Темурийлар боғлари ва Тошкентнинг яшил ўтмиши
Иллюстрация: Эльдос Фозилбеков / «Газета.uz»
2009 йилнинг охиридан бошлаб Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида назоратсиз равишда асрий дарахтлар кесиб ташланмоқда. Биз мактаб парталарида эшитганимиз буюк аждодларимизнинг меросидан ибрат олмасдан, ўз қўлларимиз билан ватанимизни саҳрога айлантирмоқдамиз. Тарихчи Таир Гюл Темурийзодалар ўз империяларини кўкаламзорлаштиришга қандай эътибор қаратганлари, Ўрта Осиё боғчилик санъатининг дунёга таъсири ҳамда нима сабабдан ота-боболаримизнинг яшил анъаналарини давом эттиришимиз лозимлиги ҳақида сўзлайди.
Кўкаламзорлаштириш муаммоси ва яшил ҳудудларнинг етишмаслиги пойтахт ва вилоятлар аҳолисининг сўнгги йиллардаги асосий дардига айланди. Фаоллар ва ОАВ шарофати билан бу мавзуда баландроқ овозда гапирила бошланди. 2019 йил охирида қимматбаҳо дарахт турларини кесишга қўйилган мораторий мустақил Ўзбекистон флорасини ҳимоя қилиш борасида биринчи бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда энг жиддий чора бўлди. Аммо амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, занжирли арралар шовқинини тўхтатиш осон эмас экан.

Июнь ойида мораторий пайтида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси 182 мингдан зиёд дарахтни кесиш тўғрисидаги аризани рад этгани хабар қилинди. Ҳаммаси бўлиб, 260 минг ўсимликни кесиш учун сўровлар келиб тушган. Демак, биз шунда ҳам 78 мингга яқин дарахтни йўқотдик. Қанчаси ўсимлик касалликлари туфайли ва қанчаси «компенсация» шарти билан қурилишлар учун кесилиб кетди – бизга айтилмади.

Айни пайтда пойтахт ва бошқа шаҳарларда боғларнинг ўткир танқислиги кузатилмоқда. Эҳтимол ҳозирча мамлакатнинг вояга етган аҳолиси ўз қадрдон тупроқларини бир вақтлар яшил бўлган деб ёдга олаётгандир, аммо янги авлод учун чанг ва ғайритабиий иссиқлик, улардан фақат кондиционерли хоналарга қочиш мумкин, янги воқеликка ва ўзига хос меъёрга айланиши мумкин.
Ўтмишга назар ташласак, ноқонуний дарахт кесиш муаммоси 2000-йилларнинг охирида пайдо бўлганини кўриш мумкин. 2009 йилнинг ноябрида Амир Темур хиёбонидаги азим чинорларнинг аниқ сабабларсиз кесиб ташланиши – энг машҳур ҳодиса ва бу каби ҳодисаларнинг таянч нуқтаси бўлди. Хиёбон 1882 йилда ташкил этилган. Бир йил ўтгач, бу ерга чинорлар экилган ва улар ўзларининг 126 йиллик умрлари давомида кўплаб воқеаларнинг ягона шоҳидига айландилар.

Тахминлардан бирига кўра, Амир Темур хиёбонидаги дарахтлар теварак-атрофдаги архитектура, хиёбоннинг ўзи ва Амир Темур ёдгорлиги аниқ кўриниб туриши очиш учун кесиб ташланган. XIV асрнинг буюк саркарда ва давлат арбоби сиймоси ёш республиканинг озодлиги ва мустақиллигининг тимсолига айланди ва унинг тарихий мероси Ўзбекистоннинг замонавий раҳбарлари учун намуна қилиб олинди.
Аммо тарихий мисоллар ҳақида гапирганда, ўтмишга ҳам бир назар ташлайлик: Амир Темур даврида боғ-роғлар барпо этиш ва шаҳарларни кўкаламзорлаштиришга ҳокимият қандай муносабатда бўлган? Бу жавоб замонавий амалдорларни ажаблантириши мумкин. Дарҳақиқат, айнан Амир Темур ва унинг ворислари даврида Ўрта Осиёнинг боғдорчилик санъати ўзининг энг юксак чўққисига кўтарилган.
Амир Темурнинг боғдорчилик санъати
Амир Темур ўз даврининг энг қудратли империясини барпо этиб, ўз шаҳарлари – Самарқанд, Шаҳрисабз, Ҳирот ва бошқаларнинг ташқи қиёфаси ва ободлигига алоҳида эътибор қаратган. У шаҳар муҳити ўз давлатининг қудратини намоён эттириши керак деб ҳисобларди.

Амир Темурнинг «Тузуклар»ида унинг номидан шундай дейилган:
Мен табиблар, мунажжимлар ва меъморларни (геометрларни) ҳузуримга чорладим, чунки бу одамлар давлатнинг шон-шуҳрати ва гуллаб-яшнашига ҳисса қўшадилар... Меъморлар мен учун улуғвор бинолар тарҳларини туздилар ва мен учун боғлар режаларини чиздилар.
Ушбу сатрлар бизга ўша узоқ замонларда мутахассислар боғ-роғлар барпо этиш билан шуғулланганликлари ҳақида ҳикоя қилади.
Ўша замонларда боғ мажмуалари чорбоғлар - «тўрт боғ» деб номланган. Бу ном уларнинг қатъий ўрнатилган тузилишини акс эттиради: тўғри тўртбурчакли боғлар тўрт қисмдан таркиб топган. Хиёбон ва ариқлар боғнинг турли қисмларини бир-биридан ажратиб турарди. Боғнинг ўзи эса баланд девор билан ўралган. Мазкур чорбоғларнинг ўлчамлари ҳам эътиборга молик. Масалан, Боғи Дилкушо ва Боғи Нав боғларининг майдони тахминан бир квадрат километрни ташкил этган (манбаларга кўра, 1500Х1500 газ).

Чорбоғлар, қоидага кўра, шовқин-суронли бозорлар, майдонлар ва ҳунармандчилик маҳаллаларидан узоқроқда, шаҳар чеккасида қад ростлаган. Ўрта Осиё шаҳарларининг (маҳаллаларнинг) турар жойлари анъанавий тарзда зич бинолар билан ажралиб турарди ва у ерларда боғлар етиштириш учун жой йўқ эди. Шундай бўлса ҳам, у ерларда ҳар доим битта ёки бир нечта баргли дарахтлар – чинор, терак, тут дарахти ва бошқаларни экиш учун жойлар қолдирилган. Уларни шаҳарлар аҳолиси ёзги жазирама пайтлардаги соя ва салқинлик учун жуда қадрлашган.
«Зафарнома» қўлёзмасидан миниатюра. Марказий қаҳрамон – Амир Темур.
Чорбоғлар Амир Темур ва Темурийлар даврида сарой ҳамда шаҳар меъморчилигининг муҳим қисмига айланди. Бу ҳақдаги қайдлар Луи Гонзалес де Клавихонинг «Амир Темур саройига саёҳат кундалиги», тарихчи Шарофиддин Али Яздий ва Ибн Арабшоҳнинг асарлари, Заҳириддин Бобур кундаликлари ва бошқа тарихий қўлёзмаларда сақланиб қолган.

Уларда Амир Темур ва Темурийлар чорбоғларининг номлари ва тафсилотлари, зодагон ва бой шаҳарликларнинг хусусий боғлари ҳақидаги қайдлар, XIV – XV асрларда масжидлар, хонақоҳлар ва бошқа жамоат иншоотлари қошида барпо этилган боғлар тўғрисидаги маълумотлар сақланиб қолган.

Хусусий боғлар одатда бегоналар учун ёпиқ бўлган. Бироқ буюк саркарда ўзининг узоқ юришлари вақтида Самарқанд аҳолиси ва меҳмонларига унинг боғларига эркин ташриф буюришга рухсат берган.

Амир Темур туғилган шаҳар – Кеш унинг кўкаламзорлаштириш тадбирлари шарофати билан янги васф – «Шаҳрисабз» ёки «Яшил шаҳар»га эга бўлди. Шаҳар бугунга қадар мана шу ном билан машҳур бўлиб келмоқда.
Шаҳрисабз, 2016 йил.
Фото: Жамшид Норқобилов / ЎзА
Темур ўз пойтахти – Самарқандни безатишга алоҳида эътибор қаратган. Шаҳар ичкариси улуғвор меъморчилик намуналари, ташқариси эса мўъжизакор чорбоғлар билан безатилган. Улар пойтахтни яшил камар сингари ўраб олган ва уларнинг майдони шаҳар ҳудудидан ҳам каттароқ бўлган.

Де Клавихо ўзининг саёҳат кундаликларида шундай деб ёзади:
Бутун шаҳар (Самарқанд) боғлар ва узумзорлар билан ўралган бўлиб, улар айрим жойларда бир ярим лига (1 лига = 4,82 км), бошқа жойларда эса икки лигага қадар узаяди. Шаҳарнинг ўзи эса улар ўртасида… Ушбу шаҳар четидаги боғларда кўплаб улкан ва бой иншоотлар қад ростлаган, сеньорнинг (Темурбек) ўзида эса саройлари ва асосий мақбараси бор. Бундан ташқари, зодагон шаҳарликларнинг ушбу боғларда ўз уйлари ва бинолари жойлашган. Ва шаҳар атрофида бундай боғ ва узумзорлар шу қадарки, унга кириб бораётганингда гўёки бутун бошли баланд дарахтзор ўрмонга яқинлашаётгандек бўласан. Унинг ўртасида эса шаҳарнинг ўзи туради».
Самарқанд атрофидаги саройли боғларнинг гўзаллиги ва ҳашамати халқ оғзида афсоналарга айланди.
Манбаларда Амир Темур топшириғи билан барпо этилган бир қатор боғларнинг номлари сақлаб қолинган:
1
Боғи Беҳишт
Жаннат боғи, 1378 йил
2
Нақши Жаҳоннамо
Жаҳон нақши, 1370 йиллар
3
Боғи Амирзода Шохрух
Шаҳзода Шохрух шарафига, 1394 йил
4
Бедана-курук
Бедана қўриқхонаси
5
Боғи Шамол
1397 йил
6
Боғи Давлатобод
1399 йил
7
Боғи Жаҳоннома
Жаҳон кўзгуси, 1398 йил
8
Боғи Нав
Янги боғ, 1404 йил
9
Боғи Чинор
10
Боғи Булду
Мамнунлик боғи
11
Боғи Дилкушо
«Амир Темурнинг таржимаи ҳоли»да (экспертлар унинг муаллифи борасида шубҳа билдириб, мазкур ишни кейинчалик унинг авлодлари буюртмаси асосида ёзилган, деб ҳисоблайдилар) шундай дейилади:
Мен муборак салтанатимдан йиғилган сарой меъморлари ва қурувчиларини чорлашларини буюрдим. Уларга майсазор ва хиёбонлар режаларини ишлаб чиқишни топширдим ва боғ барпо этишни бошладилар…
Амир Темур Боғи Дилкушода Кастилия қироли элчиларини қабул қилган. Клавихо мазкур боғ ва саройнинг тузилиши ҳақида батафсил баён этган.
реклама
реклама
Амир Темур авлодларининг боғлари
1405 йилда Темурнинг вафотидан кейин унинг авлодлари қўл остида боғдорчилик санъати ривожланишда давом этди. Набираси Улуғбек Чўпонота этагида (Самарқанднинг шимоли-шарқий чеккасидаги тепалик – таҳр.) бобоси бошлаган Боғи Майдон боғини қуриб битказди. Улуғбек бу ерда икки қаватли Чил-сутун (Қирқ устун) саройини қурди.

Улуғбек, шунингдек, Боғи Майдон яқинида, Чўпонота ёнбағрида мўъжаз боғча барпо этишни буюрди. Уни Чиннихона – деворлари XV асрда олтин баҳосида қадрланган хитой чинниси билан қопланган гўзал сарой безаб турарди.

XV асрнинг иккинчи ярмида Самарқандда саҳоватпеша бой Дарвиш Муҳаммад Тархоннинг боғи машҳур бўлган. Унинг чорбоғи Боғи Майдоннинг бир оз пастроғида қарағай, арча ва оқ терак билан ўралган зинапоялар шаклида барпо этилган. Бу жой ўзининг гўзаллиги ва тоза ҳавоси билан машҳур эди.
Ҳумоюн мақбараси мажмуаси, Дели, Ҳиндистон.
Фото: AKDN.
Алишер Навоий томонидан Ҳирот аҳлига совға сифатида барпо этилган чорбоғлар: Боғи Марғани, Боғи Пули Сангкашон («Тош ташувчилар кўприги яқинидаги боғ»), Боғчаи Шавқия («Жозибадор боғ»), Гозургоҳдаги (Ҳирот яқинидаги шаҳарча) ва бошқа жойлардаги боғлар янада машҳур бўлиб кетди.

Ўрта асрлар тарихчиси Хондамирнинг ёзишича, Навоийнинг Ҳиротдаги боғлари оддий шаҳарликлар учун очиқ бўлган ҳамда дам олиш ва сайр қилиш учун шароитлари, шунингдек, бинолар мафтункорлиги ва ям-яшил ўсимликлари билан тенгсиз бўлган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам боғлар барпо этиш билан шуғулланган. 1504 йилда Кобул вилояти (Афғонистон) ҳокимиятини қўлга киритгач, у Кобул яқинида Боғи Бинафша, Чорбоғ, Боғи Хилват, Истаргача яқинида – Боғи Подишоҳ, Пагманда – Боғи Калон боғларини барпо этган.
Бобур Ҳиндистонни эгаллагач (1519 – 1527 йилларда), ўзининг қисқа ҳукмронлик йилларида у ерда ҳам кўплаб архитектура иншоотлари, шунингдек, Самарқанд ва Ҳиротдагига ўхшаш боғлар қурдирди. Улар орасида Адинапурда Боғи Вафо (1508-1509 йиллар), Агра яқинида Боғи Хашт-Бихишт (Саломатлик боғи), Дхолпурда Боғи Нилуфар ва 1527-1529 йилларда Сикрида барпо этилган Боғи Фатҳ маълум.

«Бобурнома»да Бобур ҳамда унинг яқин беклари томонидан Афғонистон ва Ҳиндистонда бунёд этилган 17 та боғ тилга олинган. Бобурнинг ўзи профессионал ландшафт меъморининг барча сифатларига эга эди: у ўсимликларни яхши биларди, табиий ва иқлим шароитларини ҳисобга олган ва тафсилотларга алоҳида эътибор бериб, ландшафт хусусиятларидан моҳирона фойдаланган.
Бодом териш. «Бобур-нома» асаридаги миниатюра. Расом Бахвони
Манба: east.totalarch.com
«Боғи Вафо» боғи. «Бобур-нома» асаридаги миниатюра. Рассом Дахну
Манба: east.totalarch.com
Кобул чеккасидаги Хўжа Сеяран булоғи. «Бобур-нома» асаридаги миниатюра. Рассом Махиш
Манба: east.totalarch.com
Кобул чеккасидаги Хўжа Сеяран булоғи. «Бобур-нома» асаридаги миниатюра. Рассом Сангар Кужаротий
Манба: east.totalarch.com
1530 йилда вафотидан сўнг, у ўзининг севимли боғларидан бирига – Кобул яқинидаги Шоҳи-Кобул тоғи этагидаги Чорбоққа дафн қилинди. Бобурнинг Ҳиндистондаги қисқа ҳукмронлик даври меъморий мероси унинг ворислари томонидан ривожлантирилган ва янада кенгайтирилган.
Бобур.
Манба: east.totalarch.com
Ер маданияти ва архитектура Темурийлар давридаги боғдорчилик санъатининг қисми сифатида
Амир Темур ва Темурийлар давридаги Ўрта Осиё боғдорчилик санъатининг замирида ер эгаларининг кўп асрлик тажрибаси ва Ўрта Осиё ва қадимги Эроннинг боғдорчилик ва боғ меъморчилиги анъаналари ётади. Оддий деҳқонлар ўз тажрибалари асосида ерга ишлов бериш ва ҳар хил турдаги ўсимлик ҳамда дарахтларни ўстириш сирларини ўрганган ва уларни авлоддан авлодга етказганлар, олимлар томонидан эса тўпланган, тизимлаштирилган ва илмий рисолаларда қайд этилган.

Масалан, «Иршод аз Зироа» («Зироатчилик қўлланмаси») XIV – XV асрларда Ўрта Осиёда агротехник маданият ва боғдорчилик қурилиши ютуқлари ҳамда ўзига хосликларини ўзида мужассамлаштирган. Унда «Кўчатлар, гуллар, хушбўй ўсимликларни экиш, чорбоғ қуриш ва уни юритиш тўғрисида»ги алоҳида боб мавжуд.

XV асрнинг 70-80-йилларида мазкур асар Ҳиротда қайта ёзилган ҳамда халққа қилган хайру саҳовати ва миллат боғчаларини барпо этгани учун Алишер Навоийга бағишланган.
«Иршод аз Зироа»да чорбоғ учун гул навларини саралашда бири очилиб бўлгач, бошқаси гуллаши учун қандай гул навларидан ташлаш кераклиги бўйича тавсиялар келтирилган. Шундай қилиб, чорбоғлар эрта баҳордан кеч кузга қадар гуллаб-яшнаб турган. Турли навлардаги манзарали ва мевали дарахтларни ўтқазишга ҳам оз эътибор қаратилмаган.

Мева дарахтларини ўтқазиш нафақат амалий, балки эстетик қизиқишларга ҳам таянади: «қор оқи, нафармон, пушти рангли гуллар баҳорда, ям-яшил барглар орасидаги тўқ сариқ ва қизил мевалар ёз ва куз бошланишида, қип-қизил-олтинранг барглар кеч кузда боғларга ўзига хос жозиба бағишларди».

Шунингдек, рисолада суғориш – чорбоғ ҳудудида сув йўллари ва ҳавзаларининг кенг тармоғини яратиш бўйича илмий тавсиялар ҳам мавжуд. Темур боғ ва боғчаларида моҳир меъморлар табиий ён бағирларга фавворалар ва ҳатто каскадли шаршаралар барпо этганлар (Боғи Дилкушо ва Боғи Навда ҳам шундай бўлган).
Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz»
Темурийлар чорбоғининг қоқ марказида сарой – ҳордиқ чиқариш учун шаҳар ташқарисидаги қароргоҳ бунёд этилган. Боғ бўйлаб кашта ва ярим қимматбаҳо тошлар билан безатилган кўплаб кичик айвончалар ва кўшклар бўлган. Архитектура, яшиллик ва сув бир-бирини уйғун равишда тўлдирган. Боғ, сув омбори, сарой ва кўшклар ягона композицион организмга бирлаштирилган.
реклама
реклама
Шундай қилиб, Амир Темур ва Темурийлар бошқаруви даврида Ўрта Осиёда боғдорчилик санъати ўзининг энг юқори чўққисига чиқди. Кейинги асрларда унинг анъаналари Мовароуннаҳр, Афғонистон ва Ҳиндистон, Эрон ва Туркия меъморчилигида давом эттирилди. Темурийлар давридаги боғдорчилик санъатининг таъсирини XVI асрдан бошлаб Франция ва Голландия боғлари ва гулзорларида учратиш мумкин. XV асрда Мовароуннаҳр ва Хитой боғдорчилик санъати ўртасида параллеллик кузатилади.

Давлат мафкурамизнинг энг машҳур даври бўлмиш Амир Темур ва Темурийлар даври тарихи бизга яшил жамоат ҳудудларига бўлган муносабатнинг ёрқин мисолини кўрсатмоқда.

Биргина Самарқанднинг ўзида Амир Темур топшириғи билан оддий фуқаролар учун очиқ бўлган энг камида 11 та боғ ва боғча мажмуалари барпо этилган. Ўзбекистонда қайси ҳоким ўзи раҳбарлик қилаётган ҳудудда ана шундай натижалар кўрсатгани билан мақтана олади? Шу билан бирга, ўрта асрларда, саноат давригача бўлган вақтларда ҳавонинг ифлосланиши муаммоси замонавий ўзбекистонликлар олдидаги каби ўткир бўлмаган. Бироқ шундай ҳиссиёт шаклланмоқдаки, ўша замонларда инсонлар табиат гўзаллиги ва унинг неъматларини ҳозиргига қараганда кўпроқ қадрлаганлар.
XIX асрда яшил Тошкент
Яшил боғлар тақчиллашиб бораётган бугунги вазият XIX аср ёзма манбаларида тилга олинган ям-яшил, гуллаб-яшнаган Тошкент ҳақидаги қайдларга бутунлай тескари. XVIII–XIX асрларда хориждан Тошкентга шихтмейстерлар (тоғ-кон соҳаси амалдорлари) Тимофей Бурнашев ва Михаил Поспелов ташриф буюради. Улар шаҳар ҳокими Юнус хожининг илтимосига кўра фойдали қазилмаларни қидириш ва бу ерда руда конларини очиш учун келишади.

Рус амалдорлари ўзларининг саёҳат кундаликларида Тошкентни шундай деб таърифлашади:
Тошкент шаҳри атрофи девор билан ўралганига қарамасдан, дарахтлар паст биноларни тўсиб, уни узоқдан кўзга улкан боғ сингари кўрсатади…
Тошкент Рус империяси қўшинлари томонидан эгалланганидан сўнг 1865 йилда ҳарбийлар томонидан ёзиб қолдирилган қайдлар сақланиб қолган. Казаклар офицери А.П. Хорошихин ўзининг Тошкент ҳақидаги очеркида боғлар шаҳарни ҳамма томонидан бир неча вёрст (1 вёрст – 1,06 км) қалинликда тасма сингари ўраб олганини ёзади.
Эски шаҳарнинг кўчаларидан бирида, Тошкент, 1890-1910 йиллар.
Фото: Николяи, Ўзбекистон тарихи музейи / Tashkent Reptroperspective
1867 йилда Тошкент Туркистон генерал-губернаторлигининг маъмурий пойтахтига айлантирилди. Шаҳар аҳолиси кескин кўпайди, пойтахт тез суръатларда қурилиб, ўсди. Бироқ бу жараёнлар, ўша вақтларда Тошкентга келган француз тарихчиси ва географи Элизе Реклюнинг қайдларига кўра, шаҳарни кўкаламзорлаштириш ишларига жуда катта таъсир кўрсатмаган.
Тошкент Орол-Каспий мамлакатларининг энг муҳим шаҳрига ва ҳатто бутун Россия империясидаги етакчи шаҳарларидан бирига айланди... Катталиги Париж билан бир хил бўлган, узунлиги 13 км, кенглиги 7 дан 8 км гача, шундай бўлса ҳам, Тошкент кам сонли аҳолига эга... деярли барча уйлар паст, яшилликлар ортига яширинган, шунинг учун узоқдан шаҳар бутун бошли ўрмонга ўхшайди; фақат руслар барпо этган баланд бинолар томлари ва баъзи масжидлар гумбазларигина анҳорлар соҳилида ўсган терак, тол ва бошқа дарахтлар устидан кўриниб туради.
Ниҳоят, рус саёҳатчиси ва Кавказ ва Ўрта Осиё тадқиқотчиси княз Владислав Масалский ўзининг «Туркистон ўлкаси» (1913) китобида шундай ёзади:
Тошкентнинг кўрки – унинг боғларидир... Ўсимликлар ва сувнинг кўплиги шаҳарга жуда жозибали кўриниш беради...
Константин хиёбони, 1905-1910 йиллар.
Почта картаси / Tashkent Reptroperspective
Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари бутун тарихи давомида ўз боғлари ва дарахтлари билан машҳур бўлган. Улар ёзда соя, салқинлик ва мўл-кўл мевалар берган. Тошкент яқин замонларда ҳам ўша-ўша эди, ҳатто 20 йил олдинроқ ҳам.

Аммо ҳозир, агар бирор бир сайёҳ пойтахтга саҳродан келмаса, ҳеч ким Тошкентни «яшил» ёки «гуллаб -яшнаётган» шаҳар деб таърифлаш учун тил айлантира олмаса керак.
Амир Темур хиёбони 2020 йил март ойида.
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Кўча-кўйда кўп юрадиган одам сифатида, муаммонинг илдизи фақатгина амалдорларнинг нотўғри ва жиноий ҳаракатларида деб айта олмайман. Тошкентнинг замонавий аҳолиси ҳам ўзгарган. 1980-90-йилларда кўп қаватли уй-жойлар мавзеларида уйлар теварак-атрофидаги участкаларда боғ ва томорқалар етиштириш одатий ҳол эди. Ҳамма жойда дарахтлар, айниқса мевали дарахтлар, бутали яшил деворлар, шу жумладан резавор буталар (узум, маймунжон, наъматак, малина) ўсарди, боғчаларда анвойи гуллар очилиб турарди.

2000-йиллардан одамлар тез-тез уйлар олдидаги майдончалардаги кекса дарахтларни кесиб, ойналари олдидаги участкаларни ўсимликлардан ўз хоҳишига кўра тозалаб, кўпроқ манзарали ўсимликларни экишни бошлади.

2010-йилларда янги тенденция шакллана бошлади. Энди биринчи қаватларда яшайдиган одамлар ойналари остидаги бутун яшилликларни кесиб, юлиб ташлаб, у ерга машиналари туриши учун бетон қуйишни бошладилар.
Фото: «Газета.uz»
Замонавий шаҳарликларнинг табиатга бўлган муносабати ҳам ўзгарди. Боғчалардаги бутали яшил тўсиқлар ўрнини панжарали деворлар эгаллади, ёввойи ўтлар эса таптақир ер ёки энг яхши ҳолатда ора-орасида икки-уч туп манзарали бута ёки дарахти бўлган газон майсазорларига алмаштирилди.

Жуда камёб шаҳарликларгина (агарда кўп қаватли уйда яшаса) кўчат экиб, уни суғоради ва совуқлардан асрайди, ўғит бериб, униб-ўсиши, бўй чўзиб, ҳосил беришини сабр билан кута олади. Меваларни бозордан сотиб олса бўлади, жазирамадан уйда кондиционер остида жон сақлаш мумкин, дарахтга келсак, ҳали кузда баргларини супуриб олиш керак – ортиқча дахмаза.

Бу вақтда мутахассислар огоҳлантиришда давом этмоқда: шаҳарларда яшил ҳудудларнинг камайиши экологик инқирозни келтириб чиқаради. Дарахтларнинг кесилиши, автотранспорт воситалари сонининг ортиши ва қурилишлар ортидан ҳаво сифати ёмонлашмоқда, одамларда аллергик ва респиратор касалликлар кўпайиб, тупроқ қатламларида эрози ва намликнинг тақсимланишидаги муаммолар ошмоқда. Ҳаво сифатининг ёмонлиги айниқса коронавирус тарқалган вақтда яққол кўзга ташланди, бу ҳолат одамларнинг вирус олдидаги заифлигини янада кучайтирди.

Ахир шу Темурийлар даврида барпо этилган ва XIX аср сайёҳлари тилга олган шаҳар-боғларимизни она заминимиз шаҳарларига қайтаришга арзирли сабаб эмасми? Шу давлатнинг буюклигини акс эттирувчи муҳитни яратиш учун сабаб эмасми?
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин

Қизиқарли нарсаларни биласизми, у ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни info@gazeta.uz электрон манзилига юборинг


Матн муаллифи Таир Гюл.

Материалларга бўлган барча ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. www.gazeta.uz сайтига жойлаштирилган ва «Газета.uz»га тегишли фото-, график ва бошқа материаллардан учинчи шахслар томонидан ҳар қандай кўринишда фойдаланиш тақиқланади.


«Газета.uz» учун мақола ёзмоқчимисиз? Ўз резюмеингизни

job@gazeta.uz электрон манзилига юборинг

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг