Фото: Бехзод Болтаев
11 йиллик қаровсизлик
Бухородаги театрнинг эски биноси
авариявий ҳолатдан чиқишини кутмоқда
Бухоро давлат мусиқали драма ва комедия театри биринчи ўзбек профессионал театрларидан бири. У 1921 йилда ташкил топган бўлиб, бу йил 100 йиллик юбилейини нишонлайди. Аммо театрнинг эски биноси 11 йилдирки таъмирталаб ҳолатда. Апрель ойида фотограф Бехзод Болтаев ҳудуд маданияти тарихининг емирилиб кетаётганлиги гувоҳи бўлган эди. Орадан ярим йил ўтибди ҳамки, аҳвол ўнгланмади: театр ташландиқ ҳолатда, ижодий жамоа эса бошқа манзилда ўз томошаларини қўйишга мажбур. Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 3-босқич талабаси Зиёда Алойиддин қизи театрнинг эски биноси янгисидан нимаси билан афзаллиги ва нега театр авариявий ҳолатдан ҳали ҳам чиқмаганлигини ўрганди.

Суратларни катталаштириш учун уларнинг устига босинг.

Садриддин Айний номидаги театр биноси аҳоли кўп яшайдиган, туристик манзил бўлмиш Бухоронинг Эски шаҳарида жойлашган. Унинг ҳовлисида абгорлашиб бораётган «Ўзингни санъатда севма, ўзингдаги санъатни сев» ёзуви бор. Аммо бу ерда ҳозир санъат яратилмаяпти.

Театр биноси 450 ўринга мўлжалланган. 1921 йилга қадар бу бинодан «Халқ уйи» (народный дом – революциядан олдинги Россияда оммавий маданий-маърифий муассаса – таҳр.) сифатида фойдаланиб келинган. 11 йил олдин театр авария ҳолига келиб, унда спектакллар намойишининг имкони бўлмай қолгач, театр фаолияти янги бинога кўчирилган.
Театр директори Гулнора Ҳусенованинг айтишича, эски бинодаги намойишларни ҳам маҳаллий аҳоли, ҳам сайёҳлар томоша қилиш учун келишарди. Етарлича молиялаштириш ва тўғри эксплуатация қилиш орқали эски бино ҳали кўп йиллар давомида томошабинларни қабул қилиши мумкин эди, деб ҳисоблайди театр раҳбари.
Унинг таъкидлашича, бутун театр жамоаси бино реконструкция қилинишини ва яна у ерга кўчишни кутиб турибди. Сабаби у ҳақиқий театр. Бинонинг акустикаси жуда яхши. Саҳнада роль ижро этган актёрнинг овози энг охирги — 450-одамгача етиб боради. Театрнинг фаолияти ҳозир «Кўҳна ва боқий Бухоро» мажмуасидаги 700 томошабинга мўлжалланган бинода давом этмоқда. Бироқ бу ерда актёр микрофонлар орқали гапирмаса овози ҳатто ўрта қаторгача ҳам етиб бормайди.
«Тўғри, ҳозирги биномиз жуда чиройли, замонавий. Барча техникалар ҳам бор. Олдинги бинога қайтиш хоҳишимиз борлигини билгач, кўпчилик танишлар шундай жойни ташлаб кетасизларми деб сўрайди. Аммо актёр учун булардан ҳам кўра, ижроси томошабинга етиб бора оладиган жой муҳимроқда», — дейди театр директори.
Ҳозирда Садриддин Айний номидаги театр жойлашган «Кўҳна ва боқий Бухоро» мажмуаси
Манба: Яндекс.Хариталар
У эски бинодаги томошабинлар учун балконларни, оркестрлар ямасини ва тўла зални эслайди – «Кўҳна ва боқий Бухоро»да буларнинг барчаси мавжуд эмас.

Гулнора Ҳусенованинг сўзларига кўра, театр эски бинода фаолият олиб борганда тунда ҳам томошабинлар келган. Ҳатто ўзбек тилини билмаган туристлар спектаклларнинг охиригача ўтиришган. Театр раҳбари бунга сабаб бино транспорт қатнови учун қулай манзилда жойлашганлиги эканлигига ишончи комил. Эски бино жамоат транспортлари серқатнов бўлган жойда жойлашган бўлса, «Кўҳна ва боқий Бухоро» шаҳардан узилган.
«Спектакллар намойишига келмоқчи бўлган томошабинлар йўл харажатлари қимматга тушади. Улар бунга қўшимча равишда чипта ҳам сотиб олишлари керак. Афсуски, ҳамма ҳам ўз кундалик харажатларидан орттириб, бунга пул ажратолмайди», — дейди Гулнора Ҳусенова.

Балки асл шинаванда учун қанча харажат кетиши, узоқ ёки яқин масофанинг фарқи йўқдир. Аммо санъат халқнинг «қўли етадиган» жойда бўлиши керак. Шундагина маданият даражаси ўсиши мумкин.
реклама
реклама
Оз сонли томошабин учун бир неча соат ёқилган чироқлар, ижрога тайёргарлик жараёнлари ва ижодий жамоага чакана маблағ сарфланмайди. Саноқлигина сотиб олинган чипталар билан бу харажатларни қоплаб бўлмаслиги кундек равшан.

«Ўзининг харажатларинида қопламайдиган санъатни ҳеч ким оталиққа олмаслигига, бора-бора давлат ҳисобидан ҳам пул ажратилмай, фаолияти тўхтаб қолаётганига кўп бора гувоҳ бўляпмиз», – дейди директор.
Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий меърос агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, президент Шавкат Мирзиёев томонидан Бухоро вилоятидаги 40 та маданий меърос объектларини реконструкция ва реставрация қилиш топшириғи берилган. Ушбу ишлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция, реставрация қилиш ва мукаммал таъмирлаш дирекцияси маблағлари ҳисобидан қилиниши белгиланиб, мазкур ишларга 15 миллиард сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Улар орасида Садриддин Айний номидаги театрнинг эски биносини реставрация қилиш режаси ҳам бор эди.

Агентлик матбуот хизмати театр биноси қачон реконструкция қилиниши мавҳумлигини таъкидлади. Ташкилот Маданият вазирлиги ҳузуридаги департаментдан Туризм вазирлиги ҳузуридаги агентликка айлантирилгани учун жараён узоққа чўзилмоқда.
Юзлаб устоз санъаткорлар фаолият юритиб, минглаб шогирдлар етиштирилган ушбу даргоҳ қаровсиз қолиши ва ёввойи ҳайвонлар учун макон бўлишини ҳеч қанақасига ҳазм қилишнинг иложи йўқ. Умид қиламизки, театр ижодий жамоаси ва уларни соғинган кўплаб томошабинлар ўзлари хоҳлагандек ушбу бинога қайтиб, қайноқ санъат асарларининг яратилиши давом этади.

Ишонамизки, тез орада столлар устига мажбуран кийдириб қўйилган, чанг босган чехоллар ўрнини томошабинлар эгаллайди, зулматни чироқлар ёритади ва санъат одамларга яқинроқ бўлади, чунки у халққа тегишли бўлиши керак.
Матнни Зиёда Алойиддин қизи тайёрлади.
Фотосуратлар муаллифи Бехзод Болтаев.

«Газета.uz» интернет-нашри сайтида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми, у ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг