — сенда нимадир нотўғри деб ўйлашдир»
«Бу 12 йил олдин содир бўлган. Ўшанда 6-синфда ўқирдим. Бахтсиз ҳодиса. Бепарволикдан, дейишади-ку. Темир йўлда уйга қайтаётганимда поезд уриб кетди. Ўша воқеа ҳаётимни ундан олдинги ва кейинги даврга бўлган», — дейди Аброр.

«Олдинги» ҳаёт — бу безорилик ва боксга тушишни яхши кўрадиган оддий шўх боланинг ҳаёти. Унинг ота-онаси боксга бўлган иштиёқига қарши эди, чунки бу спорт турида майиб бўлиш хавфи бор эди. Айниқса, онаси хавотирда эди. Севимли машғулотдан воз кечишга тўғри келди, лекин ҳеч қиси йўқ. Аброр айтганидек, боксга қўйишмаганидан узоқ вақт хафа бўлиб юрмади, чунки унинг футболи ҳам бор эди.

«Дарслардан сўнг синфдошларим билан футбол майдонида тез-тез тўп тепардик. Бу менга жуда ёқарди. Ҳар доим уйга усти-бошим чанг бўлиб қайтардим», — деб эслайди у.

Аброр болалигида шифокор бўлишни ва одамларни қутқаришни орзу қилган. Буни илк бор «Доктор Хаус» сериалини томоша қилганида англаб етди. Ҳар бир янги серияда у тобора кўпроқ беқиёс Грегори Хаусга ўхшашни хоҳларди. Аммо тақдирнинг режалари бошқа эди. У шифокор бўлолмади, касалхоналарни кўраверишдан эса тўйиб кетганини тан олади.

Фожиа содир бўлган йили Аброр учта операцияни бошидан ўтказди. Уни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (16-сонли шаҳар шифохонаси — таҳр.) жарроҳи Тоҳир Содиқович қутқариб қолди.

«Биз ҳалигача у билан гаплашиб турамиз, бир-биримизга қўнғироқ қиламиз. Баъзида эса меникига меҳмонга ҳам келади. Уни уйимизда доим хурсандчилик билан кутиб олишади, – дейди йигит. — Бир пайтлар мени Тошкентга ҳеч бўлмаганда бир соат олдин олиб келишганида, балки оёғимни сақлаб қолган бўлишларини — қайта тикиб қўйилган бўлишини айтганди. Аммо бўладиган нарса содир бўлганди».
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Аброрнинг эслашича, аввалига у ўзига нима бўлаётганини тўлиқ англаб етмаган. Энди нимадир қилиб битта оёқ билан яшаш кераклигини тушуниш қийин эди. У бунга ишонишдан бош тортарди ва доимо ўзига «Нега мен? Нима учун?» деган саволларни берар, лекин адолатли жавоб тополмасди.

Ота-онаси доимо Аброрнинг ёнида бўлишди ва ўғлини қўллаб-қувватлашди, шу орқали унинг дардини сал бўлса-да юмштаишди. Оила камтарона яшайди: онаси мактабда фаррош бўлиб ишлайди, отаси эса юк кўтарувчи.

«Шунга қарамай, ота-онам мен учун ҳамма нарсани муҳайё қилишарди ва қўлларидан келганча ҳаракат қилишарди. Бунинг учун улардан жуда миннатдорман», - дейди у.

Оиласи Абрордан кўнглини туширмаслигини сўради. У ота-онасига бирданига қулоқ солмади, лекин вақт Аброрнинг асосий кучи — енгилмас руҳиятида эканлигини англаб етишга имкон берди.
реклама
реклама
«Ҳа, бир оёқли эканлигим учун, айниқса, болалар томонидан мазах қилишлар бўларди. Ҳа, бу менга қаттиқ тегарди. Лекин ҳозир бунга эътибор бермасликни ва ҳеч кимдан хафа бўлмасликни ўргандим, — дейди йигит. — Агар сизда бирор нарса нотўғри деб ўйласангиз, сиз аллақачон ютқазган бўласиз. Салбий фикрлар билан ўзингизни йўқ қилманг ва заифликка берилманг. Менимча, ҳаёт, қанчалик нордон лимон ташламасин, барибир гўзал».

Бир неча операцияларни бошдан кечиргандан сўнг Аброр олти ой ногиронлар аравачасида ўтирди. Кейин отаси унга қўлтиқтаёқлар олиб келиб, уларда юришни ўргатди. Уйда протез бор, лекин унинг вазни тўққиз килограмм бўлгани учун Аброр уни камдан-кам тақади. Унинг сўзларига кўра, қўлтиқтаёқларда у анча осон ва тезроқ ҳаракатлана олади.

Аброр иккинчи гуруҳ ногиронлигига эга. Унинг нафақаси ойига 600 минг сўмни ташкил қилади. Бу камроқ маблағ, тўкин-сочин яшолмайсан, лекин у шу ёрдам учун ҳам миннатдор.

«Ташқаридан қараганда, менга ҳеч нарса керак эмасдек туюлиши мумкин, — дейди Аброр. — Шахсан менга кўп нарса керак эмас, лекин мен велосипедга кўп пул сарфлайман».

У биринчи марта 9 ёшида велосипед минган. Поезддан кейин эса – мактабдош дўсти Толикнинг шарофати билан икки йилдан сўнг. У унга велосипедини миниш учун бериб турди. Мувозанатни сақлаш учун бўлган бир неча муваффақиятсиз уринишлар, йиқилиш ва кўкаришлардан кейин Аброр, барибир, мувозанатни топа олди ва шамолдай елишни бошлади.
«Ҳайдашни жуда тез ўргандим, – деб эслайди у. – Асосан тошга урилганда ёки чуқурларни айланиб ўтаётганимда велосипеддан йиқилиб тушардим. 20-30 марталар йиқилдим, деб ўйлайман».

Кейинчалик ота-онаси унга ўз велосипедларини совға қилишди. Бу вақтга келиб, у аллақачон велосипедда ўзини ишончлироқ ҳис қиларди. 2020 йилда отаси билан бирга биринчи велосипедини сотиб, бир ярим миллион сўмга янгироқ моделини сотиб олишди.

Унда Аброр ҳозир дўконга, иш, учрашувларга боради. У доимо велосипедини такомиллаштиради: ажойиб деталлар сотиб олади, эҳтиёт қисмларини алмаштиради.

«Ҳозир ҳаётимни велосипедсиз тасаввур қила олмайман. Унга ўтирсам, гўёки қушга айланаман, ўзимни эркин ва енгил ҳис қиламан. Ҳамма нарсани унутаман, оёқларим иккитами ёки битта эканлигини ҳам», – дейди Аброр.
реклама
реклама
Учиш эмас, машқ қилиш керак
2020 йилнинг ёзида Аброр дўстлари билан велосипедда сайрга чиқади. Сайр велосипедчилар одатда машғулот ўтказадиган Ғазалкент йўлидан қилинди. Велоспорт мураббийи Достон Олламов Аброрни пайқаб қолади.

«У ўз йигитларини машқ қилдирарди. Мени кўрди, олдимга келди ва мен велосипедни яхши ҳайдаётганимни айтди. Велоспорт билан профессионал тарзда шуғулланишга қарор қилсанг, зўр бўларди, деди. Шундай қилиб, биз телефон рақамларини алмашдик ва мен кейинги машғулотлар учун унинг олдига келишга ваъда бердим».
Достон Олламов
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Достон Олламов 2018 йилда спортдаги карьерасини якунлаб, Чирчиқ олимпия захиралари коллежига мураббий сифатида ишга жойлашди.

«Аброр билан биринчи учрашувимизни яхши эслайман, — дейди у. — Имкониятлари чекланган бўлса-да, йигитча менда ўз маҳорати билан катта таассурот қолдирди. Мен ундаги салоҳиятни кўрдим, шунинг учун иккиланмасдан мен билан шуғулланишни таклиф қилдим».

Аброр билан учрашувдан сўнг ўша куниёқ мураббий Олламов бир оёғи билан велосипед педалини айлантиришга уриниб кўрди. У 12 йил умрини профессионал велоспортга бағишлаган бўлса-да, уддалай олмади – 10 метрга ҳам боролмади.

«Узоқ ва сидқидилдан машқ қилинса, мувозанатни сақлашни ўрганиш мумкин, бироқ тез — соатига 40-50 км тезликда ҳайдаш — ниҳоятда қийин иш», — деб таъкидлайди Достон Олламов.

Мураббий билан учрашганидан икки кун ўтиб Аброр олимпия коллежига биринчи машғулотига келди. Достон унга кийим-кечак ва бир пайтлар ўзи минган велосипедни берди.

«Унинг велосипеди машғулот учун яроқсиз эди, чунки вазни тахминан 15 кг эди. Мен унга ўзимнинг алюминий Scott`имни бердим», — дейди мураббий.
Бироқ мусобақалар учун йигитчага карбон — углерод толадан ясалган рамали велосипед керак. Улар алюминийдан енгилроқ, аэродинамикроқ. Шунинг учун углеродли велосипедлар пойга учун кўпроқ мос келади. Аммо улар қиммат — ўртача 6-8 минг доллар туради.

Аброр учун машғулотлар бепул. Достон Олламов йигитчага қўлидан келганича ёрдам беради. Унга ҳам мураббий, ҳам дўст бўлишга ҳаракат қилади. Масалан, мусобақага яқинроқ укаси, таниқли велоспортчи, Токио Олимпиадаси иштирокчиси Муроджон Холмуродовдан Аброр учун карбонли велосипедни олиб беради.

«Тўғрисини айтсам, Достон Заирович билан учрашгунга қадар мен оддий кўча йигити эдим. Ҳеч нарсани жиддий қабул қилмасдим, жуда кўп сайр қилардим ва нима хоҳлашимни билмасдим», — деб эслайди Аброр ва у бирданига велоспортга қизиқиб қолмаганини қўшимча қилади.

«Спорт эндигина ҳаётимнинг мазмунига айланди. Орзуларим ва амбицияларим унинг атрофида қурилади. Аммо мен танлаган йўналишга ишончим комил бўлмаган вақтларни эслайман. Ҳалигача эсласам уяламан, лекин икки ҳафталик машғулотдан кейин ғойиб бўлдим».

«Аброр бир ойга яқин алоқага чиқмаган эди, — деб эслайди Достон Олламов. — Ўша пайтда у қиличбозлик бўйича ўзини синаб кўрган экан ва, маълум бўлишича, бу унга унчалик ҳам ёқмаган».

Орадан бир ой ўтиб Аброр машғулотларга қайтди ва шундан бери бирорта ҳам дарс қолдирмади.

«У жисмонан жуда кучли, — дейди мураббий Олламов. — Мен уни соғлом спортчилар билан бир қаторда тайёрлайман. Аброр улардан қолишмайди, ҳамма нарсанинг уддасидан чиқади. Бошқа кўплаб йигитларга қараганда бардошлироқ».
Достон Олламов учун Аброр мураббийлик амалиётидаги биринчи параспортчи ҳисобланади. Ҳозир унинг 30 га яқин шогирдлари бўлиб, уларни ҳар куни машқ қилдиради. Машғулотлар эрталаб соат 10 да бошланади.

«Умумий гуруҳ билан базада, коллежда учрашамиз. Мен ва яна бир мураббий спортчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уларни машинада кузатиб борамиз. Улар шахмат тартибида юришади, биз эса “аварийка”ни ёққан ҳолда уларга эргашамиз, – дейди Достон Олламов. – Одатда шаҳардан чиқиб, машиналар кам бўлган Ғазалкент ёки Янгибозор йўлларига борамиз».

Фаол велосипед мавсуми февралдан ноябргача. Узоқ муддатли машғулотлар куч, чидамлилик ва асосий жисмоний тайёргарликни кучайтиришга имкон беради. Иссиқ мавсумда машғулотлар 5-10 соат, совуқда – 2-3 соат давом этади.
реклама
реклама
«Декабрь ва январь ойларида велосипеддан тушамиз ва умумий жисмоний тайёргарлик билан шуғулланамиз. Югурамиз, сакраймиз, сузамиз, тоғларга чиқамиз, — дейди мураббий. — Аброр ҳам қўлтиқтаёқда тоғларга чиқади ва айтмоқчи, у паст-баландликларни жуда яхши эплайди».

Аброрнинг уйида мураббийи берган велосипед ускунаси бор. Унда у ҳар куни тушликдан кейин машқ қилади. Достон Олламов Аброрни қўллаб туриш учун уй машғулотларида ҳам иштирок этади.

«Биз 40 дақиқа давомида масофа ва тезланиш устида ишлаймиз», — дейди мураббий.

Унинг сўзларига кўра, ускуна автомобиль йўлларидаги машғулотларга нисбатан кўплаб машқларни самаралироқ ва хавфсиз бажариш имконини беради. Масалан, ускунада каденсни — педал айлантириш частотасини чиниқтиришади.
«У ерга боришнинг ўзи етарли эмас, мен учун ғалаба қозониш муҳим»
2021 йилнинг ноябрь ойида Аброр Артиков паравелоспорт бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионатида C2 тоифасида (тиззадан юқори бир томонлама ампутация – таҳр.) чиқиш қилиб, иккинчи ўринни эгаллади. Бу унга Ўзбекистон Паралимпия терма жамоасига кириш имконини берди.

Ҳозирда Аброр 2022 йил март ойида Душанбеда бўлиб ўтадиган велоспорт бўйича Осиё чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда. Мусобақада у индивидуал пойгада 22 км масофани босиб ўтиши керак.

«Велосипедчилар учун Осиё чемпионати жуда муҳим воқеа. Агар у ерга етиб бориб, кучли учликка кирсангиз, ўзингизга эътибор қаратиб, кучли велоспорт клубига киришингиз мумкин, — дейди Достон. — Шунда кўпроқ мусобақалар, кўпроқ тажриба бўлади. Клуб спортчини тўлиқ таъминлайди. Велосипед, форма тақдим этади».
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Осиё чемпионатидаги муваффақият Аброрга 2022 йилда Ханчжоуда бўладиган ёзги Осиё ўйинларига йўл олиш имконини беради. Аммо асосий мақсад — Париж, 2024 йилги ёзги Паралимпия ўйинлари.

«У ерга боришнинг ўзи етарли эмас, мен учун ғалаба қозониш муҳим», — дея аниқлик киритади спортчи.

«Ҳамма ҳам ғолиб бўлавермаслигини тушуниш керак. Аммо спорт ўзакни тарбиялайди, характерни чиниқтиради, – дейди Достон Олламов. – Қанчалик парадоксал туюлмасин, мағлубият ҳам ғалаба. Ахир инсон барибир ҳаётдан қандайдир сабоқ олади ва бир кун келиб ўзига: "Ҳеч бўлмаганда уриниб кўрдим", деб айтиши мумкин».

Достон Олламов ўз шогирдларининг молиявий аҳволини яхшилашни жуда хоҳлайди, у тадбиркорлар орасидан ҳомийлар қидиради, чунки халқаро миқёсда муваффақиятга эришиш учун уйда ҳам халқаро имкониятлар бўлиши зарур.

«У Олимпия стипендиясини олиши мумкин эди. Ва ўшанда ҳамма нарсага имкони етарди. Биз ўзимизга, дўстларимизга ва бефарқ бўлмаган меҳрибон одамларга таянамиз. Бирор кишидан бирор нарса олиш учун вақт кетади. Вақтни бой берсак, яхши натижани кўрмаймиз», - дейди мураббий. Бироқ имкониятлар бўлганда исботлаш ҳам осонроқ кечарди.
реклама
реклама
Орзулари ва мақсади бор инсон
Мусобақага яқинроқ Аброрда уйқусизлик бошланади. У беллашувлар олдидан ухлай олмайди.

«Мураббийим ўзингга ишон, ўз олдингга энг юқори мақсадларни қўй ва ҳеч қачон таслим бўлма, деб уқтиради, — дейди Аброр. — Мен ҳам мураббий бўлишни ва одамларга ўзларини топиш ва, эҳтимол, чемпион бўлишга ёрдам беришни хоҳлайман».

Бироздан сўнг, у Италия ишлаб чиқарувчисининг Pinarello шоссе велосипедини узоқ вақтдан бери орзу қилишини тан олди. Велосипед жуда қиммат (тахминан 15-16 минг евро), шунинг учун ҳозирча у хоҳиш объекти, холос.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Йигитча спорт билан яшайди, аммо, шунга қарамай, унинг яна бир севимли машғулоти бор — электроникани таъмирлаш. Буни у коллежда ўрганган. Қизларга келадиган бўлсак, унинг бунга мутлақо вақти йўқ.

«23 ёшдаман ва ҳозирча қалбим бўш. Ўзаро муносабатларга хоҳиш бор, лекин бу мени чалғитишини ўйлайман, — деб тан олади Аброр. — Масалан, мусобақаларда ақл жойида бўлмаслиги аниқ. Унинг учун курашиш ҳам керак бўлади... Йўқ! Ҳозирча керакмас», — дейди йигит хижолатдан қизариб.

Достон Олламов шогирдининг танловини қўллаб-қувватлайди. Унинг сўзларига кўра, ҳозир ҳақиқатан ҳам карьерага бор эътиборни қаратгани маъқул.

«Мен унга энг бошида айтганман, кел, ҳозир спорт билан шуғулланамиз ва бутун умрлик натижаларга эришамиз, — деб эслайди мураббий. — Унда ҳақиқатан ҳам Паралимпия чемпиони бўлиш имконияти бор. Бунинг учун эса, биринчи навбатда, интизом керак. Бусиз барча ҳаракатлар ва машғулотлар беҳуда».

Достон Олламовнинг айтишича, Аброр билан унга омад кулиб боқди. У меҳнатсевар, истеъдодли ва жуда қизиқувчан. Ҳар доим велосипед ҳайдаш ҳақида саволлар беради. Устози учун Аброр, албатта, бўлғуси чемпион.
Матн муаллифи Наталья Силкина.
Фотосуратлар муаллифлари: Евгений Сорочин, Мадина Аъзам / «Газета.uz».
Видео: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашри сайтида
эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишиш мумкин.


Бирор қизиқ ҳикояни биласизми? Уни бошқалар билан бўлишмоқчимисиз? Ҳикояни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг